Линклар

Шошилинч хабар
05 октябр 2024, Тошкент вақти: 20:49

Америка орзуси: "Фарзандларимиз биздек қийналиб яшашини истамагандик"


Бу бор-будини сотиб, яхши ҳаёт илинжида АҚШга жўнаган олмаоталик оддий оила ҳикояси. Кунларнинг бирида улар, минглаб километрни ва бир неча мамлакатни босиб ўтгач, Кариб денгизини кесиб ўтиш учун қайиққа тушадилар. Бортда жами 20 киши бор эди. Йўлда қайиқ ағдарилиб кетади, қозоғистонликлар бензин тўла бочкага тирмашганча бир неча соат очиқ денгизда сузиб юрадилар. Оила омон қолади. Лекин кўп ҳамроҳлари чўкиб кетади.

“Кредитлар, қарзлар...”

– Ҳалигача кўзимни юмганимда сув ҳиди димоғимга урилади, тўлқинларни кўраман, – дейди 35 ёшли Арай Жапарқулова.
9 июл куни жаҳон ОАВлари Кариб денгизида мигрантлар тушган қайиқ чўкиб кетганини хабар қилди. 20 нафар йўловчи орасида Арай, унинг 36 ёшли эри Бойхон Жапақ ва икки ўғли ҳам бор эди.
Арай ва Бойхон 16 йил аввал турмуш қурганлар. Кўп йиллар Олмаотадаги Шанироқ микрорайонида яшашган. Оилада тўрт фарзанд бор. Каттаси – 14, кенжаси 5 ёшда.
Бойхон юк машинаси ҳайдаган, Олмаота аэропортининг логистика бўлимида ишлаган.
“Ойлигим ўртача бўлгани билан оиламиз таъминотига етмасди”, дейди у.

– Серфарзанд оиланинг ойликдан бошқа даромадлари бўлиши керак экан, – қўшимча қилади Арай. – Болалар нафақасини квартира тўловларига, болаларнинг уст-боши ва ўқишига сарфлардик. Ҳарна рўзғорга ёрдам деб, мен бўғирсоқ пишириб сотардим. Тиним билмай ишлардик, лекин барибир еткизолмасдик. Кредитимиз бор, ҳар ой қарз тўлаш, бозор-ўчар қилиш керак... Ойига камида 600 минг танга керак эди бизга, даромадимиз эса кам эди.

Йўқчилик жонига теккан Бойхон икки ярим йил аввал Жанубий Кореяга ишлагани боради. Аммо уни аэропортдаёқ ушлаб, қайтариб юборадилар.

Кейинроқ у Европада иш топади, лекин унга шенген визасини беришмайди.

– Шундан кейин грин-карта ўйнамоқчи бўлдим, лекин бу лотереяда ютиш имконияти жуда кам. Америкага оилавий кўчиб бориш осонроқ бўлади, деган гапни эшитдим. Бир дўстим ҳам оиласи билан кетмоқчи эди, бирга жўнашни режа қилдик, аммо биз етарли пул топа олмаганимиз учун қолдик. Дўстим кетди, ҳозир ўша ёқда ишлаяпти, – дейди Бойхон.

Бойхон Жапак қўлида кенжа ўғли билан, хотини Арай Жапарқулова ҳамда Кабидолла Кали. Манаус аэропорти, Бразилия. Сурат уларнинг шахсий архивидан олинди.
Бойхон Жапак қўлида кенжа ўғли билан, хотини Арай Жапарқулова ҳамда Кабидолла Кали. Манаус аэропорти, Бразилия. Сурат уларнинг шахсий архивидан олинди.

Бойхон ва Арай айтишича, дўстлари АҚШда яхши ўрнашиб олишибди.

– Болалари бепул мактабга боришади, уларга кийим-бош беришар экан, болалар автобусда мактабга қатнайди. Бизни чақиришди, агар келсанглар бу ерда иш бор, дейишди. Аҳволимиз оғир эди. Фарзандларимиз бизга ўхшаб қийналишини хоҳламасдик, уларга тузукроқ келажак яратгимиз келарди, – ҳикоясида давом этади Арай.

