Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 10:35

Меҳнат муҳожирлари пандемия даврида Россияга кириб олиш учун ҳеч нарсадан қайтишмаяпти


Россияга йўл олган ўзбекистонлик меҳнат мигрантлари
Россияга йўл олган ўзбекистонлик меҳнат мигрантлари

2020 йилнинг баҳор ва ёз ойларида минглаб меҳнат муҳожирлари ишсиз ва даромадсиз қолиб, Россияни тарк этишганди. Пандемия ҳали тугамаган бўлса-да, одамларда аввалги ваҳима йўқ. Муҳожирлар эса ўз юртларидан муносиб иш тополмагач, яна Россияга қайтиш ҳаракатига тушган ва бунинг учун ҳар қандай имкониятни ишга солишяпти: қалбаки тиббий маълумотномаларни сотиб олишяпти, ўзларини транзит юк машиналари ҳайдовчиси қилиб кўрсатишяпти ва ҳатто чегарани ўрмон зонасида кесиб ўтишяпти. Қўлга тушган тақдирда, Россияга кириш узоқ йилга тақиқланиши хавфи ҳам уларни тўхтата олаётгани йўқ.

"Россия – менинг истиқоматгоҳим"

26 яшар Дониёр ўтган йили мартда ишсиз қолганди. У Москвада официантлик қилган. Ҳукумат карантин чекловларини эълон қилгач, у икки ой уйда қолиб, ота-онасига юбормоқчи бўлган пулини сарфлашга мажбур бўлди. Сентябрь ойида Дониёр Ўзбекистонга, Андижон вилоятидаги она шаҳрига қайтди.

“Қайтиб боришим билан иш излашга тушдим. Бешинчи ой кетяпти, лекин ҳануз тузукроқ иш топа олмадим — на ўз шаҳримда, на вилоят марказида. Нари борса $130-150 ойлик таклиф қилишади, ҳолбуки Россияда 8-10 баравар кўп топардим”, — дейди Дониёр.

Дониёр Россияни “менинг истиқоматгоҳим” деб таърифлайди. У ерда 18 ёшидан бери яшаб, ишлаб келаётгани, барча дўстлари Россияда эканини айтади. Шундай бўлса ҳам, у Россияга ватандошлари каби қинғир йўллар билан қайтишга шошилмаяпти.

Ўзбекистонлик тадбиркор мигрантлар хостелларига асос солди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:09 0:00

“Москвага учиш муаммо эмас, муаммо — паспорт назоратидан ўтиб олиш. Янги йилдан олдин Россияга киритиб қўйиш “имконияти” $1000-1200 га чиқди. Бу “ҳаммаси ичида” қабилидаги тизим бўлиб, билет, касаллик тўғрисида маълумотнома, чегарада ҳаммаси яхши бўлиши ҳақидаги кафолат (албатта оғзаки) ҳамда бу қоғозларни тўлдириб берувчи одамларнинг хизматларини ўз ичига оларди”, — ҳикоя қилади Дониёр.

Қалбаки маълумотномалар ва сохта ҳайдовчилар

Чегаралар ёпиқ ҳозирги шароитда Россияга кириш ҳуқуқига эга одамлар тоифалари унча кўп эмас: булар ушбу мамлакат фуқароларининг яқин қариндошлари, яшаш учун рухсатномаси бор кишилар ҳамда даволаниш учун келганлар — зарур тиббий маълумотномани тақдим этиш шарти билан.

Муҳожирлар ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи “Тонг Жаҳони” ташкилоти ижрочи директори Валентина Чупикнинг сўзларига кўра, “нажоткор” тиббий маълумотнома муайян шаклда бўлиши ва одам Россияда стационар даволанишга муҳтожлиги унда аниқ-тиниқ кўрсатилиши шарт. Бунақа маълумотнома эгаси касалхонага ётади ва муҳожир сифатида ҳам ўша ерда ҳисобга қўйилади. Ҳужжатнинг амал қилиш муддати 45 кун. Бемор, муолажа тугаши билан Россияни тарк этиши лозим.

Россияга қонуний кириш асослари очиқлангач, мана шунақа сохта маълумотномаларни тайёрлаш билан шуғулланувчилар пайдо бўлди.

Меҳнат миграцияси масалалари бўйича эксперт, Душанбедаги Инсон ҳуқуқлари маркази аъзоси Нодира Абдуллаевага кўра, Россияга кириб олишнинг яна бир кенг тарқалган йўли — бу Россияга мол ташувчи ёки Россия ҳудуди орқали қатновчи юк машиналаридан бирининг иккинчи (алмашувчи) ҳайдовчиси бўлиб келиш. Бунинг учун тегишли тоифадаги ҳайдовчилик гувоҳномаси керак бўлади, “хизмат” нархи $1000-1200.

Беларусь ўрмонлари оралаб...

Ҳуқуқбон Валентина Чупикнинг сўзларига кўра, муҳожирларнинг оғир юк машиналарида кириб келиши ўтган йилнинг июлидаёқ қайд этилган. Сентябр ўрталаридан бошлаб эса мигрантлар, бошқа мамлакатлар билан авиақатновларни тўхтатмаган Беларусь орқали Россияга гўёки “ёпирилишган”. Аммо бу қонунбузарлик ҳисобланади: хорижликлар Россияга фақат, ўзи фуқароси бўлган ёки яшаш учун рухсатнома берган мамлакатдангина тўғридан-тўғри келиши мумкин, холос. Беларусь орқали кирар экан, ўзга давлат паспортига эга муҳожир РФ ЖКнинг 322-моддаси (Россия Федерацияси чегарасини ноқонуний кесиб ўтиш) билан айбланиб, катта жарима (300 минг рублгача) тўлаш, ҳатто озодликдан маҳрум бўлиш (4 йилгача) хавфи остида қолади.

Рус-қозоқ чегарасида қолаëтган ўзбекистонликлар қачон қайтарилиши ҳозирча номаълум
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:11:49 0:00

Ҳуқуқбон Беларусь орқали Россияга кириб олишнинг учта схемаси мавжудлигини айтади. “Дастлаб Беларуснинг “Уч опа-сингил” чегара пости орқали машиналарда Москвагача ташишарди. Бу схема фош бўлгач муҳожирларни Беларусдан Украинага элтиб, у ердан Курск областига ўтказадиган бўлишди. Иккала ҳолатда ҳам ҳар бир муҳожирдан 20-25 минг рублгача ҳақ ундирилган. Учинчи йўл энг хатарлиси: одамлар ўрмон орқали ўнлаб чақирим йўл босиб, Россиянинг Смоленск областига етиб олишади”, — дейди Чупик.

Унинг айтишича, декабрь ойи охирларида бўлиб ўтган Россия тергов ва чегарани қўриқлаш идораларининг қўшма йиғилишида мамлакатга ноқонуний кириш юзасидан мавжуд аҳвол муҳокама қилиниб, статистик маълумотлар келтирилган. Очиқланишича, 2020 йилнинг 15 мартидан 15 декабрига қадар жами 3 876 киши Россия чегараларидан ўтиш тартибини бузган ва уларнинг барчаси Марказий Осиё давлатларидан. Шундан 339 нафарига нисбатан жиноят ишлари қўзғатилган.

Мазкур воқеалар манзарасида Беларусь Вазирлар Кенгаши 2020 йил 21 декабрдан бошлаб мамлакатни қуруқликдаги ўтиш пунктлари орқали тарк этишни вақтинча тақиқлашга мажбур бўлган.

Ўзбеклар бас қилишди, тожиклар — йўқ

Юрист Валентина Чупик декабрнинг охирларида Россияга даволаниш учун келиш, айниқса авж олганини таъкидлайди. “29 декабрь куни Шереметьевога Ўзбекистоннинг 100 нафар фуқароси учиб келди. Эркаклар, аёллар. Ҳаммасининг қўлида бир хил маълумотнома: барчаси простатитдан даволаниши керак экан... 4 январга ўтар кечаси уларни юртига қайтариб юборишди. 31 декабрда эса Душанбедан сохта маълумотномалар билан бир самолёт тожик муҳожирлари келди. Улар қайтишни хоҳлашмади, Россия барибир қабул қилишидан умидланиб тўполон кўтаришди. Улар Янги йил таътилини аэропортда ўтказишга мажбур бўлишди, чунки олиб кетишга самолёт 14 январдагина учиб келди”, — дейди Чупик.

“Тонг жаҳони” ташкилотининг қайд этишича, мазкур воқеа ўзбекистонликларга яхши сабоқ бўлган ва улар бу тариқа Россияга киришга уринишдан воз кечганлар. Бироқ тожикларнинг сохта маълумотномалар билан келиши ҳамон давом этмоқда.

Ўзини оқламас таваккалчилик

Нодира Абдуллаева ҳамда Марказ юристлари фуқароларни транзит юк машиналари ва қалбаки маълумотномалар ёрдамида Россияга киришга уриниш оқибатларидан огоҳлантиришмоқда. “Марказимиз Тожикистон Меҳнат вазирлигига мурожаат қилди, улар бизни дастаклашга тайёр. Юристларимиз муҳожирлар дуч келадиган хавф-хатарлар ва улардан сақланиш чоралари тўғрисида тожик тилида қўлланма тайёрлашяпти. Уни муҳожирларга тарқатамиз”, — дея қайд этади у.

Валентина Чупик 2020 йил 17 декабрдан Россия ИИВа қўлга тушган қонунбузар муҳожирларни депортация қилишга яна рухсат берилгани, пандемия бошланганида қисқа вақтга тўхтатилган миграцион текширувлар қайтадан бошланганини эслатади. Ҳуқуқбонларга полиция текширувлар чоғида патентларни бекор қилаётгани, жарималар белгилаётгани ва Россиядан ўз ихтиёри билан чиқариб юборилаётгани тўғрисида хабарлар келиши кўпайган.

“Муҳожирлар Россиядан бу йўсин чиқариб юборишнинг оқибатини ҳали тўлиқ англашгани йўқ, — дейди Чупик бир оз асабийлашиб. —ХДФВСЖ (Хорижий мамлакатлар фуқароларини вақтинча сақлаш жойи) орқали депортация қилишмаса, Россияда қонуний қолишим мумкин, деб ўйлашяпти. Йўқ. Эшитишимга қараганда, Россияга кириши узоқ йилларга тақиқланган одамлар рўйхати тўлдирилмоқда экан: назарда тутилган муҳожирлар катта эҳтимол билан ўша рўйхатдан жой олишади”.

XS
SM
MD
LG