Линклар

Шошилинч хабар
21 сентябр 2018, Тошкент вақти: 16:48

Участка нозири хизмат машинасида икки кишини уриб кетгани ва жазосиз қолаётгани иддао қилинмоқда


Бойсун туман маркази.

Сурхондарё вилоят, Бойсун туман ички ишлар бўлимининг участка нозири Фахриддин Холдоров ногирон Чоршанби Донёров ва 65 яшар Сафаргул Ҳусановани машинада уриб, воқеа жойидан қочиб кетгани иддао қилинмоқда.

Бундай иддао билан Озодликка мурожаат қилган Дилбар Зоированинг айтишича, воқеа Фахриддин Холдоров унинг қўлини кишанлаб ИИБга олиб кетаётганда пайтда содир бўлган.

Суд-тиббий экспертизадан ўтган жабрланувчиларнинг Озодликка айтишича, уларнинг 14 июль куни содир бўлган бу воқеа юзасидан вилоят ва туман прокуратурасига ёзган шикоятлари жавобсиз қолмоқда.

Участка нозири фуқароларни хизмат машинасида уриб кетганлигини инкор қилмоқда.

"Биз фақат иш сўраб борган эдик"

Бойсун туманининг Қизилнаур қишлоғида яшайдиган 28 яшар Дилбар Зоированинг иддао қилишича, 14 июль куни у ва маҳалланинг яна 6 нафар аёли Бойсун ўрмон хўжалиги бошлиғининг олдига иш талаб қилиб боришган:

- Ўрмон хўжалиги бошлиғи Холмирза Абдураҳимовга неча марта иш сўраб мурожаат қилганмиз. "Ана эрта, ана индин", деб алдаб келарди. Биз шу ерда ишсиз туриб, улар Қашқадарёдан одам олиб келиб ишлатади. Ишчилар асосан каврак ўсимлигининг ширасини йиғиш билан шуғулланади. Бизга ҳам иш беринг, деб борсак, Холмирза ака йўқ экан, участка бошлиғи бўлиб ишлайдиган укалари Абдураҳимов Неъмат ва Абдумажид бор экан. Неъмат ака бизни кўриб, бирданига онадан сўкиб кетди, "иш йўқ сизларга, кетинглар, йўқолинглар", деди. Биз кетмадик. Сизнинг ҳам онангиз бор, ҳурматингизни билинг, деб туравердик.

"Операциядан чиққан жигаримни эзиб, кишан тақди"

Дилбар Зоированинг айтишича, шундан сўнг Неъмат Абдураҳимов чақиртирган милиция ходимлари етиб келган:

- Бизнинг участковой Фахриддин Холдоров, Мачайи қишлоғининг участкавойи ва яна икки нафар милиция ходими етиб келди. Неъмат ака мана шуни ушлайсан деб, бизнинг участкавойга буйруқ қилди. У тиззаси билан ичимни босиб, мажбурлаб кишан солди ва тош йўлда 50 метрча узоқда турган машинага судраб олиб бориб, тиқди. Яна бир Бахтигул Абдураҳмонова деган аёлни ҳам машинага олиб келиб тиқди. Унга кишан топишолмади. Менинг қўлимдаги кишанни бир томонини эса машина деразаси тепасидаги ушлагичга боғлаб қўйди. Шундан сўнг Фахриддин Холдоров ва яна икки милиция ходими машинага ўтирдида, шиддат билан ҳайдаб кетди, дейди Дилбар Зоирова.

"Участковой машинада уриб юборган одамларга ёрдам ҳам кўрсатмади"

Дилбар Зоированинг иддао қилишича, Фахриддин Холдоров машинани катта тезликда ҳайдаб, қишлоқ ичида кетма-кет икки кишини уриб юборган:

- Кўзи яхши кўрмайдиган Чоршанби ака деган бир ногиронни машина ён ойнаси билан қарсиллатиб уриб юборди. Ойна синиб кетди. Кейин тўхтаб, учала милиса тушди-да, ерда ағанаб ётган ногироннинг олдига югуриб кетди. Бу пайт ёнимдаги аёл машинадан тушиб, қочиб кетди. Милисалар ногиронга биринчи ёрдам ҳам кўрсатмай, қайтиб мошинга ўтирди-да, яна газни босиб ҳайдади. Тахминан 100-200 метрча юрган эдик, йўл четида келаётган ҳамқишлоғимиз, қари онахон Сафаргул Ҳусановани ҳам уриб кетди. Онахон гуп этиб йўл четига қулади, Фахриддин эса тўхтамади ҳам, яна газни босди. Қишлоқ йўллари ўнқир-чўнқир бўлгани учун кишанга осилган билагим қийилиб қонталаш бўлиб шишиб кетди. Зору-таволло қилганимдан сўнг, тахминан 30 километр йўл босганимиздан кейин кишанни ечиб олишди. Кейин йўлдан муз сув олиб билагимга қуявериб, шишганини қайтаришга ҳаракат қилишди.

Ўша кунги воқеалар тўғрисидаги ҳикоясини давом эттирар экан, Дилбар Зоирова Бойсун туман ички ишлар бўлимига олиб борилгандан сўнг икки сутка давомида ушлаб турилганини иддао қилди:

- Оч-наҳор икки сутка бетоннинг устида ётдим. Мазам қочди, тез ёрдам келиб укол қилиб кетди. Кейин жавоб беришди. Уйга келдим. Эртаси куни тўғри Термизга, вилоят прокуратурасига бордим. Борсам, Фахриддин Холдоров уриб юборган Чоршанби ака ҳам, Сафаргул момо ҳам ўша ерда экан. Ариза ёздик, прокуратура экспертизага хат қилиб берди. Экспертиза қилдик. Билакларим қоп-қора бўлиб, кетган эди, жигарим шишиб кетган экан, ҳаммасини ёзиб берди. Шерикларим ҳам экспертиза қилинди. Кейин, Бойсун туман касалхонасига келиб даволанишга ётдик. Касалхонага икки марта туман прокуратурасидан терговчи келиб, бўлган воқеани ёздириб олиб кетди. Лекин бир ой бўляптики ҳеч қандай натижа йўқ. Милиция ходимлари ҳеч нарса бўлмагандай ишлаб юрибди. Туман прокурори мен шу ерда бўлсам, Фахриддин Холдоровни ҳеч ким, ҳеч нарса қилолмайди, деган экан.

“Милиция машинаси уриб юбориб, қочиб кетди”

Қизилнаур қишлоғида яшайдиган кўз бўйича иккинчи гуруҳ ногирони Чоршанби Донёровнинг Озодликка айтишича, уни уриб кетган милиция машинаси қочиб кетган:

- Мен ўзим иккинчи гуруҳ ногирониман, кўзим яхши кўрмайди. Йўлда кетаётган эдим. Катта тезликда келаётган оқ машина боковой ойнаси билан шарақлатиб уриб юборди. Ерга ағанаб тушдим. Ўша ердаги бир одам югуриб келиб, мени кўтарди. Бошим айланиб кетди, ўрнимдан туролмай қолдим. Шу пайт милиция ходимлари ҳам тушиб келиб, “тирик экан” деди-да бирор хил ёрдам кўрсатмай яна мошиналарига миниб, жўнаб кетди, дейди ногирон.

Чоршанби Дониёровнинг айтишича, Термизда ўтказилган экспертиза унинг бир қанча жароҳат олганини аниқлаган:

- Оёғимдан, белимдан, қўлимдан жароҳат олганман. Экспертиза хулосаси бор, олти кун касалхонада ётиб чиқдим. Вилоят прокуратурасига ариза ёздим, жимжитлик.

"Милиция машинаси кекса онамни ҳам уриб кетди"

Қизилнаур қишлоғида яшайдиган 40 яшар Баҳодир Зоировнинг айтишича, 14 июль куни участка нозири Фахриддин Холдоров бошқараётган хизмат машинаси унинг 65 яшар онаси Сафаргул Ҳусановани ҳам уриб юборган:

- Мен ўзим ҳам бу воқеага гувоҳ бўлдим. Машина шунчалик қаттиқ келдики, чанг-тўзонда момомни қандай уриб кетганини ҳам кўрмай қолдим.Машина ўтиб кетгандан кейин қарасам, момом ерда йиқилиб ётган экан. Югуриб бориб кўтардим. Қишлоқ врачлик пунктидан фельдшер келиб, биринчи ёрдам кўрсатди. Кейин Бойсунга олиб кетдик, тез ёрдамга саҳар соат бешларда етиб бордик. Улар ёрдам кўрсатишди.

Баҳодир Зоировнинг айтишича, суд-тиббий экспертизаси хулосаси прокуратурада турибди:

- Биз момомизни экспертизадан ўтказиб келганимиздан сўнг, Бойсун касалхонаси уни қабул қилмади. Кейин биз вилоят прокуратурасига борамиз деганимиздан сўнг, мажбур қабул қилди. Лекин ҳали яхши бўлмай жавоб бериб юборди. Ҳозир уйда, аҳволи яхши эмас. Бош мия жароҳат олган экан.

Жабрланувчиларнинг иддао қилишича, уларни уриб юборган милиция машинасидан ҳануз фойдаланилмоқда ва бу ҳолат бўйича машина экспертизадан ўтказилмаган.

“Ўша куни Дилбар Зоированинг қайнонасини ҳам машина уриб юборган”

Дилбар Зоированинг 60 яшар қайнонаси Барчин Абдумўминова ҳам ўша куни Бойсун ўрмон хўжалигининг “Кенгдала” участкаси бошлиғи Неъмат Абдураҳимов бошқараётган машина уриб кетганини Озодлик билан суҳбатда иддао қилди:

“14 июль куни келинимни олиб кетишгани ҳақидаги хабар келганидан сўнг, мен ҳам хавотирланиб кўчага чиқдим. Безовта бўлиб бордим. Борсам Чоршанбини, Сафаргул момони мошин уриб кетган. Одамлар тўда бўлиб турибди экан. Мен ҳам бориб, нима гап деб сўраб турсам, Неъмат ширачи мошинасида тез келиб, мени туртиб кетди. Ерга йиқилиб тушдим, қўлим синди. У тўхтамади ҳам, ванғиллаб ўтиб кетди. Кейин Бойсунга олиб боришди, қўлимни гипс қилди. Ҳозир қимирлата олмайман. Ҳеч ким сўрамади ҳам, чора ҳам кўрмади”.

Барчин Абдумўминова жароҳатларини экспертиза қидирганини, вилоят прокуратурасига ариза ёзганини ҳам қўшимча қилди.

Озодликка норасмий иддао қилишича, 14 июль куни Бойсун туманининг Қизилнаур қишлоғида одамлар жароҳатлангани қайд этилган учта йўл-транспорт ҳодисаси рўй берган.

Бу ҳодисанинг иккитаси бевосита Қизинаур қишлоғи участка нозири Фахриддин Холдоров бошқарган хизмат машинаси иштирокида ва биттаси Бойсун ўрмон хўжалигининг “Кенгдала” участкаси бошлиғи Неъмат Абдураҳимов бошқараётган машина иштирокида рўй берган.

Бу автоҳодисалар натижасида уч киши тан жароҳати олган. Жабрланувчиларнинг иддао қилишича, ўтган бир ой давомида бу иш ўрганилмаган.

Лекин 14 июль куни одамлар жароҳатлангани қайд этилган учта йўл-транспорт ҳодисаси рўй берганига оид норасмий манбалардан олинган маълумотларни расман тасдиқлатишнинг имкони бўлмади.

"Мен ҳеч кимни уриб кетганим ҳам йўқ, қонунни бузганим ҳам йўқ"

Бойсун тумани ички ишлар бўлимининг участка нозири, лейтенант Фахриддин Холдоров Озодлик билан суҳбатда хизмат машинасида фуқароларни уриб кетганини инкор қилди:

- Бу иш бўйича Бойсун туман прокуратураси шуғулланяпти. Прокуратура фуқароларни экспертизадан ўтказиб, тергов-суриштирув ишларини олиб боряпти. Анаву қўлига наручник урилган, "урди, мени қўлим шишиб кетди" деган опа ҳам экспертизадан ўтказилган. Мен ҳеч кимни машинада уриб ҳам кетмаганман, фуқароларга нисбатан бирорта ноқонуний ҳаракат содир этмаганман. Булар ҳаммаси менга туҳмат.

Фахриддин Холдоров бу жанжалнинг нимадан келиб чиққанини шундай изоҳлайди:

- Каврак ширасини олиш мақсадида МЧЖ ўрмон хўжалиги билан шартнома қилган. Бойсун туман ҳокими Мачайи ва Қизилнаур қишлоқлари аҳолисини иш билан таъминлашини МЧЖга айтиб алоҳида хат билан ҳам чиққан. Иш билан қанчалик таъминланган, бундан менинг хабарим йўқ. Лекин, шу қишлоқларнинг эркаклари ўзлари уйда қолиб, хотинларини ўша ерга жўнатган. Улар бир неча марта ҳуқуқбузарлик қилган. Яъни ишлаётган одамларни ҳақорат қилиб, қувиб, қурган уйчаларини бузиб ташлаган. Шунинг учун биз, 17 кишини маъмурий жавобгарликка тортиб жазолаган эдик. 14 июль куни ҳам шундай жанжал бўлган ва биз бориб тинчитдик. Лекин кечга яқин яна менга телефон қилишиб, қишлоқ аёллари тинчлик бермаётганини айтишди. Мен Бойсундан икки нафар милиция ходимни чақириб, бирга бордик. Ўша сиз айтган Дилбар Зоирова милиция ходимларига ташланиб, погонларини юлди. Биз унга бундай қилмасликни илтимос қилдик ва машинага чиқинг, дедик. Кейин у ўз ихтиёри билан машинага чиқди ва яна бир аёл қариндоши ҳам ўз ихтиёри билан чиқди. Дилбар Зоировага кишан ҳам таққаним йўқ. Кейин биз Бойсун туманига келдик, тушунтириш хати ёздириб олганимиздан сўнг, жавоб бердик. Йўлда ҳеч кимни уриб кетганимиз ҳам йўқ, деди Бойсун тумани ички ишлар бўлимининг участка нозири, лейтенант Фахриддин Холдоров​.

Озодлик участка нозирининг бу жавобидан сўнг, яна Дилбар Зоирова билан боғланиб, унинг гапларига муносабат сўради.

Дилбар Зоирова участка нозири Фахриддин Холдоровнинг бу гапларидан ҳайратга тушганини айтди:

- Энди ўзини оқлаш учун бундан бошқа нима ҳам дерди. Мен қишлоқ аёли милициянинг погонини юлибман эмиш. Мана сўрашсин, ўша ерда ўндан ортиқ гувоҳлар бор эди. Менга кишан тақмаган эмиш. Бўлмаса қўлларим нимадан қорайиб шишиб кетди, ўзимни-ўзим тишлабманда. Ўз ихтиёрим билан машинага минган эмишман. 50 метрча тош, чўкиртаклар бўлган жойда судраб олиб боришдику. Бу воқеаларни кўрган гувоҳлардан сўрашсин, нима бўлганини айтиб беришади. Икки кишини машинада уриб кетганини ҳам кўп одам кўрган.

Ўзини Бойсун тумани ички ишлар бўлими бошлиғининг кадрлар бўйича ўринбосари Баҳриддин деб таништирган мулозим меҳнат таътилидан сўнг энди ишга чиққанини айтар экан, бу воқеадан хабари йўқлигини Озодликка айтди.

Бойсун тумани прокурори ўринбосари Бахтиёр Воҳидов барча сўровларга фақат мактуб орқали жавоб беришини билдирди.

Ўзбекистон Бош прокуратураси матбуот хизмати бу воқеа ўрганилаётганини Озодликка билдирди.

Сизнинг фикрингиз

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG