Линклар

Шошилинч хабар
02 май 2024, Тошкент вақти: 22:11

“Крокус”га ҳужум: Россия армиясига оид автоматлар террорчилар қўлига қандай тушиб қолган?


“Крокус Сити Холл”га ҳужум қилганлар у ердаги одамларни РФ Қуролли кучларининг янги хизмат автоматлари билан отиб ўлдирган. “Важние истории” нашри мақоласида қайд этилишича, терактда айбланаётганлар ҳужумда АК-74 ва АК-12 автоматларидан фойдаланган.

Расмий маълумотларга кўра, 22 март куни “Крокус”га ҳужум чоғида 144 киши ўлган, 500 дан ортиқ одам жабрланган. Террорчилар одамларнинг бир қисмини отиб ташлаган бўлса, кўпчилик ёнғин вақтида димиқиб ўлган. Теракт учун жавобгарликни “Ислом давлати” гуруҳи (АҚШ ва ЕИда террорчи ташкилот деб топилган) ўз зиммасига олган.

“Важние истории” суҳбатдошларига кўра, “Крокус”га ҳужумда қўлланган АК-74 ярим дунёга экспорт қилинган ва ҳатто франшиза ҳуқуқи асосида Покистонда ишлаб чиқарилган ҳам. Бироқ АК-12 янги қурол бўлиб, ҳозирча фақат Россия махсус бўлинмаларида ва айрим хусусий ҳарбий ширкатларнинг ёлланма жангчиларида бор, холос. Бу автомат 2018 йилда ялпи ишлаб чиқаришга қўйилиб, ўша йилиёқ Россия армиясига қабул қилинган. Хўш, бу автомат “Крокус”га ҳужум қилганлар қўлига қандай тушиб қолди?

“Ҳар бир ҳарбий хизматчига бириктирилган қурол бор: унинг рақами ҳарбий гувоҳномага ёзиб қўйилади. Ҳарбий керак бўлганида уни олади, кейин омборга қайтаради ёки қулфланадиган жавонга солиб қўяди, – дейди “Важние истории” журналисти Никита Кондратьев. – Аммо биринчи қулай фурсатдаёқ у қуролни ўлжа қилади, яъни ҳалок бўлган сафдошининг ёки украин аскарининг қуролини олади”.

Кондратьевга кўра, Россия армияси аскари бир нечта қуролни ўлжа қилиб олиши, сўнг уларнинг бир қисмини Украинанинг босиб олинган ҳудудларида яшовчи одамларга ёки даркнет орқали пуллаб юбориши мумкин.

“Террорчилар билан бўлган ҳолатда биз суҳбатлашган савдогарлар, экспертлар ва ҳарбийлар АК-12 автоматлари уларнинг қўлига тасодифан тушиб қолган, деган фикрни ҳақиқатга яқин деб топишди. Шунчаки, улар қурол қидирган пайтда “бозор”дан АК-12 автоматлари чиқиб қолган. Кимдир яшириб қўйган ўлжаларини уларга пуллаган”, дея сўзида давом этади журналист.

У терговнинг “Крокус”га ҳужумда қўлланган қуроллар Доғистон орқали келган, деган фикрида жон борлигини айтади.

“Ҳарбийлар Кавказга кўп-кўп контрабанда қуроллар жўнатиб туришади. Талабгор у ерга бориб, излаган қуролини топиши ва савдолашиб, олиб кетиши мумкин”, дейди Кондратьев.

Россия армияси 42-мотоўқчилар бригадасининг собиқ офицери, 2022 йил майида хизматдан бўшаб АҚШга кўчиб кетган Константин Ефремов “Важние истории” журналистларига Россия ҳарбийлари қуролларни арзон-гаровга сотиши ҳақида сўзлаб берган: Украина билан уруш бошлангунича тўппонча 50-100 минг рубл (тахминан 500-1000 доллар) турган бўлса, ҳозир “Махсус ҳарбий амалиёт” ҳудудида тўппончани 20 минг, автоматни эса 30 минг рублга (ёки 300 долларга) сотиб олиш мумкин экан.

Бунақа қуроллар қисман хорижга ҳам чиқарилади.

“Муаммо шундаки, Европада қурол контрабандаси устидан назорат жуда суст. Қора бозор савдогари Европага жанговар қуролни ҳатто почта орқали жўнатиши мумкин. Деярли хавфсиз усул бу”, дейди Кондратьев.

Журналист фикрича, тўла ўлчамли Калашников автоматлари “харидоргир эмас”, шу боис улар кам олиб чиқилади.

“Қандайдир буюртма бўлмаса, бунақа қуролларни биров сўрамайди”, дея изоҳлайди Кондратьев.

Қора бозорда тўппончалар, гранаталар ва АКСУ – Калашников йиғма қўндоқли калта автоматларига талаб юқори экан. “Чунки улар ихчам, яширин олиб юриш осон”, дейди “Важние истории” журналисти.

“Россия Федерацияси ҳудудида ёки бошқа бирор жойда қандайдир ёвуз иш қилмоқчи бўлган одам АКСУ каби кичик ва қулай автомат топишга уринади”, хулоса қилади Кондратьев.

Россия шаҳарларида бунақа қуролни, масалан, полиция ходимларида кўриш мумкин.

Россия ИИВнинг 2022 йилги маълумотига кўра, Украинага босқин бошланганидан сўнг Россияда ўқотар қурол қўлланган жиноятлар сони 30 фоизга ошган. Бунақа жиноятлардан энг кўпи Украинага чегарадош Курск ва Белгород вилоятларида қайд этилмоқда. Хусусан, Курск вилоятида ўқотар қурол билан содир этилган жиноятлар сони 675 фоизга кўпайгани айтилмоқда.

Форум

XS
SM
MD
LG