Линклар

Шошилинч хабар
10 декабр 2019, Тошкент вақти: 04:32

Кремль Венесуэлага ёлланма аскар юборгани ҳақидаги хабарларни рад этмоқда


Венесуэла президенти Николас Мадуро матбуот анжуманида сўзламоқда. Каракас шаҳри, 2018, 25 январь.

Кремль Венесуэланинг легитимлиги тан олинмаётган президенти Николас Мадурони қўриқлаш учун Россиядаги хусусий ҳарбий компаниянинг 400 га яқин жангчиси юборилгани ҳақидаги хабарларни рад этмоқда.

27 январь куни Москвада “Россия-1” телеканали бошловчиси Россия президенти Владимир Путиннинг матбуот котиби Дмитрий Песковдан:

- Хўш, 400 нафар жангчимиз Венесуэлада Мадурони ҳимоя қиляптими-йўқми? - деб сўради.

Бу саволга Песков “қўрққанга қўш кўринади“ деган мақол билан жавоб берди. Бу билан котиб 400 жангчи ҳақидаги хабарлар нотўғри ёки асоссиз эканлигига шама қилди, аммо саволга аниқ жавоб бермади.

Бунинг ортидан Песковдан Кремль бу каби хабарларни “расман тасдиқлаган бўлармиди” дея сўралди. Бу саволга котиб “Албатта йўқ!” дея жавоб қайтарди.

Песковдан, умуман олганда, Россиянинг бирорта хусусий аскари Венесуэлага юборилгани ҳақида сўралмади. Унинг ўзи ҳам бу ҳақда ҳеч нима демади.

Бундан олдин Песков Reuters агентлигининг хабари ҳақида “Кремлда бундай маълумот йўқ”, дейиш билан чекланган эди.

Reuters агентлиги манбалари Венесуэлага юборилган ҳарбийлар “ЧВК Вагнер” деб аталувчи гуруҳ аскарлари эканлигини маълум қилган. Ушбу гуруҳ аъзолари хавфсизлик хизматларининг собиқ ходимлари бўлиб, улар Россиянинг хориждаги махфий амалиётларида қатнашиб келади.

Россия хусусий ҳарбий ширкатларига алоқадор Бутунроссия офицерлар ассамблеяси раиси Евгений Шабаев Венесуэлага юборилган рус ёлланма аскарлари сони тахминан 400 эканлигини айтган. Бошқа манбалар эса, улар сони бундан озроқ эканлигини маълум қилган.

Таниқли рус фаоли ва блогери Дмитрий Алешковский ҳукуматга қарашли “Россия” ҳаво йўллари компанияси Reuters хабарида айтилган аскарларни манзилига етказиб қўйганини тасдиқловчи далил топганини айтди.

Унинг сўзларига кўра, борт номери РА-96019 бўлган “ИЛ-96” самолёти 19 январь куни Москвадан Сенегалга учган. 23 январь куни Сенегалдан Парагвайга учган ва ўша куни Гавана томон йўлга чиққан. Аммо орадан кўп ўтмай, самолёт маршрутини кузатиш имконини берувчи ретрансляторлар ўчириб қўйилган.

Ҳар ким кўриши мумкин бўлган маълумотлар самолёт икки марта қўнганини (эҳтимол Гавана ҳамда Каракас шаҳарларида) кўрсатади. Бунинг ортидан учоқ ретранслятори қайта ёқилган ва самолёт Москвага келиб қўнган.

Бундан аввал хусусий рус ҳарбий ширкатлари бошқа мамлакатларга, жумладан, Сурия, Украина ҳамда Африка давлатларига турли миссиялар билан юборилгани ҳақида хабарлар мавжуд.

23 январь куни Россия Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Мария Захарова Россиянинг ёлланма аскарлари Суданга юборилганини тасдиқлади. Бундан аввал Британия матбуоти рус аскарлари Москва ҳамкорига айланган ҳукуматга қарши намойишларни бостиришга кўмаклашаётганини хабар қилган эди.

Аммо Захарова аскарларнинг Россия ҳукуматига умуман алоқаси йўқлигини таъкидлади.

23 январь куни Венесуэлада ўн минглаб одам Мадурога қарши намойишга чиқар экан, мухолифат етакчиси Хуан Гуайдо ҳали амалдаги президент ҳукуматдан кетмасидан туриб, ҳокимиятни ўз қўлига олганини эълон қилди. Намойишларда ўнлаб одам ҳалок бўлгани айтилмоқда.

26 январь куни АҚШ давлат котиби Майк Помпео БМТга аъзо барча давлатларни Гуайдони Венесуэланинг муваққат президенти деб тан олишга чақирди ва Мадуро ҳукуматини “мафия ҳукумати” ҳамда мамлакат иқтисодини барбод қилган “социалистик тажриба” дея атади.

БМТ Хавфсизлик кенгашининг 26 январь куни ўтказилган махсус йиғинида Помпео:

- Бошқа ҳар бир давлат бир тарафни танлаши керак бўлган вақт келди. Кечиктиришлар, ўйинлар тугатилсин. Ёки эркинлик кучларини қўллайсиз, ёки Мадуро ва унинг хаосига шериксиз, - деди.

2013 йилда Уго Чавес вафоти ортидан ҳукумат тепасига келган Мадуро инсон ҳуқуқларини поймол қилиб, мамлакат иқтисодини оғир аҳволга солиб қўйгани учун танқидга учраб келади.

Икки ҳафта олдин Мадуро президент сифатида иккинчи марта қасамёдга келтирилди, аммо бу ҳолатни халқаро ҳамжамият кескин қоралади.

Турли манбаларга кўра, юзага келган дори-дармон ҳамда озиқ-овқат тақчиллиги ортидан Венесуэлани 3 миллионга яқин одам мамлакатни тарк этан.

Шарҳларни кўринг (1)

Бу форум ёпилган
XS
SM
MD
LG