Линклар

Шошилинч хабар
31 октябр 2020, Тошкент вақти: 17:20

Шартномадаги мажбуриятини ўзи бажармаган кластер 300 фермерни жаримага тортмоқчи


“G’uzor textil Impex” кластер корхонаси Қашқадарё вилоят, Миришкор туманидаги қарийб 300 фермерни шартномадаги пахтани топширмагани учун жаримага тортмоқда.

Бу ҳақда Озодликка хабар қилган фермерларга кўра, кластернинг айби билан бўнак пули вақтида берилмаган, минерал ўғитларнинг таъминоти кечиккан, натижада пахта ҳосилдорлиги тушиб кетган.

“G’uzor textil Impex” кластер корхонаси раҳбари ўринбосари Анвар Абдусаломов фермерлар билан ўртадаги низо суд орқали ҳал қилинишини айтди.

Миришкор туманида 2019 йилда фақат беш гектар ери бўлган бир нафар фермергина, кластерга пахта сотиш режасини бажарган.

Фермерлар, биринчи марта Миришкорда“G’uzor textil Impex кластер корхонаси айби билан пахта ҳосилдорлиги мисли кўрилмаган даражада пасайиб¸ одатий 40-45 центнердан, 20-25 центргача тушиб кетганини айтади.

Фермерлар режани бажармаган бўлса-да, кластерга юзлаб миллион сўмлик пахта топширган¸ аммо кластер олган пахтаси пулини¸ шартномада кўрсатилган каби¸ 31 декабргача тўлаш мажбуриятини бажармаган.

“Бобуршоҳ Миркамолович” фермер хўжалиги раҳбари Миркомил Тошевнинг айтишича, режа бажарилмаганига кластернинг фермерлар олдидаги мажбуриятини деярли бажармагани сабаб бўлган:

Тўй ўтгандан кейин хинани кетингга қўй деганларидек, у пайтда пахта очилишни бошлаган эди.


- Биринчиси, кластер ўтган йилнинг 31 августигача шартномадаги пахта пулининг 60 фоизини бериши керак эди. Лекин шу 60 фоизнинг учдан бир қисмини берди, холос. Иккинчидан, 31 декабргача пахта пулини бериши керак эди, бермади. Учинчидан, азотли ўғитларни август ойининг охирида берди. Тўй ўтгандан кейин хинани кетингга қўй деганларидек, у пайтда пахта очилишни бошлаган эди. Шунинг учун ҳар йили 40 центнердан оладиган пахтамиз 25 центнерга тушиб кетди. План тўлмади. Тўртинчидан, ўзининг айбини биздан жарима ундириш билан ёпмоқчи. Шартнома бўйича, суднинг қарори чиққандан кейин жарима ундирилиши керак. Лекин, энди аввал жарима ушлаймиз деб, ҳосил пулимизни бермаяпти.

Ўн тўрт йилдан буён фермерлик қилаётган Асқар Шодмонов, кластер билан ишлашга ўтганидан кейин иш унуми ҳам, самарадорлик ҳам пасайиб кетганини айтади:

Кластер ўзининг айби билан ҳосилни бой бергани учун, жаримани фермерларнинг бўйнига юклаяпти.


- Шу пайтгача ҳар гектар ердан 40-50 центнер пахта олиб келганман. Ҳеч бўлмаганда 35 центнер олганман. Кластер келганидан кейин 2018 йилда еримизни олиб қўйиб ўзи экди, ишлолмади, бор-йўғи 7 центнер ҳосил олди. 2019 йилда ерни қайтариб беришди. Энди улар нима берса¸ ўшанга қараб ишладик-да, минерал ўғитни августга бир ой вақт қолганда берди. У пайтда энди дори солишнинг фойдаси йўқ эди, пахта ғовлаб кетди. Солярка муаммо, дори муаммо. Оқибатда план бажарилмай қолди. Энди, кластер ўзининг айби билан ҳосилни бой бергани учун, жаримани фермерларнинг бўйнига юклаяпти.

Фермерга кўра, кластер 31 декабргача олган пахтаси пулини бермагани учун, янги йилнинг ҳар куни солиқ пули пения туғаяпти:

- Пулимизни берсин ҳеч бўлмаса, пахтанинг солиғини тўлайлик. Бир ой ичида унинг пенияси ҳам 10 миллион сўм бўлади.

“Мелиев Хуршид” фермер хўжалиги раҳбари Хуршид Мелиевнинг айтишича, кластер раҳбарларининг кетма-кет алмашавериши ҳам ишнинг боришига салбий таъсир қилган:

- Фермерлар кластернинг бошлиғи ким эканлигини ҳам билмайди. Қўлқоп сингари алмашади улар.

Фермерларнинг айтишларича икки йил орасида “G’uzor textil Impexкластер корхонасида 8 марта раҳбар ва уларнинг ўринбосарлари алмашган.​

“G’uzor textil Impex кластер корхонаси раҳбари ўринбосари Анвар Абдусаломов Озодлик билан суҳбатда фермерларнинг жаримага тортилганини тасдиқлади:

- Шартноманинг 5.2 бандига топширилган маҳсулотнинг жами миқдоридан 20 фоиз жарима ҳисобланади, деб киритилган. Буни судга берганмиз. Яқинда судда кўрилади, агар суд бизнинг даъвомизни қаноатлантирса, ўша суммани биз ўзимизнинг ҳисобимизга киритиб, қолганини фермерга қайтариб берамиз.

Фермерлар эътирозига жавоб берган Анвар Абдусаломов:

- Бу жиҳатлар ҳам эътиборга олинади, судда кўрилади ҳаммаси. Фермерлар ҳам ўзларининг адвокатлари билан ҳимоя қилишади. Суд бизнинг даъвомизни қаноатлантириши ёки қаноатлантирмаслиги ҳам мумкин. 31 декабргача нега фермерлар ҳосил пули берилмаганини мен изоҳлай олмайман. Яқинда иш бошлаганман¸ деди.

Миришкор тумани Фермерлар кенгаши ҳам фермерлар аризалари асосида “G’uzor textil Impexкластер корхонасини жавобгарликка тортиш мақсадида Касби тумани Иқтисодий судига талабнома киритган.

24 январь куни Олий Мажлис палаталарининг илк қўшма мажлисида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев илк бор кластер тизимининг коррупциялашганини тан олди.

Шарҳларни кўринг (3)

Бу форум ёпилган
XS
SM
MD
LG