Линклар

Шошилинч хабар
05 март 2024, Тошкент вақти: 18:59

Ўзбекистон хабарлари

“Миллий тикланиш” лидери Z-севар ўзбекистонликларни фуқароликдан маҳрум этишга чақирди

“Миллий тикланиш” партияси раиси Алишер Қодиров
“Миллий тикланиш” партияси раиси Алишер Қодиров

Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси спикери ўринбосари, “Миллий тикланиш” партияси раҳбари Алишер Қодиров бошқа давлат фойдасига урушда қатнашган ўзбекистонликларга қарши кескинроқ чора кўриш чақириғи билан чиқди.

Мамлакат Жиноят кодексида бошқа давлатнинг ҳарбий ёки хавфсизлик хизматларига ёлланган ўзбекистонликка нисбатан 5 йилга озодликдан маҳрум этиш жазоси берилишини эслатган Қодировга кўра, бу таъсирсиз чорадир.

“Бундай шахсларни ёлланиш расмийлаштирилган кунидан эътиборан фуқаролигини бекор қилиш ва Ўзбекистонга киришини умрбод таъқиқлаш керак”, деб ёзган “Миллий тикланиш” лидери бу борада қонунчиликка тегишли ўзгартириш киритиш масаласида маслаҳатлашувлар бошланганини қўшимча қилган.

Аввалроқ “Пермь ўлкаси ўзбекларининг Марказий Осиё жамияти” раҳбари Жаҳонгир Жалолов ўлкада яшаётган ўзбеклар “Амир Темур” номидаги батальон ташкил қилиб, Украинага қарши жанг қилмоқчи эканига оид баёнот берган. Мазкур баёнот ўзбек расмийлари танқидига учраган, хусусан, Ўзбекистоннинг Москвадаги элчихонаси ҳамда Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ўзбекистонликларни хорижий давлатлар ҳудудида кўнгилли батальон тузиш ёки ҳарбий ҳаракатларда иштирок этиш жиноят эканидан огоҳлантиришган эди.

Кун янгиликлари

Президент Наврўзни “шукроналик туйғуси билан яшашга ундайдиган” мазмунда ўтказишга буйруқ берди

Президент Шавкат Мирзиёев 4 мартда қабул қилинган Наврўзга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишга оид қарорида барча ҳудудларда байрамни “шукроналик туйғуси билан яшашга ундайдиган” мазмунда ўтказишга буйруқ берди.

Қарорда белгиланишича, байрамни “юртдошларимизни бугунги тинч ва осуда ҳаётимизни қадрлаб, шукроналик туйғуси билан яшашга ундайдиган маъно-мазмун билан таъсирчан усулларда ўтказиш” шарт бўлади.

Бундан ташқари, қарорда 2024 йилги Наврўз умумхалқ байрами “Олам нурга тўлсин сен билан, Наврўз!” деган “бош ғоя асосида умумхалқ сайиллари шаклида кўтаринки руҳ ва юқори даражада кенг нишонланиши” зарур.

Байрамни “муносиб нишонлаш” вазифаси бош вазир Абдулла Арипов, маданият вазири Озодбек Назарбеков ва бошқа масъулларга юклатилган.

Қарорга асосан, ўзбекистонликлар Наврўз арафасида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасида белгиланган тадбирларни амалга ошириш мақсадида “умумхалқ ҳашарларини ўтказиш”га жалб қилинади.

2021 йил ноябрь ойида Шавкат Мирзиёев илгари сурган “Яшил макон” лойиҳаси мисли кўрилмаган режани ўз ичига олади. Ушбу ташаббус доирасида Ўзбекистонда беш йил давомида 1 миллиард туп дарахт ва бута кўчати экилиши керак.

Расмий статистикага кўра, 2021 йили мамлакатда 85 миллион туп, 2022 йили 202,7 миллион туп кўчат экилган. 2023 йил баҳор мавсумида эса 127,7 миллион туп ниҳол ўтқазилгани ҳақида ҳисобот берилган. Аммо “Яшил макон” ташаббусининг илк давриданоқ қўшиб ёзишларга зўр берилгани айтилади.

Президент Мирзиёев 2022 йил апрель ойида ўтказилган йиғилишда “Яшил макон” дастури ижросида кўзбўямачилик давом этаётгани, ҳудудларда аслида экилмаган 5 миллион туп кўчат ҳисоботларга “экилди” дея тиркалгани ҳақида гапирган.

