Линклар

Шошилинч хабар
13 декабр 2019, Тошкент вақти: 20:43

Ўзбекистон ўзи тўсиб қўйган fergana.ru мухбирини аккредитациядан ўтказди (АУДИО)


Fergana.ru мухбири Андрей Кудряшовнинг аккредитация гувоҳномаси

22 апрель куни Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Fergana.ru ахборот агентлигининг Тошкентдаги мухбири Андрей Кудряшовга аккредитация гувоҳномасини берди.

Озодлик билан суҳбатда агентлик раҳбари Даниил Кислов Ўзбекистонда блок қилиниши давом этаётган Fergana.ruга 14 йиллик танаффусдан кейин Ўзбекистон ичкарисида эркин ишлашга изн берилганини олқишлади.

“Мамлакатда нимадир ўзгараётган кўринади”, деди Марказий Осиё, хусусан Ўзбекистон ички ва ташқи сиёсатини ёритиб келувчи Fergana.ru ахборот агентлиги асосчиси Даниил Кислов Ўзбекистон ҳукумати томонидан Тошкентда ўз журналистини акрредитация қилинганига шундай муносабат билдираркан.

2019 йилнинг 22 апрелида Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Fergana.ruнинг Тошкент шаҳридаги ўз мухбири Андрей Кудряшовга хориж нашри мухбири сифатида аккредитация гувоҳномасини топширди.

Озодликка бу хабарни изоҳлаган агентлик асосчиси, таниқли журналист Даниил Кислов, Fergana.ru нашри Ўзбекистонда ўз вакили бўлишини 14 йил кутганини гапирди.

- Биз ўзимиз бунга ишонмаган эдик! Мен 7 февраль куни шахсан ўзим Тошкентга бориб, 3 нафар мухбир ва мухбирлик пункти аккредитациясига ҳужжат топширган эдим. Улардан Андрей Анатольевич Кудряшовгагина рухсатнома берилди, у киши билан биз 2002 йилдан буён ҳамкорлик қилиб келамиз. Бюро масаласида бизга ҳеч қандай қўшимча тушунтириш берилмади. Лекин шунга қарамай жуда мамнунмиз, албатта! Эндиликда биз “хориж ОАВ” сифатида турли идоралардан расмий маълумотлар талаб қилиш ва олишга, турли тадбирларда иштирок этишга ҳақлимиз, бизга жавоб беришлари шарт, - деди Даниил Кислов.

Суҳбатдош Андрей Кудряшов ҳеч қачон танқидий мақолалар ёзмагани, асосан маданий масалаларни ёритиб келган истеъдодли журналист ва фотосуратчи эканини ҳам писанда қилиб ўтди.

Fergana.ru раҳбари айни пайтда Fergana.agency сайти Ўзбекистонда блоклангани учун унга кириб бўлмаслигини эслатиб, ҳукуматнинг мухбирни аккредитациядан ўтказганини “синов муддати” деб атади:

- Афсуски, сайт блокланиши давом этаяпти ва биз нима учун ва ким томонидан тўсилаётгани борасида бирор жавоб ололмаяпмиз. Буни мен ҳукуматнинг эҳтиёткорона, ярим-ёлчи қарори деб қабул қиламан, буни Ўзбекистондаги 30 йиллик ОАВни бўғиш сиёсатининг бирдан ўзгаришдан, эшикларни очиш, “гайкаларни бўшатиш”дан қўрқиши деб ўйлайман. Ким нимадан қўрқаётгани тушунарсиз қолаётган бир пайтда биз Ўзбекистон ҳукуматининг бу қарорини олқишлаймиз.

Fergana.ru агентлиги анчадан буён “мухолифатчилик” кун тартибидан йироқлашмоқчи: биз ҳукуматни ҳукумат бўлгани учунгина танқид қилишни истамаймиз – бунинг учун асос излаймиз! Бугун бундай танқидга асослар етарли, айни дамда позитив материаллар ёзиш учун ҳам асос кўп. Биз Ўзбекистонда легал ишлашни, бир нечта мухбиримиз ёки мухбирлик пунктимиз бўлиши, қолаверса сайтимиз блокдан чиқарилишини истаймиз. Аммо бу дегани биз “Ахборот” (ЎзТВ информацион дастури) каби ҳукумат ноғорасига уйнаймиз, дегани эмаслигини таъкидлаб ўтмоқчиман. Оммавий ахборот воситалари мустақиллигисиз ҳар қандай ислоҳотлар бир тийинга қиммат, дея хулоса қилди журналист Даниил Кислов.

Д.Кислов: Ўзбекистонда сайтлар блокланиши тўхтатилиши керак
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:10:20 0:00
Бевосита линк

Fergana.ru ахборот агентлиги 2005 йилда Андижон воқеаларидан кейин бошқа кўплаб хорижий ахборот воситалари сингари Ўзбекистондан чиқариб юборилган ва аккредитациядан маҳрум этилганди.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги расмий маълумотига биноан, бугунги кунда Ўзбекистонда 13 мамлакатдан бўлган 47 журналист расмий қайддан ўтказилган. Жумладан, охирги бир йилда " Америка овози" мухбири Навбаҳор Имомова ва “Би-би-си” ўзбек хизматининг бир нечта журналисти Ўзбекистон ҳукумати томонидан аккредитациядан ўтказилган.

ЕХҲТ расмий сайтида эълон қилинган баёнотда айтилишича, Ўзбекистонда Fergana.Agencyдан ташқари Ozodlik, Eurasianet.org, AsiaTerra ва Uzmetronom каби қатор сайтларга киришда муаммолар мавжуд.

ЕХҲТнинг матбуот эркинлиги бўйича вакили Арлем Дезир Ўзбекистон ҳукуматини одамларнинг ахборот олиш ҳуқуқини таъминлаш мақсадида онлайн нашрларни блоклаш амалиётидан воз кечишга чақиргани тўғрисида аввалроқ хабар қилган эдик.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ЕХҲТнинг ОАВ эркинлиги масалалари бўйича вакили Комил Алламжонов А. Дезирнинг баёнотини билан танишиб чиққани ва айрим янгиликлар веб-ресурсларига кириш муаммолари борасидаги фактларни диққат билан ўрганиб чиқилаётганини маълум қилганди.

Шарҳларни кўринг (3)

Бу форум ёпилган
XS
SM
MD
LG