Линклар

Шошилинч хабар
20 июн 2021, Тошкент вақти: 19:01

Мирзиёевнинг Тожикистонга сафари арафасида Самарқанд — Панжикент темир йўлини қуриш режаси очиқланди


Темир йўл вокзали, Тошкент.

Ўзбекистон ва Тожикистон ҳукуматлари Самарқанд ва Панжикент шаҳарларини темир йўл тармоғи орқали боғлаш режаси маълум қилинди.

Икки мамлакатнинг транспорт соҳасига масъул идоралари, шунингдек, Бекобод — Конибодом — Қўқон йўналиши орқали ўтадиган темир йўл бўйлаб электр узатиш линиясини қуриш тўғрисида битимни ҳам имзолаши кутиляпти.

Душанбеда берилган расмий баёнотга кўра, томонлар ҳозир амалда бўлган барча чекловлардан воз кечиб, ягона транспорт маконини яратишни режаламоқда.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг Тожикистонга сафари арафасида икки давлат вазирлик ва идоралар, тадқиқот марказлари вакиллари ҳамда олимлар Душанбеда учрашди.

Ушбу конференцияда иштирок этган Ўзбекистон расмийлари президентнинг расмий ташрифи давомида имзоланиши кутилаётган келишувлар ҳақида маълумот берди.

“Самарқанд — Панжикент темир йўли ва Бекобод —Конибодом — Қўқон темир йўли бўйлаб электр узатиш линияси қурилишидан ташқари, бошқа лойиҳаларни ҳам муҳокама қилдик. Хусусан, Самарқанд шаҳридан Тожикистоннинг Айний туманигача темир йўл қуриш лойиҳасини амалга ошириш ҳақида фикр алмашилди”, деди жумладан, Озоди радиоси билан суҳбатда Ўзбекистон президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти директорининг биринчи ўринбосари Акрамжон Неъматов.

Душанбе ва Тошкент транспорт лойиҳаларининг амалга оширилиши икки мамлакат ўртасида юк ташиш ва маҳсулот айланмаси ҳажмлари ортишига имкон бериши кўзланган.

Тожикистон ва Ўзбекистон йиллик маҳсулот айланмасини 1 млрд. долларга етказиш истагида эканини маълум қилди.

2020 йилда коронавирус пандемияси туфайли мамлакат ўртасида маҳсулот айланмаси қиймати атиги 333 млн. доллардан ортиқроқ бўлдики, бу 2019 йилги кўрсаткичдан 7,8 фоизга камдир.

Тожикистон Транспорт вазирлигининг Халқаро алоқалар бошқармаси бошлиғи Сайфулло Қодиров 3 июнь куни Озоди радиоси билан мулоқотда Тожикистон ва Ўзбекистоннинг транспорт соҳасига масъул идоралари вакилларининг Душанбедаги учрашуви чоғида “Бекобод — Истиқлол — Бекобод” темир йўл участкасидан фойдаланиш, “Патар — Андархон” назорат-ўтиш маскани орқали автомобилда юк ташиш, аввалдан мавжуд йўналишларда автобус қатновини ташкил қилиш йўли билан юк ташишни тиклаш масалалари кўриб чиқилганини айтган.

"Учрашув якунида томонлар муҳокама қилинган масалалар бўйича тегишли баённомани имзолади", дея қайд этади Тожикистон Транспорт вазирлиги вакили.

Озоди радиосининг “Тожикистон темир йўллари” ДУКдаги манбаси Самарқанддан Панжикентгача темир йўл тармоғини қуриш тожик томонининг ғояси эканини билдирган. Расмий Тошкент бу ғояни маъқуллабгина қолмай, уни молиялашга тайёрлигини ҳам билдирди, деган манба.

Маҳаллий экспертлар мустақилликка эришганидан сўнг, транспорт соҳасини ривожлантириш Тожикистон учун катта аҳамият касб этганини, коммуникация берклигини бартараф этиш, шубҳасиз, давлатнинг стратегик мақсадларидан бири бўлганини урғулайдилар.

Эксперт Умид Давлатовга кўра, Ўзбекистонда Шавкат Мирзиёев ҳокимият тепасига келганидан сўнг Душанбе ва Тошкент муносабатлари яхшилангач ана шу коммуникацион “тупик”дан чиқиш имконияти вужудга келган.

“Янги темир йўл ва автомобиль йўллари қурилиши, албатта, Тожикистон ва Ўзбекистон учун манфаатлидир. Одамларнинг қўшни мамлакатга бориб-келиши қулайлашади, қолаверса икки давлат ўртасида юк айланмаси ҳам ортади”, деган эксперт.

Ўзбекистон президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти маълумотига кўра, пандемияга қадар Тожикистон ва Ўзбекистон чегарасидан ҳар куни 20 мингдан зиёд одам ўтган.

2019 йил якунларига кўра тожикистонликлар Ўзбекистонга келган сайёҳлар умумий сонининг 25 фоизини ташкил қилган.

XS
SM
MD
LG