Линклар

Шошилинч хабар
26 май 2022, Тошкент вақти: 20:07

Халқаро хабарлар

Минскда ойналарга оқ қоғозлар ёпиштирган тўрт киши суд қарори билан ҳибсга олинди

Минск суди маҳаллий аҳоли вакилларидан тўрт нафарини ойналарга оқ қоғоз варақларини ёпиштиргани учун 13 суткадан 28 суткагача ҳибсга олиш ҳақида қарор чиқарди.

26 ёшли Юрий Климошевский, 31 ёшли Андрей Муравьёв, 32 ёшли Денис Куликов ва 42 ёшли Майя Шатохина суд томонидан “оммавий тадбирларни уюштириш ва ўтказиш тартибини бузганлик”да айбдор деб топилган.

Иш материалларига мувофиқ, айбланувчилар “ойна битта оқ қоғоз варағини ёпиштириш орқали ўз сиёсий қизиқишларини изҳор қилганлар”.

Қайд этилишича, маҳкама чоғида судья судланаётган минскликлардан оқ қоғознинг “маъно-моҳияти” ҳақида сўраган. Бунга жавобан айбланувчилар ойналарда осиғлиқ турган варақлар ҳеч қанақа сиёсий қарашни ифодаламаганини айтганлар.

Кун янгиликлари

Украина разведкаси билан ҳамкорлик қилганликда айбланган Россия зобити 13 йилга қамалди

Ростов-Дондаги Жанубий округ ҳарбий суди шартнома асосида Россия армиясида хизмат қилган собиқ зобит Руслан Артиқовни давлатга ҳиёнат қилганликда айбдор деб топди ва 13 йилллик қамоқ жазосига ҳукм қилди.

“Настояшчее время” телеканалининг хабар беришича, Артиқов судда ўз айбини тўлиқ тан олган. У жазо муддатини қаттиқ режимли колонияда ўтайди, шунингдек, катта лейтенант унвонидан маҳрум этилади.

Руслан Артиқов 2019 йилнинг ноябрида қўлга олинган эди. Федерал хавфсизлик хизмати уни Украина разведкаси топшириғи билан “ҳарбий характерга эга бўлган махфий маълумотларни тўплаганлик”да гумонлаган.

Артиқов шартнома асосида Ростов вилоятининг Ақсай шаҳридаги 175- Лунинецко-Пинск бригадасида хизмат қилган.

ЕИ, АҚШ ва Британия Украинадаги ҳарбий жиноятларни тергов қилиш бўйича халқаро гуруҳ тузишди

Европа Иттифоқи, АҚШ ва Буюк Британия Украинадаги ҳарбий жиноятларни тергов қилиш бўйича маслаҳат гуруҳи (Atrocity Crimes Advisory Group, ACA) тузилганини эълон қилишди.

Комиссия Россия ҳарбийлари томонидан Украинада содир этилган жиноятларни ҳужжатлаштириш, далилларни сақлаш ва таҳлил қилишда Украина Бош прокуратурасига кўмаклашади.

“Россия аскарлари Украинада содир этган жиноятларга оид гувоҳликлар ҳануз тўпланмоқда. Даставвал зўравонлик аҳоли тиғиз яшайдиган шаҳар ва қишлоқларни бомбалаш, ракета ва тўплар билан ўққа тутиш тарзида намоён бўлган ва бу минглаб тинч аҳоли ўлимига, фуқаровий инфратузилмалар вайрон бўлишига олиб келган”, дейилган АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен баёнотида.

ЕИ бош дипломати Жозеп Боррель “Россиянинг асоссиз ҳарбий босқини чоғида амалга оширилган ёвузликларнинг барча айбдорлари суд қилиниши ниҳоятда муҳим”лиги, “ҳарбий жиноятлар жазосиз қолиши мумкин эмас”лигини урғулаган.

Маслаҳат гуруҳининг аксар криминалист экспертлари хавфсизлик нуқтаи назаридан Польша ҳудудида бўладилар.

2022 йилнинг 23 май куни Киев суди Суми вилоятида тинч фуқарони ўлдиришда айбланган рус сержанти Вадим Шишимаринни умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилган. Бу уруш бошланганидан бери Украинада суд қилинган россиялик илк аскардир.

Полтава вилояти судида ҳам икки рус ҳарбий хизматчисига оид жиноят иши кўрилмоқда: тергов маълумотига кўра, Александр Бобикин ва Александр Иванов 24 февраль куни Харьков вилоятини ўққа тутишда иштирок этишган.

