Линклар

Шошилинч хабар
20 январ 2022, Тошкент вақти: 15:21

Қозоғистон: Тазйиқларга қарамай, курашишда давом этаётган намойишчи


Ўрал шаҳрида намойишлар 3 январь куни бошланди.

Қозоғистоннинг нефтга бой шимоли-ғарбий қисмида жойлашган Жалпақтал қишлоғида улғайган Аслан Жамалиев сиёсатга илгари қизиқмаган.

Ғарбий Қозоғистон вилоятида телекоммуникация соҳасида таҳсил олган ва сўнгра уяли телефон дўконларида ишлаган Жамалиев сўнгги йилларда бошқа кўплаб қозоғистонлик каби нефть ва газ соҳасида ишлай бошлаган.

39 ёшли Жамалиевнинг сўзларига кўра, нефть саноатида ишлай бошлаганидан кейин уни нега улкан табиий ресурсларга эга мамлакатда кўпчилик фақат «озиқ-овқат сотиб олиш учун етарли маош олади», деган савол қийнай бошлаган.

Ҳукуматдан тўйганим учун норозилик намойишларига қўшилдим. Асосий масала қашшоқлик, лекин одамларни ғазаблантирадиган бошқа кўплаб сиёсий ва иқтисодий муаммолар бор», - дейди Ўрал турғуни Аслан Жамалиев.

Жамалиевнинг сўзларига кўра, қўшни Атирау вилоятида топган ишида соатлаб ишлашга, кўп тер тўкишга мажбур бўлган.

Аммо у ойига 230 долларга яқин маош олган. Бу эса 570 долларни ташкил
қилувчи расмий ўртача ойлик иш ҳақининг ярмига ҳам тенге мас.

«Мен олий маълумотлиман. Катта тажрибам бор. Нима учун атиги 230 долларга ишлашим керак? Аслида, менга бошида бунда ҳам камроқ иш ҳақи таклиф қилишганди – ойига 160 доллар», дейди Жамалиев.

«Бундай маош ҳеч нарсага емайди»

Жамалиев ўтган йили COVID-19 билан касалланганидан кейин ишидан айрилган.
У январь ойи бошида ҳукуматга қарши норозилик намойишларида қатнашган минглаб қозоғистонликнинг биридир.

Ҳукумат намойишларни кескин куч ишлатиб бостиргани учун
зўравонликлар содир бўлди. Бугунга қадар аҳолиси 19 миллионга яқин бўлган мамлакатда ўнлаб одам ҳалок бўлди, юзлаб одам яраланди, 8 000 га яқин одам ҳибсга олинди.

Мисли кўрилмаган намойишлар 2 январь куни Қозоғистоннинг Жанаўзен шаҳрида газ нархи қимматлаганидан норози бўлган аҳоли тинч намойишга чиққанидан кейин бошланиб кетганди.

Ўралда 5 январ кунги норозилик.
Ўралда 5 январ кунги норозилик.

Жамалиев ҳозир истиқомат қилаётган Ўрал шаҳрида намойишлар 3 январь куни бошланди.

Дастлаб 80 га яқин ҳайдовчи ҳукуматдан кўпчилик ишлатадиган газ нархини туширишни талаб қилди.

Аммо намойишлар кучайгани сари, намойишчиларнинг талаблари ҳам ортиб борди: улар кенгроқ кўламдаги сиёсий ўзгаришларни талаб қила бошладилар.

«Намойишлар фақат газ нархи билан боғлиқ эмас», деди Жамалиев.

«Ҳукуматдан тўйганим учун норозилик намойишларига қўшилдим», дея сўзини давом эттирди у.

«Асосий масала қашшоқлик, лекин одамларни ғазаблантирадиган бошқа кўплаб сиёсий ва иқтисодий муаммолар бор. Нормал, демократик мамлакатда яшашни хоҳлайман».

Жамалиевнинг айтишича, у Қозоғистонда овоз бериш сиёсий ўзгаришларни олиб келиши мумкинлигига ишонган, бироқ мамлакатда ўтказилган сўнгги икки сайлов – 2019 йилдаги президентлик сайлови ҳамда 2021 йилдаги парламент сайловларидан кейин ҳафсаласи пир бўлган.

Жамалиев иккала сайлов давомида ҳам маҳаллий мустақил кузатувчилар сафига қўшилган.

Парламент сайловлари олдидан Жамалиев Ўрал кўчаларида одамларни ҳукмрон «Нур Отан» партиясига овоз бермасликка чорлаб, плакат илган.

«Ўтган йилги сайловларда кўрган-кечирганларим туфайли [сиёсатга] бошқа бефарқ қарай олмадим» дейди - Аслан Жамалиев

Аммо унинг айтишича, сайловлар «сохталаштирилган», фаоллар ва мустақил кузатувчиларга «таҳдид қилинган». «Нур Отан» партияси сайловда ғалаба қозониб, парламентда ҳукмронликни сақлаб қолди.

Эркин ва адолатли сайловларни кўрмаган мамлакатда сайлов натижалари ҳеч кимни ҳайратга солмади.

Ўрал шаҳри суди Жамалиевни ноқонуний «ташвиқот ҳозирлаш ва тарқатишда» айбдор деб топиб, унга 170 АҚШ доллари миқдорида жарима солди.

«Ўтган йилги сайловларда кўрган-кечирганларим туфайли [сиёсатга] бошқа бефарқ қарай олмадим», деди у.

«Ҳокимият томонидан юборилган провокаторлар»

Жамалиев Ўрал шаҳрининг марказий Абай майдонида бошланган намойишларга 4 январь куни қўшилганини айтди. Унинг сўзларига кўра, одамлар тинч намойиш ўтказишган. Айримлар намойишчиларга чой ва овқат олиб келган, намойишчиларнинг ўзлари эса майдонни тарк этишдан олдин у ерни тозалаган.

Аммо Жамалиев намойишчилар ҳукумат биноси томон йўл олганидан кейин, йўқ жойдан бир гуруҳ «тажовузкор, аксарияти маст» ёшлар пайдо бўлиб, намойишчиларни иғво қилишга уринганини сўзлаб берди. Улар одамларни «судрай» бошлашган, «устига сакрашган», фаоллардан овоз кучайтиргичларни тортиб олишга уринишган.

Қозоғистон: Ҳукумат назоратни кучайтирмоқда, кичик норозилик намойишлари давом этмоқда
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:33 0:00

Жамалиевнинг таъкидлашича, безорилар орасида 2021 йилда бўлиб ўтган митингга халақит беришга уринган айрим шахсларни кўрган.

Қозоғистон ҳукумати намойишчиларни полицияга ҳужум қилиш, ҳукумат биноларига ўт қўйиш ва корхоналарни талон-тарож қилишда айбламоқда. Аммо Жамалиев ҳукумат атайлаб оломон ўртасида тартибсизлик ва можаро қўзғатмоқчи бўлганини иддао қилди.

«Бу ёшлар полиция намойишчиларни тарқатиб юборишига баҳона топиш мақсадида йиғин қатнашчилари ўртасида жанжал қўзғатиш учун ҳукумат томонидан юборилган провокаторлар, деб ўйлайман», деди Жамалиев.

«Аммо биз улардан қочишга ҳаракат қилдик»

5 январь куни эрталабгача полиция Ўралда намойишчиларни тарқатиб юборди ва юзлаб одамни ҳибсга олди.

«Гинам йўқ»

Жамалиев уч нафар полиция зобити уни майдонда ушлаб, полиция машинасига ўтқазганини сўзлаб берди.

«Машина ичида мени резина таёқ билан калтаклашди, муштлари билан дўппослашди», деди у.

Уни полиция бўлимига олиб боришганидан кейин ҳам «уриш, тепиш ва сўкишлар» давом этган.

Жамалиевнинг айтишича, уни полиция томонидан тайёрланган тилхатга имзо қўйишга мажбурлашган, сўнгра қўйиб юборишган. Унга ҳатто тилхатни ўқиш имкони берилмаган.

«Офицерлардан бири агар мени яна [намойишга чиққанимни] кўришса, ўлдиришларини айтди», дея ҳикоя қилди Жамалиев.

Аммо Жамалиевнинг айтишича, уни энг ҳайратга солган нарса милиция ходимларининг полиция машинаси ичида намойишчиларни калтаклаш ва ҳақоратлаш пайтида ўз аҳволларидан шикоят қилганидир.

«Улардан бири: “Мен ойига 260 доллар топаман, ишим туфайли оиламни кўрмайман, сенга ўхшаганлар эса ҳаётидан нолийди”, деди», дея сўзини давом эттирди Жамалиев.

5 январь куни маҳаллий расмийлар Ўралда тартибсизликлар бўйича 360 га яқин одам ҳибсга олинганини маълум қилишди. Уларнинг кўпчилиги кейинроқ қўйиб юборилган.

Қозоғистон ҳукумати тартибсизликлар тугагани ва мамлакат бўйлаб тартиб ўрнатилганини айтмоқда.

Ҳукумат тартибсизликларни хорижда тайёргарликдан ўтган «террорчилар» ва
«бандитлар» бошлаганини иддао қилмоқда.

Аммо Жамалиев учун порлоқ келажак учун кураш ҳали тугамаган. У Қозоғистон халқи яна кўчага намойишига чиқишига ишонади.

«Мени калтаклаган офицерлардан ҳеч гинам йўқ. Улар ўзлари тан олгандек арзимаган маош учун ишлайдиган бечоралар», деди Жамалиев Озодлик билан суҳбатда.

«Аммо бу уларнинг танлови. Биз эса сиёсий фаоллигимизни давом эттирамиз».

XS
SM
MD
LG