Ўзбекистон хабарлари
Меҳнат вазирлиги: Сурхондарёда банк ходимлари пахтага олиб чиқилганига оид ҳолат ўрганилмоқда

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги Сурхондарёнинг Ангор туманида банк ходимлари ҳордиқ кунлари пахта теришга жалб қилинганига оид маълумотни текширяпти. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати маълум қилган.
Аввалроқ Телеграмдаги “Банкир кундалиги” каналида тумандаги банк ходимлари шанба куни раиснинг топшириғи билан “Тўққиз ой якуни” дея ишга жалб қилингани, якшанба куни эса уларга, ҳоким топшириғига мувофиқ, пахта теримига чиқиш тайинланганига оид хабар тарқатилган.
Меҳнат вазирлиги мазкур ҳолат Давлат меҳнат инспекцияси томонидан ўрганиб чиқилаётгани, ўрганиш якунлари бўйича қўшимча маълумот тақдим этилишини билдирган.
Кун янгиликлари
Римда Мирзиёевнинг Италия расмийлари билан музокаралари бўлиб ўтди

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 8 июнь куни Римдаги Квиринал саройида италиялик ҳамкасби Сержо Маттарелла билан музокаралар ўтказди.
Президент матбуот хизмати маълумотига кўра, учрашув чоғида икки давлат раҳбарлари Ўзбекистон билан Италия ўртасидаги иқтисодий ҳамкорлик масалаларини кўриб чиққанлар.
“Президентлар куни кеча ўтган бизнес-форум натижаларини мамнуният билан қайд этдилар. Унинг якунида умумий қиймати 9 миллиард евродан зиёд бўлган келишув ва шартномаларнинг салмоқли тўплами имзоланди”, дейилган хабарномада.
Музокаралар пайтида гуманитар алоқаларни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилган, шунингдек, таълим, археология, экологик хатарларга қарши курашиш соҳаларидаги ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинган.
Президентлар минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик масалалар, хусусан, Афғонистондаги вазият юзасидан ҳам фикр алмашишган, афғон халқига манзилли гуманитар ёрдамни давом эттириш ҳамда махсус вакилларнинг маслаҳатлашувларини мунтазам ўтказиш муҳимлигини таъкидлашган.
Шу куннинг ўзида Шавкат Мирзиёев Италия бош вазири Жоржа Мелони билан ҳам учрашган. Учрашувда икки мамлакат ўртасидаги амалий ҳамкорликни ривожлантириш учун катта имкониятлар мавжудлиги ҳисобга олинган ҳолда, технологик ва инновацион шериклик бўйича қўшма лойиҳаларни илгари суриш муҳимлигини қайд этилган.
Аввалроқ Озодлик Шавкат Мирзиёев Италия президенти Сержо Маттарелланинг таклифига биноан 7-9 июнь кунлари расмий ташриф билан Римда бўлиши ҳақида хабар қилган эди.
Тошкентдаги боғчада тарбияланувчиларига игна тиққан тарбиячилар жаримага тортилди

Жиноят ишлари бўйича Янгиҳаёт туман суди 122-болалар боғчасида тарбияланувчиларга игна тиққан амалиётчи ўқувчи ҳамда боғчанинг бошқа бир тарбиячига жазо тайин қилди.
Тошкент шаҳар судларининг Telegram-каналида қайд этилишича, суднинг 8 июндаги қарори билан 34 ёшли тарбиячи С. Э. билан 20 ёшли амалиётчи М. Р. Ўзбекистон Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 52-моддаси (енгил тан жароҳати етказиш) 2-қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир этган деб топилиб, улардан ҳар бирига базавий ҳисоблаш миқдорининг 4 баравари (1 миллион 320 минг сўмдан) миқдорида жарима жазоси тайинланди.
122-сонли боғчадаги 4-сонли кичик гуруҳда шу йил 11 майидан амалиёт ўтай бошлаган коллеж ўқувчиси ухламаган тарбияланувчиларга игна тиқиб олгани 29 май куни Тошкент шаҳар мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси томонидан ҳам тасдиқланган.
Бошқарма ўшанда талаба М. Р. амалиётдан четлатилгани, ҳолат юзасидан Янгиҳаёт туман ИИО ФМБ томонидан суриштирув ишлари олиб борилаётганини қайд этган. Бироқ ММТБ хабарномасида болаларга игна тиқиш ҳолати юзасидан суд томонидан жаримага тортилган тарбиячи С. Э. хусусида ҳеч нарса дейилган эмас.
Ўзбекистон постсовет ҳудудида аҳоли сони бўйича иккинчи мамлакатга айланди

Россия босқини туфайли Украина аҳолиси кескин камайиб кетгани ортидан Ўзбекистон аҳоли сони бўйича собиқ СССР мамлакатлари орасида иккинчи ўринга чиқиб олди. Бу борадаги рақамларга bne IntelliNews нашри эътибор қаратган.
2000-йиллар бошида аҳоли сони 45 миллион бўлган Украинада уруш туфайли бугунги кунда 29 миллион киши истиқомат қилаётгани айтилмоқда. Украина урушга қадар постсовет ҳудудида аҳоли сони бўйича Россиядан (тақрибан 146 миллион киши) кейин иккинчи мамлакат ҳисобланар эди.
Ўзбекистонда эса жорий йилнинг июнь ойи ҳолатига аҳоли сони 36 миллион нафардан ошган. Мақолада Ўзбекистон постсовет ҳудудида аҳолиси энг ёш ва тез ўсиб бораётган мамлакат экани урғуланган.
Қайд этилишича, 2022 йил январь ҳолатига аҳолининг ўртача ёши 29,1 ни ташкил қилган, бир аёлга эса ўртача 2,33 та туғруқ тўғри келган, бу эса 2021 йилдан 2022 йилгача аҳоли сонининг 1,6 фоизга ошишига олиб келган.
Шу ўринда, БМТ ҳисоб-китобига кўра, украиналиклардан 8 миллион нафари уруш туфайли туғилган юртини тарк этишга мажбур бўлгани, бу қочқинлар ватанларига қайтган тақдирда Украина постсовет ҳудудида аҳоли сони бўйича яна иккинчи ўринга чиқиб олиши мумкинлигини эслатиш жоиз.
Тошкентдаги “Илҳом” театрида Россияда ҳибс қилинган драматургнинг пьесаси ўқилди

“Илҳом” театрида россиялик драматург Светлана Петрийчукнинг “Финист Ясний Сокол” асари ўқилди. Уни режиссёр Максим Фадеев Светлана Петрийчук ва режиссёр Евгения Беркович билан бирдамлик рамзи сифатида саҳналаштирди. Бу ҳақда Gazeta.uz 8 июнь куни хабар тарқатди.
Драматург Светлана Петрийчук ва режиссёр Евгения Берковичга 5 май куни Москва шаҳар Замоскворецк суди “терроризмни оқлаш”айбловини билдирган ва эҳтиёт чораси сифатида уларни икки ойга ҳибсга олган эди.
Уларга нисбатан жиноят иши қўзғатилишига “Финист Ясний Сокол” спектакли устидан икки йил олдин ёзилган чақим сабаб бўлган. Мазкур спектаклда “ўзлари севган йигитлар-жангарилар» билан бирга бўлиш учун Россиядан Сурияга қочган аёллар тўғрисида ҳикоя қилинади.
2021 йилда Москвада саҳналаштирилган бу асар Россия театрлари фестивалида икки марта “Олтин ниқоб” мукофотига сазовор бўлган. Ўша пайтда спектаклга қарши ҳуқуқ органларига чақим ёзилган эди. Орадан икки йил ўтгач бу чақим асосида жиноят иши қўзғатилган.
“Илҳом” театрида мазкур асар фақат бир марта ўқишга мўлжалланиб саҳналаштирилди. Олмаотадаги ARTиШОК театри эса ўз инстаграмида Петрийчук озод этилгунига қадар ҳар ойда бир марта унинг пьесаларини ўқишини билдирган.
Қашқадарёда ўғил бола жиянини зўрлаган шахс 16 йилга қамалди

“Сукут сақлама” (NeMolchi.uz ) лойиҳасининг 7 июнда билдиришича, Қашқадарё вилоятида 8 ёшли ўғил жиянини зўрлаган 48 ёшли шахс 16 йилга қамалди.
Хабарда айтилишича, суд ҳукми 31 май куни эълон қилинган. Суд М.И., ни Жиноят кодексининг 119-моддаси 4-қисми билан айбдор деб топган. Эркак жазони умумий тартибли колонияда ўтайди.
“Сукут сақлама” лойиҳасининг маълум қилишича, М.И., 2022 йил ноябрида икки шиша спиртли ичимлик истеъмол қилиб, мактабдан ўртоқлари билан қайтаётган жиянини кўриб қолади. У 8 ёшли болага дўкондан ширинлик олиб бериб, уйига чақиради.
М.И., уйда жиянини бир хонага қамаб, ечинтиради ва боланинг қаршилигига қарамай, “уни ерга ётқизиб орқадан ишқаланади”.
Бу орада боланинг онаси ўғли мактабдан қайтмаётганидан хавотир олиб унинг синфдошларидан ўғли ҳақида суриштиради. Синфдошлари болани М.И., маст ҳолда уйига олиб кетганини айтишади. У дарҳол бу ҳақда эрига айтади. Ота қўшниси билан бирга М.И.,нинг уйига бориб, уни “жиноят устида қўлга туширади”.
NeMolchi.uz - 2017 йилда ташкил этилган мустақил ахборот лойиҳаси - Аёлларга нисбатан зўравонликка жамоатчилик эътиборни жалб қилиш ва бу масалага жамиятнинг муносабатини ўзгартиришни мақсад қилганини билдириб келади.
Урганч шаҳридаги 1-оилавий меҳрибонлик уйига берилган - 15, 16, 17 ёшдаги етим қизларнинг 10 ой давомида Хоразм вилояти давлат амалдорлари билан жинсий алоқага мажбурлангани ҳақида биринчи бўлиб NeMolchi.uz хабар қилган эди.
Май ойининг бошларида лойиҳа асосчиси Ирина Матвиенко ўзига нисбатан ўлдириш таҳдиди бўлаётгани ортидан Ўзбекистонни тарк этишга мажбур бўлгани тўғрисида Озодликка маълум қилган. ИИВ 3 май куни Ирина Матвиенкого қилинган таҳдид ўрганилаётгани ҳақида баёнот берди. Аммо шу кунгача ИИВ текшируви натижалари тўғрисида маълумот берилмади.
Фарғонадаги можаро: Вилоят ИИБ Хидирназар Аллақулов ва тарафдорлари ички ишларнинг икки ходимига жароҳат етказганини иддао қилди

“Ҳақиқат, тараққиёт ва бирдамлик” партиясини тузиш мақсадида имзо тўплаш учун Фарғона шаҳрига борган профессор Хидирназар Аллақулов ва унинг тарафдорлари 7 июнь куни яна можаро марказида қолди.
Фарғона вилояти ички ишлар бошқармаси маълумотига кўра, Хидирназар Аллақулов чоршанба куни Фарғонадаги “Ислом Каримов” номли санъат саройи ҳудудида юзага келган низоли ҳолат бўйича шаҳар ИИО ФМБга (Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармасига) мурожаат қилган. Қайд этилишича, профессорнинг мурожаати ички ишлар ходимлари томонидан белгиланган тартибда қабул қилинган.
“Шунингдек, ИИО ФМБ биносининг ташқарисида фуқаро Аллақулов Х. фуқаро 1971 й.т. М.У. билан ўзаро тушунмовчилик натижасида жанжаллашиб, гўёки унинг имзо йиғиш жараёнига ҳуқуқ-тартибот ходимлари томонидан аралашув бўлаётганлигини асоссиз важ қилиб, шаҳар ИИО ФМБ ҳудудига қайтиб кириб, ички ишлар органлари ходимлари билан жанжал уюштирган”, дейилган расмий муносабатда “фуқаро Аллақулов Х. ўз тарафдорлари А.Ш. ва Т.Ш. билан фаол қаршилик кўрсатиб, хизмат вазифасини бажараётган икки нафар ички ишлар ходимига тан жароҳати етказишган”и иддао қилинган.
Баёнотда айни пайтда мазкур ҳолат юзасидан Фарғона шаҳар прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилаётгани қўшимча қилинган.
Ўз навбатида, Аллақуловнинг тарафдорлари партиянинг YouTube каналида Фарғонадаги имзо йиғиш чоғида провокацияга дуч келишганини қайд этишган. Уларнинг иддаосича, ИИБга борган Аллақулов бир неча тарафдори билан биргаликда ўша ерда бир неча соатдан бери тутиб турилибди, фаолларнинг қўлларига кишан урилган.
Профессор Хидирназар Аллақулов ва партия фаоллари “Ҳақиқат, тараққиёт ва бирдамлик” партиясини тузиш учун имзо йиғиш мақсадида 20 май куни Андижонга борганида бир гуруҳ номаълум шахслар ҳужумига учрагани ҳақида Озодлик аввалроқ хабар қилган эди.
Олтиариқда содир бўлган автоаварияда италиялик аёл ҳалок бўлди

Фарғона вилоятининг Олтиариқ туманида 2 июнь куни Nexia-2 ҳайдовчиси велосипед ҳайдаб кетаётган 67 ёшли Италия фуқароси А.У.ни уриб юборган, оқибатда велосипеддаги аёл нобуд бўлган. Бу ҳақда Газета.uz нашри ўз манбаси сўзларига таянган ҳолда хабар қилган. Мазкур маълумотни кейинроқ ИИВ матбуот хизмати ҳам тасдиқлаган.
Нашр хорижлик фуқаро ўлими билан тугаган йўл-транспорт ҳодисаси ўтган жума куни соат 10:10 лар атрофида Боғдод-Олтиариқ йўлининг 2-километрида содир бўлгани ҳақида ёзган.
Қайд этилишича, 21 ёшли бағдодлик фуқаро уриб юборган италиялик аёл касалхонага етказилган, аммо кўрсатилган тиббий ёрдамга қарамай, олинган жароҳатлар туфайли ўша ерда жон берган.
ЙТҲ бўйича Ўзбекистон Жиноят кодексининг 266-моддаси 2-қисми (Транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилгани, ҳолат юзасидан суриштирув ишлари Фарғона вилояти ички ишлар бошқармаси олиб бораётгани қўшимча қилинган.
Чимкентда одамларни ўққа тутгани айтилган ўзбекистонлик 15 йилга қамалди

Қозоғистоннинг Чимкент шаҳрида одамларни ўққа тутган ўзбекистонлик Эркинжон Исмоилов суд қилинди. BaigeNews.kz нашри хабарига кўра, маҳкама жараёни жиноят ишлари бўйича туманлараро махсус судида очиқ тартибда ўтказилган.
Жорий йилнинг февраль ойида Чимкентда одамларни ўққа тутган ўзбекистонлик қўлга олингани ҳақида Озодлик аввалроқ хабар қилган эди. Қурол дўконига харидор сифатида кирган бу киши сотувчи аёлдан “Сайга” милтиғини кўрсатишни сўраган, кейин эса аёлнинг бошига қирқма ов милтиғини тираб, қуролни олиб чиқиб кетишга муваффақ бўлган.
Воқеа жойига етиб борган қўриқчилик хизмати ходимлари билан отишмага киришган ҳужумчи охир-оқибат маҳаллий ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан тутиб кетилганди.
Маълумотларга кўра, Эркинжон Исмоилов судда айбига иқрор бўлган. Суд унга 15 йиллик қамоқ жазоси тайинлаш бўйича ҳукм чиқарган.
Аввалроқ Исмоилов Озодликнинг қозоқ хизматига Чимкент шаҳрига Ўзбекистоннинг Наманган вилоятидан келгани ва новвойлик билан тирикчилик қилганини айтган. Икки фарзанди борлигини айтган муҳожир оиласи унинг судланаётганини билмаслигини қайд этган.
Исмоиловга нисбатан суд ҳукми ҳали ўз кучига кирган эмас, томонлар маҳкама қарори юзасидан апелляция тартибида шикоят аризаси киритиш имкониятига эгалар.
Ўзбекистон ва Қатар икки томонлама ҳамкорликни янги даражага олиб чиқишга келишди

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Қатар амири Тамим бин Ҳамад Ол Соний 6 июнда Самарқанд шаҳридаги Конгресс марказидаги музокараларда икки томонлама ҳамкорликни янги даражага олиб чиқишга келишди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати маълум қилди.
- Биз Қатарни нафақат Яқин Шарқ минтақасида, балки бутун араб-мусулмон оламида ўзимизнинг истиқболли ҳамкоримиз сифатида биламиз, - деди Мирзиёев учрашувда.
Қатарнинг етакчи компаниялари энергетика, газ-кимё саноати, қишлоқ хўжалиги, инфратузилма, логистика, туризм ва бошқа тармоқларда умумий қиймати 12 миллиард доллардан зиёд йирик инвестиция лойиҳаларини амалга оширишда иштирок этиши юзасидан келишувга эришилди.
Музокаралар якунида Шавкат Мирзиёев ва шайх Тамим бин Ҳамад Ол Соний иштирокида 15 та икки томонлама ҳужжатни имзолаш маросими бўлиб ўтди.
Имзоланган шартномалар орасида "Икки томонлама солиққа тортишнинг олдини олиш ҳамда даромад ва мулк солиқларини тўлашдан бош тортишни бартараф қилиш тўғрисида ҳукуматлараро битим" ҳамда "Меҳнат муносабатлари соҳасида ҳамкорлик тўғрисида ҳукуматлараро битим" ҳам бор.
Мирзиёев Қатар Амири ташрифи арафасида қатарликларга 30 кун мобайнида Ўзбекистон ҳудудида визасиз бўлишига рухсат берувчи фармонни имзолади. Қатар давлати мазкур ҳужжат имзоланиши ортидан фуқаролари бир ой давомида Ўзбекистонда визасиз юриши мумкин бўлган 45 та мамлакат қаторига қўшилди.
Қатар амири шайх Тамим бин Ҳамад Ол Соний 5-6 июнь кунлари давлат ташрифи билан Ўзбекистонда бўлган эди. Икки давлат ўртасида дипломатик алоқалар ўрнатилган 25 йил давомида Қатар амири илк бор Ўзбекистонга келди.
Косонда 14 ёшли қизини калтаклаб келган ота уч йилга қамалди

Жиноят ишлари бўйича Косон туман суди 7 июнь куни 14 ёшли қизини муттасил равишда ҳақоратлаб, қийнаб ва калтаклаб келган Р.Т., ни уч йилга озодликдан маҳрум қилди.
Олий суд матбуот хизматининг билдиришича, 1978 йилда Қашқадарё вилоятида туғилган Р. Т., ишсиз бўлган ва муқаддам судланган.
Суд ҳукмига мувофиқ Р. Т. Жиноят кодексининг 110-моддаси (қийнаш) 2-қисми “а” бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилган.
Озодлик радиоси апрель ойида ота ва она ўсмир қизни калтаклагани тўғрисидаги видео ижтимоий тармоқда тарқалганидан сўнг Бош прокуратура 19 апрель куни Жиноят кодексининг 110-моддаси билан жиноят иши қўзғатгани тўғрисида хабар берганди.
Ижтимоий тармоқларда тарқатилган видеода ота ва она ўсмир қизалоқни томорқада ортидан қувиб юриб аёвсиз калтаклаётгани, қизалоқ эса чинқириб йиғлаётгани ва қочаётгани акс этган. Бу воқеани видеога олаётган кишининг кадр ортидан “Қаматаман, оилавий қаматаман, санлани. Ҳозир чақираман, съёмка қилдим ҳозир”, деган овози эшитилади.
Қашқадарё вилояти ИИБнинг билдиришича, бу воқеа 16 апрель куни тахминан соат 11:30 ларда содир этилган. Видеода 2009 йилда туғилган Х.Г., 1982 йилда туғилган онаси. М.М., ҳамда 1978 йилда туғилган отаси. Т.Р., томонидан калтаклангани акс этган.
“Мазкур ҳолат вояга етмаган қизнинг амакиси томонидан видеотасвирга олиниб, Ички ишлар органларига хабар берилган. Ҳозирда воқеа иштирокчиларининг барчаси аниқланиб, терговга қадар текширув ишлари олиб борилмоқда”,- дейилади расмий билдирувда.
Ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарларда айтилишича, "қизалоқ ўғай онаси томонидан мунтазам калтаклаб келинган ва у бу хўрликлардан қочиб рухсатсиз амакисининг уйига келган". Қизнинг ота-онасини айни мана шу ҳолат ғазабга солган.
ШавкатМирзиёев 7-9 июнда Италияда бўлади

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Италия президенти Сержо Маттарелланинг таклифига биноан 7-9 июнь кунлари расмий ташриф билан Римга боради. Бу ҳақда президент матбуот хизмати маълум қилди.
Олий даражадаги учрашувлар Рим шаҳрида бўлиб ўтади. Мирзиёев Италия президенти Сержо Маттарелла ва Бош вазир Жоржа Мелони билан музокаралар ўтказади.
Учрашувларда Ўзбекистон билан Италия ўртасидаги “кўп қиррали муносабатларни ва устувор йўналишлардаги амалий ҳамкорликни янада ривожлантиришнинг долзарб масалалари кўриб чиқилади. Халқаро кун тартиби юзасидан фикр алмашилади”.
Бундан ташқари, Шавкат Мирзиёев бош қароргоҳи Римда жойлашган БМТ Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти бош директори Цюй Дунъюй билан учрашув ўтказади. Унда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш соҳасидаги ҳамкорликнинг муҳим жиҳатлари муҳокама қилиниши режалаштирилган.
Ташрифнинг ишбилармонлик дастури Милан шаҳрида бўлиб ўтади – Ўзбекистон президенти Ломбардия провинцияси губернаторини қабул қилади ҳамда Италиянинг етакчи компания ва ташкилотлари раҳбарлари билан учрашув ўтказади.
Чироқчида фарзанд сифатида асраб олган 13 яшар қизни зўрлаган шахс узоқ муддатга қамалди

Қашқадарё вилоятида Меҳрибонлик уйидан асраб олган 13 яшар қизига нисбатан жинсий зўравонлик қилган 52 ёшли эркак 12 йилга озодликдан маҳрум этилди. Олий суд матбуот хизмати маълумотига кўра, мазкур ҳукм жиноят ишлари бўйича Чироқчи туман суди томонидан жорий йилнинг 6 июнида чиқарилган.
Қайд этилишича, Чироқчи туманидаги 1-сонли оилавий болалар уйи раҳбари бўлиб ишлаган, муқаддам судланмаган К. Т. Ўзбекистон Жиноят кодексининг 118-моддаси (номусга тегиш) 3-қисми “а” банди ва эски таҳрирдаги (2023 йил 11 апрелга қадар амалда бўлган) 129-моддаси (16 ёшга тўлмаган шахсга нисбатан уятсиз-бузуқ ҳаракатлар қилиш) 2-қисмида назарда тутилган жиноятларни содир қилганликда айбдор деб топилган. 12 йилга кесилган судланувчининг жазони умумий тартибли колонияларда ўташи белгиланган.
Хабарномада, ЖКнинг 73- ва 74-моддалари талабларига мувофиқ, 18 ёшга тўлмаган жабрланувчининг номусига текканлик ҳамда 16 ёшга тўлмаган шахсга нисбатан уятсиз-бузуқ ҳаракатлар қилганлик учун ҳукм қилинган шахсларга нисбатан жазодан муддатидан илгари шартли равишда озод қилиш ва жазони енгилроғи билан алмаштириш қўлланилмаслиги эслатилган.
Аввалроқ Урганч шаҳрида жойлашган оилавий меҳрибонлик уйидаги 3 нафар вояга етмаган қизнинг вилоятдаги раҳбарлар томонидан, Хоразмнинг Янгиариқ туманида 2006 йилда туғилган қизнинг 11 киши томонидан, Бухоронинг Қоракўл туманида 13 яшар қизнинг бир гуруҳ шахслар томонидан зўрланганига оид ҳолатлар жамоатчиликка ошкор бўлган, бунинг ортидан педофилларга қарши жазо чораларини кучайтириш чақириқлари янграй бошлаган.
Жорий йилнинг 11 апрель куни президент Мирзиёев томонидан “Хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш тизими янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун имзолаган бўлиб, унда бошқа ўзгартишлар қатори вояга етмаганларга нисбатан зўравонлик қилганларга нисбатан жазо чоралари кучайтирилгани билдирилган эди.
Ўзбекистонда ЖСТ бўйича махсус вакил лавозими ташкил этилди

Президентнинг Ўзбекистонни Жаҳон савдо ташкилоти (ЖСТ)га аъзо бўлиши жараёнини тезлаштириш юзасидан қабул қилган қарори 5 июндан кучга кирди.
Қарорга асосан президент Администрациясида Ўзбекистон президентининг Жаҳон савдо ташкилоти масалалари бўйича махсус вакили лавозими ташкил қилинди.
ЖСТга аъзо бўлиш жараёнини жадаллаштириш махсус вакилнинг асосий вазифаларидан бири ҳисобланади.
Қарорда Адлия вазирлигига маъмурий ислоҳотлар доирасида миллий қонунчиликни ЖСТ битимларига уйғунлаштириш функцияси юкланди. Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги марказий аппаратида Жаҳон савдо ташкилоти билан ишлаш ва савдо музокаралари департаменти ташкил этилди.
Бундан ташқари Ўзбекистоннинг Женева шаҳридаги БМТ бўлинмаси ва бошқа халқаро ташкилотлар ҳузуридаги доимий ваколатхонасида ЖСТ масалалари бўйича биринчи котиб лавозими жорий этилди.
Ўзбекистонда 2023 йил 1 июлдан ЖСТ қоида ва меъёрларига мувофиқ бўлмаган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш тақиқланади.
Президент Шавкат Мирзиёев 14 апрель куни ташкилотга аъзо бўлиш масаласида ўтказилган тақдимотда: “Кейинги 3 йилда биз тайёр маҳсулот экспортини икки баравар оширишни режалаштирганмиз. Бунга эришишнинг ягона йўли ЖСТга аъзо бўлишдир. Бу 164 давлат билан савдо тизимини йўлга қўйиш ва барқарор бозорларга эга бўлиш имконини беради”, - деб айтган эди.
Бўкада қийноққа солингани айтилаётган шахс вафот этди. ИИБнинг икки ходими қўлга олинди

Тошкент вилояти Бўка туман Ички ишлар бошқармасида 3 июнь куни ноқонуний сўроқ қилинган 1987 йилда туғилган У.С., олган тан жароҳатлари оқибатида касалхонада вафот этди.
ИИВнинг дастлабки расмий ахборотида қўлга олинган шахс “АҚШда туғилган”и қайд этилади. Кейинроқ ИИВ расмий ахборотидан бу қайд олиб ташланган.
Ички ишлар вазирлигининг 5 июнда билдиришича, мазкур ҳолат юзасидан Тошкент вилояти прокуратураси томонидан ЖКнинг 235-моддаси 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, воқеага алоқадор бўлган 2 нафар тезкор ходимлар Ж.Д. ва Ғ.Ш.лар ҳибсга олинган.
Бундан ташқари Бўка тумани ИИБ бошлиғи А. Бабаханов, унинг биринчи ўринбосари В. Худайқулов, жиноят қидирув бўлими раҳбари Ж. Субанов, тергов бўлими бошлиғи Ж. Ачилов, шунингдек, навбатчилик қисми масъули Ш. Ибрагимовлар эгаллаб турган лавозимидан озод этилди.
ИИВнинг билдиришича, У.С., қатор ўғриликларни содир этишда гумонланиб 3 июнда қўлга олинган эди. Уни 3 июнь куни соат тахминан 22.00ларда Жиноят қидирув бўлимининг тезкор ходимлари процессуал тартиб бузилган тарзда махсус сўров хонасига эмас, балки хизмат хонасига олиб чиқиб сўроқ қилган. Сўроқ пайтида гумонланувчининг соғлиғи ёмонлашиб “Тез ёрдам” чақиртирилган. У.С., касалхонага олиб келинганидан сўнг вафот этган.
“Тайинланган бирламчи суд-тиббий экспертизасининг ташхисига кўра У.С.нинг танасида тан жароҳатлари борлиги аниқланган”, дейилади хабарда.
Ҳолат юзасидан Ички ишлар вазирининг ўринбосари Я.Абдулҳақов, ИИВ Шахсий хавфсизлик хизмати ҳамда вилоят прокуратураси ходимларидан иборат ишчи гуруҳ воқеа жойига чиқиб вазият ўрганилди, воқеа жойи кўздан кечирилиб, ишга алоқадор ходимларнинг кўрсатмалари олинди.
ИИВ билдирувида таъкидланишича, ҳозирда ишга алоқадор тезкор ходимлар гумонланувчини қийноққа солганларини рад этмоқда.
Ўзбекистонда қатарликлар учун визасиз тартиб жорий қилинди

Қатарликлар бундан буён Ўзбекистонда 30 кун давомида визасиз юра олади. Бунга оид фармон президент Шавкат Мирзиёев томонидан 5 июнь куни имзоланди.
Қатар давлати мазкур ҳужжат имзоланиши ортидан фуқаролари бир ой давомида Ўзбекистонда визасиз юриши мумкин бўлган 45 та мамлакат қаторига қўшилди.
Душанба куни президент Мирзиёев Ўзбекистон-Қатар саммитида иштирок этиш учун Самарқандга келган Қатар амири шайх Тамим бин Ҳамад ас-Сонийни аэропортда тантанали равишда кутиб олди. Бу Қатар давлати раҳбарининг Ўзбекистонга илк давлат ташрифидир.
Саммитнинг асосий тадбирлари 6 июнь куни бўлиб ўтиши кутилмоқда. Президент матбуот хизмати маълумотига кўра, 5 июнь куни икки мамлакат етакчилари кўҳна Самарқанднинг тарихий обидаларини биргаликда зиёрат қилишади.
Аввалроқ президент матбуот хизмати Ўзбекистон-Қатар саммитида “энг аввало, фаол сиёсий мулоқотлар ва маданий-гуманитар алмашинувни давом эттириш, энергетика, газ-кимё саноати, қишлоқ хўжалиги, инфратузилма, логистика, туризм ва бошқа тармоқларда йирик инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш эътибор марказида бўлиши” ҳақида маълумот тарқатган эди.