“Шинжон полицияси файллари”: махфий маълумотлар Хитойдаги таъқиб ва қатағонлар кўламини фош қилди

Шинжондаги Хитой полицияси

АҚШнинг Коммунизм қурбонлари хотираси фонди Хитойдаги “қайта тарбиялаш” лагерларига оид махфий ҳужжатларни эълон қилди. Маълумотлар Хитой полицияси серверларини бузиб кириш йўли билан олинган. Фонд уларнинг барчасини махсус очилган “Шинжон полицияси файллари” сайтига жойлади.

Файллар Хитой полициясининг ўнлаб расмий фармойишлари, қарийб уч минг нафар маҳбус фотосуратлари, видеолар, 20 мингдан зиёд қўлга олиш қайдномалари ва Шинжоннинг 300 мингдан ортиқ аҳолиси шахсий маълумотларини ўз ичига олади.

Тадқиқотчи Адриан Ценцга кўра, махфий ҳужжатлар “қайта тарбиялаш лагерлари”, Хитой расмийлари иддао қилишганидек, “ихтиёрий ўқув муассасалари” эмаслигини тасдиқлайди. “Бу маълумотлар Хитой ҳукумати юзидаги ниқобни сидириб ташлайди”, деган у.

Ҳужжатлар Шинжоннинг мусулмон аҳолиси оддий диний талабларни бажаргани учун қатағон қилинаётганига доир хавотирлар бежиз эмаслигини кўрсатган. Хусусан, ҳужжатларда ичиб-чекмагани учун терроризмда айбланиб қамалмиш ўғли туфайли ҳибсга олинган Тожигул Тоҳир исмли уйғур аёли ҳақида маълумотлар бор.

Бундан ташқари, тадқиқотчилар файлларда кўплаб инсонлар ўнлаб йиллар муқаддам содир этган хатти-ҳаракатлари учун ўтган сана билан жазолангани, мобил телефонларидан гўё етарлича фойдаланмаган ёки телефон ҳисобини тўлдирмаганлар “рақамли кузатувдан қочишга уриниш”да айбланиб, 10 йилгача қамоққа ташланганини аниқлаганлар.

Полиция файлларини ўрганган экспертлар муаммо кўламини тасаввур қила бошлаганларини айтишмоқда. Адриан Ценц ҳужжатларнинг катта қисми Кўнашеҳер округига оидлигига эътибор қаратган. Таҳлилларга кўра, 2017-2018 йилларда ушбу округдан қарийб 23 минг киши, яъни умумий аҳолининг 12 фоиздан ортиғи қамоқда ёки лагерларда бўлгани очиқланган.

Калифорния университети суд экспертлари “Шинжон полицияси файллари”нинг ҳақиқийлигини тасдиқлаганлар. Хитойнинг Вашингтондаги элчихонаси эса вазиятга изоҳ бераркан, “Шинжон билан боғлиқ масалалар инсон ҳақлари ёки динга эмас, аслида терроризм, радикализм ва айирмачиликка оид”, дея иддао қилган.

Молдовада собиқ президент Игорь Додон давлатга хиёнатда айбланмоқда

Игорь Додон, Кишинёв, 2022 йилнинг 24 майи

Молдованинг коррупцияга қарши прокуратураси собиқ президент Игорь Додонга қарши айблов эълон қилди. Сиёсатчи давлатга хиёнат ва коррупция дохил мамлакат Жиноят кодексининг тўрт моддаси бўйича айбланмоқда. 26 май куни прокурорлар айбланувчини 30 суткага ҳибсга олиш илтимосномаси билан судга мурожаат қилиши кутилмоқда.

Аввалроқ Додон 72 соатга ҳибс этилган. Собиқ президент ўзининг сиёсий сабабларга кўра таъқиб этилаётганини иддао қилмоқда.

Тергов қаноатича, Додон молдовалик олигарх Владимир Плахотнюкдан пора олган. Бундай хулосага келинишига 2019 йилда тасвирга олинган видеоёзув сабаб бўлган. Яширин камера билан олинган видеода Плахотнюк ўша пайтда амалдаги президент бўлган Игорь Додонга қора пакет бермоқчи бўлгани кўринган. Додон пакетга тегмаган, бироқ “яна халтачангиз билан келдингизми?” деб, уни қандайдир “Костя”га бериб қўйишни сўраган. Видеода Додон билан Плахотнюк парламентда конституциявий кўпчиликни ташкил қилган коалиция тузиш масаласини муҳокама қилишгани акс этган.

