Линклар

Шошилинч хабар
29 сентябр 2023, Тошкент вақти: 02:23

Халқаро хабарлар

Россиянинг энг кучли теннисчиси Дарья Касаткина лесбиянка эканини ошкор қилди

Дарья Касаткина.

Жаҳон рейтингида 12- поғонани, Россияда эса 1-ўринни эгаллаб турган теннисчи Дарья Касаткина блогер Виктор Кравченкога берган суҳбати пайтида лесбиянка эканини ошкор қилди.

Аввалроқ россиялик аёл футболчи Надежда Карпова ҳам лесбиянка эканини очиқлаган эди. Блогернинг бу борадаги саволига жавоб берар экан, Касаткина ўзи ҳам “бир қиз билан ишқий муносабатларга эга экани”ни айтди. У суҳбат давомида Россияда ЛГБТ вакилларига муносабат кундан-кунга ёмонлашиб бораётганини ва улар кўчада хатто “қўл ушлашиб юра олмасликлари”ни таъкидлади.

Июнь ойида Россия аёллар футболи юлдузи Карпова ҳам лесбиянка эканини ошкор қилганди. Айни пайтда Карпова ва Касаткина Испанияда яшамоқда.

18 июль куни Россия Давлат думасига “ноанъанавий жинсий муносабатлар” тарғиботини тўлиқ тақиқлашга қаратилган қонун лойиҳаси тақдим этилди. Унда “гей пропаганда”ни уришни тарғиб қилиш ва миллий, ирқий ёки диний низо қўзғашга тенглаштириш таклиф қилинган. Бунга қадар Россияда балоғатга етмаганлар ўртасида ЛГБТ тарғиботини тақиқлаш тўғрисидаги қонун мавжуд эди.

Кун янгиликлари

Пашинян Озарбайжон расмийларини этник тозалаш сиёсатини юритаётганликда айблади

Арманистон бош вазири Никол Пашинян

Арманистон бош вазири Никол Пашинян Тоғли Қорабоғдан арман миллатига мансуб аҳоли ёппасига чиқиб кетаётганини қайд этиб, Озарбайжонни этник тозалаш сиёсати юритаётганликда айблаб чиқди.

Пашиняннинг матбуот котиби Назели Багдасарянга кўра, 28 сентябрь маҳаллий вақт билан соат 10.00 ҳолатига Тоғли Қорабоғдан Арманистонга 66 минг 500 киши келган, бу эса 120 минг киши яшайдиган минтақа аҳолисининг ярмидан кўпини ташкил этади.

“Бу тўғридан-тўғри этник тозалаш ва депатриация (ватандан маҳрум қилиш) ҳаракати бўлиб, бу ҳақда Арманистон томони анча олдин халқаро ҳамжамиятни огоҳлантирган”, деган Пашинян 28 сентябрь куни бўлиб ўтган ҳукумат мажлисида. У халқаро ҳамжамиятни конкрет саъй-ҳаракатларга чақирган.

“Тоғли Қорабоғдаги этник тозалашларни қораловчи турли халқаро ўйинчиларнинг баёнотлари муҳим, аммо агар улар ортидан конкрет саъй-ҳаракатлар ҳам амалга оширилмаса, бу баёнотлар шунчаки тарих учун маънавий статистика яратиш сифатидагина қаралади”, деган Пашинян.

Арманистон бош вазирлигига кўра, таҳлиллар яқин кунлар ичида Тоғли Қорабоғда арманлар қолмаслигини кўрсатмоқда.

Аввалроқ тан олинмаган Тоғли Қорабоғ республикаси раҳбари Самвел Шахраманян 2024 йилнинг 1 январидан унинг тугатилиши ҳақида фармон имзолаган эди. Мазкур қарор Озарбайжон ҳарбий амалиётидан юзага келган ҳарбий-сиёсий вазият туфайли қабул қилингани айтилган. Амалиёт ортидан минтақа тўлалигича Боку назорати остига ўтган эди.

Шахраманян фармонида Озарбайжон вакиллари билан “қуролини топширган ҳарбийлар дохил Тоғли Қорабоғ турғунларининг Лочин коридори орқали эркин, ихтиёрий ва тўсқинликсиз ўтиши” таъминланаётгани қайд этилган.

Озарбайжоннинг шу йил 19 сентябридаги бир кунлик ҳарбий амалиётидан кейин тан олинмаган Тоғли Қорабоғ республикаси расмийлари жанговар ҳаракатларни тўла тўхтатиш ҳақида келишувга эришилганини билдиришган. Озарбайжон ҳарбийлари ва Россия тинчликпарвар кучлари 24 сентябрь куни кутилмаганда Арманистон билан Тоғли Қорабоғни боғлаб турувчи ягона йўл бўлмин Лочин коридорини ёпиб қўйганидан кейин, Би-би-си қайдича, Тоғли Қорабоғ турғунлари Арманистон томон ошиқа бошлашган.

Озарбайжон расмийлари 28 сентябрь куни тан олинмаган Тоғли Қорабоғ республикаси ҳукуматининг собиқ раҳбари Рубен Варданянга террорчиликни молиялаштирганлик айбловини эълон қилишган. Варданян 27 сентябрь куни бошқа қочқинлар билан биргаликда Озарбайжон ва Арманистон чегарасидан ўтишга уринаётган пайтда қўлга олиниб, Бокуга йўлланган эди. Варданян ТҚР бош вазири лавозимида тўрт ойдан камроқ ишлаган, у мазкур лавозимдан шу йил февралида озод қилинганди.

Россиянинг Кобулдаги элчихонаси олдида ўзини портлатган ўзбекистонликка нисбатан ҳукм чиқарилди

Россиянинг Кобулдаги элчихонаси биноси (архив сурати)

Россияда ўтган йилнинг сентябрь ойида Россиянинг Кобулдаги элчихонаси олдида ўзини портлатиб юборган Ҳусанжон Осимийга нисбатан суд ҳукми чиқарилган.

ТАСС агентлиги хабарига кўра, мазкур жиноят иши Иккинчи Ғарбий округ ҳарбий суди томонидан кўриб чиқилган.

Қайд этилишича, Осимий “Ислом давлати” халқаро террор ташкилоти ғояси тарафдори бўлган ва Кобулдаги портлашдан олдин мазкур ташкилотнинг Афғонистондаги шуъбасига аъзо бўлиб кирган.

Суд материалларига кўра, Осимий 2022 йилнинг 5 сентябрида Кобулдаги Россия элчихонасининг консуллик бўлими эшиги олдида ўзини портлатиб юборган. Террор амалиёти натижасида элчихонанинг россиялик икки ходими ҳалок бўлган.

Худкушнинг хатти-ҳаракатлари Россия Жиноят кодексининг 205.5-моддаси 2-қисми ва 361-моддаси 3-қисми (Террор ташкилоти фаолиятида иштирок этганлик ва халқаро террор хуружини содир этганлик) бўйича малакаланган.

Суд ҳукми билан Осимий унга қўйилаётган айбловлар бўйича айбдор деб топилган, жиноят иши эса унинг ўлими туфайли тўхтатилган.

Тан олинмаган Тоғли Қорабоғ республикаси 2024 йил бошидан тугатилади

Ўзини Озарбайжондан мустақил деб эълон қилиб олган Тоғли Қорабоғ республикаси 2024 йилнинг 1 январидан эътиборан тугатилади. Бунга оид фармонга тан олинмаган республика раҳбари Самвел Шахраманян имзо чеккан.

Фармонга мувофиқ, бу санага бориб “барча давлат муассасалари ва ташкилотлари” тарқатиб юборилади ҳамда Тоғли Қорабоғ республикаси (Арцах) тугатилади.

Фармонда айтилишича, Тоғли Қорабоғ аҳолисига “минтақада қолиб-қолмасликка қарор қилиши учун Озарбайжоннинг реинтеграция шартлари билан ташишиб чиқиш” тавсия этилади.

Арманистон ҳукумати маълумотига кўра, 28 сентябрь тонгигача Тоғли Қорабоғдан Арманистонга 65 мингдан зиёд киши мажбуран кўчган – бу тан олинмаган республика аҳолисининг қарийб ярмига тенг.

Фармонда Тоғли Қорабоғ республикасининг тугатилишига оид қарор “юзага келган ҳарбий-сиёсий вазиятдан, Тоғли Қорабоғ халқининг жисмоний хавфсизлиги ва турмуш манфаатларини таъминлаш каби устувор вазифадан келиб чиққан ҳолда”қабул қилингани ҳам қайд этилган.

Унда “қуролини топширган ҳарбийлар дохил Тоғли Қорабоғ турғунларининг транспорт воситаларида мол-мулки билан Лочин коридори орқали эркин, ихтиёрий ва тўсқинликсиз ўтиши” таъминланаётгани ҳам қўшимча қилинган. Фармонда айтилишича, бу каби келишувга Россия тинчликпарвар кучлари воситачилигида Озарбайжон вакиллари билан эришилган.

Ўтган ҳафтада Озарбайжоннинг ҳарбий амалиёти натижасида тан олинмаган Тоғли Қорабоғ республикасининг арман миллатига мансуб расмийлари Боку олдида феълан капитулация эълон қилишган.

Арманистон бош вазири Никол Пашинян Тоғли Қорабоғдан қочқинларни қабул қилишга тайёр эканини билдирган.

Ереван расмийларининг Озарбайжон шартлари асосида сулҳга рози бўлгани ортидан Арманистонда бир ҳафтадан буён норозилик чиқишлари давом этмоқда.

АҚШ Исроил фуқаролари учун визасиз режим жорий қилди

Жорий йилнинг 30 ноябридан Исроил фуқароларига АҚШга келиш учун виза талаб қилинмайди. Бу тўғридаги маълумот АҚШ Давлат департаменти расмий сайтида 27 сентябрь куни эълон қилинди. Исроил АҚШ визасиз режим дастурига киритилган 41-давлат бўлди.

Биометрик паспортга эга бўлган исроилликлар АҚШда 90 кунгача туристик ва амалий сафар билан визасиз бўлиши мумкин. Лекин улар самолётга чиқишдан олдин ESTA электрон тизимидан рўйхатдан ўтиши ва 72 соат ичида самолётга чиқиш учун рухсатномага эга бўлиши шарт.

Ўз навбатида АҚШ Исроилдан ўз фуқароларини, жумладан, Ғарбий соҳилда ва Ғазода истиқомат қилувчи Америка паспортига эга фаластинликларни мамлакатга тўсиқсиз киритишини кутмоқда. Бу ҳақда АҚШнинг Исроилдаги элчиси Стефани Халетт маълум қилди. Ҳозирда Исроил махсус хизматлари кўп ҳолатларда уларни мамлакатга киритмаяпти.

Озарбайжон ҳарбийлари тан олинмаган Тоғли Қорабоғ ҳукумати собиқ раисини қўлга олди

Рубен Варданян 2022 йилда Россия фуқаролигидан воз кечган.

Озарбайжон ҳарбийлари Лочин назорат ўтказиш пунктида тан олинмаган Тоғли Қорабоғ ҳукуматининг собиқ раиси Рубен Варданянни Арманистонга ўтиб кетмоқчи бўлганида қўлга олди. Бу ҳақда РБКга унинг хотини Вероника Зонабенд хабар берди.

APA агентлигининг Озарбайжон Давлат чегара хизматига таяниб ёзишича, Варданян 27 сентябрда ушланган.

“У Давлат чегара хизматининг махсус тезкор кучлари ходимлари кузатуви остида Боку шаҳрига олиб келинган. Ушланган шахс тегишли давлат органларига унга нисбатан қарор чиқарилиши учун топширилди”, деб ёзди APA.

Рубен Варданян Ереванда туғилган. У Россиядаги "Тройка Диалог" инвестиция ширкатининг асосчиси. 2011 йилда бу ширкатни Сбербанк сотиб олган. У хотини билан биргаликда Арманистоннинг Дилижон шаҳрида Ягона дунё коллежлари тизимига асос солган. Ереванда унинг “Арманистонни ривожлантириш ташаббуслари” фонди фаолият юритади. 2021 йилда Forbes унинг бойлигини бир миллиард долларга баҳолаган.

2022 йилнинг сентябрида Рубен Варданян Россия фуқаролигидан воз кечган ва Тоғли Қорабоққа кўчиб ўтган. У 2022 йилнинг ноябридан 2023 йилнинг февралигача тан олинмаган Тоғли Қорабоғ республикаси ҳукуматини бошқарган.

Суриштирув: Ўзбекистон Беларусга санкция остидаги “Гродно Азот” маҳсулотини сотишга кўмаклашмоқда

Санкция остидаги “Гродно Азот”да ишлаб чиқарилган карбамид ўғити Европа Иттифоқига етказиб берилмоқда. Беларусга санкцияларни четлаб ўтишга Ўзбекистон кўмаклашмоқда. Беларус суриштирув маркази Литвадаги Siena, Сербиядаги CINS суриштирув марказлари, “Рабочи Рух” ташаббуси ва Беларусдаги “Киберпартизанлар” лойиҳаси билан ҳамкорликда эълон қилган журналистик суриштирувда мана шу ҳақда гап боради.

“Гродно Азот” АҚШ ва ЕИнинг санкциялар рўйхатига 2021 йилнинг декабрида киритилган эди. Бунга завод маъмурияти 2020 йилда Александр Лукашенко режимига қарши намойишга чиққан ходимларни ишдан бўшатгани сабаб бўлган.

Санкциялар ортидан Беларусдан ЕИга карбамид сотиш ҳажми кескин камайди. Айни пайтда Ўзбекистондан ЕИга бу маҳсулотни экспорт қилиш кўпайди.

Суриштирув муаллифларига кўра, Европага ўзбек карбамиди сифатида сотилган ўғит аслида “Гродно Азот”да ишлаб чиқилган. Суриштирувда аниқланишича, Беларусдаги “Гриком” ширкати Ўзбекистондаги Wakler Exim фирмасига 2022 йилдаги шартнома асосида қиймати 885 минг евролик уч минг тоннага яқин карбамид сотган. “Гриком” “Гродно Азот”га алоқадор ширкатлардан биридир.

Муаллифларнинг аниқлашича, Ўзбекистондаги Wakler Exim Сербиядаги Wakler фирмасига алоқадордир. Ҳар икки фирма 2022 йил баҳорида рўйхатдан ўтказилган. Wakler бенефициари сифатида украиналик тадбиркор Александр Кореницин қайд этилган. Ширкатнинг 45 фоизи мазкур шахсга тегишли.

“Ўзбек” карбамидини Литвадаги Milca Baltija компанияси ҳам сотиб олган. Бу ширкат беларуслик Роман Семененга тегишли. Олди-сотди ҳужжатларида карбамид Деҳқонободдаги калий заводидан сотиб олингани таъкидланади. Бироқ бу заводда карбамид каби азот ўғитлари ишлаб чиқарилмайди.

Литвадаги “ГлобалДэТри” ширкати орқали 2023 йил февралида Европага “Гродно Азот”нинг 137,5 минг евролик маҳсулоти сотилган. Суриштирувда 2023 йилнинг олти ойида Польша уч миллион евролик олти минг тоннадан кўпроқ карбамидни сотиб олган.

АҚШ Amazon’ни антимонополия қонунчилигини бузганликда айбламоқда

Amazon асосчиси Жеф Безос.

АҚШ Федерал савдо комиссияси (ФСК) жаҳондаги интернет савдо гиганти Amazon ширкатига нисбатан судга шикоят аризаси киритди.

Reuters агентлигининг ёзишича, бу «узоқ вақтдан бери кутилаётган қадам» эди. ФСК Amazon’ни антимонополия қонунчилигини бузганликда айбламоқда.

Бундан ававал АҚШ ҳукумати бир неча маротаба Alphabet (Google), Amazon, Apple, Meta ва Microsoft ширкатлари сиёсатидан норозилик билдирган эди. Вашингтон нуқтаи назарича мазкур ширкатлар интернетнинг энг даромадли сегментларини монополияга айлантириб олган.

ФСК 1,3 триллион долларга баҳоланаётган Amazon ўз тармоғига қўшилган сотувчиларга бошқа платформаларда ўз маҳсулотини арзон нархда сотишга имконият бермаётганини аниқлаган. Бундан ташқари Amazon бошқа сотувчиларни ҳам ўз омборлари ва етказиб бериш хизматларидан фойдаланишга «мажбур қилишга» уринмоқда.

Amazon ширкатига нисбатан судга даъво аризаси киритилиши анча вақтдан бери кутилаётган эди. Чунки Amazon хизматидан фойдаланувчилар Alphabet, Apple, Meta ва Microsoft фойдаланувчилари каби ширкат ўзининг қидирув тизимлари, ижтимоий тармоқлардаги ва онлайн дўконлардаги устуворлигини суиистеъмол қилаётганидан арзланиб келаётганди.

Ироқда никоҳ тўйида юз берган ёнғинда камида юз киши ўлди

Тўй бўлган бино.

Ироқ шимолидаги Ҳамдония туманида 26 сентябрь куни кечқурун ўтказилган никоҳ тўйи пайтида юз берган ёнғинда камида юз киши ҳалок бўлди, 150 киши жароҳатланди.

Reuters ахборот агентлигининг маҳаллий фуқаролар ҳимояси агентлигига таяниб хабар беришича, тўй пайтида мушакбозлик қилинган. Бунинг оқибатида тўй ўтаётган бино ёна бошлаган. Аммо ҳозирча бу хабарни ҳукумат расман тасдиқлаган эмас. Расмийлар ёнғин сабабларини ўрганмоқда.

AP агентлиги расмийлар қурбонлар сони бундан ҳам кўп бўлиши мумкинлигини билдиргани тўғрисида маълум қилди.

Ироқнинг Найнава вилояти Ҳамдония туманида асосан насронийлар истиқомат қилади. Мазкур ҳудуд Мосул шаҳри яқинида ва пойтахт Бағдоддан 335 чақирим нарида жойлашган.

Канада парламенти раиси СС фахрийсининг ташрифидан сўнг истеъфо берди

Чапдан ўнгга: Энтони Рота, Жастин Трюдо ва Владимир Зеленский Канада парламентида. 2023 йил, 22 сентябрь.

Канада парламенти Жамоалар палатаси раиси Энтони Рота СС собиқ жангчиси Ярослав Гунькани парламентга таклиф қилгани ортидан истеъфо берди. Депутатлар 22 сентябрь куни Украина президенти Владимир Зеленскийнинг мамлакатга ташрифи доирасида парламентда 98 ёшли Гунькани гулдурос қарсақлар билан кутиб олган эди.

Рота йиғилганларга Гунькани “Иккинчи жаҳон уруши пайтида Украина мустақиллиги учун Россия агрессиясига қарши курашган қаҳрамон” сифатида тақдим қилган.

Кейин маълум бўлишича, Гунька нацистлар Германиясининг СС бўлинмасига қарашли “Галичина” кўнгиллилар дивизияси аскари бўлган. Ҳуқуқ ҳимояси ва яҳудийлар ташкилотлари Ротанинг бу ҳаракатини кескин қоралади.

Бу воқеа ортидан Польша элчиси Витольд Дзельский Канада халқаро ҳамжамиятдан кечирим сўрашини талаб қилди. Россия элчиси Олег Степанов эса Канада ҳукуматидан бу воқеа юзасидан изоҳ сўради.

Бунга жавобан Энтони Рота Гунька СС сафида жанг қилганидан бехабар бўлганини айтди ва масъулиятни ўз зиммасига олган ҳолда истеъфо берди. Канада бош вазири Жастин Трюдо СС фаҳрийсининг парламентга таклиф қилинганидан афсус билдирди.

Нью-Йорк суди Трампни товламачиликда айбдор деб топди

Дональд Трампга қарши тўртта жиноят иши қўзғатилган.

АҚШ собиқ президенти Дональд Трамп 26 сентябрь куни Нью-Йорк суди томонидан товламачилик қилганликда айбдор деб топилди. Суд қарорида айтилишича, Трамп ва унинг оиласи ноқонуний равишда ўз активлари нархини кўтарган.

Reuters агентлигининг ёзишича, Нью-Йорк прокурори Летиция Жеймс 2022 йилнинг сентябрида Трампга нисбатан товламачилик айбловини олға сурган эди. Прокурорга кўра, Трампга қарашли The Trump Organization ўн йил давомида банк ва суғурта имтиёзларига эга бўлиш мақсадида молия тузилмаларини алдаб, ширкат активлари нархи тўғрисида нотўғри маълумотларни бериб келган.

26 сентябрда чиқарилган суд ҳукми якуний эмас. Бу ишни кўриб чиқиш 2 октябрда давом эттирилади.

Жорий йилда Трампга нисбатан тўртта жиноят иши қўзғатилган. У 2021 йилда Капитолийнинг ишғол этилишига сабаб бўлган воқеаларни уюштириш, Жоржия штатидаги президентлик сайлови натижаларини ўзгартириш учун тил бириктирганликда, Мар-а-Лаго қасрида махфий ҳужжатларни ноқонуний сақлаганликда, молиявий ҳужжатларни сохталаштирганликда айбланмоқда.

Қирғизистон президенти Озодликда чиққан хабарга муносабат билдирди

Қирғизистон президенти Садир Жапаров.

Қирғизистон президенти Садир Жапаров Озодлик радиоси сайтида чоп қилинган “Хитой Фарғонага "Кампиробод"дан тоза ичимлик суви олиб келинишини молиялаштирмоқчи” сарлавҳали хабарга муносабат билдирди.

26 сентябрь куни "Кабар" ахборот агентлигига берган интервьюсида Жапаров аввал Кампиробод сув омборининг 100 фоизи Ўзбекистон тасарруфида бўлганини, ўтган йили чегара муаммоси билан бирга сув омбори муаммоси ҳам ҳал этилганини, Қирғизистон ва Ўзбекистон эндиликда бу объектни тенг шартларда бошқаришини айтган.

Жапаровга кўра, Қирғизистон Кампиробод сувларининг атиги 10 фоизини ишлатади, қолгани Ўзбекистонга кетади.

"Энди энг муҳим саволга эътиборни қаратмоқчиман. Ўзбекистон томони шундоқ ҳам Ўзбекистонга кетаётган сувни қандай қилиб олишининг бизга қандай фарқи бор? Сув қувур, ариқ ёки ҳаво орқали кетмайдими, бизга нима. Муҳими, эндиликда ҳар бир ҳаракат томонлар ўртасида келишилган ҳолда амалга оширилмоқда. Бундан буён қирғиз-ўзбек дўстлиги мустаҳкам бўлади. Худодан бошқа ҳеч ким бизнинг дўстона ришталаримизни бузолмайди”, - деган Жапаров интервьюда.

Озодлик радиоси 22 сентябрда Хитойнинг “SINOMASH” холдинги “Кампиробод” сув омборидан Фарғона шаҳрига тоза ичимлик суви тортиш лойиҳасини амалга оширмоқчи экани тўғрисида Фарғона вилоят ҳокимиятига таянган ҳолда хабар берган эди. 24 сентябрда бу хабарни Қирғизистондаги қатор нашрлар Озодликка ишорат берган ҳолда қайта чоп қилишган.

Хабарда айтилишича, “SINOMASH” билан бу борада дастлабки келишувларга эришилди. Бундан ташқари ширкат вилоятдаги ижтимоий муассасаларни қуриш ёки капитал реконструкция қилиш ишларини ҳам амалга оширади.

“Ушбу лойиҳаларга Хитой молия муассасалари томонидан камида 20 йил муддатга 300 миллион долларгача миқдорда ёки эквивалентида долларда йиллик 3 фоизгача бўлган кредит ажратиш бўйича дастлабки келишувга эришилди”, дейилади хабарда.

2022 йилда Ўзбекистон ва Қирғизистон икки давлат чегарасидаги Кампиробод сув омборини ҳамкорликда бошқариш тўғрисидаги шартномани ратификация қилган эди.

Шартномага асосан Кампиробод сув омбори эгаллаган 4485 гектар ер Ўзбекистон ҳудуди сифатида тан олинган. Қирғизистон ҳукумати бунинг эвазига Ўзбекистондан 19 минг гектар ер олинганини билдирган.

Бироқ Қирғизистонда бу шартнома норозиликларга сабаб бўлган ва айрим сиёсатчилар томонидан “қирғиз ерларини Ўзбекистонга бериб юбориш” сифатида талқин қилинган. Шу фонда мамлакатда "Кампиробод иши" деб номланган жиноят иши очилиб, 30 га яқин сиёсатчи ва фаоллар ҳибсга олинган.

Фарғона вилоят ҳокимлиги хабарида таъкидланишича, вилоят ҳокими Хайрулло Бозоровнинг Хитойга амалий ташрифи доирасида умумий қиймати 1,37 миллиард доллар бўлган 29 та инвестициявий келишув ва савдо шартномалари имзоланган.

Тоғли Қорабоғдаги портлашда ҳалок бўлганлар сони камида 68 нафарга етди

25 сентябрь куни юз берган портлашда 290 киши жароҳатлангани айтилмоқда.

Тоғли Қорабоғдаги бензин омборхонасининг портлаши оқибатида ҳалок бўлганлар сони 68 киши. Улардан фақат 21 нафарининг шахси аниқланди. Бу ҳақда тан олинмаган Тоғли Қорабоғ омбудсмени Гегам Степанян маълум қилди.
Унга кўра, портлаш оқибатида 290 киши жароҳатланган. Улардан 168 нафари касалхоналарга ётқизилган. Бундан ташқари 105 киши бедарак кетган.

Бундан аввалроқ Арманистон соғлиқни сақлаш вазири Анаит Аванесян Қорабоғдаги портлашда ҳалок бўлган 125 кишининг жасади олиб келингани ҳақида билдирган эди. Кейинроқ, бу Қорабоғда шу кунларда ўлганларнинг умумий сони экани маълум бўлди.

Ханкенди (Степанакерт)-Аскеран трассасида жойлашган бензин омборхонасидаги резервуарлардан бири 25 сентябрь куни портлаб кетган эди. Бу вақтда омборхонада Тоғли Қорабоғни тарк этишни истаганларга автомашиналари учун бензин тарқатилаётган эди.

19 сентябрда Озарбайжоннинг бир кунлик “аксилтеррор ҳарбий амалиёти” ортидан 20 сентябрда тан олинмаган Тоғли Қорабоғ ҳукумати таслим бўлгани ортидан минтақани этник арманлар тарк этмоқда. Расмий маълумотларда қайд этилишича, бу ерда 120 мингга яқин арман яшайди.

Байден Пашинянга мактуб йўллади, Россия эса танқид қилди

Арманистон бош вазири Никол Пашинян сўнгги ҳафталарда Россияни бир неча бор танқид қилган эди.

АҚШ президенти Жо Байден Тоғли Қорабоғдаги сўнгги воқеалар ва Ереваннинг Москва билан алоқалари совуқлашаётгани фонида Арманистон бош вазири Никол Пашинянга мактуб йўллади. Россия Ташқи ишлар вазирлиги эса Москвага нисбатан кескин эътирозлар билдирган Пашинянни мисли кўрилмаган даражада танқид қилди.

Пашинянга Байден мактубини USAID директори Саманта Пауэр топширди. У АҚШ давлат котибининг Европа ва Евросиё бўйича ёрдамчиси вазифасини бажарувчи Йюри Ким билан 25 сентябрда Ереванга келган.

Байден ўз мактубида АҚШ Арманистон “суверенитети, мустақиллиги, ҳудудий яҳлитлигини ва демократияни” қўллаб-қувватлашини билдирган. Шунингдек, Байден Вашингтон Арманистон ҳукуматининг тинчликка интилаётганини таъкидлаган ҳамда бу мамлакатга гуманитар ва бошқа ёрдамларни кўрсатишини ёзган. Мактубда Тоғли Қорабоғдаги “зўравонлик”да этник арманларнинг ҳалок бўлгани муносабати билан ҳамдардлик билдирилган.

Россия Ташқи ишлар вазирлиги эса 25 сентябрь куни эълон қилинган баёнотида Пашинянни кескин танқид қилди. Кремль фикрича, Пашинян “ички ва ташқи сиёсатдаги муваффаққиятсизликлар учун масъулиятини ўзидан соқит қилиш мақсадида айбни Москвага ағдармоқда”.

Баёнотда Пашинян Арманистонни Россиядан олислатишга уринаётгани ва “мамлакатни Ғарб геосиёсий ўйинлари қурбонига айлантираётгани” айтилади. Москванинг таъкидича, Пашинян “Ғарбнинг панд-насиҳатлари таъсири остида” Озарбайжоннинг Тоғли Қорабоғ устидан суверенитетини тан олган.

Пашинян 24 сентябрдаги телемурожаатида Тоғли Қорабоғдаги сўнгги воқеалар ортидан Россияни қаттиқ танқид қилган эди. У “Арманистон аъзо бўлган хавфсизлик структуралари самарасиз эканини намойиш этгани” ҳақида гапирган. Пашинян Россияни назарда тутган ҳолда, Арманистон халқи мустақилликни ёки “олис губернияга айланиш” имкониятидан бирини танлаши шартлигини айтган.

3 сентябрь куни Пашинян Италиянинг La Repubblica нашрига берган интервьюсида мамлакатнинг хавфсизлик бўйича Россияга қарамлиги “стратегик хато” бўлгани ҳақида гапирганди.

БМТ комиссияси: Россия ҳарбийлари украинларни қийнаб ўлдирган

Украинадаги қонунбузарликларни тергов қилиш бўйича халқаро комиссия аъзолари Ясминка Жумхур, Эрик Мёсе ва Пабло де Грайфф.

БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгаши ҳузуридаги Украинадаги қонунбузарликларни тергов қилиш бўйича халқаро комиссия оғзаки ҳисоботида Россия аскарлари украинларга нисбатан ҳарбий жиноятларни содир этишда давом этаётгани таъкидланди.

Ҳисоботда уруш тартибига зид келувчи қуролларни қўллаш, қийноқлар, жинсий зўравонликлар ва энергетика инфраструктураларига ҳужум қилишлар тилга олинди.

Комиссия аъзолари Украинада бу каби жиноятлардан жабрланганлар ва гувоҳлар билан суҳбатлашган. Улар тинч аҳоли яшайдиган уйларга, касалхоналарга ва фуқаролик инфраструктураларига ракеталар отилганини қайд этишган.

Анча вақт Россия босқини остида қолган Херсон ва Запорожье вилоятларининг озод қилинган ҳудудларида маҳаллий аҳоли ўзларига нисбатан мунтазам равишда қийноқлар қўлланилганига гувоҳлик берганлар. Кўпинча рус ҳарбийлари томонидан Украина Қуролли кучлари билан ҳамкорлик қилганликда гумонланган шахслар қийноқларга солинган. Айрим ҳолатларда қийноқларга солинган шахслар тергов пайтида жон берган.

Комиссия раиси Эрик Мёсе Россия ҳарбийлари Херсон вилоятида 19 ёшдан 83 ёшгача бўлган кўплаб фуқароларни жинсий зўрлагани тасдиқлангани ҳақида маълумот берди.

Комиссия Украина ҳарбийлари томонидан ҳам камдан кам ҳолатларда жиноятлар содир этилаётганини қайд этган ва Киевни бу каби ҳолатларни тезкор тергов қилишга чақирган.

Комиссиянинг ёзма ҳисоботи БМТ Бош Ассамблеясига октябрь ойида тақдим этилади.

Россия фуқаролик объектларига ҳужум қилаётгани ва тинч аҳолига нисбатан зўравонликлар бўлаётгани тўғрисидаги маълумотларни рад этиб келмоқда. Россия босиб олган ҳудудларга Москва томонидан тайинланган ҳокимлар халқаро кузатувчиларнинг бу ҳудудларга киришига тўсқинлик қилиб келаётир.

Қодиров ўғли маҳбусни ураётгани тўғрисидаги видеони эълон қилди

Маҳбусни калтаклаган Адам Қодиров (ўртада) 15 ёшда.

Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров Қуръонни ёққанликда гумонланиб қўлга олинган талаба Никита Журавелни калтаклаган вояга етмаган ўғли Адамни қўллаб-қувватлашини билдирди.

Қодиров телеграм каналида эълон қилган беш сониялик видеода Адам стулда ўтирган Журавелга ташлангани ва уни муштлаётгани ҳамда тепаётгани, Журавелни стулдан йиқитиб, калтаклашда давом этаётгани акс этган. Журавел унга қаршилик кўрсатмайди, фақат қўллари билан бошини тўсади.

Чеченистон расмийлари Адам Қодиров Грознийдаги тергов изоляторида сақланаётган Никита Журавелни август ойида калтаклаганини билдирган. Бироқ шу кунгача ҳуқуқ-тартибот органлари бегона одам тергов изоляторига нега киритилгани ва унга нима учун қийноқ қўллашга рухсат берилгани ҳақида изоҳ бермади.

Рамзан Қодировнинг ўзи шу кунгача бу воқеага муносабат билдирмаган эди. Қодиров телеграм каналида эълон қилинган видео остига “Адамнинг ҳаракатларидан фахрланиши”ни, давлат “бағрикенглик ғоялари билан суғорилган жамиятни ўстириши”ни, аммо бунга Журавел каби “провокаторлар” ҳалақит қилаётганини ёзди.

Бу видео ортидан Россия Инсон ҳуқуқлари кенгаши аъзоси Ева Меркачева мазкур видео бўйича ҳуқуқ-тартибот тузилмаларига сўров жўнатишини билдирди. “Ҳозир бизда жиноятнинг видео исботи бор деб ҳисоблайман. Бу фактни ҳеч ким инкор қилмаяпти”, - деди у журналист Ксения Собчакка берган интервьюсида.

Бу интервью ортидан Собчак телеграм каналида Қодиров унга телефон қилгани ва ўғли Журавелни ўз ташаббуси билан калтаклаганини айтганини ёзди. Собчакка кўра, Қодиров “суд ўғлимни айбдор деб топса, у қонун олдида жавоб беради”, деган.

Волгоградда Никита Журавел Қуръонни ёқаётгани тўғрисидаги видео 19 май куни ижтимоий тармоқларда пайдо бўлган эди. Шундан сўнг Журавел полиция томонидан қўлга олингани билдирилган. Журавел Волгоградга Россия аннексия қилган Қримдан кўчиб келган.

Россия Тергов қўмитаси бу ишни тергов қилишни Чеченистон ҳуқуқ-тартибот органларига ўтказиб берган эди.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG