Линклар

Шошилинч хабар
16 апрел 2024, Тошкент вақти: 11:23

Дресс-код: Тошкент вилояти мактабларида ўқувчиларга дўппи кийиш буюрилди


Баъзи ота-оналар ўз фарзандларинг дўппи кийиб мактабга боришини исташади.
Баъзи ота-оналар ўз фарзандларинг дўппи кийиб мактабга боришини исташади.

Тошкент вилоятидаги бир неча мактабларда ўқувчиларга мактаб формасининг бир қисми сифатида дўппи кийиш буюрилган. Бўстонлиқ ва Ўрта Чирчиқ туманларидаги Озодлик суҳбатлашган мактаб ўқитувчилари маҳаллий мулозимлар тавсиясига кўра¸дарс пайтида ўқувчи қизлар ироқи дўппи ва ўғил болалар чуст дўппи кийиб ўтирганини айтишди.

2 февраль куни Ўзбекистон халқ таълими вазирлигидаги Озодлик суҳбатлашган мулозим эса¸ вазирлик даражасида бундай тавсия йўқлиги¸ лекин маҳаллий мулозимлар ташаббуси эса қонунга зид эмаслигини билдирди.

Ўқувчилар бошяланг бўлиши керак

Фарғона¸ Андижон ва Хоразмдаги Озодлик суҳбатлашган мактаб директорларининг айтишича¸ ўқувчилар формаси бўйича йўриқномада дўппи назарда тутилмаган. Уларга кўра¸ ўқувчилар дарс пайтида бошяланг ўтиришлари керак.

Тошкент вилояти Ўрта чирчиқ туманидаги мактаб ўқитувчисининг айтишича¸ улар Республика маънавият ва маърифат маркази вилоят бўлими тавсиясига кўра¸ ўқувчиларга дўппи кийдиришган.

Республика маънавият ва маърифат марказининг таълим- тарбия бўлими бошлиғи Анвар Қурбонов Озодлик мухбири саволига “бу мавзуни изоҳлашни истамайман” дея қисқа жавоб билан кифояланди.

Президент ташаббуси?

Ўзбекистон халқ таълим вазирлиги мулозими исми айтилмаслик шарти билан Озодликнинг баъзи саволларига жавоб берди. Унга кўра¸ “ëш авлодда маънавиятни шакллантириш ва қиммат ҳамда арзон кийим ўртасидаги фарқни йўқотиш учун” президент Шавкат Мирзиёев республикада мактаб формасини жорий этиш таклифини киритганидан кейин Тошкент вилоятидаги мактабларда тажриба тарзида дўппи кийиш жорий қилинган:

"2017 йил август ойида миллий қадриятларимизга мос мактаб формаси вазирликда муҳокама қилинди ва бу юзадан тавсиялар берилди. Лекин дўппи кийсин деган тавсия берилмади. Туманлардаги аҳоли ташаббуси билан¸ миллий маданиятимиз рамзи бўлган дўппи кийишаëтган бўлса бу ерда қонунга зид нарса йўқ"¸ дейди мулозим.

Ўзбекистонлик блогер Шукуржон Исломов Озодлик билан суҳбатда ўқувчиларнинг миллий дўппи кийиб мактабга боришини “маъқул иш” деб атади ва ўғлининг дўппи кийиб турган расмини юборди.

​Суҳбатдошга кўра¸ унинг ўзи ҳам тўқсонинчи йилларда мактабга дўппи кийиб борган.

Дўппига қаршимиз

Айни пайтда Тошкент вилоятидаги ота-оналардан баъзилари ўз фарзандларининг дўппи кийиб мактабга боришини маъқулламаслигини Озодликка айтишди.

Бўстонлиқ туманида истиқомат қиладиган Миржалол Отахонов икки фарзандининг мактаб формасига қўшимча сифатида дўппи сотиб олиб бериш оғирлик қилганини Озодлик билан суҳбатда айтди:

- Пул йиғиб ҳаммага бир хил бичимда дўппи сотиб оламиз дейишди. Мен бориб вазирликнинг буйруғини кўрсатинг, дедим. Кўрсатмади. Менимча бунақа буйруқ умуман бўлмаса керак. Директор буйруқни кўрсатолмади. Галстук ҳам мажбурий деди. Қизлар сочларини иккита қилиб ўриб юрсин ҳам дейишди¸ дейди суҳбатдош.

Ўзбек ўқувчиларининг мактабга дўппи кийиб бориши ижтимоий тармоқларда ҳам муҳокама қилинди. Fasebook нинг потребитель.уз саҳифасидаги тортишув қатнашчилари ўқувчиларнинг синфда дўппи кийиб ўтиришига асосан салбий муносабат билдиришди. Саҳифа юзери Ирина Старчикова “Тошкент вилоятидаги ўқувчиларни дўппи кийишга мажбурланишни қонунга зид” дея таъкидлаб, бу юзадан юқори ташкилотларга арз қилажагини билдирди.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ўтган йилнинг ëзида ўтказилган видеоселекторда умумтаълим мактабларида мактаб формасини жорий этилиши тарафдори эканлигини маълум қилган эди.

Ўқувчиларнинг дўппи кийиши тармоқларда муҳокама қилинмоқда
Ўқувчиларнинг дўппи кийиши тармоқларда муҳокама қилинмоқда

Ўтган йили Тожикистоннинг Сўғд вилоятида ўқувчиларнинг дўппи кийиши бўйича ташаббус билан чиқилган эди.

Туркманистонда 1991 йилдан бери туркманча дўппи мактаб формасиннинг ажралмас қисми сифатида қонунлаштирилган.

XS
SM
MD
LG