Линклар

Шошилинч хабар
10 декабр 2022, Тошкент вақти: 07:47

Пахта-2022: Бўм-бўш шартнома, икки хил нарх ва қўшиб ёзиш


Ўзбекистонда пахта терими мавсуми ниҳоясига етмоқда. Озодликка келган хабарларга кўра, фермерлар пахтасини сотиб олишда ҳали ҳам эски усуллардан воз кечилмаган.

Фермерлар пахта харид нархининг арзонлиги, ҳокимлар босими остида бўш шартномага имзо ва муҳр қўйдириб олган кластерлар ўзлари хоҳлаган нарх ва центнерни қўяётганидан, пахта “скидка”сининг ниҳоятда юқори қўйилганидан норози бўлмоқдалар.

Қонунчиликда ҳокимларга фермер ва кластер ўртасидаги муносабатларга аралашиш тақиқланган бўлишига қарамасдан фермерлар ҳануз маҳаллий ҳокимият томонидан босимга учраётганликларини айтишмоқда.

Андижонлик фермерлар учун бу йил пахта топшириш шартномасини бажариш оғир бўлмоқда.

Сабаби уларнинг кластер билан тузилган шартномасига фақат муҳр босиб, имзо қўйиб берганлигида. Аниқроғи, бунга мажбурланганида.

Андижон вилоят, Бўстон туманидаги исми сир қолишини сўраган фермернинг айтишича, бўм-бўш шартномага фермерларнинг муҳр босиб бергани ўзларининг "бошига бало" бўлган:

“Баҳорнинг бошида “Сайёра фаввораси” кластери билан тузилган шартноманинг бўш бланкасига мажбуран қўл қўйдириб олишган. Одатда, шартномага ернинг бонитетига қараб центнер қўйилади. Масалан, бонитет 60 бўлса, у 0,4га кўпайтирилади. Бу 24 центнер бўлади. Лекин, бу ёзилмайди. Ўзлари кейин 33-38 центнердан деб ёзишиб олди. Ана энди бугун, ердан реал ҳолатда 30-32 центнер ҳосил олдик. Ҳозир сени шартномангда 35 центнер ёзилган деб, қувди-қувди бўлиб ётибди”.

Фермернинг айтишича, бундай ҳолат "приписка" - қўшиб ёзишга олиб боради:

“Приписка"нинг тагида манфаатдорлар турибди. Ҳозир шўринг қурғур битта фермер тўғри кластер заводига кириб боради, менга 5 сортга бўлса ҳам пахта ёзиб бер дейди, ёзиб ҳам беради, албатта маълум пул эвазига. Аксарият фермер шундай қилади. "Приписка"дан йиғилган пулни эса ўзлари бўлишиб олади”.

Андижон туманидаги исми сир қолишини сўраган бошқа фермернинг айтишича, кластернинг пахтага тўлаётган нархи харажатни ҳам қопламайди:

“Пахтани кластер 9700 сўмдан олди, тавсиявий нарх 10025 сўм эди. Бу пахтага кетган харажатни ҳам ёпмайди. Бизда ҳам худда шундай бўлди. Пахта етишганидан кейин кластер яна 3 центнердан қўшиб юборди. Шартноманику, бетини ҳам кўрганимиз йўқ. Баҳорда ҳоким мажбурлаб муҳр бостириб олган эди. Кластернинг ўзининг ери 5-12 центнердан пахта берди, холос. Лекин қоғозда 45 центнер берди деб ёзилган. "Приписка" қиляпти. Орол деган массивимизда бир гектар ҳам кластер пахта экмаган. Ўша ердан ҳам 45 центнер пахта берди деб кўрсатибди. Хуллас ҳаммаёқ зўравонлик, кўзбўямачилик, кластерга қулдорлик бўлиб ётибди”.

Ўзбекистондаги фермерлар муаммоларини яқиндан кузатаётган, ўзи ҳам пахтачилик фермери бўлган хоразмлик Неъмат Ишчанов фермер-кластер-ҳокимият ўртасидаги муносабатларни яқиндан кузатиб келади.

Фермерларнинг бир қанча Телеграм-каналларида уларга ўз ҳуқуқларини англаш ва ҳимоя қилиш ҳақида маслаҳатлар бериб келаётган Ишчановнинг айтишича, фермерни хароб қилаётган энг катта муаммо пахта ҳақининг сунъий пасайтириб берилганида:

“Пахта харид нархи тўғрисида ҳар йили муаммо бўляпти. Аввал контрактация шартномаси қилинарди. У ерда ҳисоб нархи ёзилар эди. 2021 йил ҳам контрактация шартномаси тузилиб, жуда паст нарх ёзилди. Қишлоқ хўжалиги вазирлиги тавсияси билан 7120 сўмдан ҳақ берилди. Харажат ҳам шунча бўлди. Кузатдик. Ноябрь ойида кластерлар пахтани чигитдан ажратиб биржада сота бошлади. Биржада кўрсак нарх жуда баланд, бир кило толанинг нархи 36-38 минг сўм, чигитнинг нархи 5 минг сўм”.

Фермернинг айтишича, кластер деҳқоннинг пахтасидан яна бир баравардан ортиқ фойда кўрган:

“Уч кило пахтадан бир кило тола чиқади. 36 минг сўм. Икки кило чигит 10 минг. Жами 46 минг сўм. Биздан эса уч кило пахтани 21 минг сўмга оляпти. Ўртадаги 25 минг сўм фойдани кўряпсизми? Буни бутун Ўзбекистон кўрди, билди. Лекин фермерга мана сенга фойдадан бу деб бир сўм бермади. Бу йил эса президентимиз фьючерс шартнома қиласилар деди. Хурсанд бўлдик. Чунки бу шартномада нархлар белгиланиб, олдиндан бир қисм пул тўланади. Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Фермерлар Кенгаши, Адлия вазирлиги ва кластерлар ўзаро келишиб, тасдиқлади ҳам. Аммо, март ойидан бошлаб яна эски аҳвол, нарх ёзилмай фермерлар мажбуран шартнома қилдирилди. Эски ҳаммом, эски, тос!”

Ишчановнинг сўзларига кўра, фермерлар бунга қаршилик қилди, лекин шу пайт кластерга ёрдамга ҳокимият келди:

“Хокимият аралашди. Чунки кластернинг ўзи имзолашга мажбурлай олмайди. Унинг қўлида мажбурлай оладиган ричаг йўқку. Вилоят, туман ҳокимлари, Агропромлар босим ўтказиб, мана шу яхши нарх, кузда ошса яна қўшиб беради, деб алдаб-сулдаб ёки мажбурлаб имзо қўйдириб олди. Ижроия ҳокимият куч ишлатар тизимлари ёрдамида кластерларнинг ёрдамчиси бўлди. Чунки уларда ҳам манфаатдорлик бор”.

Андижонлик фермернинг фикрича, ўз ҳаққини талаб қила олмайдиган фермер адолатсизликлар учун йўл очиб беради:

“Фермерлар ҳали ҳам қўрқув ва катта дағдағанинг тагида юришибди. Уларнинг катта қисми ҳуқуқий саводсиз. Уларнинг омилигидан, соддалигидан, ўз номи билан деҳқонлигидан раҳбарлар ўз мақсадлари йўлида зўравонларча фойдаланишяпти. Бу зўравонликнинг устида ҳоким турибди. Масалан, кеча, ҳоким Озод массивидан Фарҳод исмли бир фермерни 35 центнер берасан деб қаттиқ ҳақорат ҳам қилибди. Ҳокимлар кластерларнинг манфаатига ишлаб, улардан манфаат топадиган шахсларга айланиб қолди”.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг фармони билан пахта ва ғалла етиштириш давлат режасидан чиқарилган. Қарор ва фармонларга кўра, бу маҳсулотларни етиштириш икки мустақил субъект - фермер ва кластер ўртасидаги ўзаро манфаатли шартномалар асосида қурилиши керак.

Пахта 2022: “Еганимиз тарвуз билан нон”
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:02:22 0:00

Аммо маҳаллий ҳокимлар ҳамон бу икки мустақил субъект ўртасидаги муносабатларга аралашишда давом этмоқда.

Озодликнинг фермерлар иддаоси юзасидан кластерлардан муносабат олиш уринишлари ҳозирча натижа бергани йўқ. Таҳририят кўтарилган масалалар юзасидан томонларнинг фикрларига очиқ.

Форум

XS
SM
MD
LG