Freedom House Ўзбекистонни эркин бўлмаган давлатлар рўйхатида қолдирди

Freedom House ташкилотининг дунёдаги эркинлик юзасидан харитаси.
Freedom House ташкилотининг дунёдаги эркинлик юзасидан харитаси.

Freedom House халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилоти Ўзбекистонни яна эркин бўлмаган давлатлар қаторига киритди. Ташкилотнинг 2024 йил учун эълон қилинган рейтингида Ўзбекистон 100 баллдан 12 балл олди.

Freedom House рейтингида мамлакатдаги эркинлик даражаси сиёсий ҳуқуқлар ва фуқаролик ҳуқуқлари омили билан баҳоланади. Ўзбекистон сиёсий ҳуқуқлар бўйича 2 балл, фуқаролик эркинликлари бўйича 10 баллга сазовор бўлди.

Ўзбекистон 2023 йилги рейтингда ҳам айнан мана шундай кўрсаткичга эга эди.

Рейтингда Тожикистон - 5 балл (эркин эмас), Туркманистон - 2 балл (эркин эмас), Қозоғистон - 23 балл (эркин эмас), Қирғизистон - 27 балл (эркин эмас), Беларусь - 8 балл (эркин эмас), Россия - 13 балл (эркин эмас), Украина — 49 балл (қисман эркин) тўплаган.

Рейтингда Финляндия 100 баллга баҳоланиб, дунёнинг энг эркин мамлакати қатори эътироф этилган. Ундан кейинги ўринларни 99 балл билан Янги Зеландия ва Швеция эгаллади.

Дунёнинг энг эркин бўлмаган ҳудуди сифатида 0 балл Тибет ва 1 балл билан Сурия ва Жанубий Судан қайд этилди.

Freedom House ўз ҳисоботида дунё бўйлаб эркинлик даражаси кетма-кет 18 йилдан бери сусайиб бораётганини таъкидлади. Ўтган йил давомида 52 та давлатда пасайиш кузатилган, фақат 21 та давлатда яхшиланиш қайд этилган.

Freedom House халқаро нодавлат ташкилоти ўзининг 2023 йилги ҳисоботида Ўзбекистонни интернет эркин бўлмаган давлатлар рўйхатида қолдирганди. Ташкилотга кўра, президент Мирзиёевнинг айрим ислоҳотларига қарамасдан Ўзбекистон авторитар давлат сифатида қолмоқда.

Ўзбекистонда Рамазон қачон бошланиши эълон қилинди

Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг маълум қилишича, мамлакатда рамазон ойи 11 март - душанба кунидан бошланади.

Расман билдирилишича, ўтган ҳафтада Ўзбекистон мусулмонлари идораси ташаббуси билан Қозоғистон, Қирғизистон, Туркия ва Озарбайжон каби туркий давлатлар Фатво ҳайъатларининг онлайн мажлиси ўтказилди.

Мажлисда “уламолар ва соҳа мутахассислари томонидан рамазон ойи ҳилолини кузатиш бўйича қилинаётган ишлар, фалакий ҳисоб-китоблар, астрономик маълумотлар атрофлича таҳлил қилинди. Шунингдек, дунёдаги йирик фатво идоралари ва нуфузли астрономия институтлари ахборотлари батафсил кўриб чиқилди”.

“Туркий давлатлар уламолари фиқҳий қоидаларга таянган ҳолда фалакий ҳисоб-китоб ва астрономик кузатувларни эътиборга олиб, ҳижрий 1445 йил рамазон ойининг биринчи куни милодий 2024 йил 11 март, душанба кунига тўғри келиши ҳақида якдил фикрга келди”, дейилади муфтият матбуот хизмати хабарида.

Андижоннинг собиқ ҳокими Баҳром Ҳайдаров қамоқхонада вафот этди

Ўлим сабаблари тўғрисидаги дастлабки маълумот яқин вақт ичида эълон қилиниши кутилмоқда.
Ўлим сабаблари тўғрисидаги дастлабки маълумот яқин вақт ичида эълон қилиниши кутилмоқда.

Андижоннинг собиқ ҳокими Баҳром Ҳайдаров қамоқхонада ўлгани тўғрисида «Газета.uz» Бош прокуратурага таянган ҳолда 5 март куни хабар берди.

“Ўлим сабаблари тўғрисидаги дастлабки маълумот яқин вақт ичида эълон қилиниши кутилмоқда”, - дейилади хабарда.

Айни пайтда “Дарё” нашри Ички ишлар вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Шохруҳ Ғиёсовга таянган ҳолда собиқ ҳокимнинг ўлимига “юрак ишемик касаллиги зўриқиш стенокардияси ФС-III, ИККС (2022 йил март). Коронар қон томирлар стентлаш операциясидан кейинги ҳолат (2022 йил апрель). Гипертония касаллиги III босқич. Артериал гипертензия III. Хавф IV (ўта юқори)” сабаб бўлганини билдирди.

Фарғона вилоят суди 2022 йил 26 декабрда Андижон шаҳрининг собиқ ҳокими дохил 45 нафар судланувчига нисбатан очилган жиноят иши бўйича ҳукм чиқарганди.

Суд ҳукми билан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисмининг “а”, “в” бандлари, 209-моддаси 2-қисми “а”, “б” бандлари ва 243-моддасида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор деб топилган 50 ёшли Баҳром Ҳайдаров 10 йилга озодликдан маҳрум қилинган. Шунингдек, у 3 йил мансабдорлик ва моддий жавобгарлик юклатилган лавозимларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинган ҳамда БҲМнинг 350 баравари, яъни 85 миллион 750 минг сўмлик жаримага тортилган.

Мазкур жиноят иши доирасида Андижон шаҳри собиқ прокурори Қурбонали Асқаров 10 йилу 6 ойга, Андижон шаҳар ХТБ марказлашган молия-бухгалтерия хизматида бош ҳисобчи лавозимида ишлаган Саида Йўлчиева тақрибан 8 йилга, Андижон вилоят ҳокимлиги молия бош бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари лавозимида ишлаган Фарҳод Муллажонов 8 йилга, Андижон вилоят ҳокимлиги молия бош бошқармасининг маҳаллий бюджет даромадларини режалаштириш ва бюджетларини шакллантириш бўлими бошлиғи лавозимида ишлаган Шавкат Ҳошимов 8 йилга қамалган.

Қолган 40 нафар судланувчига нисбатан 4 йилдан 8 йилгача озодликдан маҳрум қилиш, 2 йилгача озодликни чеклаш ҳамда 2 йилдан 3 йилгача ахлоқ тузатиш жазолари тайинланган.

Хабарномада айтилишича, жиноят оқибатида етказилган 63 миллиард сўмлик моддий зарарнинг 16 миллиард сўмдан кўпроғи қопланган, зарарнинг қолган қисмини судланувчилардан солидар тартибда ундириш белгиланган.

Андижон шаҳрининг собиқ ҳокими Баҳром Ҳайдаров 2022 йилнинг 6 июнида 2017-2019 йилларда Андижон вилояти молия бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаган даврида катта миқдордаги бюджет маблағини ўзлаштирганликда гумонланиб ҳисбга олингани ҳақида Озодлик ўз вақтида хабар қилган.

Баҳром Ҳайдаров 1972 йилда Қирғизистоннинг Ўш вилоятида туғилган. 1995 йил Андижон иқтисодиёт ва бошқарув институтини сиртдан битирган. 1998 йилда Ўзбекистон Банк-молия академиясини тамомлаган. У 2019 йил августида Анджион шаҳар ҳокими лавозимига тайинланган эди.

Ўзбекистон, Қозоғистон ва Қирғизистонда ер қимирлади

Қашқадарё вилоятида 4 март куни 4,6 балли зилзила юз бергани тўғрисида Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг Сейсмопрогностик мониторинг Республика маркази маълум қилди.

Хабарда айтилишича, зилзила 4 март куни маҳаллий вақт билан соат 11:29 да юз берди. Унинг эпицентри Миришкор туманида бўлган. Зилзила координаталари: 38,78 градус шимолий кенглик; 64,94 градус шарқий узунлик. Магнитуда М=4,6. Чуқурлик 8 километр. Зилзила эпицентри Тошкентдан 457 километр жанубий-ғарбда.

Зилзила Қашқадарё вилояти ҳудудида 2-3 балл кучланишда сезилган.

1 март куни Фарғона ва Андижон вилоятларида 3,5 магнитудали зилзила бз бергани хабар қилинганди.

Қирғизистон Миллий фанлар академияси Сейсмология институтининг билдиришича, 4 март куни эпицентри Иссиқкўл вилояти Чўлпонота шаҳридан 35 километр узоқликда бўлган 5,8 магнитудали зилзила юз берган.

Зилзила Чўлпонотада 4,5 балл, Бишкекда 4 балл, Қорақўлда 3,5 балл кучланишда сезилган.

Шунингдек, 4 март куни Олмаотага ҳам ер қимирлаган. Расман билдирилишича, зилзила кучи 4,5 балл бўлган.

Қорақалпоқ фаоли Қошқарбай Тўремуратов Польшадан бошпана сўради

Қорақалпоқ фаоли Тошкент томонидан “Конституциявий тузумга тажовуз”да айбланмоқда.
Қорақалпоқ фаоли Тошкент томонидан “Конституциявий тузумга тажовуз”да айбланмоқда.

Австриядан 29 февралда Польшага депортация қилинган Ўзбекистон ватандоши Қошқарбай Тўремуратов X ижтимоий тармоғида Польшадан бошпана сўраганини маълум қилди. Унга кўра, у бу борадаги ҳужжатларни Варшавадаги тегишли ташкилотларга топширган.

Тўремуратов 1 март куни ижтимоий тармоқда Венадан учиб келганидан сўнг жойлаштирилган изолятордан озод қилинганини ва унинг аризаси кўриб чиқилгунига қадар Польшани тарк этмаслик ҳақида огоҳлантирилганини ёзганди.

Аввалроқ ҳуқуқ фаоллари 48 ёшли Тўремуратов Польшада изоляторга жойлаштирилгани ва Ўзбекистонга экстрадиция қилиниши мумкинлигидан ташвиш билдирган эди. Қорақалпоқ фаоли Тошкент томонидан “Конституциявий тузумга тажовуз”да айбланмоқда.

Сўнгги пайтларда Қозоғистонда яшаб келган Тўремуратов ва қатор қорақалпоқ фаоллари 2022 йил ёзидаги Нукус воқеаларини қўллашлари тўғрисида матбуот анжумани ўтказганларидан сўнг таъқиб қилина бошланди.

2022 йилда Қозоғистонда Ўзбекистон томони талабига кўра беш нафар қорақалпоқ фаоли – Раиса Худайбергенова, Зиуар Мирманбетова, Тлеубике Юлдашева, Қўшқарбай Тўремуратов ва Жангелди Жақсимбетов қўлга олинган. Ўзбекистонда улар конституциявий тузумга тажовуз қилганликда айбланган.

Бироқ орадан бир йил ўтгач уларнинг барчаси “депортация қилиниши кутилаётган шахсни қамоқда сақлаш муддати якунлангани” муносабати билан озод этилганди.

Улар Ўзбекистонга экстрадиция қилинмаган, аммо Қозоғистон ҳукумати уларга қочқинлик мақоми беришдан бош тортган.

Жорий йилнинг 15 февралида эса Олмаотада қорақалпоқ фаоли Ақилбек Муратбай қўлга олинган.

Хьюман Райтс Вотч (HRW) Ўзбекистон ҳукумати Қозоғистонда яшаётган қорақалпоқ фаоли Ақилбек Муратбай (Муратов)га нисбатан асоссиз жиноий айбловларни олға сурмоқда, деб ҳисоблайди. Халқаро ташкилотнинг бу борада 26 февраль куни баёнот тарқатди.

Баёнотда Қозоғистон ҳукумати бу “сохта айбловлар”ни рад этишга ва Муратбайни зудликда қамоқдан озод қилишга чақирилган.

“Муратбайга нисбатан Ўзбекистонда қўзғатилган жиноят иши ҳуқуқ фаолидан ўч олишга қаратилган ҳаракатдир”, дейилади баёнотда.

Қароргоҳи Венада жойлашган Freedom for Eurasia ташкилоти аввалроқ Қозоғистон расмийларини Ақилбек Муратбайни озод қилишга чақирган эди.

Ҳуқуқбонларга кўра, Ўзбекистон расмийлари сўровига биноан қўлга олинган Муратбай “жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган материалларни тайёрлаш, сақлаш, тарқатиш ёки намойиш этиш” ҳамда “Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузумига тажовуз қилиш”да айбланмоқда.

26 февралда Озодлик Олмаота Бандлик ва ижтимоий дастурлар бошқармаси ҳозирда ҳибсда сақланаётган Ақилбек Муратбай (Муратов)га “Қозоғистонда бошпана излаётган шахс” гувоҳномасини бергани тўғрисида хабар берди.

Муратбайнинг адвокати гувоҳнома 2024 йил 23 майгача яроқли эканини айтди:

“Зарурат туғилса, гувоҳнома муддати яна уч ойга узайтирилиши мумкин. Қозоғистон қонунчилигига асосан, бундай гувоҳномага эга бўлган шахс мамлакатдан экстрадиция қилинмайди. Мазкур ҳужжат асосида Муратовга қочқин мақоми берилиши мумкин”, - деди адвокат.

АҚШдан яна 74 ўзбекистонлик депортация қилинди

АҚШ-Мексика чегараси.
АҚШ-Мексика чегараси.

АҚШга Мексика ва бошқа давлатлар орқали ноқонуний йўллар билан кетган 74 нафар ўзбекистонлик ватанга қайтарилгани тўғрисида 3 март куни UzReport хабар берди.

Депортация қилинганлардан бири АҚШга бориш учун дастлаб Мадридга учгани, у ердан Туркияга депортация қилинганини айтиб берди. Унга кўра, кейинчалик Гватемалага борган ва бу давлат орқали АҚШ чегарасини ноқонуний кесиб ўтган. У бунинг учун жами 10 минг доллар ҳаражат қилган.

“Июлда уйимдан чиққан бўлсам, август ойида мен ушбу давлатга етиб бордим. Лекин ишлай олмадим. Пул сарфлаб, сарфлаб қайтдик. Бормоқчи бўлганларга маслаҳатим борманглар. Бу шунчаки реклама. Касаллик орттириб қайтасиз. Ҳаммаси ёлғон”, деб иқтибос келтирган UzReport ортга қайтарилган шахслардан бирининг сўзларидан.

Ташқи меҳнат миграцияси 2023 йил 21 декабрда ҳам АҚШ ҳукумати Тошкентга 119 ўзбекистонликни қайтаргани тўғрисида маълум қилганди.

2023 йил 13 октябрда Fox News сўнгги икки йил ичида Ўзбекистон фуқаролари АҚШ чегарасини ноқонуний кесиб ўтганлар орасида учинчи ўринни эгаллагани ҳақида хабар тарқатган.

Телеканал бу статистикани АҚШ Чегара хизматидан олинган маълумотларга асосланган ҳолда эълон қилди. Fox News сўнгги икки йилда 13624 нафар ўзбекистонлик АҚШга ноқонуний ўтишга ҳаракат қилганини таъкидлаган.

20 ноябрь куни Қўшма Штатларнинг Ўзбекистондаги элчихонаси Мексика орқали АҚШга кираётган ўзбекистонликларни чиқариб юбориш сиёсатига шошилинч ўзгартиришлар киритилганини билдирган эди.

Янги тартибга асосан, эндиликда Мексикадан АҚШга ноқонуний ўтишга уринаётган Ўзбекистон фуқаролари АҚШ ичкарисига қўйиб юборилмайди, балки улар билан боғлиқ иммиграция иши ҳал қилингунига қадар ҳибсда сақланади.

Элчихона АҚШ мамлакатда қолиш учун қонуний асосларга эга бўлмаган Ўзбекистон фуқароларини мамлакатдан чиқариб юбориш бўйича расмий Тошкент билан яқиндан ҳамкорлик қилаётганини билдирган.

Озодлик радиоси августнинг охирларида “Ўзбекларнинг Америкага хатарли йўли” деб номланган суриштирувни эълон қилган эди. Унда ўзбекистонликлар АҚШга Лотин Америкаси давлатлари, жумладан, Мексика орқали ноқонуний ўтишга уриниши ҳикоя қилинган.

Чиноз нефть заводи Абдулазиз Комиловнинг ўғлига сотилди

Иллюстратив сурат.
Иллюстратив сурат.

Ўзбекистон президентининг ташқи сиёсат бўйича махсус вакили Абдулазиз Комиловнинг ўғли Дониёр Комилов “Чиноз нефтни қайта ишлаш заводи”ни сотиб олди. Бу ҳақда davletovuz телерам канали 3 март куни маълум қилди.

Телеграм каналнинг билдиришича, завод Petroleum Technology Group МЧЖга сотилган. Бу ширкат эса Дониёр Комиловга тегишлидир.

Давлат активларини бошқариш агентлиги заводнинг қанчага сотилгани ва савдонинг қолган тафсилотларини очиқламади.

2016 йилда ишга туширилган “Чиноз нефтни қайта ишлаш заводи” Давлат активларини бошқариш агентлиги томонидан 2022 йилда сотувга қўйилган эди.

“2023 йил бошида харидорлардан таклифлар қабул қилинган, бу жараён озгина чўзилган ҳам”, деб ёзди davletovuz телерам канали.

Очиқ маълумотларда айтилишича, Petroleum Technology Group МЧЖ бундан аввал 78 та заправкага эга бўлган UNG Petro компаниясини ҳам сотиб олган эди.

“Ўзгидромет” олти вилоятда қор кўчиш хавфидан огоҳлантирди

Тошкент-Ўш йўлидаги қор кўчкиси. Архив сурат.
Тошкент-Ўш йўлидаги қор кўчкиси. Архив сурат.

“Ўзгидромет” 1 мартдан 7 мартгача олти вилоятида қор кўчиш хавфи борлиги тўғрисида шошилинч хабар тарқатди.

Расман билдирилишича, қор кўчкиси хавфи кутилаётган ёғингарчиликлар ва ҳаво ҳарорати ўзгариши сабабли юз бериши мумкин.

“Ўзгидромет”нинг қайд этишича, қор кўчиш хавфи мавжуд бўлган ҳудудлар қуйидагича:

Қашқадарё вилояти: Деҳқонобод, Китоб, Қамаши, Шаҳрисабз туманлари;

Сурхондарё вилояти: Бойсун, Қумқўрғон, Сариосиё, Узун туманлари;

Самарқанд вилояти: Нуробод, Қўшработ, Самарқанд, Ургут туманлари;

Жиззах вилояти: Бахмал, Зомин туманлари;

Тошкент вилояти: Бўстонлиқ, Паркент, Оҳангарон, туманлари;

Наманган вилояти: Поп тумани.

“Ўзгидромет” тоғли ҳудудларда истиқомат қилувчи аҳолини, дам олувчилар ҳамда тоғли ҳудудларда ҳаракатланувчи ҳайдовчиларни эҳтиёткорлик чораларини кўришлари ҳақида огоҳлантиради.

Фарғона ва Андижон вилоятларида ер қимирлади

Фарғона ва Андижон вилоятларида 1 март куни соат 05:22 да зилзила юз берди деб хабар қилди ФВВ Сейсмопрогностик мониторинг Республика маркази.

Марказнинг қайд этишича, зилзила эпицентр Фарғона вилояти Қува туманида бўлган. Зилзила координаталари: 40,45 градус шимолий кенглик; 72,08 градус шарқий узунлик. Магнитуда М=3,5. Чуқурлик 11 километр. Зилзила эпицентри Тошкентдан 257 километр жанубий-шарқда.

Зизлила Қува туманида 3 балл, Қувасой ва Фарғона шаҳарларида, Марҳамат, Қува, Тошлоқ, Асака, Шаҳрихон туманларида 2 балл кучланишда сезилган.

Ўзбекистонда ўтган йили ЙТҲларда 2300 га яқин киши ҳалок бўлди

Иллюстратив сурат.
Иллюстратив сурат.

Ўзбекистонда 2023 йилда йўл-транспорт ҳодисалари оқибатида 2282 киши ҳалок бўлди, улардан 263 нафари бола. Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитасида ўтган йиғилишда таъкидланишича, бу кўрсаткич 2022 йилга нисбатан 74 кишига камдир.

Расман қайд этилишича, автомобиль йўлларида йўловчилар хавфсизлигини таъминлаш сустлиги ва самарали назоратнинг мавжуд эмаслиги оқибатида жами 16 миллиондан ортиқ қоидабузарлик ҳолатлари қайд этилган. Автомобилни маст аҳволда бошқарган 42 минг ҳайдовчи ва йўл қоидасини бузган 300 минг йўловчи аниқланган.

2023 йилда мамлакат ҳудудларида жами 9839 та йўл-транспорт ҳодисаси содир этилган. Бу ЙТҲларда 9209 киши жароҳатланган, 2282 киши ҳалок бўлган. Жароҳатланганлардан 1568 нафари, ҳалок бўлганлардан 263 нафар бола.

2022 йилда республика ҳудудида содир бўлган 9902 ЙТҲда 2356 киши ўлгани хабар қилинган эди.

Россияда "Ватандош" ўзбеклар жамияти раиси экстремист ва террорчилар рўйхатига киритилди

Усмон Баратов Украина урушида қатнашаётган Россия ҳарбийларини ҳақорат қилгани иддао қилинмоқда.
Усмон Баратов Украина урушида қатнашаётган Россия ҳарбийларини ҳақорат қилгани иддао қилинмоқда.

Россия Адлия вазирлиги "Ватандош" ўзбеклар жамияти раиси Усмон Баратовни “экстремистлар ва террорчилар” рўйхатига киритди. Бу ҳолатга "Новая газета.Европа" эътибор қаратди.

