Линклар

Шошилинч хабар
02 май 2024, Тошкент вақти: 02:38

Олмаотада террорчи ўлдирганлар орасида ўзбекистонлик аёл ҳам бўлиши мумкин


Олмаота шаҳрида аксилтеррор амалиёти якунига етди ва террор хавфи даражаси “қизил”дан “сариқ”қа туширилди. Бу ҳақда Қозоғистон миллий хавфсизлик қўмитаси хабар қилди.

Қозоғистон ички ишлар вазирига кўра, Олмаота шаҳар, Алмали тумани ички ишлар бўлими ва Миллий хавфсизлик давлат департаментига ҳужум қилган шахс 18 июлга ўтар тунда шаҳар кўчаларидан бирида таксида ўтирган аёллар билан жанжаллашиб қолган ва улардан бирини отиб ўлдирган. Таксидаги аёллардан бири ўзбекистонлик бўлган.

Бу ҳақда Қозоғистон Хавфсизлик кенгашининг фавқулодда мажлисида президент Назарбоевга ҳисобот берган ички ишлар вазири Калмуханбет Касимов айтди.

Вазир ўз нутқида таксида ўлдирилган аёлнинг на шахсини, ва на унинг қайси давлат ватандоши эканлигини айтган.

Қозоғистон ички ишлар вазирлигига кўра, ички ишлар бўлими ва Миллий хавфсизлик давлат департаментига ҳужум қилган икки шахс қўлга олинган. Сўнгги маълумотларга қараганда 5 киши нобуд бўлган, яраланган 7 полиция ходими касалхонада оғир аҳволда ётибди.

Қозоғистон Хавфсизлик кенгашининг фавқулодда мажлисида президент Назарбоев Олмаотада бугун кечаётган воқеаларни террористик акт, деб баҳолади. Қозоғистон раҳбари ҳалок бўлганлар ва жабрланганлар оилаларига ҳамдардлик билдирди, уларга керакли ёрдам бериш тўғрисида давлатнинг тегишли идораларига кўрсатма берди.

18 июль куни Қозоғистон Ички ишлар вазирлиги Олмаотада террор хавфининг “қизил”, яъни энг юқори даражаси жорий этилганини эълон қилди. Вазирлик хабарномасида олмаоталиклардан уйдан кўчага чиқмаслик, одам кўп тўпланадиган жойларга бормаслик ҳамда шубҳали шахслар ҳақида полицияга хабар бериш сўралган.

Хабарларга кўра, маҳаллий вақт билан эрталабки соат 11:00 атрофида номаълум шахс Алмали туман ички ишлар бошқармаси олдидаги соқчини ўққа тутган. Сўнгра соқчининг қўлидаги автоматни олиб, яширинган.

Ҳужумчи унинг ортидан тушган “Бўрон” экипажига автоматдан ўқ узган, натижада икки полиция ходими яраланган. Кейинроқ гумонланувчининг ўзи ҳам яраланган ҳамда шаҳар марказида қўлга олинган. Уни қўлга олиш жараёнида икки полиция ходими жароҳат олган.

Полиция тарқатган маълумотга кўра, қўлга олинган шахс Қизилўрда вилоятининг 27 ёшли турғуни бўлиб чиққан. Бу шахс яқин кунларда содир бўлган қотилликда гумонланиб, полиция қидирувида бўлган.

Гумонланувчи қўлга олинишидан аввал автомобиль ўғирлашга уринган. Натижада автомобиль эгаси ҳалок бўлган.

Яраланган полиция ходимларидан уч нафари шифохонага етиб бормай ҳалок бўлган.

Аввалроқ Қозоғистон маҳаллий нашрлари эрталаб Қозоғистон Миллий хавфсизлик қўмитасининг Олмаота департаменти биноси яқинида ўқ овозлари эшитилгани ҳақида хабар қилган эдилар. Бундан ташқари, давлат тушуми қўмитаси биноси олдида ҳам ўқ овозлари эшитилган. Гувоҳлар шаҳарнинг бошқа марказий қисмларида ҳам ўқ овози эшитилганини айтишмоқда.

Шаҳарда ҳужумчининг шеригини қўлга олиш учун “Сирена” махсус амалиёти бошланган.

Ички ишлар вазирлиги хабарномасида ёзилишча, террор хавфининг “қизил” даражаси жорий қилинган пайтда хавфсизлик кучлари ходимларига фуқароларни ва транспорт воситаларини текширишга, бундан ташқари, уларнинг ҳаракатларини тўхтатишга, уй-жойлар ҳамда бошқа биноларга тўсиқсиз киришга изн берилади.

Ўтган ойда Ақтўбе шаҳрида ўнлаб номаълум шахс томонидан қурол-яроқ дўкони ва ҳарбий бўлинмага қуролли ҳужум содир этилиши ортидан террор хавфининг “сариқ” даражаси жорий қилинган эди.

Сиёсат фанлари номзоди Досим Сатпаев Озодлик радиоси, қозоқ хизматига берган интервьюси давомида Қозоғистон ҳукумати террор ҳужумларининг олдини олиш учун етарлича чора кўрмаётганини айтди. Унинг айтишича, фуқаролар ўртасида етарлича тушунтириш ишлари олиб борилгани йўқ. Сатпаев “расмийлар фуқаролар билан яқиндан ҳамкорлик қилмай туриб аксилтеррор тизимини яратиб бўлмаслигини тан олиши керак”, деди.

XS
SM
MD
LG