Линклар

Шошилинч хабар
09 октябр 2024, Тошкент вақти: 18:48

“Kompromatuzb иши”: Ёпиқ суд ва хабарсиз "жабрланувчи"лар


Шайхонтоҳур туман суди 18 июл куни “Kompromatuzb иши”ни кўришни бошлади.
Шайхонтоҳур туман суди 18 июл куни “Kompromatuzb иши”ни кўришни бошлади.

Тошкент шаҳар, жиноят ишлари бўйича Шайхонтоҳур туман суди 18 июл куни “Kompromatuzb иши”ни кўришни бошлади.

Айбланувчилардан бири, Human.uz сайти асосчиси ва муҳаррири Хуршид Далиев суддан ишни ёпиқ тарзда кўришни илтимос қилганидан сўнг, бошқа айбланувчи ва адвокатлар бунга эътироз билдирса-да, суд маҳкамани ёпиқ тарзда кўриш ҳақида қарор чиқарди ва ОАВ вакилларини суд залидан чиқарди.

Олий суд ахборотномасида “жабрланувчи” сифатида номи келтирилган Daryo.uz журналисти Отабек Қўлдошев айбланувчилардан ҳеч қандай жабр кўрмаганини таъкидлар экан, унинг номи бу рўйхатга қандай тушиб қолганига жавоб тополмаётганини айтади.

Отабек Қўлдошевдан ташқари яна бир “жабрланувчи” Хосиятхон Саъдуллаева ҳам бу рўйхатга “адашиб” киритилгани маълум бўлди.

Шавкат Мирзиёев ҳукуматга келганидан буён бу маҳкама журналистлар иши кўрилаётган энг шов-шувли маҳкамага айланди.

“Kompromatuzb иши” бўйича тўрт киши - “Ўзбекнефтгаз” АЖ матбуот котиби (собиқ) Сиёвуш Ҳошимов, Human.uz сайти асосчиси ва муҳаррири Хуршид Далиев, фуқаро Аҳмадулло Аҳмаджонов ва Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги матбуот котиби (собиқ) Мавжуда Мирзаева айбланмоқда.

Уларга Жиноят кодексининг 139-моддаси (туҳмат), 165-моддаси (товламачилик), 243-моддаси (жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш), 184- моддаси(солиқлар ёки бошқа мажбурий тўловларни тўлашдан бўйин товлаш) бўйича айблов қўйилган.

Олий Суднинг хабарномасида Мавжуда Мирзаевага қўйилган, жамоатчиликдан сир сақланиши лозим бўлган ЖК моддасининг ошкор қилиниши ҳуқуқшунослар, журналист ва блогерларнинг норозилигига сабаб бўлган эди.

Суд мажлисида қатнашган, “Эзгулик” инсон ҳуқуқлари жамияти раиси Абдураҳмон Ташановнинг айтишича, айбланувчилардан бири суддан маҳкама ёпиқ ўтказилишини илтимос қилди, лекин бунга сабаб келтирмади:

“Суд соат учга яқин бошланди. Судланувчилардан Хуршид Далиев судядан маҳкама ёпиқ тарзда ўтказилишини илтимос қилди. Мавжуда Мирзаева эса фақат менинг ишим ёпиқ тарзда, қолган жараёнлар очиқ тарзда кўрилсин, деди. Қолган икки судланувчи Сиёвуш Ҳошимов ва фуқаро Аҳмадулло Аҳмаджонов ҳамда уларнинг адвокатлари очиқ тарзда кўрилсин, жамоатчилик хабардор бўлиб турсин, деб илтимос қилишди. Лекин судя маслаҳатчилари билан кенгашиб ёпиқ тарзда ўтказилишини эълон қилди ва бизни залдан чиқариб юборди. Назаримда Хуршид Далиев ўз ихтиёри билан суднинг ёпиқ бўлишини сўрамади. Ундан ёпиқ ўтказишни талаб қилишни “илтимос” қилишган шекилли”.

Шайхонтоҳур туман суди томонидан суд мажлисига тайинланган жиноят ишлари рўйхатида Daryo.uz нашри журналисти Отабек Қўлдашевнинг ҳам исм-шарифи келтирилган.

Отабек Қўлдашев унинг номи “жабрланувчилар” рўйхатига қандай тушиб қолганидан ўзи ҳам таажжубда эканлигини Озодликка айтди:

“Бу рўйхат эълон қилинганидан сўнг ўттиздан ортиқ танишларим, телефон қилиб, ёзиб, тинчликми деб сўрашди. Кейин ўзимнинг “Қитмир мухбир” деган Телеграм каналимга “Ўртоқлар, емаган бу айбловларингга мени аралаштирманглар, мен компроматчиларнинг ҳеч биридан жабр кўрган эмасман” деб изоҳ бердим. Кейин Олий суднинг матбуот хизматига чиқдим ва “мен жабрланувчи эмасман”, бундан мақсад нима ёки жабрланувчилар рўйхатини бўрттириб кўрсатиш учун қилдиларингми, дедим. Кейин матбуот котиби Азиз ака, сиз бу бўйича Шайхонтоҳур суди раисининг олдига киринг, деди”.

Отабек Қўлдашев бу ҳақда Шайхонтоҳур судидан ҳам аниқ бир жавоб ололмаган:

“Бугун суд мажлисида жабрланувчилардан бошқа ҳамма чиқиб кетсин, суд ёпиқ бўлади, дейилди. Мен ҳам қолдим. Ҳаммани сўраб чиқишдию, менга келганда сиз жабрланувчилар рўйхатида йўқ экансиз, дейишди. Суддан чиқиб яна Олий суд матбуот хизмати бошлиғи Азиз аканинг олдига бордим. Айтдимки, бу хабарларнинг орқали қанча яқинларим, танишларим ташвишга тушди, менга қанча маънавий зарар етди. Ким мени рўйхатга киритган, дедим. Азиз ака тергов хулосасига кўра сизнинг исмингиз базага кириб кетган, деди. Терговни эса ДХХ олиб борган, демак улар киритган эканда, десам, шунақа бўлиб чиқяпти, деди. Менга Шайхонтоҳур туман суди ва Олий судга ариза ёзишимни маслаҳат берди”.

Mavjuda Mirzayeva
Mavjuda Mirzayeva

Суд мажлисида қатнашган бошқа бир журналистнинг айтишича, "жабрланувчи" сифатида таклиф этилган Хосиятхон Саъдуллаева ҳам у "компроматчилардан" ҳеч қандай жабр кўрмаганини, уни рўйхатга хато қўшишганини айтган.

360 саҳифалик жиноят ишининг айблов хулосасига кўра, айбланувчилар гўё “Kompromatuzb” каналида танқидий материалларни чиқаришни тўхтатиш учун товламачилик билан шуғулланган.

Улар товламчилик йўли билан вазирлик, агентлик ва бир қанча банкларни ўзининг раҳбарлигидаги “Human media”, “Bon profi media”, “Alm media web” ва “Komil unsur” МЧЖларга гўёки “PR” қилиш юзасидан жуда кўп сўм миқдордаги шартномаларни тузишга мажбур қилгани айтилади.

Сўнгра, айблов хулосасига кўра, айбланувчилар МЧЖлар ҳисоб-рақамларига ўтказилган жиноий фаолият натижасида топилган пул маблағларини ўзаро тақсимлаб, уларнинг ҳисобидан кўчмас-мулк объектлари, транспорт воситалари ва товар-моддий бойликлар сотиб олишган, банк операцияларини амалга ошириши орқали, ўзларининг жиноий ҳаракатларига қонуний тус берган.

Айблов хулосасида айбланувчилар ўз айбларига иқрор бўлгани айтилади. Хулосада турли лавозимларда ишлаган 19 жабрланувчининг исм-фамилияси келтирилган.

Ҳозирча бу "жабрланувчилар"дан икки киши рўйхатга хато қўшилганини таъкидламоқда.

Жорий йилнинг 27 январь куни Давлат хавфсизлик хизмати Human.uz сайти директори Хуршид Далиев ва яна олти журналист Kompromat.uzb Телеграм-канали администраторлари сифатида ҳибсга олингани ва улар товламачиликда гумон қилинаётганини билдирган эди.

29 январь куни жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар Юнусобод тумани суди ажрими билан Ўзбекистон Республикаси Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги матбуот хизмати раҳбари Мавжуда Мирзаевага нисбатан эҳтиёт чораси сифатида қамоқ белгиланган эди.

Human.uz сайтининг асосчиси Хуршид Далиев танқидий-таҳлилий чиқишлари билан эътиборга тушган журналист.

Бир муддат "Ёшлар" телеканали ва "Kun.uz" сайтларида ишлаган.

2019 йилда Хуршид Далиев Андижон вилоятидаги мутасаддиларни танқид қилиб чиқиши ортидан исми-шарифи номаълум шахслар ўлим билан таҳдид қилгани ҳақда Human.uz сайтида баёнот билан чиққанди.

2021 йил октябрида иккинчи муддатга қайта сайланган Шавкат Мирзиёев, ўз таъбирича, қонуний фаолият олиб бораётган журналист ва блогерларни ҳимоя қилишга ваъда берган.

Парижда жойлашган “Чегара билмас мухбирлар” халқаро нодавлат ташкилоти ўтган йили ўзининг сўз эркинлиги индексида Ўзбекистонни 180 давлат орасида 133-ўринга қўйган. Ташкилот ўз ҳисоботида Ўзбекистондаги сўз эркинлиги вазиятини “мураккаб” деб атаган.

Форум

XS
SM
MD
LG