Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 23:01

Электрон тўловларда узилишлар - бир монополист (Uzcard) иккинчиси (Ўзбектелеком)ни айбламоқда


Uzcard электрон тўлов тизимидаги узилишларнинг 30 августгача давом этишини билдирди.
Uzcard электрон тўлов тизимидаги узилишларнинг 30 августгача давом этишини билдирди.

19 августдан бошлаб¸ Ўзбекистондаги юридик ва жисмоний шахслар пластик карталар орқали тўловларни амалга оширишда қийинчиликка дуч келмоқда.

Озодлик гаплашган ўзбекистонликларга кўра¸ айни кунларда PayMe ва Click каби иловалар орқали онлайн тўловларда ҳам¸ масофавий тўловлар ва ўтказмаларни амалга оширишда ҳам кечикиш¸ узилиш ва тўхтаб қолишлар кузатилмоқда.

Бу вазиятни шарҳлаган молиявий мутахассислар¸ муаммонинг Ўзбекистондаги бутун электрон тўловларнинг фақат битта платформа - Uzcard тизими орқали ўтишига бориб тақалиши ва монополист бу тизимдаги исталган техник ëки бошқа муаммо мамлакат банк-молия тизимини "коллапс" - ҳалокатга етаклаши мумкинлигини таъкидламоқда.

Ўз расмий баëнотида Uzcard жорий муаммони Ўзбектелекомда 30 августгача давом этадиган профилактика билан изоҳлади.

Ахборот технологиялари соҳаси мутахассислари эса¸ Ўзбектелекомнинг Ўзбекистондаги интернет устидан тўлиқ назорат ўрнатгани ва унинг кабелларида авария ëки профилактика юз берган тақдирда¸ бутун мамлакатнинг интернет ва у билан боғлиқ барча хизматлардан маҳрум қолишини билдирди.

Uzcard изоҳи

Uzcard маъмурияти ўз сайтида электрон тўловларда муаммолар юзага келганини эътироф қилди ва бунинг сабабини "Ўзбектелеком"да бораëтган профилактика ишлари билан изоҳлади.

"Ягона Умумреспублика Процессинг Марказининг маълум қилишича, "Узбектелеком" акционерлик компаниясида профилактика ишлари олиб борилиши муносабати билан 2018 йилнинг 19 августидан 30 августигача POS ва E-POS терминаллари процессинг маркази билан вақтинчалик улана олмаслиги мумкин. Вақтинчалик ноқулайликлар учун узр сўраймиз"¸ дейилади расмий изоҳда.

​22 август куни Озодлик боғланган Uzcard расмийларидан бири мамлакатдаги барча электрон тўловларнинг интернет орқали ўтиши¸ бу хизматларнинг эса ўз навбатида тўлиғича Ўзбектелеком кабелларидан келадиган интернетга қарамлигини таъкидлади.

Uzcard oнлайн платформа¸ унинг ишлаши учун интернет керак. Проблема биздамас¸ интернет алоқасида. Ҳозир бутунлай ишламаяпти деëлмайман¸ лекин вақт-вақти билан узилишлар бўлаяпти. Бизга айтишларича¸ терминаллардан бирида авария бўлган¸ шуни тузатишаяпти экан. Биз интернет провайдери Ўзбектелекомга қараммиз. Уларда узилиш бўлса¸ бизнинг тизимда ҳам узилиш бўлади”¸ деди Озодлик гаплашган Uzcard ходими.

Тўлов ўтказувчи ҳам¸ тўловни олувчи ҳам "кутишда"

22-23 август кунлари Озодлик Uzcard тизимига боғланган барча электрон тўловларнинг ишлаш-ишламаслигини текшириб кўриш учун хизмат мижозлари билан боғланди.

PayMe иловаси орқали онлайн тўловларни амалга оширувчи тошкентлик мижозлардан бири¸ 22 август куни бу илова орқали тўловларни амалга ошира олмаганини билдирди.

Бу иловаларни очиш учун жуда узоқ кутишга тўғри келаяпти. Бир амаллаб очиб¸ тўлов ўтказаман¸ десангиз¸ айланиб туриб¸ операция охирига етмай чиқариб ташлаяпти. Интернет тезлиги кўтармаяпти”¸ деди 22 август куни Озодлик гаплашган онлайн тўлов тизими мижозларидан бири.

Айни пайтда¸ 23 август куни Озодлик билан гаплашаëтган пайтининг ўзида телефони учун онлайн тўлов қилишга уринган бошқа бир мижоз¸ муаммога учрамагани¸ тўлов ортиқча кутишларсиз ўтганини билдирди.

"Бир ишлаб¸ бир ишламаяпти. Тошкентда унча эмас¸ билишимча¸ интернет тезлиги шундоқ ҳам паст бўлган вилоятларда сезилаяпти. Супермаркет¸ дўконларда пластик карта орқали тўлаш ҳам Uzcard орқали ўтади. Uzcardнинг Процессинг Маркази яхши ишламаса¸ бутун система яхши ишламайди"¸ дейди 23 август куни Озодлик гаплашган тадбиркорлардан бири.

Бу суҳбатдош¸ ҳукумат айни кунларда кузатилаëтган бу узилишларни¸ 32 миллионлик мамлакатдаги барча электрон тўловларни битта тизимга бериб қўйишнинг нақадар хавфли эканидан берилган огоҳлантирув сигнали сифатида қабул қилишига умид билдирди".

"Uzcard тўхтаб қолса¸ ҳамма электрон олди-берди тўхтаб қолади¸ мамлакатдаги бизнес-молия-банк коллапс бўлади. Бугунги жузъий узилишлар ана шу катта фалокатни тўхтатиш учун ҳукуматдагиларнинг кўзини очса¸ яхши бўларди"¸ дейди иқтисодчи-тадбиркор.

Uzcard ҳам¸ Ўзбектелеком ҳам монополия

Uzcard расмий сайтида ўзини “пул тўловларини электрон кўринишда амалга ошириш учун мўлжалланган ва микропроцессорли банк карточкаларини чиқарувчи ва маҳсулот(иш, хизмат) сотувчиларига хизмат кўрсатувчи банкларни, ҳисоб банки ва процессинг ташкилотини бир бутун тизимга бирлаштирувчи ҳудудий тўлов тизими” сифатида тақдим этади.

Банк-молия соҳаси мутахассисларига кўра¸ Uzcard, Ўзбекистонда электрон тўловларни амалга оширишни ўз монополиясига айлантирган ягона тизимдир ва айни кунларда миллионлаб ўзбекистонликлар дуч келаëтган муаммо илдизи айнан ана шунга бориб тақалади.

“Uzcard бағрикенглик билан огоҳлантирганидек, бу E-POS терминаллар ва процессинг маркази билан алоқа мавжуд эмаслиги ортидан юз бермоқда. Яъни сиз истеъмолчи тўлов ё ўтказмани амалга ошира олмайсиз, сотувчи эса тўловни ҳисобига тушира олмайди. 12 кун давомида шундай бўлади.

Бу иқтисодиётга қанча зиён етказаётгани билан ҳеч кимнинг иши йўқ, монополияларни жиловлаши, тийиши лозим бўлган Антимонополия эса жим-жит (балки олигархларга навбатдаги суперрентабелли корхонани бепул бериш мумкинлиги тўғрисида ҳисобот тайёрлашаётгандир)”¸ деб шарҳ ëзди Telegram каналида шарҳ қолдирганлардан бири.

21-23 август кунлари Ўзбекистон давлат идораларида расман иш куни бўлмагани боис¸ Озодлик Монополиядан чиқариш қўмитаси расмийлари билан боғланиб¸ улардан бу масалада изоҳ ола олмади.

“Uzcard қудратли МХХчилар боласи”

Ўзбекистон ҳукумати мулозимларидан бири Uzcard электрон тўлов тизимининг бу соҳадаги мутлақ монополия эканини тасдиқлай туриб¸ бунинг қонунчилик ва молия бозорини бошқариш принципларига зид эканини билдирди.

Uzcard МХХ раҳбарлари¸ хусусан қамалиб кетган генерал Шуҳрат Ғуломовга қарашли эди¸ ҳозир ҳам МХХчилар назоратидан чиқди¸ дея олмайман. Мамлакат банкларининг ҳаммаси электрон тўловларни фақат ана шу битта – хусусий ширкат орқали амалга оширишга мажбур. Бу дегани¸ битта хусусий ширкат ҳамманинг¸ жумладан Ўзбекистон президентининг ҳам электрон карта орқали қаерга нима тўлов қилаëтганини кўриб¸ кузатиб туради. Бу хавфсизлик нуқтаи назаридан ҳам¸ банк-молия сиëсати жиҳатдан ҳам нотўғри ва хавфли”¸ дейди бу мулозим.

Озодлик гаплашган бошқа бир мулозим Uzcard монополиясига барҳам беришга Марказий банк янги раҳбариятининг ҳам кучи етмаëтганини билдирди.

Бутун дунëда электрон тўловларни амалга ошириш банкларнинг ўзига берилган¸ улар дейли Visa ва MasterCard кабилар билан келишув қилиб¸ бу ишни амалга оширади. Бизда бу фақат Uzcard платформасида бўлиши шарт. Президент мамлакатда яна битта шунақа тизим тузиш ҳақида фармон чиқарди¸ лекин уни ҳеч ким ижро қилмади. Марказий банкнингUzcardнинг янги эгаларига кучи етмади¸ бу кетишда етмайди ҳам”¸ деди Марказий банк бошқарувига яқин мулозимлардан бири.

Президентнинг ижросиз қолган қарори

Ўзбекистонлик банк-молия ходимларининг Telegramдаги саҳифасида ҳам Марказий банк мулозими айтганларга яқин эътироз эълон қилинди.

Президентнинг 2018 йил 23 мартдаги қарорига кўра ЕОПЦ (Uzcard) ва туғилмай туриб ўлдирилган МОПЦ (Globuz) негизида 2018 йил 1 июлга қадар Миллий банк процессинг маркази тузилиши керак эди. Бугун 22 август. Албатта бу ёзилиб, муддати қўйилиб, ижроси ўз ҳолига ташлаб қўйилган Президентнинг биргина қарори эмас, бундайлардан кўплаб топилади.

Гап шундаки, Миллий банк процессинг маркази тузилишидан ЕОПЦ (Uzcard) манфаатдор эмас, бу иш қанча чўзилса, монополистик даражада топилаётган миллиардлаб даромадлар «хорижлик» бенефициар чўнтагига оқишда шунча давом этади
”¸ деб ëзди ўзбекистонлик мутахассислардан бири.

Озодлик ҳозирча Uzcardнинг янги хўжайинлари ëхуд тилга олинган “хорижлик” бенефициарлари” кимлиги ҳақида аниқ¸ ишончли маълумотга эга эмас. (Бу ҳақда билганларингизни Озодликка шахсингиз сир қолиши кафолатланган ҳолда¸ юборишингиз мумкин.)

XS
SM
MD
LG