Америкага йўл

Эр-хотин ахийри бир қарорга келади: пул тўплашади, яна битта кредит олишади, уйларини гаровга қўйишади ва молларини сотишади. Шу тариқа 40 минг доллар пул йиғадилар.

Дастлаб АҚШга барча фарзандлари билан кетмоқчи бўладилар, лекин узоқ йўл харжини ўйлаб, фақат тўнғич ва кенжа ўғиллари билан жўнаб кетадилар, ўртанча болалари эса қариндошлар қарамоғида қолади.

Уларга Олмаотада ошпаз бўлиб ишлаган Кабидулло Кали исмли 46 ёшли киши ҳамроҳ бўлиб қўшилади. Бойхон айтишича, Қозоғистонга Хитойдан кўчиб келган бу одамни АҚШга кетишга талабгорлар чатидан топибди.

Оила аввал Тошкентга, у ердан Дохага, сўнгра Сан-Паулу ва Рио-де-Жанейрога (Бразилия), кейин Богота (Колумбия) орқали транзит билан Сан-Салвадор (Салвадор) ҳамда Манагуа (Никарагуа)га жўнашни режа қилади.

Бироқ Риодаги халқаро аэропортда уларни учоққа чиқаришмайди. Никарагуа миграция хизмати Манагуа аэропортига киришга рухсат этилмаган йўловчилар рўйхатини юборган ва унда Қозоғистоннинг 8 фуқароси, жумладан Бойхон, Арай, уларнинг ўғиллари ҳамда Кабидулло Кали ҳам бор эди.

– Учоққа чиқиш учун талон олиб бўлгандик. Лекин авиаширкат ходимлари бизга рўйхатни кўрсатиб, сизларни ўтказа олмаймиз дейишди, – ҳикоясида давом этади Бойхон. – Шунда визани Никарагуага кириш чоғида олиш мумкинлиги ҳақида эшитдим. Биз мусофирхона ҳақини тўлаб, қайтишга чипта олдик, аммо барибир ўтказишмади. Мушкул аҳволда қолдик.

АҚШ-Мексика чегарасидан қонуний ва ноқонуний ўтган ўзбеклар
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:07:08 0:00

Шундан сўнг оила Қозоғистонга қайтиш фикрига тушади, уларнинг йўлдоши Кабидулло эса ватанига қайтиш учун чипта ҳам олиб бўлган эди, бироқ кейин бу фикрдан воз кечишга қарор қиладилар.
Бошқа йўналишни топиш устида бош қотирадилар, Кабидулло эса олган чиптасини топширади.

“Орқага йўл йўқ, сизлар билан кетаман”, дейди у.
Америкага етиб олишга кўмаклашишни ваъда қилган ўртакашлар икки йўлни таклиф қилишади: бири жунгли ва бири денгиз орқали. Қозоғистонликлар иккинчисини танлайдилар.
Энг хавфсиз денгиз йўли Колумбиянинг Сан-Андрес ороли орқали сузиш, деб эшитадилар. Оила Бразилияни кесиб ўтиб, Колумбияга етади. Сан-Андресда бир ҳафтача қоладилар. У ердан Никарагуа соҳилидаги Корн оролига етиб олишни мўлжаллайдилар – бу денгизда салкам тўрт соатлик йўл эди.

– Бизни алдамасинлар деб қайиқ учун олдиндан 8,5 минг доллар тўлаб қўйдик. Жўнаш вақтимиз ҳар куни кейинга суриларди, гоҳ “ҳаво айниди”, гоҳ “чегарачилар қаттиқ текширяпти” деб айтишарди. Яшаб турган отелимиздан бир уйга кўчиришганида бутунлай шокка тушдик, – дейди Бойхон. – У ерда етти мигрант бор экан: Венесуэла, Эквадор ва Колумбия фуқаролари. Ҳаммани бир жойга йиғишди.
Мусофирлар янги йўлдошлари билан танишиб, бир неча кун битта оиладек яшайдилар. Ошпаз Кабидулло ҳаммага лағмон ва мампар пишириб беради.
8 июл куни кечқурун, ниҳоят, ўртакашдан хабар келади: “Тез орада йўлга чиқасизлар”.

“Кунимиз битди”

Бойхон ва Арай қайиқни кўриб юраклари ювишганини айтадилар: бу балиқ овлашга мўлжалланган кичкина металл қайиқ бўлиб, ўриндиқлари йўқ эди. Капитан ва ёрдамчиси билан бирга 20 киши унга базўр жойлашади.

– Ўзимизни ўлимга жўнаб кетаётгандек ҳис қилдик... – дейди Бойхон.
Йўловчиларга қутқарув камзуллари тарқатишади. Икки кишига етмайди.

– Қайиқ ўрнидан жилгач болаларимни маҳкам қучоқлаб олдим. Сан-Андресда эканимизда қаттиқ жала ёғарди, биз довул бўлмасин деб худога ёлворардик, – дейди Арай ўша онларни эслаб. – Шамол йўқ, ҳаво билан сув илиқ эди. 10 чақиримча сузганимиздан сўнг орол кўринмай қолди, кейин тўлқинлар кўтарила бошлади, лекин биз бунга кўп ҳам эътибор қилганимиз йўқ. Ҳар ким ўз хаёлларига ғарқ бўлиб ўтирарди. Бир маҳал капитан қайиқ бурнида туриб олиб, ёрдамчисига нималардир деди. Сўнгра иккови “Let's go!” деб қичқиришди ва сумкаларни сувга ирғита бошлашди. “Нима гап?” деб сўрадик, аммо жавоб беришмади. Қайиқни ортга бурдилар, беш қадамча сузган ҳам эдикки, ёрдамчи сувга сакради. Орқадан баланд бир тўлқин етиб келиб, қайиқни тўнкариб ташлади. Ҳаммамиз сув остига шўнғиб, бир-биримизни йўқотиб қўйдик.

– Бекос, Даринни маҳкам ушла! – қичқиради Бойхон.
– Дада, Дарин мен билан! – қичқиради тўнғич ўғли.
– Ойингни қидир! – қичқиради яна Бойхон.
Ахийри бир-бирларини топадилар. Бойхон аввал болалари, сўнгра хотини олдига етиб олади. Тўртовлон сув бетига қалқиб чиққан бензин тўла бочкага тирмашади.
“Кабидулло ғойиб бўлди. Ўша пайтда дилимдан нималар кечганини сўз билан ифодалай олмайман, – дейди Бойхон. – Бутун ҳаётим кўз олдимдан ўтди. Сув остида қолганимизда болаларни ўйлаб даҳшатга тушдим. “Бекор қилдик, энди шу ерда ўлиб кетамиз, кунимиз битди”, деган гап хаёлимдан ўтди”.
“Ким тирик, ким ўлганини билмасдик, – дейди Арай. – Ваҳимада бўлсак ҳам, болаларни қўрқитмайлик деб ўзимизни тийдик. “Сузяпмиз-ку, қўрқма, ана, биз томонга қайиқ келяпти, кўряпсанми?” дедим кичик ўғлимга уни юпатиш ва айни чоғда ўз қўрқувимни босиш учун. Лекин: “Неча дақиқадан кейин нариги дунёга равон бўларкинмиз? Сув бетида яна қанча тура оламиз? Қачон ғарқ бўламиз?” деган фикрлар миямни эговларди. Уйда қолган болаларим ҳақида, ёнимдагилар ҳақида ўйлардим”.

“Бизни зимистон ва баланд тўлқинлар қуршаб олганди, – қўшимча қилади Бойхон. – Шўр сув кўзларимизни ачиштирар, оғиз-бурнимиздан ичимизга кириб кўнглимизни беҳузур этарди. Бир кор-ҳол бўлмасин деб болаларни тепароқда тутиб турдик.
Туйқус олисда бир шуъла кўринди. Бу оролми ёки бошқа нарсами, билиб бўлмасди. Ҳамма ёқ қоп-қоронғи, шуъла эса жуда хира эди. Ўша ёққа сузишга қарор қилдик. Ёнимизда венесуэлалик йигит бор эди. У “Набе! Набе!” деб қичқирди. Яъни “сузинглар” дегани эди бу.

Ҳарчанд уринмайлик, жойимиздан жилганга сира ўхшамасдик, чунки тўлқин бизни орқага улоқтирарди. Ҳолдан тойдик, қанча вақт ўтганини ҳам билмайман. Бир пайт катта ўғлим узоқда бир қайиқ биз томонга келаётганини айтди. “Help! Help!” дея бақирдик жонимиз борича. Кўп сув ютибқўйдим, товушим битди. Венесуэлалик йигит бўйнимга осилиб олган, сира қўйвормасди. Бир соатлар шу алфозда ўтди. Бир маҳал қайиқ яқинлашгандек бўлди, кейин тўхтаб қолди. Бу пайт улар бошқаларни қутқараётган экан”.

Оила сувда қарийб беш соат қолиб кетади. Омон қолишларига қайиқдаги бир йўловчи сабаб бўлибди. Бойхон айтишича, улар билан йўлга чиққан эквадорлик йигит қайиққа ўтиришдан олдин телефонида GPSни ёқиб, уни сув ўтказмас ғилофга солиб қўйган экан.

Геолокацияни эса Америкада яшайдиган укаси кузатиб турган.
– Қайиқ ағдарилганида эквадорлик йигит укасига қўнғироқ қилишга улгурибди. Укаси эса Колумбия қутқарув хизмати билан боғланиб, геолокацияни берган. Қутқарувчилар энг аввал уни топишган, биз эса анча узоқда эдик. Юз метрча нарида бошқа одамлар бор эди. Улардан сўнг бизга навбат келган. Шундай қилиб, эквадорлик йигитчанинг телефони бўлмаганида чўкиб ўлган бўлардик, – дейди Бойхон.
– Қутқарувчилар биздан кейин бошқалар ёнига сузиб боришди, – суҳбатга қўшилади Арай. – Уч ёшли гўдакни қутқаришди, сувда унинг онаси жасадини кўрдик. Отасини эса топа олишмади.

“Унинг жасадини олишга рози эдик”

Қирғоқ соқчилик хизмати ходимлари қутқарилганларни портга элтиб, мўъжиза туфайли омон қолган паспортларини текширади: денгизга чиқиш олдидан Бойхон ҳужжатларни сумкага солиб, обдон скотчлаб, елкасига осиб олганди.

– Тинкамиз қуриб, ҳатто гапиришга мажолимиз қолмаганди. Бизни миграция марказига элтиб, уч кун ўша ерда сақлашди. Ётоқ, овқат, уст-бош беришди, яхши қарашди. Ошхона ва ҳожатхонага марказ ходимлари кузатувида борардик. Телефонларимиз ишдан чиққан эди, миграция марказида бошқа телефон беришганидан сўнггина қариндошлар билан боғландик. Америкага боришдан воз кечдик ва ватанга қайтишга аҳд қилдик. Қарзга ботганимиз хаёлимга ҳам келмас, эсон-омон қайтсак бас, бошим соғ бўлса, пулни ишлаб топаман, дердим, – давом этади Бойхон.

Кейинчалик улар Кабидулло Кали ўлганидан воқиф бўлишади. Эронлик ҳамроҳлари Кабидуллонинг устига оқ чойшаб ташлаб қўйилган жасадини ўз кўзи билан кўрганини айтади. Бу эронликнинг ўзини 11 соат деганда қутқаришибди.

– Кабидулло акани барибир кўрсатишмади бизга. Мен унинг жасадини оли кетишга тайёрлигимни айтдим, лекин рад қилишди: қариндошлари мурожаат қилиши керакмиш ёки элчихонадан расмий хат керак экан. Биз Кабидуллонинг қариндошларига хабар қилдик, – дейди Бойхон.

Омон қолган қозоғистонликларнинг паспортлари. Олмаота, 17июль, 2024.
Омон қолган қозоғистонликларнинг паспортлари. Олмаота, 17июль, 2024.

Суҳбатдошимизга кўра, марҳумнинг аксар қариндошлари Хитойда яшар экан. Оила аъзоларидан бири Озодлик мухбирига бу ҳақда изоҳ бера олмаслигини айтиб, ташқи ишлар вазирлиги билан боғланишни тавсия қилди.

Қозоғистон ТИВ вакили эса Кабидулло Кали тўғрисида расмий маълумот мавжуд эмаслигини маълум қилди.
– Дилкаш, юраги тоза одам эди у. Қўшиқ айтишни яхши кўрарди. Биз у билан дўст бўлиб олувдик, ҳамиша бирга эдик, – дейди Бойхон.
Оиланинг юклари ва юклар орасига яширилган бир неча минг доллар пулни денгиз ютади. Қутқарувчилар поябзаллар солинган битта сумкани топишади, холос. Бисотларида – Бойхоннинг ҳамёнидаги сувга бўккан 500 доллар пулдан бошқа ҳеч вақо қолмайди.
Колумбияликлар иложи борича тезроқ Сан-Андресни тарк этинглар, деб қистай бошлашади.

“Барибир Қўшма Штатларга кетишга уриниб кўради булар, деб қўрқишган шекилли”, тусмоллайди эр-хотин.

12 июлда Бойхоннинг Қозоғистондаги қариндоши уларга Сан-Андрес – Богота – Панама – Истанбул – Олмаота йўналишига чипталар олиб беради, бу қарийб 3 миллион тангага тушади.
Колумбияда оилани учоққа ўтиришгунга қадар кузатиб қўядилар.
14 июл куни эрталаб Бойхон ва Арай болалари билан бирга Қозоғистонга етиб келишади.

Бойхон Жапак ва хотини Арай Жапарқулова. Рио-де-Жанейро, Бразилия. Шахсий архив.
Бойхон Жапак ва хотини Арай Жапарқулова. Рио-де-Жанейро, Бразилия. Шахсий архив.

“Ўзимизни кечира олмаган бўлардик”

Эр-хотин фалокатлардан сўнг бир оз ўзларига келиб, қарзларни узиш ҳаракатига тушган.
“15 миллион танга қарзмиз, бунинг устига ҳар ой 700 минг танга кредитимиз бор. Эрим иш қидиряпти. Болаларнинг томоғи, эгни ва ўқиши учун ҳам пул керак. Ҳаёт давом этяпти”, дейди Арай.
Улар Корн оролига ета олмай, бир ўлимдан қолиб ортга қайтишди. Оролга борганларида у ердан Манагуа (Никарагуа)га, сўнгра Гондурас ва Гватемалага, у ердан эса Мексикага ўтишни режалашган эди.
Бойхон ва Арай яхшиликдан умид қилиб, АҚШга қонуний кириш учун Қўшма Штатлар Божхона ва чегара хизмати (US Customs and Border Protection)нинг CBP One иловаисда рўйхатдан ўтишган экан. Жо Байден маъмурияти ишга туширган ушбу дастур ўз мамлакатида оғир аҳволда қолиб, АҚШ-Мексика чегарасига етиб келган одамларга чегарани мигрант сифатида қонуний кесиб ўтиш имконини беради.

– Бу йўлдан бормаслик керак эди, айниқса болалар билан. Начора, тақдирда бор экан, – дейди Бойхон.
Эр-хотин пул ишлаб топиш учун АҚШга қонуний йўл билан боришдан ҳануз умид узмаган: қарзларини узишлари, болалари келажагини таъминлашлари керак.

– Худога шукрки, болалар омон қолишди. Уларни деб яшаяпмиз, дунёга келтирган эканмиз улар учун жавобгарлик бизнинг зиммамизда, – кўзлари ёшланиб дейди Арай. – Бу ишга эрмак учун кирмагандик, худо ҳаққи. Аммо болаларга бирон кор-ҳол бўлганида ўзимизни асло кечира олмасдик.

Кариб ҳавзасида мигрантлар ўлими ҳоллари кўпаймоқда
Сўнгги йилларда Лотин Америкаси орқали Мексикага бориб, сўнгра АҚШ чегарасидан ноқонуний ўтаётганлар сони геометрик прогрессияда ошмоқда. Бу йўл хавф-хатарга тўла бўлса-да, айрим камсонли омадлиларнинг эсон-омон “Америка орзуси”га етишаётгани бошқаларни руҳлантиряпти.

Одамлар телеграм-канал ва мессенжерларда маълумот алмашиб, ўртакашларни топишмоқда ва қалтис сафарга йўл олишмоқда.
Аввалроқ Озодлик Қозоғистонда таъқибларга йўлиқиб, охир-оқибат АҚШдан бошпана топган жамоат фаоли Қайрат Султонбек ҳамда хитойлик қозоқларнинг ҳуқуқлари учун курашгани учун таъқиб этилиши ортидан узоқ ва машаққатли йўлни босиб ўтиб, Қўшма Штатларга келган Бойбўлат Кунбўлатули ҳақида ҳикоя қилган эди.
2021 йилдан бери АҚШга жами 7,3 миллион киши ноқонуний кирган. 2023 йилда марказий осиёлик 50 мингдан ортиқ киши ушбу мамлакат чегарасини кесиб ўтган. Ушбу маълумотни АҚШ сенатори Стив Дэйнс эълон қилган эди.

АҚШда қочқин мақомини олиш учун берилган аризаларни кузатувчи Транзакция қайдларини таҳлил қилиш маркази (TRAC, Transactional Records Access Clearinghouse) маълумотига кўра, айни пайтда 2901 нафар Қозоғистон фуқароси ўз аризалари бўйича суд қарорини кутмоқда.

Халқаро миграция ташкилоти маълумотига қараганда, Кариб ҳавзасини кесиб ўтувчи мигрантларнинг ўлиши ва ғойиб бўлиши ҳолатлари ҳам кўпаймоқда. 2022 йилда денгизда 321 мигрант ўлган ёки бедарак йўқолган.

“Ўтган йили Кариб ҳавзасида ўлган мигрантлардан 51 фоизини идентификация қилиб бўлмайди. Бу юзлаб оила ўз яқинларининг қаердалигидан мутлақо бехабар, деганидир”, дейди Халқаро миграция ташкилотининг Кариб ҳавзаси бўйича координатори Патрис Кесада.
Ташкилотга кўра, денгиз йўлини танлаган мигрантлар кўпинча ноқулай об-ҳаво шароити ва қўлда ясалган сифатсиз қайиқлар туфайли чўкиб кетадилар.

Ўзбеклар АҚШда камситилаётганидан шикоят қилишди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:13:28 0:00

Шунингдек, Халқаро миграция ташкилоти ушбу йўналишларда жиноятчи гуруҳлар ҳаракат қилиши ҳақида огоҳлантириб келмоқда.
“Қозоғистон мигрантлар жўнатувчи мамлакатга айланди”
“Халқаро ҳуқуқий ташаббус” жамоат фонди раҳбари Айни Шорманбаеванинг сўзларига кўра, қозоғистонликлар ўз ихтиёри билан мигрант бўлишаётгани йўқ: кўпчилик катта кредитлар олган, уй-жой сотиб олишга қурблари етмайди, яхши ҳақ тўланадиган иш топилмайди, турмуш сифати жуда паст.

“Қозоғистон мигрантлар жўнатувчи мамлакатга айланди”, дейди эксперт.

“Ҳамма балонинг сабаби битта: қашшоқлик. Иқтисодий вазият кун сайин ёмонлашяпти, иш бўлмаганидан кейин одам оиласини боқиш учун ўзини ҳар ёққа уради-да. Январ воқеалари нимадан бўлди? Қашшоқликдан, албатта. Аммо ўша қайғули воқеалардан ҳануз хулоса чиқармадик, сабаблар бартараф этилмади”, дейди Шорманбаева.

Суҳбатдошимиз ечим сифатида Қозоғистонга ишчи кучини қабул қилувчи мамлакатлар билан меҳнат миграцияси бўйича икки томонлама битимлар тузишни таклиф қилади. Унинг фикрича, бу ишчиларнинг меҳнат, тиббий ва ижтимоий ҳуқуқларини ҳимоя қилиш имконини беради.

“АҚШга Колумбия, Мексика, Гондурас ва Эквадор орқали боришяпти. Сафарларни жиноий гуруҳлар ташкиллаштирмоқда. Ноқонуний миграцияни ташкил қилиш барча мамлакатларда жиноят ҳисобланади. Бу йўлдан юраётган одамлар ўзлари ва фарзандлари ҳаётини хатарга қўйишмоқда. Сафарга чиқишдан олдин юз карра ўйлаш ва қонуний асосларда кўчиб бориш керак. Меҳнат мигранти бўлишга қонуний ва онгли тайёргарлик зарур. Бу вақт ва харажат талаб қилади, лекин жонингиз пулдан азиз”, – сўзини якунлайди Шорманбаева.

Форум

XS
SM
MD
LG