Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 09:31

Кобуллик аёл 50 қизга дунёвий фанлардан яширинча дарс бермоқда


Ёш афғон аёли Кобулдаги квартирасида қизлар учун яширин мактаб очиб, дунёвий фанларни ўқитмоқда. Университетни битирган бу аёл Озодликнинг афғон хизматига аксари 12 ва ундан катта ёшдаги қарийб 50 нафар қизни ўз ҳисобидан ўқитаётганини айтди.

Толиблар августда ҳокимиятни эгаллаб олганидан сўнг 7–12 синфларда ўқувчи қиз болаларга мактабга боришни тақиқлаб қўйишган эди.

Ўнлаб афғон ўсмир қизлари Кобулдаги квартиралардан бирида тўпланишиб, бир-бирлари билан пичирлаб гаплашишади. Бир неча ой муқаддам бу ерда яширин мактаб очилиб, тахминан 50 тача қиз бола табиий фанлар, математика ва адабиётдан сабоқ олмоқда.

Август ойида Толибон Афғонистонда ҳокимиятни куч билан босиб олганидан сўнг улар, бошқа миллионлаб қизлар қатори мактабда ўқиш ҳуқуқидан маҳрум бўлишган эди.

Ўшандан бери исломчи радикал гуруҳ фақат 1–6 синфларда ўқувчи қиз болаларнинг мактабга боришига рухсат берди. Мамлакатнинг 34 вилоятидан баъзиларидагина юқори синфларда қиз болалар ҳам таълим олишяпти.

Кобулда бу тақиқ амал қилаётганига қарамай, университет битирувчиси Мурсал бир неча ойдан бери остона ҳатлаб кўчага чиқа олмай қолган ўнлаб қиз болаларни ўз уйига тўплади.

“Толиблар ҳокимиятни босиб олганидан сўнг қизларнинг таълим олишини тақиқлагач, уларнинг қолиб кетган сабоқларини ўзлаштиришига кўмаклашиш учун шу мактабни ташкил қилдим”, дейди Мурсал Озодликнинг афғон хизмати билан мулоқотда, хавфсизлик нуқтаи назаридан ҳақиқий исмини кўрсатмасликни илтимос қиларкан.

Ёши 20 дан бир оз катта Мурсал ўқув жараёнини ўз ҳисобидан ташкил қилган: қизларга дарс учун зарур ашёларни ўз пулига сотиб олиб беради.

Мурсалнинг шогирдларидан бири – Сурайё толибларнинг иқтидорга қайтишини умрбонг қамоқ жазосига менгзайди.

“Кўп қизлар анчадан бери сиқилиб, тушкун кайфиятда юрган эди. Бу мактаб бизга умид берди”, дейди Сурайё.

Яширин мактабнинг 11 синф ўқувчиси Гул Мина эса “қизлар саводсиз ва истиқболдан маҳрум бўлиб қолмаслиги учун” Толибондан мактабларни қайтадан очишни илтимос қилади.

“Илм олиш ҳар бир муслим ва муслима учун фарздир”, дея машҳур ҳадис билан сўзини якунлайди у.

“Улар қизларнинг мактабга боришини хоҳламайди”

Толиблар иддао қилишича, қизларнинг ўрта мактабда таълим олишига қўйилган тақиқ вақтинчалик чора бўлиб, янги режим уларнинг мактабга қатнаши учун “хавфсиз шарт-шароит” яратгунча амал қилади.

Танқидчилар радикал гуруҳ Афғонистонда биринчи марта иқтидорда бўлган даврида (1996-2001 йиллар) ҳам шундай ваъда берганини, аммо олти йиллик бошқаруви давомида қизларнинг таълим олишидаги тақиқни сақлаб қолганини эслатишади.

Миллионлаб афғон қизлари АҚШ мамлакатга бостириб кириб, Толибон режимини ағдарганидан сўнг мактабларга қайтган эди.

Толибоннинг таълим вазири Назар Муҳаммад Ирфон Озодликнинг афғон хизматига режим қизлар учун хусусий ёки норасмий мактаблар очилишига қарши эмаслигини маълум қилди.

“Бутун мамлакатда саводхонлик ва таълим даражасини ошириш, нуқсон ва камчиликларни бартараф этиш мақсадида улар билан фаол ҳамкорлик қилишга тайёрмиз”, дея изоҳ беради Ирфон.

Бироқ кўпчилик бу гапларга ишонмайди.

“Ўйлашимча, толиблар турфа важ-корсонлар келтириш билан, шунчаки, қизларнинг мактабга қатнашини хоҳламасликларини хаспўшлашга уринишяпти”, дейди Озодлик билан мулоқотда Human Rights Watch ташкилотининг аёллар ҳуқуқлари бўлими мудирдоши Ҳизер Барр.

Унинг айтишича, толибларнинг ушбу масала ечимини пайсалга солишдан кўзлаган асл мақсади – мактабларда ҳам, университетлар ва ҳукумат муассасаларидаги каби гендер сегрегациясини жорий этишга эришишдир.

“Давлатга қарашли ўрта мактабларда аллақачон қиз ва ўғил болалар алоҳида-алоҳида ўқитилмоқда, бинобарин улар энди нима қилмоқчи эканлигини тушуниш қийин”, дея қўшимча қилади у.

Баррга кўра, Афғонистоннинг 34 вилоятидан саккизтасида айрим мактаблар қайтадан очилган. Кўп ҳолларда мактаблар, маҳаллий ўқитувчилар ҳамда маҳаллий Толибон вакиллари ўртасидаги музокаралардан сўнг ишга туширилган.

Аксари ноҳукумат ташкилотлар тасарруфида бўлмиш хусусий мактаблар фаолияти назарий жиҳатдан ман этилмаган. Бироқ мамлакатдаги оғир иқтисодий аҳвол ва гуманитар инқироз кўплаб хусусий мактабларнинг ёпилишига олиб келди.

Ҳокимиятга қайтганидан сўнг Толибон ўзининг биринчи бошқарув даври хос жиҳатларидан бўлган айрим шафқатсиз қонунларни ва кескин сиёсий чораларни қайтадан жорий этди. Жумладан, қизларнинг таълим олишини ва аёлларнинг уйдан ташқарида ишлашини тақиқлади.

Сентябрь ойида толиблар янги ҳукумат тузишди, унинг таркибига битта ҳам аёл киритилмади ва фақат юқори мартабали жангарилардан иборат бўлди.

Шунингдек, хотин-қизлар вазирлиги тугатилди ва ўрнига яхшиликларни тарғиб қилиш ва иллатларнинг олдини олиш вазирлиги тикланди.

Толибон вакиллари аёлларга “ўзларининг хавфсизлиги учун” уйда қолишни тавсия этишади. Бундан ташқари, жангарилар давлат муассасаларида ишловчи ўн минглаб аёлларнинг ишга қайтишини ман этиб қўйди.

Мурсалнинг ўқувчиларидан бири Неда Толибон даврида қизлар ва аёлларнинг келажаги нима бўлишини ўйлаб жиддий ташвиш чекаётганини айтади.

“Келажакда бизни нималар кутяпти экан?”, дея сўрайди у.

XS
SM
MD
LG