Плахотнюк Молдова сиёсатида “кулранг кардинал” деб ҳисобланган, унинг бошчилигидаги Демократик партия мамлакатда етакчи сиёсий кучлардан бири бўлган. Бир неча йил олдин олигархга қарши жиноят иш қўзғатилиши ортидан у мамлакатни тарк этишга мажбур бўлган, унинг тарафдорлари эса сиёсий нуфузларини йўқотишган. Ўша пайтда Плахотнюкка қарши курашда Ғарб қадриятлари тарафдори бўлган мухолифат Додон тарафдорлари билан бир фикрда экани хабар қилинган.

Россияда Плахотнюкка қарши бир нечта жиноят иши очилган. Москва уни халқаро қидирувга берган.

Додон россияпараст сиёсатчи бўлиб ҳисобланар эди. У президентлик чоғида бир неча бор Москвага борган, ҳатто Қизил майдондаги Ғалаба парадида ҳам иштирок этган эди.

АҚШнинг Ювалде шаҳридаги мактабга қилинган ҳужум қурбонлари сони камида 21 кишига етди

Мактабдаги отишмадан омон чиққан ўқувчи қиз.

АҚШнинг Техас штати Ювалде шаҳридаги бошланғич мактабга қилинган қуролли ҳужумда ҳалок бўлганлар сони 21 кишига етди. Бир неча соат аввалроқ ҳужумда камида 14 нафар бола ва бир ўқитувчи ҳалок бўлгани билдирилган эди.

“Настояшчее время” телеканалининг хабар беришича, сенатор Роланд Гутьеррес CNN телеканалига ҳалок бўлганлардан 18 нафари ўқувчи ва уч нафари катта ёшдаги кишилар эканини айтган.

Айни пайтда Жамоат хавфсизлиги департаменти ҳалок бўлганлардан 19 нафари ўқувчи ва икки нафари ўқитувчи эканини маълум қилди.

Бундан ташқари турли оғирликда яраланган 13 ўқувчи касалхонага ётқизилган. Яраланган 66 ёшли аёл ва 10 ёшли қизалоқнинг аҳволи ўта оғир.

Ҳодиса 24 май куни содир бўлган. Техас губернатори Грег Эбботга кўра, ҳужумчи бинога қўлида тўппонча ва муҳтамалан милтиқ билан бостириб кирган. Гумонланувчи Сальвадор Рамос 18 ёшда бўлган. У, айрим хабарларда айтилишича, полиция томонидан отиб ўлдирилган.

Associated Press агентлигининг ёзишича, Рамесни отишма пайтида мактаб яқинида бўлган АҚШ чегара хизмати ходимлари отиб ўлдирган. Чегарачилар мактабда ўқ отилаётганини эшитибоқ у ерга етиб борган. Отишма пайтида икки чегарачи яраланган.

Сўнгги хабарларда айтилишича, Рамос мазкур мактабнинг юқори синфида ўқиган. У мактабга кетишдан олдин ўз бувисига ўқ отган. Бироқ бувиси тирик қолган ва оғир яраланган ҳолда касалхонага ётқизилган.

Рамос мактабга нега ҳужум қилгани сабаблари ҳозирча номаълум. Бу борада полиция тергов-суриштирув ишларини олиб бормоқда.

Содир бўлган воқеа ҳақида АҚШ президенти Жо Байден хабардор қилинган. Байден воқеа ортидан Конгрессда қилган чиқишида қурол савдоси лоббисига чек қўйиш фурсати етгани ҳақида гапирди.

Шунингдек, Байден Оқ Уйдаги, ҳарбий объектлардаги ва давлат ташкилотларидаги мамлакат байроқларини “мантиқсиз зўравонлик қурбонлари хотирасини ёдга олиш учун тушириш”га кўрсатма берди.

Қурбонлар сони бўйича мазкур воқеа Техас штати тарихида энг қонли воқеалардан бири бўлган. 1966 йили Техас университети минорасида узилган ўқлардан 16 киши ҳалок бўлган эди. 2018 йили Санта Федаги ўрта мактабга қилинган ҳужумда эса 10 киши нобуд бўлган.

Ювалде мактабидаги отишма 2012 йилдан бери АҚШда мактабларга қилинган энг катта ҳужумлардан бири бўлди. 2012 йилнинг 14 декабрида 20 ёшли Адам Лэнза Коннектикут штатининг Ньютаун шаҳридаги Сэнди-Хук мактабига ҳужум қилган ва 20 ўқувчи, 6 ўқитувчи ва онасини отиб ўлдирган эди.

