Линклар

Шошилинч хабар
09 феврал 2023, Тошкент вақти: 13:40

Кластер ва фермер можароси – тўланмаган пахта пули, арзон нарх, мажбурий шартнома


Фермерлар ҳар йили кластер пахта пулини ўз вақтида тўламаганидан шикоят қилади.

Ўзбекистонлик пахтакор фермернинг аксарияти 2022 йилда кластерга сотган пахтасинининг пулини ололмаяпти.

Фермерлар кластер пахта харид нархининг жаҳон бозорида тушиб кетганини рўкач қилиб, патага арзон нарх белгилаганидан шикоят қилмоқда.

Аввалги йиллардаги каби бу йил ҳам фермерлардан 2023 йил ҳосили учун бўм-бўш фючерс шартномаси қоғозини имзолаш ва муҳр босиб бериш талаб қилинмоқда.

Ўзбекистон Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши фермерларнинг ҳуқуқлари ҳимоя қилинадиган, кластер билан тенг шериклик қила оладиган шартнома лойиҳаси тайёрланаётганини айтмоқда.

Ўзбекистонлик фермерлар кластер билан тузилган фючерс шартномасига кўра, сотган пахтасининг пулини 2022 йилнинг 31 декабр санасига олиши шарт эди.

Аммо аввалги йиллардаги каби бу йил ҳам Ўзбекистондаги кластерларнинг аксарияти фермерларга бу вақтга пахта пулини тўлаб беролмади.

Самарқанд вилояти, Пахтачи туманидаги фермерлар янги йил арафасида кластер вакилидан ҳеч бўлмаса байрамни ўтказиш учун топширган пахтаси пулидан озгинадан бўлса беришни талаб қилган эди.

Пахтачи тумани фермерлари норозилиги
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:02:55 0:00

Хоразм вилоят, Гурлан туманидаги “Иззатбек-Бунёдбек” фермер хўжалиги иш бошқарувчиси Ёрқиной Раҳимованинг Озодликка айтишича, кластерлар пахта пулини беришни пайсалга соляпти:

“Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ўтган йил пахта нархини кластерлар билан келишиб 10025 сўм деб тавсия қилган эди. Аммо Хоразм ивлотяида бир неча кластер 8300 сўмдан қилиб берибди. Биз бу нархга норозимиз. Чунки бу нарх пахтаг қилинган харажатни ҳам қопламайди. 31 декабргача шартнома бўйича кластер плуни тўлаши шарт эди. Аммо шу кунгача тўламай келяпти. Кластер ҳозир биз билан ўйин қиляпти. Вилоят ҳокимлиги ҳам уларга қайишяпти”.

Ёрқиной Раҳимованинг айтишича, кластерлар фақат ўзларининг манфаатлари ҳисобга олинган 2023 йил пахтаси учун шартномани имзолашга мажбур қилмоқда.

“Бу шартномада фермернинг ҳеч қандай ҳуқуқи йўқ. Юристларимиз буни исботлаб ҳам беришади”.

Андижон вилоят, Улуғнор туман, “Собитхон ота” фермер хўжалиги раҳбари Элёрбек Ҳакимовнинг айтишича, гарчи улар “Водий саноат фахри”кластери бир кило пахта нархи 9600 сўмдан қилиб “акт-сверка” қилган бўлса-да, аммо 8300 сўмдан нарх беришини эълон қилган:

“Сабабини сўрасак биржада пахта нархи тушибди экан, шунинг учун биз 8300 сўмдан бериб турамиз, дейди. Қолганини март-апрель ойларида биржа нархига қараб берамиз, деяпти. Бу йўқ нарсада. Бу ёқда дори захирасини қилиб қўйишимиз керак, ишчиларимизга ойлик беришимиз керак, қарзларимизни тўлашимиз керак, аммо пахтани сотганмизу бир сўм ҳам пул йўқ. Кластер бизга минерал ўғит ва ёнилғини биржа нархида сотган. Солярканинг кўчадаги нархи билан бизга берганни орасида 2000 сўм фарқи бор. Бир қоп селитрани биз дўкондан оладиган бўлсак 120 минг сўм эди. Кластер эса бизга 150 минг сўмдан ўтказган. Бунинг устига шу пайтгача бир сўм ҳам ҳақимизни бермасдан келмоқда”.

Агар жаҳон бозорида пахтанинг нархи ошиб кетса, кластер фермердан арзон сотиб олган нархига қўшимча ҳақ бермайди. Агар пахтанинг нархи тушса, сотиб оладиган нархини пасайтиради. Фермерларнинг таажжуби ҳам ана шунда.

Андижон вилоят, Бўстон туманидаги исми сир қолишини сўраган фермернинг айтишича, сўнгги тўрт йилда кластерлар умуман қонуний йўлдан юрмайдиган ташкилот эканлигини намойиш қилди:

“Кластер қайси бир мансабдор ёки амалдорнинг яқини бўлиб, фақат ўзларининг манфаати учун ишлаётган тузилма бўлиб қолди. Бўстон туманидаги “Сайёра фаввораси” кластери фермерлар билан тузилган қонуний муносабатларни қўпол равишда бузмоқда. Ўтган йилнинг бошида шартномалар бўм-бўш қоғозга ҳеч нарса ёзилмасдан муҳр бостириб олинган эди. Бу йил ҳам шартнома қилмасанг пулингни бермайман деб, туманнинг 80 фоиз фермерини яна қуруқ блакнкага печат бостириб олди. Ўзи хоҳлаганини қилиб, фермерларнинг маблағига эгалик қилиб келмоқда. Ҳеч ким уларнинг мушугини пишт деёлмайди. Туман, вилоят ҳокимлари уларнинг хизматида. Энг ачинарлиси қонунни ҳимоя қиладиган прокуратура ҳам улар томон. Фермернинг қўлида ҳатто шартнома нусхаси ҳам йўқ, ҳеч қаерга даъво ҳам қилолмайди”.

Тошкент вилоят, Ўртачирчиқ туманидаги исми сир қолишини сўраган фермер ҳам, пахта пулини ололмай сарсон бўлаётганини айтади:

“Биз “Real Agro Cotton” МЧЖ кластер билан шартнома тузганмиз. Лекин бу муттаҳам кластер билан тузилган шартномада 31 декабргача пахта пулини тўлаб бераман деб ёзилган. Аммо пулдан дарак йўқ. Маҳсулотни топшириб қўйиб, қозонни сувга ташлаб ўтирибмиз”.

Озодлик Ўзбекистон пахта-тўқимачилик кластерлари уюшмаси расмий сайтида кўрсатилган битта телефон рақамига бир неча бор қўнғироқ қилди. Аммо гўшакни ҳеч ким кўтармади.

Уюшманинг матбуот хизмати саҳифасида ҳам алоқа қилиш мумкин бўлган ҳеч қандай контакт кўрсатилмаган.

Ўзбекистон Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши бош ҳуқуқшуноси Чорихон Қодиров Озодлик билан суҳбатда кластер томонидан фермерларнинг ҳуқуқлари поймол этилаётганини айтар экан, айни пайтда фермер манфаати мустаҳкамланган янги фючерс шартномаси лойиҳаси тайёрланганини таъкидлайди:

Фючерс шартномани тасдиқлашга оид Фермерлар кенгаши мактуби
Фючерс шартномани тасдиқлашга оид Фермерлар кенгаши мактуби

“Биз ҳозир 2023 йил пахта хом аёшсини етиштириш фючерс шартномаси намунавий лойиҳасини ишлаб ўтирибмиз. Энг асосийси, бўш бланкаларга муҳр қўйдириб олишга чек қўядиган бандлар бу шартномага киритилган. Масалан 7-бандда бундай дейилган:

“Мазкур шартнома барча реквизитлари билан тўлғазилиб, тарафлар томонидан имзоланиб, ҳудудий ваколатли органдан рўйхатдан ўтказилгандан кейин кучга киради, шартномада кўрсатилган якуний ҳисоб китоблар тўлиқ амалга оширулгунга қадар амалда бўлади”.

Кейин 10.4 бандида яна бундай дейилган:

“Буюртмачи” шартнома рўйхатдан ўтказилган кундан бошлаб икки кун муддатда шартноманинг барча реквизитлари билан тўлғазилган аслини “Хўжалик”ка етказиш бериш мажбуриятини олади”.

Бизку фермерлар манфаатини ҳам ўйлаб буни тузяпмиз, лекин бу лойиҳани ҳали Қишлоқ хўжалиги вазирлиги бир чиғириқдан ўтказади, кластер ўзининг манфаатини ўйлаб яна бир чиғириқдан ўтказади, лекин биз курашда давом этамиз”.

Чорихон Қодировнинг айтишича, пахта пулини шартномада кўрсатилган муддатда тўлаб бермагани учун кластерларга зудлик билан тўлаб бериш ҳақида талабнома киритамиз, агар бажарилмаса судга даъво аризаси киритамиз”.

Ўзбекистонда президент Шавкат Мирзиёевнинг таклифи билан қишлоқ хўжалигини аста-секин кластер тизимига ўтказиш 2018 йилда бошланган эди.

Бундан мақсад қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирадиган фермерларни ҳукумат назоратидан чиқариб, бевосита махсус кластер корхоналарига бирлаштириш эканлиги айтилган.

Кластер билан ишлаш тизимида фермерлар аввал бўлгани каби пахта ва ғалла етиштиришда уч томонлама (ҳокимлик - пахта ёки ғалла қабул қилиш корхоналари - фермер) шартнома эмас, балки фақат кластер корхона билан шартнома имзолайди.

Бу шартномага кўра, кластер фермерга уруғдан тортиб, ёнилғи, минерал ўғит, маблағ билан таъминлаш каби барча ишларни ўз зиммасига олади.

Фермер маҳсулотини тўғридан-тўғри фақат кластерга сотади.

Кластер бу маҳсулотни қайта ишлаб, ички ва ташқи бозорга сотади.

Кластер тизимида маҳаллий ҳокимият фермернинг ишига аралашмаслиги, фермер бевосита кластер билан қилган шартномани бажариши керак.

Фермер билан кластер корхона ўртасида чиққан низоларни Иқтисодий суд ҳал қилади.

Аммо фермерлар Ўзбекистонда кластер тизими жорий қилиниши ортидан ўзларининг яхши ишлов берилган ерлари ҳокимиятга яқин шахс ва гуруҳларга ноқонуний равишда олиб берилганидан, кластер эгалари ҳам президент Шавкат Мирзиёев қариндошларига яқин одамлар эканлигидан шикоят қилиб келади.

Ўзбекистонда кластерлар рақобатли тендер ўтказилмасдан, шаффофлик таъминланмасдан ҳукумат томонидан ташкил этилади.

Кўп ҳолатларда кластер корхоналарнинг асл эгаси ким эканлигини фермерлар ҳам, туман ва вилоят ҳокимлиги мулозимлари ҳам билмайди.

Форум

XS
SM
MD
LG