Линклар

Шошилинч хабар
08 декабр 2024, Тошкент вақти: 16:36

MediaHub: "Вагнер" Ўзбекистон ва Қирғизистон фуқароларини Украинага қарши урушга ёлламоқда


Киевда 2018 йилнинг 2 июнида ўтган норозилик намойиши пайтида норозилар Россиянинг Киевдаги элчихонаси биноси олдига мана шундай картон тобутларни қўйиб кетишган эди.
Киевда 2018 йилнинг 2 июнида ўтган норозилик намойиши пайтида норозилар Россиянинг Киевдаги элчихонаси биноси олдига мана шундай картон тобутларни қўйиб кетишган эди.

MediaHub журналистик суриштирувлар маркази “Вагнер” хусусий ҳарбий ширкатига Ўзбекистон ва Қирғизистон фуқароларини ёллаш бошлангани тўғрисида хабар берди.

Журналистик суриштирув муаллифларига кўра, ўзбекистонликлар ва қирғизистонликлар Украинадаги урушда Россия тарафида жанг қилиш учун ёлланмоқда.

Суриштирувда қайд этилишича, ижтимоий тармоқларнинг ўзбек ва қирғиз сегментида Россиядаги қўриқчилик фирмаларига ишга таклиф қилинган эълонлар берилмоқда.

Эълонларда мазкур фирмалардаги иш ҳақи юз минг рубль экани ва Россияга келиш учун сарфланган йўл ҳақи ҳам тўлаб берилиши айтилган.

MediaHub журналистларининг аниқлашича, эълонда кўрсатилган телефонга қўнғироқ қилинганида, ёлловчилар қўриқчилик фирмасига ишга олиш жараёни “приоритетлар ўзгаргани ортидан” тўхтатилганини, аммо “Украинадаги махсус амалиёт доирасида ишлаш” учун одам йиғилаётганини айтадилар. Улар ўзларига мурожаат қилган шахсларга Украинадаги “махсус амалиётда” иштирок этувчиларга ойига 240 минг рублдан ойлик берилишини, камида тўрт ой ишлаш шартлигини билдирадилар.

“Хатто судланган одамларни ҳам ёллашмоқда, фақат Европа Иттифоқи ва НАТОга аъзо давлат фуқароси бўлмасангиз бас. Олти ой хизмат ўташга рози бўлганларга Россия фуқаролиги соддалаштирилган тарзда берилишини ваъда қилишмоқда. Энг муҳими, янги ёлланган шахс Украинадаги махсус амалиёт ўтказилаётган ҳудудда муайян вазифаларни бажаришини ва ташкилот Россия Мудофаа вазирлиги манфаати учун хизмат қилаётганини ҳам яширмайдилар. Жароҳат олганларга эса товон пули тўлаш назарда тутилмаган”,- дейилади MediaHub суриштурувида.

Шунингдек, одам ёлловчилар ўзларига мурожаат қилган шахс рози бўлган тақдирда ижтимоий тармоқлардаги барча аккаунтларини ўчиришни талаб қиладилар. Бундан ташқари смартфонларни ишлатиш ҳам тақиқланади ва фақат камерасиз кнопкали телефон ишлатишга рухсат берилади.

Бу ишга рози бўлганлардан Краснодар ўлкасидаги Молькино қишлоғига келиш талаб этилади. Мазкур қишлоқ ҳудудида Мудофаа вазирлигига қарашли ҳарбий база мавжуд. Шу билан бир қаторда Молькинода “Вагнер” хусусий ҳарбий ширкатининг махсус базаси борлиги ҳам айтилади. Журналистлар “Вагнер” базаси собиқ пионерлар лагери ҳудудида жойлашганини аниқлашган.

MediaHub журналистлари телефон номерларини идентификация қилиш хизмати орқали эълонларда қайд этилган телефон рақами “ЧВК “Вагнер”” номи билан сақланганини аниқлашган.

“Вагнер” ёлланма аскарлари Украинадаги жангларда ҳам иштирок этаётгани тасдиқланган. Жумладан, ахборот агентликлари 2 май куни Украинада “Вагнер” гуруҳининг ёлланма жангчилари асирга олингани тўғрисида хабар тарқатган.

“Вагнер” ёлланма жангчилари 2014 йилдан бери Донбассдаги жангларда сепаратчилар томонида уришиб келади. Расман мазкур ширкат аскарлари Россия Қуролли Кучларига алоқадор эмас. Айни пайтда улар Мудофаа вазирлиги инфраструктураси ва транспортидан фойдаланиб келади. Шунингдек, “Вагнер”нинг қатор ҳарбийлари жанговар орден ва медаллар билан мукофотланган.

Европарламент 2021 йилнинг 25 ноябридаёқ “Вагнер” ширкатига нисбатан санкциялар жорий этишни маъқуллаган эди. “Вагнер” компанияси Ғарб томонидан Украина шарқида ва дунёнинг бошқа низоли ҳудудларида Кремл номидан ишлаганликда ва инсон ҳуқуқларини поймол қилганликда айбланади. “Вагнер”га қарши санкция 2021 йилнинг декабрида ўз кучига кирган.

“Вагнер” ширкатини россиялик тадбиркор, президент Владимир Путинга яқин Евгений Пригожин бошқариши айтилади. Пригожинга ҳам АҚШ ва Европа Иттифоқи санкция қўллаган.

“Вагнер” ширкати ёллаган жангарилар Сурия, Мали ва Судандаги кўплаб ҳарбий жиноятларга алоқадор экани тахмин қилинади. Жумладан, Human Rights Watch халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилоти апрель ойи бошларида эълон қилган ҳисоботида Мали жанубида жойлашган Мура шаҳри теварагидаги қишлоқларда яшаган камида 300 кишининг қатл этилишида “Вагнер” жангчиларининг қўли борлигини гумон қилган.

XS
SM
MD
LG