Путин Украинанинг яна икки вилояти аҳолисига Россия фуқаролигини бериш тўғрисидаги фармонни имзолади

Россия паспортини олаётган ДХР турғуни. 2019 йилдаги фотосурат.

Россия президенти Владимир Путин 25 май куни Украинанинг Херсон ва Запорож вилоятлари аҳолисига енгиллаштирилган тарзда Россия фуқаролигини бериш тўғрисидаги фармонни имзолади.

Фармонга асосан, бу икки вилоят аҳолиси Москва мустақил давлат сифатида тан олган Донецк ва Луганск вилояти аҳолисига тенглаштирилган ва уларга тез орада Россия фуқаролиги берилади.

Украинанинг Херсон вилоятининг катта қисми, жумладан, вилоят маркази ва Запорож вилоятининг ярми Россия армияси томонидан босиб олинган. Запорож шаҳри Украина назорати остида қолмоқда.

Украинага уруш очилганидан сўнг Путин ва Кремлнинг бошқа расмийлари украин ҳудудини оккупация қилиш асосий мақсад эмаслигини айтганлар. Бироқ Россия томонидан босиб олинган ҳудудларда Россияга бўйсундирилган маъмуриятлар ташкил этилди.

Мазкур ҳудудларда Россия томонидан тайинланган ҳокимлар Херсон ва Запорож вилоятлари Россия таркибига қўшиб олиниши шартлиги тўғрисида баёнот бера бошладилар.

Запорож ва Херсон вилоятининг босиб олинган ҳудудларига ташриф қилган Кремль расмийлари “бу икки ҳудуд Россия оиласи билан умрбод бирга бўлиши” ҳақида гапирдилар.

2014 йилда босиб олинган Қрим ҳукумати эса ўз ҳудудида Украина фуқароларига Россия паспортларини берувчи марказлар ташкил қилиниши ҳақида баёнот берди.

Ўзларини мустақил давлат сифатида эълон қилиб олган Донецк ва Луганск вилоятлари аҳолисига Россия фуқаролигини енгиллаштирилган тарзда бериш 2019 йилда бошланган эди.

Қозоғистон ТИВ Самарқандда сайёҳларга электрошокер қўлланилиши билан боғлиқ воқеага муносабат билдирди

Айбек Смадияров

Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Айбек Смадияров Ўзбекистонда қозоғистонлик сайёҳлар дуч келган нохуш ҳодиса юзасида изоҳ берди.

“Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги вазиятга ойдинлик киритиб, ҳал қилиниши учун Ўзбекистон томонига хат билан мурожаат қилди. Биз ўз фуқароларимиз ҳуқуқларини ҳимоя қиламиз”, дея иқтибос келтирган Айбек Смадияров сўзларидан “Казинформ” агентлиги.

Мулозимга кўра, вазирлик Самарқанд ички ишлар идоралари ходимлари Қозоғистон фуқароларига нисбатан электрошокер қўллаганига оид ҳодиса видеоёзувини ўрганиб чиққан.

“Ўзбекистонда жамоатчиликнинг ўзи ҳуқуқ-тартибот вакиллари хатти-ҳаракатини қораламоқда. Шунга қарамай, биз вазиятни назорат остида ушлаб турибмиз”, дея билдирган Қозоғистон ТИВ вакили.

У Самарқанд ИИБда мазкур ҳодиса юзасидан ички текширув бошлангани, сайёҳларга электрошокер қўллаган ходимлар ишдан четлатилганини қўшимча қилган.

“Биз бу ишга аралашмасликка ҳаракат қиляпмиз ва ишнинг фуқароларимизни ҳимоя қилиш қисминигина кузатиб боряпмиз”, деган Айбек Смадияров.

21 майга ўтар кечаси Самарқандда патруль-пост хизмати ходимлари қўшни мамлакатдан келган сайёҳлар шахсини аниқлаш чоғида қўполликка йўл қўйиб, уларга нисбатан махсус воситаларни (электрошокер) ноўрин қўллаган эди.

Аввалроқ Ўзбекистон ИИВ матбуот котиби Шоҳруҳ Ғиёсов Самарқандда сайёҳларга нисбатан қўпол муомалада бўлган ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари жавобгарликка тортилишини билдирган.

Amnesty International: Дунёда қатллар сони "хавотирли тарзда" ошиб бормоқда

2021 йилда дунёда ўлимга ҳукм қилиш ва қатллар сонида “хавотирли ўсиш” кузатилган, чунки ўлим жазоси ҳалигача қўлланилаётган мамлакатлар коронавирус чекловлари сусайиши манзарасида одатдаги амалиётларига қайтишган. Бу ҳақда Amnesty International халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилоти ўлим жазосига оид йиллик ҳисоботида билдирган.