Адлия вазирлиги Усмон Баратов экстремистлик ёки террорчиликка қай даражада алоқадор экани тўғрисида маълумот бермаган.

Усмон Баратов 19 январдан бери тергов изоляторида сақланмоқда. У ижтимоий тармоқдаги постлари орқали “нафрат ва душманлик қўзғатиш”да айбланмоқда.

2023 йил декабрида Баратов ижтимоий тармоқда Россияда тухум нархи кескин ошиб кетганига оид карикатурани жойлаштирган эди. Картикатурада "Тухум бўлиши учун хўрозларни урушдан қайтаринглар" деяётган товуқлар акс этган.

Бу суратга кремлпараст блогерлар ва миллатчилар эътибор қаратган ҳамда тергов қўмитаси раиси Бастрикинга ариза киритишганди. Шундан сўнг Усмон Баратов қўлга олинган.

Баратов ўзига нисбатан билдирилган айбловни шарҳлар экан: “Товуқларнинг сатирик сурати махсус ҳарбий амалиёт иштирокчиларига ҳеч қандай тарзда алоқадор эмас”, деб билдирди.

Ўз навбатида Дума раисининг ўринбосари Пётр Толстой миллий жамоалар ва диаспоралар ташкилотларини жиноий структураларга тенглаштиришни таклиф қилмоқда. Унга кўра, Россияда “миллатлараро либерализмга” барҳам бериш ва “бу каби ташкилотларни тугатиш” зарур.

Россия ҳарбийлари ва хўрозлар.
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:01:48 0:00

Юқори Чирчиқдаги заправкада юз берган оммавий муштлашувда киши ўлгани рад этилди

Ижтимоий тармоқда тарқалган видеодан скриншот.
Ижтимоий тармоқда тарқалган видеодан скриншот.

Тошкент вилояти Юқори Чирчиқ туманида юз берган оммавий муштлашувда киши ўлган бўлиши мумкинлиги тўғрисида ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарларни вилоят Ички ишлар бош бошқармаси матбуот хизмати раҳбари Бобур Тўлаганов рад этди.

«Ижтимоий тармоқларда келтирилгани каби воқеада фуқаро вафот этмаган», - деб ёзди у телеграм каналида.

Бу борада ижтимоий тармоқларда тарқалган видеода навбатда турган ҳайдовчилар бир неча йигитни калтаклагани, калтакланган йигитлар бири ўрнидан тура олмай қолгани акс этган. Шундан келиб чиққан ҳолда, тармоқларда бу йигит ўлган бўлиши мумкинлиги тўғрисида хабарлар тарқалганди.

Тошкент вилоят ИИБнинг билдиришича, оммавий муштлашув 26 февраль куни Юқори Чирчиқ туманидаги метан ёқилғи қуйиш шохобчаларидан бирида содир этилган. Бу воқеа юзасидан Жиноят кодексининг 277-моддаси (безорилик) асосида жиноят иши қўзғатилган.

Ўзбекистонда қиш мавсумида энергетик инқироз юзага келиши ҳар йили кузатиладиган ҳолат. Энергетик инқироз оқибатида электр ва газ таъминоти билан бир қаторда метан газ заправкалари фаолияти ҳам чекланади. Бунинг оқибатида узундан узоқ навбатлар ва турли жанжаллли вазиятлар пайдо бўлади. Жумладан, 3 февралда Бош прокуратура бундай жанжаллардан бири ўлим билан тугагани тўғрисида маълум қилган:

"3 февраль куни Данғара туманида жойлашган автомобилларга газ тўлдириш шохобчасида уч нафар шахс ўзаро жанжаллашган. Шу пайтда безориликни олдини олиш мақсадида, уларни ажратиш учун келган бошқа шахсга (2001 й.т.) ҳам фаол қаршилик кўрсатилган. Бир неча вақтдан сўнг, ушбу шахс хушини йўқотган ва шифохонага олиб борилаётган вақтида вафот этган", - дейилади расмий хабарда.

Аввалроқ Энергетика вазирлиги метан заправкалар фаолиятига 17 февралда киритилган навбатдаги чеклов 22 февралдан босқичма-босқич бекор қилинишини билдирган эди. Вазирликнинг билдиришича, метан заправкаларнинг учдан бир қисми фаолияти тўлиқ тикланган.

Ўзбекистондаги энергетик тақчиллик мавзуси Озодликнинг ZIMISTON. UZ лойиҳаси томонидан мунтазам ёритиб борилади.

Zimiston-UZ. Ҳукумат чиқиндидан чироқ ясамоқчи
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:15:56 0:00

Бойсунда ис газидан бир оиладан беш киши вафот этди

Иллюстратив сурат.
Иллюстратив сурат.

Бош прокуратура матбуот хизматининг билдиришича, Сурхондарё вилояти Бойсун туманида бир оила аъзоси бўлган беш киши ис газидан заҳарланиб вафот этди.

Бу воқеа 25 февраль соат 10:30 ларда “Дуоба” маҳалласида қайд этилган. 43 ёшли оила бошлиғи Ж. Х., унинг 10 ёшли ўғли, 7 ва 5 ёшли икки қизи уйида ухлаб ётган вақтида темирдан қўлбола ясалган печдан чиққан ис газидан димиқиб ўлган.

Вафот этган эркакнинг 39 ёшли хотини З.Н., ва 16 ёшли қизи касалхонага ётқизилган. Аммо қиз 27 февраль куни касалхонада вафот этган.

Бойсун туман прокуратураси бу воқеа юзасидан текширув ишларини олиб бормоқда.

Расмий статистикага кўра, ҳар йилги қиш мавсумида ис газидан юзлаб ўзбекистонликлар заҳарланади ва уларнинг кўпчилиги ўлим билан якунланади.

Озодликнинг 2023 йил 18 декабрдаги Zimiston дастурида Фарғона ва Наманганда икки оиланинг 8 аъзоси ис газидан ҳалок бўлгани хабар қилинганди.

Қорақалпоғистоннинг Чимбой туманидаги “Кенес” овулида ўтган йилнинг 15 декабрида бир оиладан бўлган беш киши ис газидан заҳарланиб вафот этгани хабар қилинган.

Бош прокуратура ўтган йил 21 ноябрда Фарғона вилояти Қўқон шаҳрида эр-хотин, 25 октябрда эса Самарқанд вилояти Оқдарё туманида бир оиланинг уч аъзоси, жумладан, 4-синф ўқувчиси ва 4 яшар бола ис газидан заҳарланиб вафот этганини билдирган эди.

Мирзиёев йил бошидан бери иккинчи марта армия жанговар шайлигини оширишга кўрсатма берди

Иллюстратив сурат.
Иллюстратив сурат.

Президент Шавкат Мирзиёев 26 февраль куни ўтган йиғилишда Қуролли Кучлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва мамлакатнинг мудофаа қобилиятини ошириш юзасидан қўшимча топшириқлар берди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати маълум қилди.

Расман билдирилишича, йиғилишда мудофаа вазири қўшинларнинг жанговар шайлигини ва қобилиятини ошириш, уларни замонавий қурол-аслаҳа ва ҳарбий техника билан таъминлаш, сержантлар корпусининг фаолиятини такомиллаштириш ва ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш бўйича олиб борилаётган ишлар ҳақида ҳисобот берди.

Ҳисоботда қўшинлар фаолиятини рақамлаштириш вазифаларига алоҳида эътибор қаратилаётгани, бошқаришнинг замонавий автоматлаштирилган тизимлари босқичма-босқич жорий этилаётгани ҳамда алоқа тизимини такомиллаштириш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар қайд этилган.

Йиғилишда Қуролли Кучлар тузилмасини такомиллаштириш, миллий армияни замонавий қурол-аслаҳалар ва ҳарбий-техник воситалар билан таъминлаш ҳамда мудофаа саноати комплексини ривожлантириш зарурлиги таъкидланди.

Ўзбекистон президенти бу билан йил бошидан бери иккинчи марта Қуролли кучлар масаласида йиғилиш ўтказмоқда.

Шавкат Мирзиёев 2 январь куни мудофаа қурилиши ва Қуролли Кучларни ривожлантириш масалаларига бағишланган йиғилишда қўшинларнинг жанговар шайлигини, жанговар қобилиятини янада ошириш масаласини кун тартибига қўйганди.

Ўшанда президент армияни замонавий қурол-аслаҳа ва ҳарбий-техник мулк билан таъминлаш, ҳарбий саноат мажмуини такомиллаштириш ишларини давом эттириш муҳимлиги кўрсатиб ўтди.

Йиғилиш якунида президент Қуролли Кучлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва мамлакатимиз мудофаа қобилиятини юксалтириш бўйича қатор топшириқлар берди. Президент матбуот хизмати бу топшириқлар тафсилотларини маълум қилмади.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG