Линклар

Президент Мирзиёев Рамазон ҳайити куни руҳий хасталар ҳолидан хабар олди. Президент расмий сайтида хабар қилинишича, 26 июн куни Тошкент шаҳар руҳий касалликлар клиник шифохонасини бориб кўрган президент шифохонанинг эски биноларини янгилаш ишлари, беморларга яратилган шароит билан танишган.

Ўзбекистон президентининг расмий сайтида чоп этилган хабарда айтилишича, айни дамда Тошкент шаҳар руҳий хасталар шифохонасида қурилиш-реконструкция ишлари амалга оширилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 25 июлдаги руҳий-тиббий хизмат фаолиятини такомиллаштиришга оид қарорига мувофиқ, шифохонада 2015-2016 йилларда 4 янги бино фойдаланишга топширилган. Айни пайтда икки қаватли яна бир корпус қурилмоқда.

Президент Мирзиёев шифохонанинг эски биноларини янгилаш борасидаги лойиҳалар билан танишган, беморларга яратилган шароитларни кўздан кечирган.

Расмий хабарда келтирилишича, президент: "Беморларга муносиб шароитлар яратиш керак", деб таъкидлаган ҳамда шифохонанинг ташқи ва ички кўринишини тартибга келтириш, бу ерда ишлаётган тиббиёт ходимларининг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш, хусусан, уларни уй-жой билан таъминлаш бўйича кўрсатмалар берган.

Тошкент шаҳар руҳий касалликлар клиник шифохонаси 1896 йилда қурилган. Шифохонада касалликлар тури, даволаш усуллари, беморлар ҳолатига ихтисослашган 18 бўлим ташкил этилган. Клиник-биокимё лабораторияси, рентген, УТТ, энцефалография, экспертиза хоналари зарур восита ва малакали мутахассислар билан таъминланган. Шифохона Тошкент тиббиёт академияси, Тошкент педиатрия тиббиёт институти, Тошкент врачлар малакасини ошириш институтининг руҳий касалликлар кафедралари учун клиник база ҳисобланади.

Шунингдек, президент Шавкат Мирзиёев Мирзо Улуғбек туманидаги “Мурувват” уйида ҳам бўлгани, беморлар учун яратилган шароит билан танишгани хабар қилинди. Бу Интернатда руҳан хаста бўлган ногирон эркаклар даволанади.

Президент 1979 йилда қурилган "Мурувват" уйининг бинолари техник ҳолати таъмирталаб экани, мазкур интернат ҳудудини кенгайтириш ва қўшимча бинолар қуриш зарурлигини таъкидлаган.

Хасталар зиёрати чоғида президент: "Улуғ айём кунлари бундай савоб ишларни қилиш, беморлар ҳолидан хабар олиш ҳар биримизнинг эътиборимизда бўлмоғи зарур", дея таъкидлаган.

XS
SM
MD
LG