Халқаро ташкилот қайдича, ўтган йили дунёда қатллар сони 2020 йилга нисбатан 20 фоизга ошган ва уларнинг асосий қисми Эронда амалга оширилган. 2021 йилда 18 та мамлакатда амалга оширилган камида 579 та қатлдан 314 таси Эрон ҳиссасига тўғри келади. 2020 йилда бу мамлакатда ўлим жазоси бўйича 246 та ҳукм ижро этилган эди. Саудий Арабистонида эса ўтган йили 65 та қатл амалга оширилгани қайд этилган.

“2020 йилда қатллар сони кескин тушгани ортидан ўтган йили Эрон ва Саудий Арабистони, инсон ҳуқуқлари соҳасида жорий этилган халқаро ҳуқуқ тақиқларини очиқдан-очиқ бузган ҳолда, яна ўлим жазосини тез-тез қўллай бошлади”, дея билдирган Amnesty International бош котиби Аньес Калламар.

Ташкилот ҳисоботида Хитойда чиқарилган ўлим жазоси ҳукмлари ва қатллар сони акс этмаган. Amnesty International тахминича, бу мамлакатда ҳар йили минглаб одам қатл этилмоқда. Ҳисоботда, шунингдек, Шимолий Корея ва Вьетнамдаги қатллар қамраб олинган эмас.

АҚШ: Техасдаги мактабга ҳужумда камида 14 бола ва ўқитувчи нобуд бўлди

АҚШнинг Техас штатига кирувчи Ювалде шаҳридаги бошланғич мактабда амалга оширилган қуролли ҳужумда камида 14 нафар бола ва бир ўқитувчи ҳалок бўлди. Дастлабки маълумотларга кўра, ҳужумда гумон қилинган шахс полиция томонидан отиб ўлдирилган, дея хабар қилди CBS.

Ҳодиса 24 май куни содир бўлган. Техас губернатори Грег Эбботга кўра, ҳужумчи бинога қўлида тўппонча ва муҳтамалан милтиқ билан бостириб кирган. Бу мактабда 7 ёшдан 10 ёшгача бўлган болалар ўқийди. Гумонланувчи Сальвадор Рамос 18 ёшда бўлган. Ювалделик бу йигитнинг бир ўзи ҳаракатлангани айтилмоқда. Ҳужумчини бу ишга нима ундагани ҳозирча маълум эмас.

Содир бўлган воқеа ҳақида АҚШ президенти Жо Байден хабардор қилинган. Қурбонлар сони бўйича кечаги воқеа Техас штати тарихида энг қонли воқеалардан бири бўлган. 1966 йили Техас университети минорасида узилган ўқлардан 16 киши ҳалок бўлган эди. 2018 йили Санта Федаги ўрта мактабга қилинган ҳужумда эса 10 киши нобуд бўлган.

Британия разведкаси: Россиянинг Украинада 3 ойда кўрган талафоти СССРнинг Афғонистонда 9 йилда кўрган талафотига тенг

Украинада ҳалок бўлган россиялик ҳарбийларнинг жасадлари

Россия Украинага босқинининг дастлабки уч ойи мобайнида Совет Иттифоқининг тўққиз йил давом этган Афғонистон урушидаги талафоти мислича талафот кўрган бўлиши мумкин. Бу ҳақда Британия разведкасининг 23 майдаги маълумотномасида айтилган.

Украинадаги урушнинг боришига доир маълумотномада Британия разведкаси Россия армияси талафотининг катталигини алоҳида бўлинмалар тактик шайлиги ёмонлиги, қўмондонликда вазиятга мослашиш лаёқати йўқлиги ва бунинг натижасида хатолар такрорланаётгани, шунингдек ҳаводан мадад етарли эмаслиги билан изоҳлаган.

Май ойи ўрталарида Британия ҳарбий разведкаси Россия уруш олдидан чегаралар яқинида жамлаган қуруқликдаги жанговар кучларининг қарийб учдан бирини йўқотганини таъкидлаган. Февраль ойида Россия Украинага тахминан 150 минг кишилик қўшин билан киргани айтилади. Бироқ бу маълумотдан талафотнинг қанча қисми абадий йўқотилган (ҳалок бўлганлар ва жароҳатдан ўлганлар) эканини билиш қийин.

“Медиазона” нашри очиқ манбаларда Украинада ҳалок бўлган 2500 дан зиёд россиялик ҳарбий исмлари қайд этилганини аниқлаган. Россия Мудофаа вазирлиги йўқотишларга доир сўнгги ҳисоботида бундан икки карра оз рақамни келтирган. Украина расмийлари эса ҳалок бўлган россияликлар сони 30 мингга яқинлашганини иддао қилмоқда. Уруш пайтида томонлар ўз талафотларини камайтириб, душманникини ошириб кўрсатишга интилади. Жанговар ҳаракатлар шароитида бу маълумотларни текшириш имкони мавжуд эмас.

Афғонистондаги уруш давомида совет қўшинлари асосан партизанлар – исёнчиларнинг тарқоқ гуруҳ ва бўлинмаларига қарши жанг қилган. Украинада эса Россия армиясига қарши 261 минг кишилик мунтазам армия, қарийб 100 минг кишилик ҳудудий мудофаа отрядлари ҳамда бошқа кучишлатар тузилмалар курашмоқда.

Жириновскийнинг ўғли отини бошқа қўйиб, Гарсияга айланди

Владимир Жириновскийнинг ўғли Игорь Лебедев

Россия Давлат думаси раисининг собиқ ўринбосари, ЛДПР партияси асосчиси Владимир Жириновскийнинг ўғли Игорь Лебедев ўз исмини Давид Александрович Гарсия деб ўзгартирган. Шундан сўнг ҳам у уч ой эски исми билан парламентдаги вазифаларини бажаришда давом этган. Бундай хулосага “База” нашри журналистлари “Российский паспорт” давлат тизими ёзувлари билан танишганидан сўнг келишган.

Нашр қайдича, исм алмаштириш 2021 йилнинг июль ойи бошларида амалга оширилган. Ўшандан икки ҳафта олдин Лебедев сиёсатдан кетишини эълон қилган эди. Бироқ ўшандан кейин ҳам у, Давлат думаси сайтидаги маълумотга кўра, ваколатларини топширмай, 2021 йил 11 ноябригача қуйи палата раисининг муовини лавозимини эгаллаб ўтирган. Кейинги парламент сайловида эса Лебедев иштирок этган эмас.

“База” нашри исм ўзгартириш сабабини аниқлаш мақсадида собиқ сиёсатчи билан боғланишга уринган, бироқ бунга муваффақ бўлолмаган. Аввалроқ “База” ва “Проект” нашрлари Жириновскийнинг ўғли Испанияда кўчмас мулкка эга бўлиши мумкинлиги ҳақида ёзган, бироқ Лебедев бу иддаони рад этган.

Агар Лебедевнинг Испанияда активи бўлса, собиқ депутат бу мулкдан ҳатто янги исми билан ҳам фойдалана олмайди. У 2014 йилдан буён Европа Иттифоқининг санкциялар рўйхатига киритилган.

Сиёсатдан кетишидан олдин Лебедев отасидан кейин ЛДПРга етакчилик қилиши мумкинлигига оид гап-сўзлар урчиган эди. Бироқ Жириновскийнинг ўлимидан кейин ОАВ унинг муҳтамал вориси депутат Леонид Слуцкий бўлиши мумкинлиги ҳақида ёзмоқда.

Россия ЕОИИ аъзоларини учинчи мамлакатларга ғалла экспортини чеклашга ундамоқда. Қозоғистон бунга қарши

Қозоғистондаги ғалла ўрими

Евроосиё иқтисодий комиссиясининг (ЕИК) 20 майдаги йиғилишида Россия Евроосиё иқтисодий иттифоқининг (ЕОИИ) барча аъзоларини учинчи мамлакатларга ғалла экспорт қилишга квота ва божлар жорий этишга ундади. Қозоғистон бунга қарши чиқмоқда, дея хабар қилди “Коммерсант” нашри.

Россияда 2022 йили рекорд миқдорда ғалла ҳосили кутилаётганига қарамай, мамлакат дон экспортини ҳатто ЕОИИ даражасида қаттиқ назорат қилишга уринмоқда. Нашр маълумотига кўра, Россия реэкспортдан хавфсираб, иттифоқчилар учинчи мамлакатга ғалла чиқаришга квота ва божлар киритишини хоҳлаяпти, қолаверса, ўзи ҳам ҳозирча 30 июнгача жорий этилган ЕОИИ мамлакатларига дон экспорт қилишга чеклов муддатини узайтириши мумкин.

Газета баҳорда Қозоғистон Сибирда ғалла харид қилишни фаоллаштириши манзарасида Россия ЕОИИ мамлакатларига ғалла чиқаришни 30 июнгача тақиқлагани ва бу билан Қозоғистонни норози қилгани ҳақида ёзган. Қозоғистон Россиянинг хатти-ҳаракатини “камситиш” деб баҳолаган ҳамда бунга жавобан буғдой ва ун экспортига квота белгилаган.

“Коммерсант” манбасига кўра, ЕИК мажлисида Россия қабул қилинган чора-тадбирлар етарли эмаслиги, чунки Қозоғистон арпа ва жўхори экспортига квота киритмаганини ҳамда донни мамлакатдан чиқаришда бож олмаётганини урғулаган. Натижада икки мамлакатдаги ички нархлар ўртасида сезиларли тафовут вужудга келган.

ЕОИИ аъзолари 2021 йил августидаёқ буғдой, арпа, жўхори, кунгабоқар ва бошқа қатор маҳсулотлар экспортини чеклашда ягона ёндашувга ўтишни режалаштиришган, бироқ ғоя амалга ошмай қолган эди.

Бугунги кунда фақат Беларусь четга буғдой чиқаришни бутунлай тақиқлаган. Арманистон ва Қирғизистон бож ва квоталар бўйича қарорлар тайёрламоқда. Қозоғистон эса бож жорий этишга қарши, чунки бу маҳаллий ғалла етиштирувчиларга халқаро мажбуриятларини бажаришда халал бериши мумкин.

Нашр манбаси Қозоғистон талаб қилинган чораларни кўришдан бош тортган тақдирда Россия ЕОИИ мамлакатларига ғалла чиқаришга нисбатан вақтинчалик тақиқни узайтиради, деган фикрда.

Украинада уруш бошлагани ортидан Ғарб санкцияларига учраган Россия айрим озиқ-овқат маҳсулотлари, хусусан, ғалла ва шакар экспортини чеклаб қўйган. Бунинг қабатида Қозоғистонда озиқ-овқат нархлари сезиларли даражада ошган.

Россиянинг БМТдаги дипломати Украинадаги урушга норозилик сифатида истеъфо берганини билдирди

БМТнинг Женева офисидаги Россия доимий ваколатхонаси ходими Борис Бондарёв 23 май куни Украина билан уруш важидан ўз ихтиёри билан истеъфога чиққанини кутилмаганда маълум қилди.

У ўз баёнотида узоқ йиллик дипломатик хизмати мобайнида ўз мамлакати ва ўз касбини деб ҳеч қачон бу қадар изза бўлмаганини таъкидлади.

“Путин Украинага, амалда – бутун Ғарб дунёсига қарши бошлаб юборган босқинчилик уруши – бу нафақат украин халқига нисбатан жиноят, балки Россия халқига қарши содир этилган энг оғир жиноятдир”, деб ёзди у LinkedIn ижтимоий тармоғидаги шахсий саҳифасида.

БМТнинг Женевадаги бўлими сайтида қайд этилишича, Бондарёв доимий ваколатхонада маслаҳатчи лавозимида бўлган. Унинг ўзи 20 йил дипломатик хизматда бўлганини эслатади.

“Афсуски, шу йигирма йил давомида ташқи ишлар вазирлигимиз фаолиятида ёлғон ва нопрофессионаллик тобора ортиб борди. Россиянинг иттифоқчилари қолмади”, деди дипломат.

Бондарёв Россиянинг уруш туфайли расман истеъфога чиққан дипломатик хизматдаги биринчи мулозими бўлди. Россия ТИВ ушбу воқеа юзасидан изоҳ берганича йўқ.

Давосда миллионерлар жаҳон лидерларидан бойлардан олинадиган солиқ миқдорини кўпайтиришни талаб қилмоқда

Швейцариянинг Давос шаҳрида анъанавий иқтисодий форум 22 май куни бошланди.

Бир гуруҳ миллионерлар Давос иқтисодий форумига келган жаҳон лидерларидан глобал нотенгликни бартараф этиш учун бойлардан олинадиган солиқлар миқдорини кўпайтиришни талаб этмоқда.

“Бизнинг ҳукуматларимиз ҳалигача ўтакетган нотенгликни бартараф этиш учун ҳеч нарса қилмаяпти. Бунинг ўрнига улар ёпиқ эшиклар ортида учрашиб, хусусий бойликлар кўргазмасида иштирок этишмоқда. Жорий йилда яна 250 миллион киши ўта қашшоқлик даражасига тушиб қолади. Дунёни баланслаштириш вақти етиб келди. Бойларга солиқларни кўпайтириш даври келди”,-деди Давосда норозилик билдираётган миллионерлардан бири Марлен Энгельхорн.

Норозилик акциясини “Ватанпарвар миллионерлар” гуруҳи аъзолари уюштирди. Мазкур гуруҳ биринчи марта 2010 йилда АҚШ собиқ президенти кичик Жорж Буш томонидан бойларга берилган солиқ имтиёзларини бекор қилиш талаби билан йиғилган эди.

Ўшандан бери “Ватанпарвар миллионерлар” гуруҳига 200 нафар бой-бадавлат киши аъзо бўлди. Гуруҳга аъзо миллионерлар иш ҳақининг энг кам миқдорини кўтаришни ва прогрессив солиқ тизимини мукаммалаштиришни ҳам талаб қилишмоқда.

Швейцариянинг Давос шаҳрида анъанавий иқтисодий форум 22 май куни бошланди. Унинг ишида икки мингдан ортиқ одам қатнашмоқда. Форумда қатор давлатларнинг лидерлари ҳам нутқ сўзлайди.

Жорий йилдаги анжуман кун тартибига Украинадаги уруш ва унинг оқибатларини муҳокама қилиш ҳам киритилган. Форумга Россиядан бирорта вакил таклиф қилинмади. Давосдаги “Рус уйи” эса “Россиянинг ҳарбий жиноятлари уйи” деб ўзгартирилди.

Киев суди Украина ватандошини ўлдирган Россия ҳарбийсини умрбод қамоққа ҳукм қилди

Вадим Шишимаринга нисбатан суд жараёни Киевда 13 май куни бошланган эди.

Киевнинг Соломенск туман суди Россия армияси сержанти Вадим Шишимаринни уруш тўғрисидаги қонунлар ва одатларни бузганликда, шунингдек, қасддан қуролсиз одамни ўлдирганликда айбдор деб топди. Суд Шишимаринни умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилди.

Москва вилоятида жойлашган 4- Кантемир танк дивизиясининг 21 ёшли бўлинма командири бўлган сержант Вадим Шишимарин судда 28 февраль куни Сумск вилояти Чупаховка қишлоғида 62 ёшли Александр Шелиповни отиб ўлдирганини тан олди.

“Прапоршчик Макеев менга отишга буйруқ берди. Мен бош тортдим. Шунда яна бир ҳарбий хизматчи менга таҳдидли оҳангда отишга буйруқ берди, “акс ҳолда у бизни сотади”, деб айтди. Мен шундан сўнг қисқа навбат билан ўқ отдим”, -деб иқтибос келтирди Шишимариннинг судда берган кўрсатмасидан Озодликнинг украин хизмати.

Жабрланувчи сифатида судда гувоҳлик берган Александр Шелиповнинг бекаси Екатерина Шелипова рус ҳарбийсига умрбод қамоқ жазоси берилишини талаб қилди. “Бироқ у “Азовстал”даги бизнинг ҳимоячиларимизга алмаштириладиган бўлса, бунга қарши бўлмайман”,-деди бева.

Украина ҳукумати томонидан сержант Шишимаринга тақдим этилган адвокат Би-би-си радиосига Россия ҳукумати ёки Мудофаа вазирлиги расмийларидан бирортаси у билан алоқага чиқмаганини айтди.

Вадим Шишимарин Россия Украинага бостириб кирганидан бери тинч аҳолини ўлдирганликда айбланиб судланган биринчи рус ҳарбийси бўлди. Унга нисбатан суд жараёни Киевда 13 май куни бошланган эди.

Россия армияси Киев вилоятининг айрим туманларини бир ой – февраль ойи охиридан март ойи охирларига қадар ишғол этиб турган. Украина ҳуқуқ-тартибот идоралари маълумотига мувофиқ, биргина Киев вилоятида мана шу давр мобайнида 1200 нафардан зиёд тинч аҳоли вакили ўлдирилган.

2 апрелда Киев вилояти Россия босқинидан озод қилингач, қатор шаҳар ва қишлоқларда тинч аҳолининг жасадлари топилган. Буча шаҳрида камида 400 киши оммавий қатл қилингани тасдиқланди.

Москва эса Украинада тинч аҳоли қатлиом қилинганини, Россия ҳарбийлари фуқаровий инфраструктурани вайрон қилаётганига оид айбловларни инкор қилиб келмоқда.

Айни пайтда Украина расмийлари Россия ҳарбийлари тинч аҳолини қатлиом қилаётганига оид ҳужжат ва далиллар сунъий йўлдошлардан ҳамда видеокузатув камераларидан олинган тасвирлар воситасида тасдиқланганини айтиб келадилар.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG