Линклар

Шошилинч хабар
07 декабр 2022, Тошкент вақти: 11:39

Халқаро хабарлар

Мирзиёев АҚШ-Ўзбекистон савдо палатаси раиси бошчилигидаги делегацияни қабул қилди

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 16 ноябрь куни “Кўксарой” қароргоҳида Хорижий инвесторлар кенгашининг биринчи мажлисида иштирок этиш учун мамлакатга келган Америка-Ўзбекистон савдо палатаси раиси Кэролин Лэмм бошчилигидаги делегация билан учрашув ўтказган.

Президент матбуот хизмати маълумотига кўра, учрашувда АҚШ делегацияси таркибидаги General Electric, Procter and Gamble, Coca-Cola, CNH Industrial, John Deere, Zeppelin ва Silverleafe ширкатлари раҳбарлари иштирок этишган.

“Кўксарой”даги учрашувда икки мамлакат корхоналари ўртасидаги амалий ҳамкорликни кенгайтириш ва қўшма кооперация лойиҳаларини илгари суриш юзасидан фикр алмашилган.

“Энергетика, кимё тармоғи, машинасозлик, озиқ-овқат ва тўқимачилик саноати, қишлоқ хўжалиги ва соғлиқни сақлаш соҳалари ҳамкорликнинг устувор йўналишлари сифатида қайд этилди”, дейилган хабарномада.

Таркибига 38 та етакчи компания кирувчи Америка-Ўзбекистон савдо палатаси вакиллари билан мулоқот чоғида янги қўшма лойиҳаларни ишлаб чиқиш учун 2023 йилнинг биринчи чорагида қўшма бизнес форумини ўтказишга келишиб олинган.

Кун янгиликлари

Латвия “Дождь” телеканали лицензиясини бекор қилди

Латвия Электрон ахборот воситалари миллий кенгаши (NEPLP) “Дождь” телеканали лицензиясини бекор қилди. Бу ҳақда кенгаш раиси Иварс Аболиньш тивттер саҳифасида маълум қилди.

Унга кўра, лицензия “миллий хавфсизликка ва жамоат тартибига таҳдид туғилгани” ортидан бекор қилинган. Телеканал кўрсатувларини эфирга узатиш 8 декабрдан тўхтатилади. Бундан ташқари Латвия ҳудудида телеканалнинг ютубдаги программаларини кўрсатиш ҳам тақиқланади.

2 декабрь куни кенгаш телеканални Қримни Россия таркиби сифатида кўрсатган харитани намойиш қилгани ва бошловчи Россия армиясини “бизнинг армия” деб айтгани учун 10 минг евро жаримага тортган эди.

Кейинроқ телеканал бошловчи Алексей Коростелевни ишдан бўшатган. “Дождь” бош муҳаррири Тихон Дзядко телеканал “Россия армиясини ёритишга кўмак бериш билан шуғулланмаган, шуғулланмаяпти ва шуғулланмайди ҳам”, деб баёнот берганди.

“Дождь” телеканали 2010 йилда Россияда фаолият кўрсата бошлаган эди. Тез орада ижтимоий-сиёсий кўрсатувлари билан оммалашган телеканални Россия кабел ва сунъий йўлдош каналлари орқали намойиш этишни тақиқлади. 2017 йилда телеканал Украинада ҳам блокланди. 2021 йилда у Россияда “хориж агенти” рўйхатига киритилди.

2021 йилнинг 1 мартида Россия Бош прокуратураси “Дождь” телеканалини блокировка қилишни талаб этди. “Дождь” 6 июнь куни Латвиядан лицензия олган эди.

Қирол Карл IIIга тухум отган шахс ҳибс қилинди

Британиянинг Лутон шаҳрида сайр қилаётган қирол Карл IIIга тухум отган шахс ушланди ва ҳибс қилинди. Полциянинг билдиришича, воқеа 6 декабрь куни бўлган. Қирол шаҳар майдонида жамоатчилик билан учрашаётган пайтда унга қарата 20 ёшли йигит тухум отган.

Тухум қиролга тегмай ерга тушган бўлсада, тансоқчилар Карл IIIни воқеа жойидан зудликда олиб кетишган. Орадан бир оз ўтгач, қирол яна майдонга чиқиб, аҳоли билан учрашишда давом этган. Бибисининг ёзишича, кўпчилик қиролга тухум отилганини ҳам сезмаган.

Бундан бир неча ҳафта олдин Йорк шаҳрида ҳам аҳоли билан учрашаётган Карл IIIга тухум отилган эди. Ўшанда бу воқеада гумонланиб 23 ёшли талаба ушланган.

Хабарда айтилишича, тухум отиш воқеасини ҳисобга олмаганда, қиролнинг аҳоли билан учрашуви жуда самимий руҳда ўтган.

Блинкен: АҚШ Россияга қарши ҳужумларни қўллаб-қувватламайди

АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен.

АҚШ ва унинг иттифоқчилари Украинага Россия агрессиясига қарши курашда имконияти борича ёрдам кўрсатади, бироқ Россиянинг ҳудудларига ҳужум қилинишини қўлламайди. Бу ҳақда АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен 6 декабрда маълум қилди.

Блинкен Россиянинг Саратов, Разян ва Курскдаги авиабазаларига дронлар билан ҳужум қилинишида Киевнинг қўли борлиги тўғрисидаги хабарлар пайдо бўлгани ортидан мана шундай баёнот берди. Киевнинг ўзи бу ҳужумларга алоқадор эканлигини тасдиқлаган эмас.

“Биз украиналикларга Россия ҳудудларига ҳужум қилиш учун шароит яратиб берганимиз ёки уларни бу ишга рағбатлантирганимиз йўқ. Бироқ Россия агрессияси ортидан украиналиклар ҳар куни оғир аҳволда қолаётганини ҳам тушунишимиз лозим”, - деди Блинкен.

Аввалроқ АҚШ президенти Жо Байден Украинага олис масофаларга отилувчи ракета комлексларини етказиб бермаслигини билдирган эди.

6 декабрда Россиянинг Курск вилоятидаги, 5 декабрда эса Саратов ва Рязандаги аэродромларга дронлардан ҳужум қилинган эди. Бунинг ортидан Курскдаги нефть тўпловчи омборхона ёнгани, Саратов ва Рязанда бир неча ҳарбий самолётларга жиддий бўлмаган зарар етказилгани хабар қилинган. Россия ҳужумларда Украинани айблади. Украина бу борада расмий муносабат билдирмади.

Трампга мансуб компания ноқонуний солиқ схемасини амалга оширганликда айбдор топилди

АҚШнинг собиқ президенти Дональд Трампга мансуб Trump Organization компанияси 15 йилдан бери солиқларни яширганликда ва бу борада ноқонуний схемани ишлаб чиққанликда айбдор деб топилди. Суд 6 декабрь куни чиқарган қарор 13 январь куни расман эълон қилиниши билдирилди.

Меҳмонхона, гольф майдонлари каби йирик кўчмас мулкларни бошқарадиган Trump Organization суд ҳукми билан 1,6 миллион доллар жаримага тортилди. Трампнинг шахсан ўзига ҳеч қандай айблов билдирилмади.

Трамп АҚШда ўтадиган кейинги президентлик сайловида иштирок этишини билдирган эди. Суднинг бу ҳукми унга ўз номзодини кўрсатиш пайтида қатор юридик муаммоларни келтириб чиқариши мумкин.

Иқтисодчилар суд томонидан белгиланган 1,6 миллион жарима компания учун унча катта маблағ эмаслигини, аммо келажакда бизнес фаолиятини давом эттириш мураккаб бўлишини айтмоқдалар.

Миллиардер Дональд Трамп 2017 йилнинг 20 январидан 2021 йилнинг 20 январигача АҚШ президенти бўлган. АҚШ президентлигига кейинги сайлов 2024 йилнинг 5 ноябрида бўлиб ўтади.

Украина ва Россия 60 га 60 формуласи бўйича асир алмашди

Россиядан уйига қайтган украиналик асирлар (Андрей Ермак телеграм-каналидан олинган фотосурат), 2022 йил 6 декабри

Украина президенти офисининг раҳбари Андрей Ермак асирга тушган аскарлар Украина Қуролли кучлари куни ватанига қайтганига эътибор қаратди.

Ермакка кўра, Россия 15 нафар зобит ҳамда 45 нафар оддий аскар ва сержантни қайтарган. Улар орасида 34 нафари Мариуполь мудофаасида, жумладан 14 нафари “Азовсталь” заводи мудофаасида қатнашган.

Россия Мудофаа вазирлиги россиялик асирлардан 60 нафари уйга қайтганини тасдиқлади. Вазирлик иддаосича, уларга “асоратда ўлим хавф солаётган эди”. Россияликлар муолажа ва реабилитациядан ўтиш учун Москвага етказилган.

Россия ва Украина март ойидан буён мунтазам равишда асир алмашиб келмоқда. Шу кунгача икки мамлакат ўртасида мингга яқин асир алмашилган. Ноябрь ойидан бошлаб асир алмашиш тез-тез кузатилмоқда.

Россия суди “Весна” ҳаракатини экстремистик ташкилот деб топди

Петербургда мобилизацияга қарши норозилик намойишидан иштирокчиларнинг тутиб кетилиши (мазкур акция шу йилнинг 24 сентябрида “Весна” ҳаракати томонидан уюштирилган эди)

Петербургдаги суд “Весна” ёшлар ҳаракатини экстремистик ташкилот деб топиш ҳақида қарор чиқарди. Бу ҳақда Озодликнинг Север.Реалии нашри “Первий отдел” ҳуқуқбонлик лойиҳаси ҳуқуқшуносларидан олинган маълумотга таянган ҳолда хабар қилди.

Прокуратура иддаосича, “Весна” ҳаракати фаолияти “Россия Федерацияси конституциявий тузуми асослари ва жамоатчилик хавфсизлигига путур етказишга қаратилган”, ҳаракатнинг ўзи эса “мамлакатда барқарорликни бузиш учун шарт-шароит яратмоқда” ва “ҳокимият алмашиши зарурлиги тўғрисида жамоатчилик фикри”ни шакллантирмоқда.

Айни пайтда, ҳуқуқшунослар қайдича, даъво аризаси матнини ҳаракат фаоллари ҳам кўрган эмас: ҳужжатда “махфий” деган белги турибди, суд жараёни эса жамоатчилик ва журналистларга ёпиқ тарзда ўтказилган.

“Весна” ёшлар ҳаракатига 2013 йили Петербургда асос солинган, кейин эса у Россиянинг бошқа минтақаларида ҳам пайдо бўлган. Украина уруши бошидан бери ҳаракат фаоллари урушга қарши намойишларда актив иштирок этиб келаётган эдилар.

Мариуполга йўлланган тожикистонлик қурувчилар маошларини тўлиқ ололмаяпти

Мариуполга йўлланган тожикистонлик қурувчилар (архив сурати)

Россия қурилиш ширкатлари томонидан Украинанинг ишғол этилган Мариуполь шаҳрини қайта тиклашга юборилган тожикистонлик мигрантлар иш берувчилар ўзларига ваъда қилинган маошнинг фақат ярмини тўлаётганидан шикоят қилишмоқда. Бу ҳақда Озодликнинг тожик хизмати хабар қилди.

Аввалроқ Россиядаги қатор қурилиш компаниялари тожик мигрантларига Мариуполдаги тиклаш ишларида қатнашиб, пул ишлаб олишни таклиф этишган. Бу шаҳарга қурувчи йўллаш билан Тожикистон қурилиш фирмалари ҳам шуғулланмоқда. Нашр қайдича, мигрантларнинг айримлари у ерда ярим йилдан буён ишлаяпти, бошқаларининг эса Мариуполга борганига бир ойдан ошган.

Мариуполга боришга рози бўлганларга ойига 130 минг рублдан 250 минг рублгача маош бериш ҳамда ётоқ ва уч маҳал овқат билан таъминлаш ваъдаси берилган. Аслида эса, мигрантларга кўра, у ердаги иш учун улар бор-йўғи 60-70 минг рублдан пул олишмоқда.

Мариуполь Россия қўшинлари томонидан шу йилнинг май ойида ишғол этилган. Украина президенти Владимир Зеленский аввалроқ шаҳардаги биноларнинг 95 фоизи вайрон бўлгани, Мариуполь эса “нафақат Украинадаги, балки бутун Европадаги энг йирик шаҳарлардан бири” эканини айтган.

“Важние истории” нашри Мариуполни тиклаш учун пудрат Россиянинг куч ишлатар тузилмаларида ишлайдиган юқори лавозимли ходимлар, амалдорлар ва девелоперларга алоқадор ширкатларга берилаётгани ҳақида ёзган.

Россиянинг нефть ортилган танкерлари Босфор бўғозидан ўтолмаяпти – Financial Times

Босфор бўғози

Россия портларидан нефть юклаб йўлга чиққан йигирмага яқин танкер Босфор ва Чаноққалъа бўғозларидан ўтиш учун денгизда Туркия расмийларининг рухсатини кутиб турибди. Бу ҳақда Financial Times нашри нефть саноатига алоқадор манбалардан олинган маълумотга таянган ҳолда хабар қилди.

АҚШ, Европа Иттифоқи ва G-7 томонидан Россия нефтининг бир баррели баҳосини 60 доллардан оширмаслик тўғрисида қарор қабул қилингани ортидан нархи бундан ошган нефть транспортировкасини суғурта қилиш ва хизмат кўрсатиш бўйича тақиқ 6 декабрь куни кучга кирганидан кейин Туркия нефть ташувчилардан ўз юки суғурталанганини тасдиқловчи қўшимча ҳужжатлар талаб қила бошлаган. Натижада камида 19 та танкер Қора денгиздан чиқиб кета олмаяпти. Улардан биринчиси, газетанинг ёзишича, 29 ноябрдан буён рухсатнома кутяпти. Financial Times суҳбатдошларига кўра, Туркия кемалар тўқнашиб кетган, аварияга учраган, бўғозларга нефть тўкилган тақдирда кема эгалари бу авариялар оқибатини бартараф қилиш харажатларини кўтара олишига амин бўлмоқчи.

Анқаранинг бу хатти-ҳаракати фақат россиялик нефть экспортчилари учунгина муаммо туғдираётгани йўқ. Бу танкерларда бўлган нефтнинг катта қисми Қозоғистонга тегишли. У Россиянинг Қора денгиздаги портларига нефть қувурлари орқали етказиб берилади.

Financial Timesнинг ёзишича, Россия санкциялар манзарасида ўзининг “яширин танкер флоти”ни тузган бўлиб, унда юзга яқин кема бор. Улар Россия ширкатлари томонидан суғурта қилинади ёки нефтни суғурта қилмай ташишга уринади.

Москва Энгельс ва Рязандаги стратегик аэродромларга дронлардан ҳужум уюштирилганини тасдиқлади

Энгельсдаги Ту-95MS самолётлари.

Россия Мудофаа вазирлиги 5 декабрь куни реактив двигателга эга бўлган иккита учувчисиз бошқариладиган учувчи аппарат Саратов ва Рязан вилоятларидаги иккита стратегик аэродромга ҳужум қилганини тасдиқлади.

Вазирликнинг билдиришича, ҳужум оқибатида иккита Ту-95 бомбардимончи самолётига зарар етган, уч рус аскари ҳалок бўлган ва тўрт нафари яраланган. Шу билан бир қаторда вазирлик дронлар уриб туширилганини маълум қилди. Мудофаа вазирлигига кўра, иккита Ту-95 бомбардимончи самолётига дронларнинг қолдиқлари зарар етказган.

Саратов вилояти таркибига кирувчи Энгельс ва Рязан вилоятидаги Дягилеводаги стратегик аэродромларда портлашлар юз бергани тўғрисидаги хабар 5 декабрда пайдо бўлган эди.

Украинадаги фронт чизиғидан 500 километр масофада жойлашган Дягилево аэродромида Ил-76 заправкачи самолётлари, Ту-22МС бомбардимончилари ва узоқ масофага учувчи авиация пилотлари малакасини ошириш маркази жойлашган.

База яқинида Ту-22М бомбардимончиларини, Ту-95МС ракета ташувчи самолётларини ва Ил-76 ҳарбий юк ташувчи самолётларини таъмирловчи завод жойлашган.

Украина билан фронт чизиғидан 700 километр масофада жойлашган Энгельс аэродромида Ту-160 ва Ту-95МС стратегик бомбардимончи самолётлари мавжуд. Бу аэродромдан Украинани бомбардимон қилаётган самолётлар учади.

Украина ҳукумати бу хабарга ҳозирча расман муносабат билдирмади.

Украинада Россия бомбардимони ортидан электр таъминотида узилишлар бўлмоқда

“Укрэнерго”нинг билдиришича, узилишлар совуқ кучайиб бораётган бир паллага тўғри келмоқда.

Украинада Россия 5 декабрь куни қилган бомбардимон ортидан электр таъминотида узилишлар юзага келди. “Укрэнерго”нинг билдиришича, узилишлар совуқ кучайиб бораётган бир паллага тўғри келмоқда.

Россия 5 декабрь куни Украинанинг қатор ҳудудларига ракеталар билан зарба берди. Украина армияси қўмондонлигининг айтишича, Россия 70 та ракета отган, улардан 60 таси уриб туширилган.

Россия томони аввал режалаштирилган 17 та нишонни йўқ қилганини билдирди. Россия расмийларига кўра, зарбалар ҳарбий мақсадга эга бўлган ва Украина ҳарбий захиралари ва қуролларинин темир йўл орқали етказиб берилишинининг олдини олган.

Киев ва Ғарб давлатлари Россия зарбалари тинч аҳоли ва фуқаровий инфраструктурага қаратилганини билдирмоқда. Бироқ Россия бу айбловни инкор қилмоқда.

Швеция полицияси чечен блогер Абдураҳмонов отиб кетилганини тасдиқламади

34 ёшдаги Абдураҳмонов Чеченистонни 2015 йилда тарк этган эди.

Швеция полицияси чеченистонлик мухолифатчи блогер Тумсо Абдураҳмонов отиб кетилгани тўғрисидаги маълумотни тасдиқлай олмайди, айни пайтда инкор ҳам этолмайди. Швеция полицияси “Кавказ.Реалии” таҳририятига мана шундай расмий жавоб йўллади.

“Швеция полиция бошқармаси оммавий ахборот воситаларида Швецияда яшаган одамнинг ўлдирилгани тўғрисида ёзаётганидан хабардор. Биз бу хабарларни тасдиқлай олмаймиз ва бошқа қўшимча изоҳ ҳам бера олмаймиз”, - деди полиция матбуот котиби Ирен Соколов.

Швецияда Рамзан Қодировнинг ашаддий танқидчиларидан бири бўлган чеченистонлик блогер Тумсо Абдураҳмонов 2 декабрга ўтар кечаси отиб кетилгани тўғрисида дастлаб 1ADAT телеграм-канали “Европа ва Чеченистондан бўлган манбалардан олинган маълумотларга таянган ҳолда” хабар қилган эди.

Кремль сиёсати ва Чеченистон раҳбари Рамзан Қодировнинг танқидчиси бўлган 34 ёшдаги Абдураҳмонов Чеченистонни 2015 йилда тарк этган эди.

“Кавказ.Реалии” мухбирлари Абдураҳмоновнинг ўзи ёки унинг яқинлари билан боғланишга ҳаракат қилаётгани, лекин бу иш ҳозирча натижасиз бўлаётганини билдирилди.

Ўзбекистон-Қирғизистон чегарасидан ўтиш тартиби енгиллатилади

"Дўстлик" чегара назорат ўтказиш пункти.

Қирғизистон парламентининг тармоқ қўмитаси Ўзбекистон-Қирғизистон чегарасидан ўтиш тартибини енгиллаштирувчи ҳужжатни маъқуллади.

Ташқи ишлар вазири ўринбосари Айбек Артиқбаевнинг маълум қилишича, мазкур ҳужжатга асосан икки давлат фуқаролари чегарадан ID-карта билан ўта олишади. Балоғатга етмаган болалар эса хорижга чиқиш паспорти билан ўтказилади. Мазкур ҳужжат қачондан бошлаб кучга кириши маълум қилинмади.

Ҳозирда Ўзбекистон ва Қирғизистон фуқаролари чегарадан фақат хорижга чиқиш паспорти билан ўта оладилар.

Ўзбекистон томони ҳозирча бу хабарга муносабат билдиргани йўқ.

Айни пайтда икки давлат ўртасида қатор чегара назорат ўтказиш пунктлари ишлаб турибди. Ўш вилоятидаги “Дўстлик” чегара бекати 2017 йилда қайта очилган. Кўп ўтмай Жалолободдаги “Маданият” ва “Баймак” постлари ҳам қайта очилган.

Кўпчилик Ўзбекистон фуқаролари авиачипта нархлари арзонроқ бўлгани сабабли Қирғизистон орқали бошқа мамлакатларга борадилар. Айрим ўзбекистонликлар Қирғизистон ҳудудида ишлайдилар. Хорижга чиқиш паспорти билан чегарадан ўтиш баъзи ноқулайликларни келтириб чиқарар эди, жумладан, хориж паспорти муҳрлар билан тез тўлиб қолгани ортидан уни тез-тез янгилаш лозим бўлади.

Мўғулистонда кўмир ўғирланганидан норози бўлган намойишчилар ҳукумат истеъфосини талаб қилишмоқда

Мўғулистон ҳукумат саройи олдидаги норозилик акциясидан лавҳа, Улан-Батор, 2022 йил 5 декабри

Мўғулистонда норозилар Улан-Батордаги ҳукумат саройига ёриб киришга уриняпти. Улар кўмир билан боғлиқ коррупция ҳолатини тергов қилиш ва ҳукуматни истеъфога чиқаришни талаб қилишмоқда. Бу ҳақда Мўғулистон ҳукмрон партиясининг нашри бўлмиш “Монголин унэн” хабар қилди.

Улан-Батордаги намойишлар 12,9 миллиард долларлик кўмир ўғирланганига оид фактлар фош бўлиши ортидан 4 декабрь куни бошланган. Бу кўмир Хитойга етказиб бериш учун мўлжалланганди. Пойтахтдаги марказий майдонга табиий бойликлар ўғирланиши бўйича тергов ўтказилишини сўраб чиққан намойишчилар бу ишга алоқадор бўлган шахсларнинг исмини очиқлашни талаб қилишган.

Норозилардан бир қанчаси қўлларида миллий байроқлар ва “Халқдан ўмаришни бас қилинг”, “Менинг келажагим ҳақида ўйлаб, қорин қаппайтиришни тўхтатинг” каби плакатларни кўтариб олган эдилар. Улар бу гал “охиригача боришлари”ни айтишмоқда.

Мўғулистоннинг аҳоли сони бўйича учинчи ўринда турувчи Дархон шаҳрида якшанба куни одамлар “Ўғриларга қарши бирлашайлик” шиори остида юриш уюштиришган. Намойишчилар фикрича, уларнинг Конституцияда кўрсатилган ҳуқуқ ва эркинликлари тобора кўпроқ чекланяпти, турмушлари эса кундан-кунга ёмонлашиб бормоқда.

Маҳаллий нашрларнинг ёзишича, мамлакат ҳукумати мазкур масалани уч марта муҳокама қилган ва “Эрдэнэс Тавантолгой” деб номланган давлат кўмир ширкатига нисбатан “махсус режим” жорий қилган.

“Кўмир ўғирланиши факти бўйича шартномалар, транспортировка ва темир йўл билан алоқадор ўнта жиноят иши очилган”, деган Мўғулистон иқтисодий тараққиёт вазири Хурэлбаатар Чимед. Вазирга кўра, бу ишлар бўйича кўмир ширкатларининг беш нафар собиқ директори гумонланмоқда.

Мўғулистон расмийлари норозилар билан мулоқот қилиш учун ишчи гуруҳ ҳам ташкил қилишган.

ЕИ Россияга қарши санкцияларнинг тўққизинчи пакетини қабул қилишга ҳозирланмоқда

Европа Иттифоқида Россиянинг Украинага бостириб киришига жавобан кириталажак санкцияларнинг янги пакети муҳокама қилинмоқда. Бунга оид чора-тадбирлар юзасидан, Politico нашрининг дипломатлардан олинган маълумотга таянган ҳолда хабар қилишича, шу ҳафтанинг ўзида келишувга эришилиши мумкин.

Нашр қайдича, муҳокама қилинаётган чоралар ичида Россия иқтисодиётининг технологиялар, молия ва медиа секторларига оид янги чекловлар киритилиши каби масалалар бор. Тўққизинчи пакет ўз ичига 180 та санкция бандини олиши мумкин.

Келишувга шу йилнинг 12 декабрида ўтказилиши режаланган ЕИ ташқи ишлар бўйича кенгаши мажлисигача эришилиши кутилмоқда.

Россия қўшинлари Украинага бостириб кирган 24 февралдан шу кунгача Европа Иттифоқи Москвага қарши санкцияларнинг саккизта пакетини қабул қилган.

Financial Times Владимир Зеленскийни йил одами деб эълон қилди

Владимир Зеленский

Украина президенти Владимир Зеленский 2022 йилда Financial Times газетаси томонидан “йил одами” деб эълон қилинди.

Зеленскийга бағишланган материалда нашр Украина лидери ўз халқнинг жасорати ва матонати тимсолига айланганини қайд этган.

Financial Times мулоҳазасича, 44 ёшли Зеленский «империяни тиклаш васвасасига мубтало бўлган» Россия президенти Владимир Путиннинг тамоман аксидир.

Газета Зеленскийни Иккинчи жаҳон уруши даврида британияликларни жипслаштириш учун радио орқали чиқишлар қилган собиқ бош вазир Уинстон Черчиллга қиёслаган. Зеленский ҳормай-толмай кампания учун ижтимоий тармоқлардан фойдаланмоқда. Хусусан, у шу йўл билан европаликларни Путинга қарши курашиш учун украиналикларга дастак беришга ишонтирган, деб ёзган Financial Times.

Мақола муаллифларига кўра, Зеленскийнинг Россия ҳужуми бошланган пайтда АҚШ томонидан берилган эвакуация таклифини қабул қилмай, Киевда қолишга қарор қилиши урушдаги энг муҳим нуқталардан бири бўлган. Украина президенти бу ҳаракати билан армия ва халқни ишғолчиларга қарши туришга ундаган.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG