Линклар

Шошилинч хабар
15 октябр 2024, Тошкент вақти: 05:51

Матбуот шарҳи: Янги Ўзбекистон, эски найранглар


Президент Шавкат Мирзиёев Европа Кенгаши Президенти Шарль Мишель билан Нью Йоркдаги учрашувда. Сентябрь, 2023
Президент Шавкат Мирзиёев Европа Кенгаши Президенти Шарль Мишель билан Нью Йоркдаги учрашувда. Сентябрь, 2023

Ўзбекистонда Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни кенг нишонланган 27 июнь арафасида Тhe Diplomat нашри фаоллар, блогерлар ва ҳукумат танқидчиларини таъқиб қилиш ҳолатлари кўпайиб бораётганига эътибор қаратди.

Мақола муаллифи, HRW инсон ҳуқуқлари ташкилотининг Марказий Осиё бўйича тадқиқотчиси Мира Риттманга кўра, 2016 йилда президент Шавкат Мирзиёев ҳокимиятга келганидан кейин кўп ўтмай сиёсий мотивлар сабаб қамалган ҳуқуқ ҳимоячилари ва журналистлар озодликка чиқди. Гўё «янги» Ўзбекистон пайдо бўлаётгандек тасаввур уйғонди. Ўзбекистон Ислом Каримов давридагидан кўра ҳамкорликка, инвестицияларга ҳамда ислоҳотларга очиқ мамлакатдек кўрина бошлади.

Аммо HRW вакилига кўра, бу қисқа давр ортда қолди, эски одатлар яна бўй кўрсата бошлади.


Бугун биз Ўзбекистонда кучишлатар тузилмалар ва суд ҳокимияти ҳукуматни, жумладан, Ўзбекистон президентини танқид қилган фаоллар ва блогерларни ҳибсга олиб, жиноий жавобгарликка тортаётганига гувоҳ бўляпмиз. Парламент ҳокимият органларига нутқи ёки ҳаракатлари «мамлакат суверенитети, яхлитлиги ва хавфсизлигига таҳдид солувчи, адоват қўзғатувчи, халқ шаъни, қадр-қиммати ёки тарихини камситувчи» деб ҳисобланган хорижликларни «исталмаган» деб белгилашга рухсат берувчи қонунни кўриб чиқмоқда. Уларнинг беш йилгача мамлакатга киришини тақиқлаш таклиф қилинмоқда.

Ҳуқуқ ҳимоячилари, блогерлар ва ҳукумат танқидчиларини ҳаддан ташқари ёки асоссиз айбловлар билан қамоққа ташлайдиган Ўзбекистон қайта пайдо бўлаётганини кўряпмиз.

БМТнинг Инсон ҳуқуқлари қўмитаси, Халқаро меҳнат ташкилоти ва ECOSOC (БМТнинг Иқтисодий ва Ижтимоий Кенгаши бошқарув органи)га илк бор Ўзбекистондан вакиллар сайланди.

Андижонлик ҳуқуқ фаоли Дилмурод Муҳитдинов 30 апрель куни товламачилик ҳамда шахс шаъни ва қадр-қимматини камситишда айбланиб, ҳибсга олинди. Айблов бўйича бошқа тафсилотлар ошкор этилмади, бироқ унинг ҳибсга олиниши танқидий материаллари билан танилган Achchiq TV интернет-канали билан ҳамкорлиги билан боғлиқ деган хавотирлар бор.

Муҳитдинов биринчи марта ҳибсга олинаётгани йўқ. У дастлаб 2005 йил май ойида Андижон воқеаларидан кейин ҳибсга олинган ва 2006 йил январида беш йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинади. Дилмурод Муҳитдинов 2008 йилнинг февралида озодликка чиққан.

Ҳозирда ўндан ортиқ блогерлар панжара ортида. Улардан баъзилари 2023 йил декабрида саккиз йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган Олимжон Ҳайдаров каби товламачилик айблови билан жиноий жавобгарликка тортилган. Аммо уларнинг барчаси коррупция ва сўз эркинлиги билан боғлиқ танқидий чиқишлари учун жазога тортилган деб ишонилади.


7 июнь куни Қашқадарё вилоятида «Эзгулик» инсон ҳуқуқлари ташкилоти аъзоси, фаол Наргиза Келдиёрова устидан суд жараёни бошланди. Расмийлар Келдиёровани ўқитувчиларни жиноий гуруҳга бирлаштириб, бир неча кишидан пул ундиришда, хусусан собиқ мактаб директори ҳақидаги маълумотларни ошкор қилиш билан таҳдид қилишда айбламоқда.

Шунингдек, Келдиёровага 2022 йилда Қозоғистон ва Қорақалпоғистонда юз берган норозилик намойишлари борасидаги изоҳлари ҳамда президент ҳақидаги танқидий фикрлари учун «терроризм» ва «президентни ҳақорат қилиш» бўйича айбловлар ҳам қўйилган.

Унинг изоҳлари давлат буюртмаси асосида олиб борилган лингвистик таҳлилда «Ўзбекистонда ижтимоий-сиёсий вазиятни беқарорлаштиришга» уриниш дея таснифланган, бироқ Келдиёрованинг айнан нима дегани очиқланмаган. Агар у айбдор деб топилса, камида саккиз йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилиниши мумкин.

ДХХ ни танқид қилган блогер Қозоғистонда ҳибсга олинди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:13:34 0:00


2023 йилнинг март ойида 40 нафар журналист ва блогерлар ўзлари дуч келган цензура ва таъқиблардан хавотир билдириб Мирзиёевга мактуб йўллаган эди. Яна бир қанча журналистлар эса фаолиятини тўхтатишини эълон қилди. Президентни ижтимоий тармоқларда танқид қилгани учун қамоққа олинганлар сони сезиларли даражада ошди. Бу модда Жиноят кодексига 2020 йилда киритилган ва беш йиллик қамоқ жазосини ўз ичига олади.

Мақола давомида Мира Риттман 2022 йил декабрида Саадитдин Реимов ва Қўнғиратбай Реджепов тинч намойишларга чақирувларни қўллаб-қувватлагани учун «аксилконституциявий фаолият» айблови билан мос равишда тўрт ва етти йилга озодликдан маҳрум этилганини ёдга олади. Олдинроқ Қорақалпоғистондаги норозилик намойишларини уюштирганликда айбланган адвокат ва блогер Даулетмурат Тажимуратов эса 16 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинганди.

Ўзбекистонда яна кўплаб фаоллар панжара ортида турган бир пайтда, президентнинг ислоҳотлар ҳақидаги ваъдалари борган сари саробдек кўринмоқда. Ҳукуматнинг ўз вакилларини халқаро инсон ҳуқуқлари кенгаши каби органларга тайинлаши мамлакат обрўсини кўтаришга уринишдан бошқа нарса эмасдек таассурот уйғотади.

Ўзбекистон асоссиз жиноий айбловлар билан қамалган ҳар қандай фаол ёки журналистни зудлик билан озод қилиши ва сўз эркинлигини таъминлаш бўйича мажбуриятларини қайта кўриб чиқиши керак.

Ўзбекистон ҳукумати 2022 йил июль ойида юз берган норозилик намойишларидан кейин Қорақалпоғистон мустақиллигини очиқ қўллаб-қувватлаган ёки унга даъват қилган фаолларнинг овозини ўчиришга қаратилган ҳаракатларни ҳам кучайтирди, деб ёзади HRW тадқиқотчиси Мира Риттман The Diplomat нашрида эълон қилинган мақоласида.

Форум

XS
SM
MD
LG