Линклар

Шошилинч хабар
19 ноябр 2019, Тошкент вақти: 04:54

Ўзбек олигархи Москвада ҳафтасига 10 муҳожирга тиббий ёрдам кўрсата бошлади


Москвада муҳожирлар ва қочқинлар учун бепул тиббий ёрдам хизмати ташкил этилди. Фаттоҳ Шодиев халқаро жамғармаси ва Рус православ черкови моддий кўмагида ташкил этилгани айтилаётган тиббий ёрдам олдиндан тузилган рўйхат асосида кўрсатилади.

Бироқ, хизматни кўрсатаётган Авлиё Алексий Марказий клиник шифохонаси маъмурияти тиббий ёрдамдан ҳафтасига 10 кишидан ортиқ одам фойдалана олмаслигини Озодликка билдирди.

Россиядаги айрим оммавий ахборот воситаларида Москвада “Рядом дом” Мигрантлар ва қочқинларга кўмаклашиш маркази ва Авлиё Алексий Марказий клиник шифохонаси ҳамкорлигида ёрдамга муҳтож хорижлик гражданлар учун бепул тиббий ёрдам кўрсатиш хизмати йўлга қўйилгани эълон қилинди.

“Фарғона.ру” нашри хабарига кўра, шифохонада умумий амалиёт врачи қабули ва диагностика хизмати кўрсатилади.

Бу хайрия лойиҳаси Фаттоҳ Шодиев халқаро жамғармаси ва Рус православ черкови моддий кўмаги эвазига амалга оширилади.

Тиббий ёрдам хориж гражданлари бўлган мигрантлар, қочқинлар, уй-жойсиз қолган одамларга кўрсатилиши ҳам белгиланди.

Шодиев халқаро жамғармасидан янги лойиҳа тўғрисида қўшимча маълумот олиш имкони бўлмади.

Озодлик Авлиё Алексий шифохонаси ходимларидан бундай хизмат ҳақиқатан кўрсатилаётгани, фақат ундан саноқли одамларгина фойдалана олиши мумкинлигини билдирдилар.

- Ҳақиқатан, бепул хизмат кўрсатаяпди терапевтимиз. Болалар ва катта ёшдагиларга чекловларсиз. Фақат одам сони бўйича чеклов бор: ҳафтасига икки кун 5 кишидангина қабул қилишимиз мумкин, холос. Олдиндан телефон орқали ёзилиш зарур. Сиз бу хабарни бутун Ўзбекистонга тарқатмоқчимисиз? Кераги йўқ бутун Ўзбекистонни бизга юбориш – кимга ёрдамимиз зарур бўлса бизни топиб олади, деди бепул хизмат ҳақида хабарни тарқатмасликни сўраган шифохона навбатчиси.

Ўзини Евгения деб таништирган ходима Озодлик Радиоси орқали тарқатилган бу хабар “рўйхатга ёзила олмаган, аммо ёрдамга муҳтож бўлган мигрантлар ҳафсаласини пир қилиши” мумкинлигидан огоҳлантирди.

Озодлик билан суҳбатлашган Авлиё Алексий клиникаси ходимаси 6 ва 7 ноябрь кунлари бу лойиҳа асосида биринчи мурожаат қилганларга ёрдам кўрсатилганини қўшимча қилди.

У тиббий ёрдам сўраб келаётган ва суғурта полисига эга бўлмаган хориж гражданларига кўрикдан ўтиш учун паспортдан бошқа ҳужжат зарур эмас, деди.

Шифохона врачи чекловлар масаласида саволларимизга муассаса референтлари ё котибияти жавоб беришини айтди.

Тиббий ёрдамга муҳтож муҳожирлар ва қочқинлар ҳафтанинг иш кунлари давомида соат 08:30дан 16:30гача +7(495)952-11-41 рақамли телефон орқали рўйхатга ёзилишлари мумкинлиги, клиникада берилган йўриқнома ёрдамида эса улар Москванинг 64-шифохонасида ҳафтанинг чоршанба ва пайшанба кунлари кўрикдан ўтишлари мумкинлиги маълум қилинди.

2018 йилда иш бошлаган “Рядом дом” Мигрантлар ва қочқинларга кўмаклашиш маркази мигрантлар ва қочқинлар фарзандларига бепул рус тилини ўргатиб, уларга логопед хизматини ҳам кўрсатиб келади.

Россия Мигрантлар федерацияси расмий маълумотига кўра, ўтган 2018 йил давомида Россияга расман 3,5 миллион ўзбекистонлик кириб келган.

Улар ва нолегал ҳолатда қолаётган бошқа ўзбекларнинг энг катта қисми Москва ва Санкт-Петербург мегаполисларида ўрнашиб қолмоқда.

Шарҳларни кўринг (1)

XS
SM
MD
LG