Линклар

Шошилинч хабар
18 январ 2020, Тошкент вақти: 06:08

Шереметьевода $3600 топиб олган ўзбек муҳожири ўғирликда айбланмоқда (ВИДЕО)


Москванинг “Шереметьево” аэропортида 3,6 минг доллар топиб олган ўзбекистонлик фаррош йигит жавобгарликка тортилди. Транспорт полицияси уни бу пулларни ўзлаштириб, Ўзбекистонга қочиб кетаётганида ушлаганини иддао қилмоқда.

Исми ва шахсига оид бошқа маълумотлар ошкор қилинмаётган фаррош йигит Россия пойтахтининг “Шереметьево” халқаро аэропортида назорат лентаси тагини тозалаётиб, ичи тўла доллар бўлган конверт топиб олади.

Бу ҳодиса ҳақда пулини йўқотган йўловчи аёлнинг полицияга мурожаатидан кейин маълум бўлди.

Аэропорт полициясига кўра, кузатув камераларини кўздан кечириб, пулларни Ўзбекистондан экани айтилаётган фаррош йигит олиб кетгани аниқланган.

Россия полициясининг Транспортдаги бошқармаси мулозимининг Озодлик сўровига жавобан айтишича, пул солинган конверт назорат лентасидан тушиб қолган:

- Мурожаат қилган эркак киши “Сеул - Москва - Санкт-Петербург” транзит рейси билан учиб кетаётганида унинг қизи “D” терминалидаги назорат лентасида 3600 доллар миқдорида конвертга солинган маблағни тушириб қўйган экан, деди транспорт полицияси навбатчиси.

Ижтимоий тармоқларда оператив ходимлар тарқатган видеода лента тагини супураётган ўзбек муҳожири конвертни топиб олиб, уни куракчага солиб кетаётганини кўриш мумкин.

Бунча пулни топган муҳожир йигит дарҳол ишдан бўшаб, “Внуково” аэропорти орқали Ўзбекистонга учиб кетаётганида ҳибсга олингани айтилди.

Полиция маълумотларига кўра, йўқолган пулларнинг бир қисми исми ошкор этилмаётган ўзбекистонликдан, қолгани унинг қариндоши яшаётган квартирадан топилиб, мусодара қилинган.

Транспорт полицияси Ўзбекистон ватандошига нисбатан “Катта миқдорда зарар келтириш йўли билан содир этилган ўғирлик” моддаси (РФ ЖК 158- моддаси, 2 қисми) бўйича жиноят иши очган.

Бу айблов асосида ўзбекистонлик фаррош 200 минг рублгача жаримага тортилиши ёки 5 йилгача қамоқ жазосига маҳкум этилиши мумкин.

Шарҳларни кўринг (6)

Бу форум ёпилган
XS
SM
MD
LG