Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 10:39

Волгоград полизларида мигрантларга қарши оммавий рейдлар ўтказилмоқда (ФОТО)


Иловлинский туманидаги рейд пайтида. Волгоград ИИБси матбуот хизмати фотоси
Иловлинский туманидаги рейд пайтида. Волгоград ИИБси матбуот хизмати фотоси

Россиянинг Волгоград областидаги мева-сабзавот етиштириладиган иссиқхоналарида маҳаллий полиция рейдлари давом этмоқда.

Текширувчилар мигрантлар қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришда сертификатланмаган химикатлардан фойдаланаётганини маълум қилмоқда.

Волгоград область Ички ишлар бошқармасининг Экология ва Миграция департаментлари ҳамкорликда ўтказган махсус амалиётлар ортидан Иловлинский районидаги хўжаликлардан бирида 80 мигрант ишлаётгани хабар қилинди.

Бошқарма матбуот хизматининг Озодликка билдиришича, 80 кишидан 12 нафари ишга рухсатномасиз полиз экинларини етиштиришда ишлатилаётгани аниқланган.

Волгоград ИИБси матбуот хизмати тақдим этган фотосурат
Волгоград ИИБси матбуот хизмати тақдим этган фотосурат

“Бундай рейдлар режа асосида областнинг бошқа районлари хўжаликларида ҳам олиб борилмоқда”, деди ўзини таништирмаган полиция навбатчи офицери.

- Светлояр туман қўрғони яқинидаги учта иссиқхонада 150 хориж граждани мева-сабзавот етиштириш ишларига жалб қилингани полициячилар томонидан аниқланди. Улардан 17 нафарига Россияда ноқонуний меҳнат фаолияти билан шуғулланиш моддаси асосида маъмурий иш очилди. Патентсиз ишлаган мигрантлар жаримага тортилади ва яқин орада мамлакатдан чиқариб юборилади, - деди полиция бошқармаси вакили.

Ички ишлар ходими кўплаб иссиқхоналарда ноқонуний тарзда сув ва электр энергиясидан фойдаланилаётганини аниқлаган.

Сертификатланмаган кимёвий моддалар. (Волгоград ИИБси матбуот хизмати фотоси)
Сертификатланмаган кимёвий моддалар. (Волгоград ИИБси матбуот хизмати фотоси)

Полиция маълумотларига кўра, ишчилар яшаётган бараклар остидаги ертўлада бочкаларда сақланаётган сертификатланмаган ва фойдаланишга рухсат этилмаган кимёвий моддалар топилган.

Терговчилар бу кимёвий препаратларни мусодара қилиб, экспертизага жўнатгани маълум бўлди.

Асосан ўзбекистонлик ишчиларни полиз экинларини етиштиришга жалб қилган маҳаллий иш берувчи суд қарори билан ҳар бир ноқонуний хорижлик учун 800 минг рублдан жаримага тортилди.

Волгоград полицияси нолегал муҳожирларни аниқлашга қаратилган махсус рейдларни кўпайтиргани айтилмоқда. Айни амалиётлар Волгоград шаҳри, Дзержинский, Тракторозаводский, Городишченский, Иловлинский туманлари, Авилово ва Сакарка қўрғонларидаги иссиқҳоналарда Росгвардия ва ОМОН кучлари иштирокида ўтказилди.

(Волгоград ИИБси матбуот хизмати фотоси)
(Волгоград ИИБси матбуот хизмати фотоси)

Волгоград область Думаси депутатлари бундан бир неча йил олдин сабзавот етиштириш ишларига ҳар бир хўжалик томонидан жалб қилинган хорижликлар сони 50% дан ошмаслигини қатъиян белгилаб қўйган эди.

Волгоград ИИБси маълумотига биноан, мигрантлар сонини чеклашга қаратилган тадбирлар ва полиция рейдлари натижасида олдинги йилларга нисбатан нолегал ишлаётган мигрантлар сони кескин камайган.

Айни пайтда, Россиянинг бошқа ўлкаларида ҳам миграция қонунчилигини бузган хориж гражданларига қарши тартиб-қоидалар кучайтирилмоқда. Россия Федерацияси Хавфсизлик Кенгаши раиси муовини Александр Гребенкин 2018 йилда Россиядан 72 минг киши чиқариб юборилгани, яна 240 минг кишига Россияга кириш тақиқланганини маълум қилди.

Хавфсизлик Кенгаши вакили ўтган йил давомида хориж мигрантлари содир этган жиноятлар сони умумий ҳисобдан 4 фоизнигина ташкил этганини эълон қилди.

XS
SM
MD
LG