Линклар

Шошилинч хабар
29 май 2022, Тошкент вақти: 12:47

Алишер Илҳомов: КХШТ ўзини қайта форматлаб, полициячи тузилмага айланди


КХШТ контингенти таркибида Қозоғистонга ташланган Беларус ҳарбийлари. 8 январь, 2022

Расмий Тошкент Беларус раҳбари Александр Лукашенконинг Ўзбекистон Қозоғистондаги воқеалардан сабоқ чиқариши кераклиги ҳақидаги баёноти юзасидан сукут сақламоқда.

10 январь куни КХШТга аъзо давлатлар раҳбарларининг онлайн саммитидаги чиқишида Лукашенко, ўзининг таъбирича, Қозоғистондаги тартибсизликларни келтириб чиқарган кучларнинг "нигоҳи ҳозирда Ўзбекистонга қаратилгани"ни иддао қилган ва расмий Тошкентни воқеалардан сабоқ чиқариш ҳақида огоҳлантирганди.

11 январь куни Россия президентининг матбуот котиби Дмитрий Песков журналистларнинг Москва Беларус раҳбарининг хавотирларига қўшиладими, деган саволига жавобан Россия бу муҳокамаларда иштирок этмаётганини таъкидлади.

"Бу кўпроқ Минск ва Тошкент ўртасидаги мулоқот мавзуси. Биз бу муҳокамада қатнашмаяпмиз", дея Песковнинг сўзларидан иқтибос келтирди RIA-Новости агентлиги.

Ўзбекистонлик мустақил таҳлилчилар ва тармоқ фаоллари Лукашенконинг баёнотини "таҳдид" ва "Ўзбекистонни КХШТ таркибига киришга ундаш" сифатида талқин қилишмоқда.

Ўзбекистонлик эксперт, Лондондаги SOAS университети тадқиқотчиси Алишер Илҳомовнинг ёзишича, 6 январь куни Қозоғистонга ўз кучларини киритган КХШТ ўзини қайта форматлаб, полициячи тузилмага айланди:

КХШТ кучлари Қозоғистонда биринчи марта қўлланилди, аммо мудофаа иттифоқи сифатида эмас, балки полиция тузилмаси сифатида. Шу тариқа прецедент яратилди, катта эҳтимол билан, ташкилот бундан кейин ҳам полициячилик функцияларини бажаришда давом этади.

Бироқ у минтақадаги авторитар ҳукмрон режимлар учун айни сифати билан қадрлидир – айниқса ҳокимият инқирози шароитида ва аҳолининг унга ишончи сусайган вазиятларда. Шу зайлда янги воқелик, авторитар ҳукмдорларни маҳаллий инқилоблардан ҳимоя қилишнинг қўшқаватли тизими яратилмоқда.

Кремль КХШТнинг ушбу янги мандати собиқ иттифоқ республикалари устидан назорат ўрнатишда қанчалик муҳимлигини англагани тайин, зеро, бу ёрдам (Россия қуролли кучлари ёрдами, деб ўқилсин) текинга эмас, балки садоқат эвазига кўрсатилади.

Ва бу жиҳат Мирзиёевни ташкилотга киришга кўндириш учун янги аргумент яратмоқда, чунки у ҳам авторитар раҳбар ўлароқ ушбу сервисдан манфаатдор мижоз каби таассурот уйғотади. Айнан шу мақсадда Тошкентга босим ўтказиш бўйича янги кампания бошланиши керак эди. Ва Кремль бу кампанияда мессенжерлик ролини Лукашенкога топширди, негаки ўтган йили кузда Беларусни оммавий намойишлар қамраб олиб, амал курсиси лиқиллаб қолганида у буларнинг барини ўз бошидан кечирган.

Мирзиёев ушбу аргументлар ва босимга чидаш бера олмайдими, деб қўрқаман. Ахир у ўз бошқарув даврини номуайян узоқ вақтга чўзиш муаммосини ҳал қилиши керак. Иқтидорда қанча узоқ қолса, унинг ҳокимияти инқирозга учраши ва мамлакатда норозилик кайфияти ўсиши хавфи шунча ортади. Ва айнан ўз ҳокимиятини сақлаб қолиш учун ҳам у КХШТ ёрдамидан фойдаланишдек жозибали имконият олдида чидаш бера олмаслиги эҳтимоли юқори.

Аммо яқин истиқболда Ўзбекистонда Қозоғистондаги каби оммавий намойишлар юз бериши маҳол, деб ўйлайман. Мирзиёевнинг иккинчи муддати эндигина бошланди ва у жамият назарида ўз легитимлигини мустаҳкамлаш устида қаттиқ ишламоқда. Лекин узоқ истиқболда у бунақа полициячи тузилманинг ёрдамига қизиқиш билдирса, ажаб эмас. Яъни Ўзбекистоннинг КХШТга кириши жараёни, агар Мирзиёев шунга қарор берса, бир неча йилга чўзилиши ва унинг жорий президентлик муддати охирида якунланиши мумкин, деб ёзмоқда Алишер Илҳомов.

"Тошкенти пакти" деб ҳам номланадиган МДҲнинг Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти" 1992 йилда ташкил топган, Ўзбекистон ундан 1999 йилда чиққан ва 2005 йил Андижон воқеалари ортидан қайта аъзо бўлиб кирган эди. 2012 йил 29 декабрида Тошкент ташкилотдаги аъзолигини "тўхтатган". Ўша йили қабул қилинган ташқи сиёсат концепциясида Ўзбекистон ўзининг ҳарбий блокларга қўшилмаслигини эълон қилган.

XS
SM
MD
LG