Линклар

Шошилинч хабар
23 июл 2024, Тошкент вақти: 22:22

Мирзиёев Ўзбекистон четга газ сотмаётганини айтди, аммо Хитойга экспорт давом этган


Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Хитой раҳбари Си Цзинпин билан. Пекин, 25 апрель, 2019 йил
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Хитой раҳбари Си Цзинпин билан. Пекин, 25 апрель, 2019 йил

18 август куни тадбиркорлар билан учрашувда президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон аҳолиси кўпайиб бораётган ҳозирги шароитда нефть ва газ четга сотилмаслиги, балки ички эҳтиёж учун ишлатилишини айтди.

“Биз айрим мамлакатлар каби нефть ва газ ресурсларини сотиш эвазига юқори иқтисодий ўсишни таъминлай олмаймиз. Мана шуни ҳаммамиз билишимиз керак. Бизда бундай ресурслар йўқ. Бори ҳам, халқимиз кўпаймоқда, ўзимизга керак, четга сотолмаймиз. Биз бу борада кўп ишлар қиляпмиз. Бу йил халқимиз нима ишлар қилганимизни қишда сезади”, деди Мирзиёев.

Айни пайтда Хитой томони берган расмий рақамлар Хитойга ўзбек гази экспорти нафақат давом этгани, балки июль ойида янада ошганини кўрсатмоқда.

Хитой божхона идораси очиқлаган маълумотга кўра, Тошкент жорий йил июнь ойида Пекинга 85,27 млн долларлик зангори олов сотган бўлса, июль ойида бу кўрсаткич 7,2 фоизга ошиб, қарийб 92 млн долларга етган.

Жорий йил январь ойида Ўзбекистонда кузатилган аномал совуқ пайти энергетика тизими деярли фалажланиб қолгани ҳали одамлар ёдидан чиққани йўқ. Мамлакат бўйлаб газ босими кескин пасайиб, иситишда муаммолар кузатилди. Метан “заправка”лар қарийб уч ҳафта давомида тақа-тақ ёпилди. Тармоқларда свет ва газ йўқлигидан одамлар кўчада олов ёқиб жон сақлагани акс этган видеолавҳалар тарқалди.

Авжи қаҳратонда кузатилган бўҳрон аҳолининг энергетика тизимидан норозилигини кучайтирди.

Соҳа расмийлари инқироз вақтида газ экспорти тўхтатилишини маълум қилди. Аммо фаоллар ўшандаёқ бу ваъданинг самимийлигини савол остига олган эди.
Таҳлиллар Ўзбекистон асосий харидор – Хитойга табиий газ экспортини кўпайтираётганини кўрсатмоқда.

Ижтимоий тармоқларнинг ўзбек сегментида бу йил қиш қандай кечиши борасида хавотирлар кучаяркан, “Ўзбекнефтгаз” ширкати масъули газ тақчиллиги сабабини аҳоли сони ошгани билан боғлашга уринди.

“Ҳали кўп газимиз бор. Газ қазиб олиш ҳажми камайгани йўқ. Ҳозир ишлаб чиқарилган газ етишмаслиги аҳоли сонининг ошаётгани билан боғлиқ. Одамлар ҳам кўпаймоқда, ишлаб чиқариш қувватлари ҳам ошмоқда”, деган “Ўзбекнефтгаз” АЖ раисининг биринчи ўринбосари Беҳзод Усмонов.

Аммо энергетика мулозимининг газ қазиб олиш ҳажми камаймагани ҳақидаги даъвосини ўзи мансуб ширкат ҳам рад этмоқда: “Ўзбекнефтгаз” 2023 йил учун табиий газ қазиб олиш прогнозини 34,1 миллиард куб метрдан 32,3 миллиард куб метрга пасайтирган.

Кремль чангалидаги ўзбек гази
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 1:19:16 0:00

Расмий статистикага кўра, Ўзбекистон 2021 йилда 53,8 миллиард куб метр, 2022 йилда эса 51,6 миллиард куб метр табиий газ қазиб олган.

2023 йилда Ўзбекистон расман газ экспорт қилувчи давлатдан газ импорт қилувчи давлатга айланди. Энергетика вазирлиги 19 июнда тарқатган расмий билдирувида Россиядан 2 миллиард 800 миллион кубометр, кунига 9 миллион кубометр газ сотиб олинишини маълум қилган эди. Мазкур билдирувда ҳам газ нархи ошкор этилмаган ва “табиий газ нархи минтақадаги бозор нархлари асосида, шунингдек, республикамиздаги амалдаги нархлар ҳамда уларни бозор тамойиллари асосида шакллантириш бўйича амалга оширилиши режалаштирилаётган ислоҳотлардан келиб чиқиб, келишилган”и айтилганди. Вазирликнинг таъкидлашича, мазкур шартнома “истеъмолчиларнинг табиий газга бўлган йилдан-йилга ошиб бораётган эҳтиёжини қисман қондириш ҳамда куз-қиш мавсумини беталафот ўтказишга қаратилган чора тадбирлардан биридир”.

Ўзбекистон Энергетика вазирлиги Россия газининг Қозоғистон орқали Ўзбекистонга етказиб бериш ишлари шу йилнинг учинчи чорагидан бошланишини маълум қилганди. Экспертларга кўра, газ қазиб чиқаришнинг камайиши ортидан Ўзбекистон Хитой олдида газ етказиб бериш бўйича мажбуриятларини бажара олмай қолган.

Озодликнинг шу йил февралида эълон қилган суриштируви ўзбек гази ва газ иншоотлари махфий ва шубҳали келишувлар орқали Кремлга яқин олигархлар ҳамда ширкатларга берилганини ўртага чиқарганди.

Ўзбекистон ҳукумати Озодлик суриштирувининг хулосалари, жумладан, миллиардлаб доллар инвестицияларга қарамасдан нима учун газ қазиб олиш камайиб кетгани ҳақидаги саволларини жавобсиз қолдирган.

Форум

XS
SM
MD
LG