Линклар

Шошилинч хабар
22 июл 2019, Тошкент вақти: 16:54

Айримлар Қуръон мусобақаси шаффоф ўтказилмаётганидан шикоят қилмоқда


"Қуръони Карим" мусобақаси логоси

Ўзбекистонда 15 январда бошланган Қуръони Карим тиловати бўйича Республика қорилар очиқ мусобақасида таниш-билишчилик ва мусобақа қоидаларини бузиш ҳоллари кузатилаётгани ҳақида Озодликка талай шикоятлар келиб тушмоқда.

Шикоят қилганлар иддаосига кўра, шаҳар, туман ва вилоят босқичидаги мусобақалар натижаларини эълон қилишда шаффофлик кузатилмаётир.

Мусобақа ташкилий қўмитаси раиси Озодлик билан суҳбатда, агар мусобақа қоидалари бузилгани аниқланса, зарурий чоралар кўришга ваъда берди.

Ташкилий қўмитанинг билдиришича, мусобақада 18 ёшдан 40 ёшгача бўлган тўрт минг нафарга яқин одам иштирок этаётир.

"Таниш-билишчилик"

Тошкент вилоят, Зангиота туманида бўлиб ўтган мусобақада тиловат йўналишида қатнашган Асадулла Суннаталиев Озодлик билан суҳбатда ғолибларни эълон қилишда "таниш-билишчилик аломатлари" яққол билинганини иддао қилди.

- Охирида баҳо бериш ёки балл беришда жудаям ноҳақлик бўлди. Бу еда яхши ўқиган, кўпчилик қарсак чалган, "офарин" деган янгийўллик болалар қолиб кетиб, ўзининг таниш-билиши бўлган - қандайдир имомларнинг болаларими ёки мадраса ўқитувчисинингми - ўзларига тегишли одамларга баҳо берилди, - деди Асадулла Суннаталиев.

39 яшар ўқитувчи Асадулла Суннаталиевнинг маълум қилишича, у Зангиотада бўлиб ўтган мусобақа натижасидан шикоят билдириб, Ўзбекистон мусулмонлари идорасига мурожаат қилган.

- Шахсан ўзим диний идорага бориб, шу мусобақа ўтказадиган комиссия аъзоларига ариза, мурожаатнома ташладим. Ноҳақлик бўлди, керак бўлса, биринчи ўринни олганни яна қайтадан имтиҳон топшириб, яна апелляция қиламан, баҳслашаман, деб эдим, йўқ, унақаси кўрилмайди, фақат видеосини кўриб чиқамиз, дейишди, - деди Асадулла Суннатуллаев.

"Мусобақа ташкилотчилари устидан диний идорага шикоят қилдим"
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:02:17 0:00
Бевосита линк

Мадраса талабаси

Озодлик Зангиота туманида қизлар ўртасида бўлиб ўтган мусобақада Тошкентдаги "Хадичаи Кубро" хотин-қизлар ўрта махсус Ислом билим юрти талабаси Азизахон Қодир қизи Мўминова ғалаба қозонганини аниқлади.

Мусобақа низомига кўра, Ислом билим юрти талабалари, агар билим юртини битирмаган бўлсалар, мусобақада қатнашиш ҳуқуқига эга эмас.

"Хадичаи Кубро" билим юрти мудираси Нозима Ибрагимова Озодлик билан суҳбатда ўз талабасининг билим юрти номидан қатнашмаганини билдирди.

- Зангиота тумани бўйича мусобақада чиқаётгани тўғрисида бизни огоҳлантирган эди. Аслида, бизнинг талабаларимиз ўзимизнинг босқичда иштирок этишади. Бизнинг қориялар гуруҳимиз бор. Шу қориялар гуруҳида чиқиши керак аслида, - деди Нозима Ибрагимова.

"Хадичаи Кубро" бошлиғи: Бизда алоҳида мусобақа бор
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:00:50 0:00
Бевосита линк

Нозима Ибрагимованинг отаси Қодир Ҳасанхўжаев Озодлик билан суҳбатда қизининг Қуръон тиловати мусобақасида маҳалла номидан иштирок этганини тасдиқлади.

Ташкилий камчиликлар

Озодликка шикоят қилганлардан бирининг айтишича, Қуръони Карим мусобақасини ташкиллаштиришда камчиликлар сезилиб турибди.

"Қуръон мусобақасини ўтказиш куни, рўйхатга олиш кунлари ҳеч бир интернет сайтида чоп этилмади. Фақат натижаларни интернет сайтларида беришаяпти. Рўйхатга олиш жараёни айнан уша тадбир ўтказиладиган кунда ва ўша тўйхонаю залларнинг ўзида қайд этилаяпти," деди Озодликка шикоят қилганлардан бири.

Яна бир шикоятчи, мусобақада шаффофлик йўқ, дея иддао қилди.

"Бу ерда очиқлик йўқ. Кўпчилик мусобақа ҳақида эшитмаган ва тайёргарлик кўрмаган. Фақат танишларидан эшитиб боришган мусобақага. Аёлларнинг кўпи тайёргарлик кўришга улгурмаган. Мусобақалар тез-тез ўтказилиб кетиляпти, одамларнинг фикрини ҳисобга олишмаяпти," деди у.

Тошкентнинг Сирғали даҳасида яшовчи Азиза Аҳмедова Қуръон мусобақасида беш қизи иштирок этгани, уларнинг барчаси охирги кунда ҳужжатларини топширишга улгурганини айтди.

- Уларни рўйхатга киритишмаган экан. Бечора қизларим у ёққа югуриб, бу ёққа югуриб, ҳаяжон билан чиқишди. Қизларимдан иккитасига учинчи ўринни беришди. Аслида овозлари жудаям чиройли эди, - деди мусобақа натижасидан норози бўлган Азиза Аҳмедова.

"Мусобақада беш қизим қатнашди, аммо..."
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:01:41 0:00
Бевосита линк

Ваъда

Ташкилий қўмита раиси Абдулҳаким Матқулов Озодлик билан суҳбатда мазкур шикоятларга изоҳ бераркан, агар мусобақа қоидалари бузилгани аниқланса, зарурий чоралар кўришга ваъда берди.

- Қуръони Карим бизга ҳалолликни ўргатади, адолатни ўргатади. Аллоҳ асрасин, агар кимдир таниш-билиш қилиб, ўз шахсий манфаатини устун қўядиган бўлса, Аллоҳ ўзи кифоя қилади. Бизда баъзи бир жойларда шундай тушунмовчиликлар бор. Аммо бизда мусобақа низомига асосан чиройли қилиб баҳолаш тизими бор, - деди Абдулҳаким Матқулов.

Қуръони Карим тиловати мусобақаси ташкилотчисининг ваъдаси
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:02:59 0:00
Бевосита линк

Айни пайтда Озодлик Тошкент шаҳар Олмазор туманида аёл-қизлар ўртасида ўтказилган Қуръон мусобақасида тиловат йўналиши бўйича 1-ўринни Абдулҳаким Матқуловнинг қизи Мунаввар Комилжонова эгаллаганини ​аниқлади.

Айни туманда ўтказилган мусобақада ҳифз йўналиши бўйича 26-40 ёшгача бўлганлар ўртасида 1-ўринни эгаллаган Гулрух Маҳамедова эса, Ўзбекистон мусулмонлари диний идораси бошлиғининг муовини Абдулазиз Мансурнинг неварасидир.

Қуръони Карим тиловати бўйича туман ва вилоят босқичлари 2018 йил 20 мартга қадар якунланади.

Шундан сўнг мусобақанинг Республика босқичи бошланади.

Президент Мирзиёев 2017 йил 1 сентябрда “Ҳазрати Имом” мажмуасида давлат, жамоат ва диний соҳа ходимлари билан бўлиб ўтган учрашувда Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва Ўзбекистон Ислом цивилизацияси маркази биргаликда Республикада оммавий суратда ва турли босқичларда Қуръон қироати мусобақаларини ўтказиш бўйича топшириқ берган эди.

Топшириқ ижросини таъминлаш бўйича Ўзбекистон мусулмонлари идораси буйруғига асосан 2018 йилнинг биринчи ярмида Ўзбекистонда Қуръон мусобақасини ўтказиш белгиланган.

Сизнинг фикрингиз

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG