Линклар

Шошилинч хабар
25 июл 2021, Тошкент вақти: 01:56

Ўзбекистон хабарлари

Мирзиёев виждон эркинлиги ва диний ташкилотларга оид қонунни имзолади

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 5 июль куни янги таҳрирдаги “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонунни имзолади.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан шу йил 4 майида, Сенат томонидан эса 26 июнда қабул қилинган ҳужжат матни “Халқ сўзи” газетасида эълон қилинган.

Янги таҳрирдаги қонун Ўзбекистонда фуқароларнинг хоҳлаган динга эътиқод қилиш ёки ҳеч қайси динга эътиқод қилмаслигини таъминлайди, айни пайтда ҳар қандай динга зўравонлик билан киритишни тақиқлайди.

Қайд этилишича, амалдаги қонунчилик ҳужжатларида “ибодат либоси” тушунчасининг ҳуқуқий таърифи мавжуд эмаслиги сабабли жамоат жойларида ибодат либосида юришга тақиқ қонундан чиқариб ташланди. Бу мавзу кўп йиллардан бери Ўзбекистонда турли мунозараларга сабаб бўлиб келаётганди.

Қонун билан маҳаллий диний ташкилотлар, жумладан, масжидлар ва бошқа конфессияларнинг ибодатхоналарини ташкил этиш бўйича ташаббускор фуқаролар сони икки баробар камайтирилиб, 50 нафардан кам бўлмаган ҳолда этиб белгиланган. Диний ташкилотнинг марказий бошқарув органи ва диний таълим муассасаларини тузиш учун ҳам 100 нафар ташаббускор бўлиши ҳақидаги талаб бекор қилинган.

Айни пайтда ҳужжат билан диний ташкилотни тузиш учун талаб этиб келинган маҳалла фуқаролар йиғини розилигини олиш тартиби бекор қилинган.

Кун янгиликлари

Тошкент ИИББ Жаҳонгир Отажонов устидан очилган ишни судга оширди

Жаҳонгир Отажонов

Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармаси хонанда Жаҳонгир Отажонов ишини судга оширди. Бу ҳақда ИИББ матбуот хизмати хабар қилди.

“Ж.Атажановнинг қилмишида Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 41-моддаси (“Ҳақорат қилиш”)да кўрсатилган ҳуқуқбузарлик аломатлари мавжудлиги сабабли тўпланган ҳужжатлар 23.07.2021 йилда жиноят ишлари бўйича Шайхонтоҳур тумани судига тақдим этилди”, дейилган хабарда.

ИИББ Жаҳонгир Отажоновни ижтимоий тармоқда Ички ишлар вазирлиги тизими ходимларини ҳақорат қилган видеомурожаатини жойлаштирганликда, ходимларнинг шаъни ва қадр-қимматини беодоблик билан қасддан тахқирлаганганликда айбламоқда..

ИИББ матбуот хизмати хабарида айтилишича, ”Ж.Атажанов қилган ишидан пушаймонлигини билдирган”.

Жаҳонгир Отажоновнинг ўзидан ҳозирча изоҳ олишнинг имкони бўлмади.

Мухолифатдаги "Эрк" партияси Ўзбекистонда яқинлашиб келаётган президент сайловига номзод этиб кўрсатган Жаҳонгир Отажонов шу ойда сиёсатдан вақтинча чекиниши ва қўшиқчилик фаолиятини давом эттириши тўғрисида баёнот берган эди.

Қарор: Камбағаллар оладиган ипотека кредити учун кафолатни ҳокимликлар беради

Тошкент вилоятининг Бекобод шаҳридаги "Ипотека банки" бўлими олдида навбат. 29 Июнь, 2020 йил.

Вазирлар Маҳкамаси 24 июлда қабул қилган “Ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолининг уй-жой шароитларини яхшилаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорга биноан
2022 йил 1 августигача тажриба тариқасида ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқароларга ажратиладиган ипотека кредитлари бўйича маҳаллий ҳокимликларнинг кафилликларини бериш ва муддати ўтказиб юборилган қарздорликларни қоплаш тартиби жорий қилинади.

Бу ҳақда Ҳуқуқий ахборот канали хабар қилди.

Ҳукумат қарори билан тасдиқланган Низомга мувофиқ, кафиллик рўйхатдаги қарз олувчиларга банклар томонидан ажратиладиган ипотека кредитлари бўйича берилади.

Кафиллик берилганлиги учун ҳокимликлар томонидан тўлов (мукофот пули) ундирилмайди.

Кафиллик ҳокимликлар томонидан “Халқпарвар” комиссияларининг ижобий хулосаси мавжуд бўлган тақдирдагина берилади.

Ушбу тартиб 2022 йил 1 августга қадар амалда бўлиши хабар қилинди.

Президент: АҚШдан 3 млн доза вакцина келади

Ўзбекистон президенти мамлакат аҳолисини огоҳликка, бефарқ бўлмасликка ва фаолроқ эмланишга чақирди. Бу ҳақда, президент 23 июлда бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида гапиргани тўғрисида матбуот котиби Шерзод Асадов хабар қилди.

Gazeta.uz нашрининг хабар қилишича, Шавкат Мирзиёев: «Жуда катта машаққатлар билан вакциналарни олиб келяпмиз. 4 август куни яна 3 млн доза вакцина Америкадан келади. Ҳозир ҳам вакцина бор, лекин одамлар ишонмаяпти» деган.

Нашрнинг эслатишича, 20 ва 21 июль кунлари Ўзбекистонга жами 2 млн доза вакцина олиб келинган. Жами вакцина захираси 21 июль ҳолатига кўра, 9 млн 580 минг дозани ташкил қилмоқда. Улардан 370 минг дозаси «Спутник V», 710 минг дозаси AstraZeneca, 8,5 млн дозаси ZF-UZ-VAC2001 вакцинасидир.

Аввалроқ, Республика махсус комиссиясининг ҳисоб-китобларига кўра, Ўзбекистонда 21 млн аҳолини коронавирусга қарши эмлаш режалаштирилгани ҳақида хабар берилган эди.

COVID-19: Янги аксилрекорд қайд этилди

23 июлда Ўзбекистонда 773 киши коронавирус инфекциясига чалингани қайд этилди, вирус ҳаммаси бўлиб шу кунгача 123 559 кишига юққан. Бу ҳақда ССВ матбуот хизмати хабар қилди.

ССВга кўра, 23 июлда қайд этилган кўрсаткич янги аксилрекорддир.

Бундан ташқари, кеча кун давомида 507 нафар кишида пневмония аниқлангани маълум қилинди.

23 июль куни 659 нафар бемор касалликдан соғайиб, соғайганлар жами 117 962 нафарга етди ва соғайиш кўрсаткичи 95 фоизни ташкил этмоқда.

Шунингдек, 7 нафар коронавирусга чалинган бемор вафот этиб, касалликдан вафот этганлар сони 826 нафарни ташкил қилди.

Маълумот учун, бундан аввалги антирекорд 22 июль куни қайд этилган бўлиб, унда 738 киши коронавирус юқтириб олгани қайд этилган эди.

Президент Мирзиёев 64 ёшга тўлди

Давлат раҳбари матбуот хизматининг хабар қилишича, Шавкат Мирзиёевни туғилган куни муносабати билан “хорижий давлатлар ва ҳукуматлар, нуфузли халқаро ташкилотлар раҳбарлари, давлат ва жамоат арбоблари табрикламоқда”.

Шавкат Мирзиёев 1957 йилнинг 24 июлида Жиззах вилоят, Зомин туманида шифокор оиласида туғилган.

Мирзиёев оилали, икки қиз, бир ўғилнинг отаси, беш нафар набиранинг бобоси экани айтилади. Президентнинг расмий таржимаи ҳолда қайд этилишича, унинг турмуш ўртоғи З.М. Ҳошимова муҳандис-иқтисодчи.

Шавкат Мирзиёев 1981 йили Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтини тугатган, муҳандис-механик. Расмий таржимаи ҳолда айтилишча, Мирзиёев техника фанлари номзоди, доцент унвонига эга. У "Меҳнат шуҳрати" ва "Фидокорона хизматлари учун" орденлари билан тақдирланган.

Мирзиёев 2003 йилда Ислом Каримов тавсияси билан Олий Мажлис томонидан Ўзбекистон Бош вазири лавозимига тасдиқланган. 2005, 2010, 2015 йилларда Олий Мажлис уни қайта бу лавозимга тасдиқлаган эди.

2016 йилнинг 4 декабрида бўлиб ўтган сайловда Ўзбекистон президенти этиб сайланган.

Сайловга старт берилган кунда Президент ҳокимларга халқ билан ишлашни кучайтиришни буюрди

Ҳар бир ҳокимнинг кабинети “халқ қабулхонаси” бўлади. Мурожаатларни кўриб, нималарга эътибор қилиш бўйича ҳар бир раҳбарнинг стратегияси бўлиши керак. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев 23 июль куни ўтказган видеоселектор йиғилишида айтди.

Бу ҳақда хабар қилган давлат раҳбари матбуот хизматига кўра, аҳоли тўғридан-тўғри туну кун мурожаат қилиши учун ҳокимларнинг виртуал қабулхонаси ва ижтимоий тармоқларда алоҳида саҳифаларини ташкил этиш вазифаси қўйилган.

Баъзи маҳаллий нашрларнинг хабар қилишича, Президент жумладан мана бундай деган:

Кўпчилик вилоят ҳокимларининг қабул куни ҳар ойнинг тўртинчи шанбаси, яъни бир ойда бир марта қилиб белгиланган. Эртадан бошлаб, барча вилоят, туман ва шаҳар ҳокимликларида фуқароларнинг кунлик қабули йўлга қўйилиши шарт”.

Аҳоли мурожаатлари билан ишлаш тизимини янгича ташкил қилиш чора-тадбирларига бағишланган йиғилиш Ўзбекистон Президенти сайлови кампаниясига старт берилган кунда бўлиб ўтди.

Президент Мирзиёев бундан 5 йил олдинги сайловдан кўп ўтмай - 2016 йил 28 декабрда жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш тўғрисидаги фармонни имзолаган эди.

Фармонга биноан Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхоналари ва виртуал қабулхонаси ташкил этилган.

Муфтий Усмонхон Алимовнинг Москвада даволанаётгани маълум қилинди

71 ёшли Усмонхон Алимов 2006 йил августидан буён Ўзбекистон мусулмонлари диний идораси раиси ва бош муфтий лавозимини эгаллаб келади. 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов Москва шаҳрида ўпка ва қон томир касалликлари муолажасини ўтамоқда.

Бу ҳақда Мусулмонлар идораси матбуот хизмати хабар берди.

"Ҳазратнинг ҳолатлари барқарор. Зарур, барча чора-тадбирлар малакали шифокорлар томонидан амалга оширилмоқда.
Муфтий ҳазратларининг ҳақларига Аллоҳ таолодан шифои комил, тан-сиҳатлик, узоқ умр, мусулмон умматига ва халқимизга узоқ йиллар хизмат қилишларини Яратган Парвардигордан илтижо қилиб қоламиз", дейилади Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати 23 июль куни тарқатган хабарда.

Аввалроқ диний идора муфтийнинг 71 ёшли муфтийнинг шифохонада оғир аҳволда ётгани ҳақижда ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарни рад этган эди.

19 июль куни тарқатилган хабарда муфтий навбатдаги муолажани олаётгани ва унинг аҳволи барқарорлиги таъкидланган.

"Маълум қиламизки, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратларининг саломатликларини яхшилаш учун навбатдаги даволаниш муолажалари амалга оширилмоқда. Малакали тиббиёт мутахассислари ва шифокорлар томонидан ҳазратнинг соғлиқлари мунтазам кузатиб борилмоқда ҳамда даволаниш босқичлари ўтказилмоқда. Аллоҳ таолога шукрки, айни пайтда муфтий ҳазратларининг сиҳатлари барқарордир".

Ўзбекистон мусулмонлари идораси ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларини "одамлар орасида ҳар хил асоссиз ва воқеликка тўғри келмайдиган ёлғон хабарларни тарқатиш қонунчиликда жавобгарликка сабаб бўлиши" ҳақида огоҳлантирган.

Усмонхон Алимов 2006 йил августидан буён Ўзбекистон мусулмонлари диний идораси раиси ва бош муфтий лавозимини эгаллаб келади.

Ўзбекистонда президент сайловига старт берилди, сайлов куни 24 октябрга белгиланди

Ўзбекистонда жорий йилнинг 23 июлидан президент сайлови кампаниясига старт берилди. Бу ҳақда Марказий сайлов комиссиясининг жума куни бўлиб ўтган мажлисида билдирилган.

МСК матбуот хизмати қайдича, тадбирда сиёсий партиялар раҳбарлари, фуқаролик жамияти институтлари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этган.

Мажлисда Марказий сайлов комиссияси 2021 йилнинг 24 октябрь санасини президент сайлови куни, деб белгилаган.

Ўзбекистон сайлов қонунчилигига жорий йил февраль ойида киритилган ўзгартишларга мувофиқ, мамлакатда бундан буён президент сайлови, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органлари депутатлари сайлови уларнинг конституциявий ваколат муддати тугайдиган йилда – октябрь ойи учинчи ўн кунлигининг биринчи якшанбасида ўтказилиши қайд этилган. Шундан келиб чиққан ҳолда, бу галги президент сайлови 2021 йил 24 октябрига белгиланган.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 90-моддасида президент мамлакат фуқаролари томонидан умумий, тенг ва тўғридан-тўғри сайлов ҳуқуқи асосида яширин овоз бериш йўли билан беш йил муддатга сайланиши қайд этилган.

Ўзбекистонда сўнгги президент сайлови 2016 йил 4 декабрида ўтказилган. Унда, расмий маълумотларга кўра, сайловчиларнинг 88,61 фоиз овозини олган Шавкат Мирзиёев ғалаба қозонган.

Ўзгидромет ҳафта охирида ҳарорат яна +46 даражагача кўтарилиши мумкинлигини очиқлади

Ўзбекистонда 24-26 июль кунлари ҳаво ҳарорати яна аномал даражада исиши кутиляпти.

Гидрометеорология хизмати маркази бу ҳолатни “Эрон ҳудудларидан иссиқ ҳаво оқимининг кириб келиши” билан боғлаган.

“Ўзгидромет” мутахассисларига кўра, мазкур кунларда ҳаво ҳарорати иқлимий меъёрлардан 4-6° га юқори бўлади.

“Кундуз кунлари ҳаво 40-43° гача, жанубда ва чўл ҳудудларда 45-46° гача исийди”, дейилган марказ хабарномасида.

“Ўзгидромет” ҳафта охирида мамлакатнинг айрим ҳудудларида чангли бўрон кузатилиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирган.

Сўнгги икки ой ичида Ўзбекистонда ҳаво ҳарорати кескин кўтарилгани, ҳарорат иқлимий меъёрлардан ҳатто 7-10° га юқори бўлгани ҳақида Озодлик аввалроқ хабар қилган.

Тошкентдаги Ботаника боғи ташрифчилар учун бир ҳафтага ёпилмоқда

Тошкентдаги Ботаника боғи

Тошкентдаги Ботаника боғи ўз фаолиятини вақтинчалик тўхтатади. Бу ҳақда Ўзбекистон Фанлар академияси ўз Телеграм-канали орқали маълумот тарқатди.

Хабарномада боғ шу йил 23 июлидан 31 июлига қадар ташрифчилар учун ёпиқ бўлиши айтилган. Бунга Ботаника боғида "2021/2022-ўқув йилида Президент мактабларига ўқишга қабул қилиш учун тест синовлари ўтказилиши" асос қилиб келтирилган.

Аввалроқ Озодлик шу йил 1 июнидан “хавфсиз ҳудуд” деб эълон қилинган боғ ҳудудида велосипед, самокат ва скутерларда ҳаракатланиш қатъиян тақиқлангани ҳақида хабар қилган эди.

БМТ мувофиқлаштирувчиси Хелена Фрейзер Ўзбекистондаги фаолиятини якунлади

БМТнинг Ўзбекистондаги доимий вакили Хелена Фрейзер президент Шавкат Мирзиёев билан (president.uz фотоси)

БМТ мувофиқлаштирувчиси Хелена Фрейзер 22 июль куни Ўзбекистондаги миссиясини якунлади. Бу ҳақда “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати матбуот хизмати маълумот тарқатди.

Фрейзер хонимнинг шу йил 1 сентябридан БМТ Дастурлар ва сиёсат бошқармаси раҳбари, БМТнинг 132 мамлакатдаги агентликлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича директор ўринбосари сифатида иш бошлаши кутилмоқда.

2017—2021 йиллар ичида Ўзбекистонда юритган фаолияти давомида Хелена Фрейзер Оролбўйи минтақаси бўйича лойиҳаларда фаол иштирок этган, БМТ тизимларининг Ўзбекистондаги конструктив иштирокини кенгайтиришга кўмаклашган. Унинг ёрдамида БМТ Қочқинлар бўйича олий комиссарининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси қайта фаолият бошлаган, БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссарининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси очилган ҳамда Халқаро миграция ташкилоти Ўзбекистонда расман аккредитациядан ўтказилган.

Хелена Фрейзер “Оролбўйи минтақаси учун кўп шериклик асосидаги Траст фондини ташкил этиш ва самарали фаолият юритишини таъминлаш тўғрисидаги республикамиз ташаббусини халқаро миқёсда илгари суришга қўшган салмоқли ҳиссаси” учун Ўзбекистон президенти фармони билан 2019 йили “Дўстлик” ордени билан мукофотланган эди.

Пандемия бошидан бери Ўзбекистонда миллиондан зиёд киши ниқоб тақмагани учун жаримага тортилган

Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси тарқала бошлагани ортидан жорий этилган карантин чекловлари чоғида 1 миллион 139 минг 872 нафар шахс ниқоб тақмагани учун жаримага тортилган. Бу ҳақда Кун.уз нашри ўз манбасидан олинган маълумотга таянган ҳолда хабар қилди.

Карантин даврида ниқоб тақмай юриш билан боғлиқ қоидабузарликнинг энг кўпи Тошкент вилояти (215764 та), Тошкент шаҳри (163383 та) ва Фарғона (161879 та) вилоятларида кузатилган.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 54-моддасига мувофиқ, карантин пайтида жамоат жойларида ниқобсиз юрганлар базавий ҳисоблаш миқдорининг бир бараваридан беш бараваригача (245 минг сўмдан 1 млн 225 минг сўмгача) миқдорда жаримага тортилиши мумкин.

Ниқоб тақмагани жавобгарликка тортилган ўзбекистонликлардан ким қанча миқдорда жарима тўлагани номаълум.

“1 миллион 139 минг 872 нафар кишининг барчаси базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баравари миқдорида жаримага тортилган, деб тахмин қилсак, тўланган жами жарима суммаси энг камида 279 млрд 268 млн 640 минг сўмни (тақрибан 26 миллион 350 минг АҚШ доллари) ташкил этади. Айрим ҳуқуқбузарлар базавий ҳисоблаш миқдорининг икки ёки ундан юқори баравари миқдорида жавобгарликка тортилганини инобатга олсак, жами жарима миқдори анча юқори бўлиши мумкин”, дея ёзган нашр.

Кремль вазият кескинлашса Ўзбекистонга кўмак кўрсатишга тайёрлигини билдирди

Россия ташқи ишлар вазири ўринбосари Андрей Руденко

Москва Афғонистондаги вазият юзасидан Тошкент билан мунтазам алоқада бўлиб турибди ва Ўзбекистон ҳукумати илтимос қилса, кўмак кўрсатишга тайёр. Бу ҳақда Россия ташқи ишлар вазири ўринбосари Андрей Руденко 22 июль куни маълум қилди.

“Биз ўзбек ҳамкасбларимиз билан мунтазам алоқада бўлиб турибмиз. Ўзбекистон Афғонистон Ислом Республикаси билан умумий чегарага эга бўлган бизнинг иттифоқчимиз ва стратегик ҳамкоримиздир. Биз дўстимизга, зарурат пайдо бўлган тақдирда Ўзбекистон раҳбариятининг сўрови асосида қўшимча кўмак кўрсатишга тайёрмиз”,-деди Руденко Новости агентлигига берган интервьюсида.

20 июль куни Ўзбекистон ва Россия ҳарбийларининг қўшма ҳарий машғулотлари Термиз полигонида 30 июлдан 10 августгача ўтказилиши хабар қилинган эди.

Расмий хабарда машғулотларда 1500 аскар ва 200га яқин ҳарбий техника, жумладан, авиация ҳам иштирок этиши айтилган.

30 июлда бошланадиган ҳарбий ўқув машқлари режаси Афғонистон шимолида Толибоннинг афғон ҳукумат кучларига қарши ҳужумлари кучайган ва Марказий Осиёда хавфсизлик хавотирлари ортиб бораётган паллада эълон қилинмоқда.

Uzbekistan Airways қалбаки авиабилет сотувчи товламачилар кўпайганидан огоҳлантирди

Ширкат сотиб олинган билетнинг ҳақиқий эканини текшириш мумкин бўлган телефон рақамини ва сайтни ҳам эълон қилди.

Uzbekistan Airways йўловчиларни ўз рейсларига қалбаки авиабилет сотувчи товламачилар кўпайганидан огоҳлантирди.

“Шунинг учун йўловчилардан авиабилетларни фақат ширкат расмий сайтидан, Uzbekistan Airways Sales филиалларидан ёки авиакомпаниянинг расмий агентларидан сотиб олишга чақиради”,-дейилади хабарда.

Ширкат сотиб олинган билетнинг ҳақиқий эканини текшириш мумкин бўлган телефон рақамини ва сайтни ҳам эълон қилди.

Йўловчилар бу масалада +998781400200 телефонига мурожаат қилишлари ёки https://www.uzairways.com/ru/check-tiket орқали билетлари ҳақиқий эканини текширишлари мумкин.

Ўзбек-афғон чегарасидаги ҳарбий машқларда Россиянинг Қирғизистондаги авиацияси қатнашади

Россиянинг Қандаги ҳарбий ҳаво базаси.

Россия Марказий ҳарбий округи авиацияси Ўзбекистон-Афғонистон чегарасида ўтадиган ҳарбий машғулотларга жалб қилинади.

Россия Мудофаа вазирлигининг билдиришича, машғулотларга Қирғизистоннинг Қант шаҳридаги Россия ҳарбий базасида мавжуд бўлган Су-25СМ ҳужумчи самолётлари жўнатилади. Улар шартли рақибнинг яширин базаларини аниқлаш, йўқ қилиш ва кўчма ҳаво ҳужумидан ҳимоя тизимларидан қочиш машқларини бажаради.

20 июль куни Ўзбекистон ва Россия ҳарбийларининг қўшма ҳарий машғулотлари Термиз полигонида 30 июлдан 10 августгача ўтказилиши хабар қилинган эди.

Расмий хабарда машғулотларда 1500 аскар ва 200га яқин ҳарбий техника, жумладан, авиация ҳам иштирок этиши айтилган.

30 июлда бошланадиган ҳарбий ўқув машқлари режаси Афғонистон шимолида Толибоннинг афғон ҳукумат кучларига қарши ҳужумлари кучайган ва Марказий Осиёда хавфсизлик хавотирлари ортиб бораётган паллада эълон қилинмоқда.

Фарғонада таксичини ўлдирган ўсмирлар қўлга олинди

Фарғонада 45 ёшли такси ҳайдовчисини ваҳшийларча ўлдирганликда гумонланган тўрт киши қўлга олинди. Улардан уч нафари балоғатга етмаган бола. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот хизмати маълум қилди.

20 июль куни Фарғона вилояти прокуратураси такси ҳайдовчисининг ўлдирилиши юзасидан жиноят иши очган ва гумонланувчиларни қўлга олган. 4 гумонланувчидан энг каттасининг ёши 18да, икки нафарининг ёши 17да ва бир нафари 16 ёшда.

Расман билдирилишича, 20 июлга ўтар кечаси ўсмирлар Фарғонада Eva Taxiга қўнғироқ қилиб, Қува туманига элтиб қўйиш учун такси чақиришган. Такси овлоқ жойга етганида ўсмирлар такси ҳайдовчисини ўлдириб, далага ташлашган.

Ўсмирлар ҳайдовчининг 50 минг сўм пули, Xiaomi Mi Note Pro телефонини олиб, Nexia-3 автомашинасини миниб кетишган.

Коронавирусга чалинганлар сони 122 минг нафардан ошди, антирекорд яна янгиланди

Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганларнинг умумий сони, 2021 йил 21 июль ҳолатига кўра, 122 минг 48 нафарга етган.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги қайдича, чоршанба куни мамлакатнинг барча ҳудудларида 719 киши коронавирус юқтириб олган, шу тариқа хасталик юқтириб олиш бўйича антирекорд яна янгиланди. Айни пайтда кеч яна 492 нафар кишида пневмония аниқланган.

Қурбон ҳайити муносабати билан берилган ҳордиқнинг иккинчи кунида Навоий вилоятидан ташқари ҳудудларнинг барчасида жами 746 киши тузалиб, соғайганларнинг умумий сони 116 минг 755 нафарга етган.

Вазирлик ўтган кеча-кундузда коронавирусга чалинган беморлардан яна 4 нафари вафот этиб, коронавирус қурбонлари сони 814 нафарга етганини қўшимча қилган.

ОТМга ҳужжат топширган абитуриентлар сони 1 миллион нафарга яқинлашди

Ўзбекистондаги олий таълим муассасаларига ўқишга кириш учун онлайн рўйхатдан ўтганлар сони, 21 июль соат 18:00 ҳолатига кўра, 924 минг 788 нафарни ташкил қилган. Бу ҳақда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази матбуот хизмати маълумот тарқатди.

ДТМ бугун ОТМларнинг бакалавриат таълим йўналишларига кириш учун онлайн рўйхатдан ўтишнинг сўнгги куни экани, 22 июль куни соат 23:59 да абитуриентларни онлайн рўйхатга олиш якунланишини эслатган.

Тест маркази қайдича, абитуриентлар мазкур муддат давомида Ягона интерактив давлат хизматлари портали (my.gov.uz sayti) ва Давлат тест марказининг my.dtm.uz сайти орқали олий таълим муассасаларига кириш учун онлайн рўйхатдан ўтишлари, ўз маълумотларини ўзгартиришлари ва тест синови учун тўловни амалга оширишлари (олдинги йиллар битирувчилари) мумкин.

ДТМ маълумотига кўра, шу пайтгача абитуриентлар томонидан энг кўп танланаётган ОТМлар учлигига Ўзбекистон миллий университети (31 979 нафар), Жиззах давлат педагогика институти (29 543 нафар) ва Урганч давлат университети (29 476 нафар) кирган.

Ўзбекистонда абитуриентларни онлайн рўйхатга олиш 20 июнь куни бошлангани ҳақида Озодлик аввалроқ хабар қилган.

Биринчи ярим йилликда Хитой ва Россия Ўзбекистоннинг энг йирик савдо ҳамкорлари бўлди

Жорий йилнинг биринчи ярмида Ўзбекистоннинг ташқи савдо айланмаси бўйича ҳамкорлари орасида Хитой ва Россия пешқадамлик қилишган.

Давлат статистика қўмитаси ҳисоботига кўра, 2021 йил январь-июнь ойларида Ўзбекистонга Хитойдан умумий қиймати 2 миллиард 256 миллион 500 минг АҚШ долларига тенг товар ва хизматлар импорт қилинган, экспорт ҳажми эса 1 миллиард 29 миллион 700 минг АҚШ долларини ташкил этган.

Бу давр мобайнида Россиядан Ўзбекистонга 2 миллиард 215 миллион 700 минг долларлик товар ва хизмат импорт қилинган, айни пайтда экспорт ҳажми бундан қарийб 2,7 баробарга кам (838 миллион АҚШ доллари) бўлган.

Ўзбекистоннинг савдо ҳамкорлари орасида учинчи ўринда Қозоғистон бормоқда. Ён қўшни бўлган бу мамлакат ҳам Ўзбекистонга сотиб олганидан қарийб 2,5 баробар кўп товар ва хизмат сотган (экспорт – 557 миллион 400 минг доллар, импорт – 1 миллиард 312 миллион доллар).

Бундан ташқари, Ўзбекистоннинг асосий савдо ҳамкорлари орасида Туркия, Жанубий Корея, Қирғизистон, Афғонистон, Германия, Туркманистон ва бошқа мамлакатларни санаш мумкин.

Давстатқўм ҳисоботига мувофиқ, жорий йилнинг биринчи ярмида Ўзбекистоннинг ташқи савдо айланмаси (ТСА) 18 миллиард 12 миллион 800 минг долларга тенг бўлган. Бунинг 7 миллиард 55 миллион 500 минг доллари экспорт ҳиссасига, 10 миллиард 957 миллион 400 минг доллари эса импорт ҳиссасига тўғри келган, натижада салбий сальдо 3 миллиард 901 миллион 900 минг долларни ташкил этган.

Хитойдан яна миллион доза вакцина келди, вакцина захираси 9,5 миллион дозадан ошди

Жорий йилнинг 21 июль куни Ўзбекистонга Хитойдан яна 1 миллион доза ZF-UZ-VAC2001 вакцинаси олиб келинган.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати маълумотига кўра, сўнгги партия билан мамлакатга келтирилган ўзбек-хитой вакцинаси миқдори 8,5 миллион дозага етган. Бундан 1 миллиони март ойида, 1 миллиони апрель ойида, 1,5 миллиони май ойида, 3 миллиони июнь ойида, яна 1 миллион дозаси эса июль ойида келтирилган.

Ўзбекистонга аввал "Спутник V" вакцинасидан 370 минг доза, AstraZeneca вакцинасидан эса 710 минг доза олиб келингани ҳисобга олинса, мамлакатдаги вакцина захираси шу кунда 9 миллион 580 минг дозага етгани маълум бўлади.

Ўзбекистонда коронавирусга қарши эмлаш шу йил 1 апрелидан бошланган. Аҳолининг аксар қисми ZF-UZ-VAC2001 вакцинаси билан эмланмоқда. Аммо Озодлик билан суҳбатлашган айрим ўзбекистонликлар мазкур вакцина ҳақида маълумот камлиги учун кўпчилик бу препаратга шубҳа билан қараётганини айтишган.

Ўзбекистон Қозоғистонга сув бериш ҳажмини кўпайтирди

Ўзбекистон далаларидан бирида сувсизликдан қовжираётган картошка.

Ўзбекистон Қозоғистоннинг Туркистон вилоятидаги Мактаарал ва Жетисой тумани фермерларига сув бериш ҳажимини секундига 10 кубометрга кўпайтиришга рози бўлди. Бу ҳақда Қозоғистон Экология, геология ва табиий ресурслар вазирлиги маълум қилди.

Расман билдирилишича, 19 июль куни Қозоғистон экология, геология ва табиий ресурслар вазири Мирзагалиев Ўзбекистон сув хўжалиги вазири Ҳамроев билан Тошкентда учрашган. Учрашув натижасида Ўзбекистон Сирдарёнинг қуйи оқимидан “Дўстлик” канали орқали Қозоғистонга секундига 90 кубометр сув чиқаришга розилик билдирган.

Шу кунгача Ўзбекистон Қозоғистонга секундига 80 кубометр сув чиқараётган эди.

Ўзбекистон томони бу хабарга ҳозирча муносабат билдирмади.

Айни пайтда Ўзбекистоннинг ўзида қурғоқчилик кузатилмоқда. Ҳукумат жорий йил 24 февраль куни Мирзиёев бошчилигида ўтган видеоселекторда бу йил сув 25 фоизга кам бўлишини эълон қилган ва бунга қарши чоралар кўришга ваъда қилган.

Аммо сўнгги пайтларда Ўзбекистонда сув талашган деҳқон ва фермерлар бир-бирининг жонига қасд қилиш ҳолатлари ҳам кузатилди. Сўнгги бир ой ичида сув устидаги жанжал ўлим билан тугаган иккита ҳолат Озодликка маълум.

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги сел хавфидан огоҳлантирди

Наманганда сел келиши оқибатида ёрилган кўприк.

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги 21-23 июль кунлари Ўзбекистоннинг айрим ҳудудларида сел хавфи мавжудлигидан огоҳлантирди.

Вазирликнинг билдиришича, Гидрометеорология хизмати Ўзбекистоннинг тоғолди ва тоғли ҳудудларида кучли ёмғир ёғиши оқибатида сел келиш хавфи борлигини маълум қилган.

20 июль куни Наманган ва Андижонда ёққан кучли ёмғирдан сўнг бир неча туманларга сел келган эди. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, сел оқибатида бир нечта уйни сув босган, камида тўртта автомобиль оқиб кетган, бир нечта кўприк шикастланган. Расмийлар сел оқибатида жабрланганлар ёки қурбон бўлганлар йўқлигини таъкидламоқда.

Маълумотларга кўра, жорий йил бошидан бери Ўзбекистонда жами 11 киши сел оқимларида нобуд бўлган.

“Асакабанк”нинг қатор мансабдорлари 2 миллион долларни ноқонуний ўзлаштирганликда айбланмоқда

Иллюстратив сурат.

Бухоро вилоят Ички ишлар бошқармасининг 21 июлда билдиришича, “Асакабанк”нинг Бухоро вилояти филиали раҳбарларидан бири президентнинг “Осиё тараққиёт банки иштирокидаги “Мева-сабзавотчилик тармоғида қўшилган қиймат яратиш занжирини ривожлантириш” лойиҳасини амалга ошириш тўғрисида”ги қарори асосида “кредит сифатида берилиши лозим бўлган 2 миллион долларни фирибгарлик йўли билан қўлга киритиш мақсадида бир гуруҳ шахслар билан жиноий тил бириктирган”.

Жумладан, банк мансабдори “G.B.A.” МЧЖ раҳбари, “Асакабанк” АЖ Бухоро вилояти филиали бошқа мансабдорлари, “Асакабанк” АЖ бош офиси мансабдор шахслари ҳамда “K.s” МЧЖнинг мансабдорлари билан ўзаро жиноий тил бириктириб, 2017 йилда “кредит йиғма жилддаги айрим ҳужжатларни қалбакилаштириш йўли билан” 2 миллион долларлик кредитни расмийлаштирган.

Бундан ташқари кредитнинг қайтарилиши ҳам таъминланмаган. Бунинг ортидан эса давлат ва банк манфаатларига кредитнинг асосий қисми тўланмаганлиги натижасида 1 миллион 282 минг 630 доллар, фоиз ва пеня қарздорлиги ҳисобидан 358 минг 84 доллар зарар етказган.

“Мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси ЖК.нинг 168-моддаси 4-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда”,-дейилади хабарда.

Коронавирусга чалинганлар сони 121 мингдан ошди, қурбонлар сони 810 нафарга етди

Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони, 20 июль ҳолатига кўра, 121 минг 329 нафарни ташкил этган.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига мувофиқ, ўтган кеча-кундузда мамлакат ҳудудларининг барчасида 698 киши коронавирус юқтириб олган. Айни пайтда якшанба куни яна 478 нафар кишида пневмония аниқланган.

Қурбон ҳайити нишонланган кечаги кунда Қорақалпоғистон Республикаси, Жиззах, Қашқадарё, Навоий, Наманган, Сирдарё, Сурхондарё, Фарғона, Тошкент вилоятлари ва Тошкент шаҳрида жами 495 киши тузалиб, соғайганларнинг умумий сони 116 минг 9 нафарга етган.

Вазирлик сешанба куни коронавирусга чалинган беморлардан яна 4 нафари вафот этиб, коронавирус қурбонлари сони 810 нафарга етганини қўшимча қилган.

Вазирлик расмийси Тошкентда комендантлик соати жорий этилишига оид хабарларни рад этди

Тошкентдаги Адлия вазирлиги биноси

Ўзбекистон пойтахти Тошкентда комендантлик соати жорий этилиши ҳақида тарқатилаётган хабарлар ёлғон. Бу ҳақда Адлия вазирлигининг жамоатчилик билан алоқалар бўлими бошлиғи Севара Ўринбоева ЎзА агентлигига билдирган.

Вазирлик мулозимасига кўра, ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳрида икки ҳафта давомида кечки соат 20:00 дан эрталаб соат 8:00 гача кўчада юриш тақиқланиши мумкинлиги тўғрисида тарқалаётган хабарлар асоссиз бўлиб, ҳақиқатга мос келмайди.

С. Ўринбоева аҳоли ўртасида ёлғон ахборот тарқатганлик учун мамлакат қонунчилигида жавобгарлик мавжудлигини эслатган.

Сўнгги бир ой ичида Ўзбекистонда коронавирус тарқалиши бўйича кўрсаткичлар тўхтовсиз ўсиб бораётганини кузатиш мумкин.

Вирус юқиши билан боғлиқ ҳолатлар пандемия бошидан бери энг кўп Тошкент шаҳрида қайд этилмоқда. Эпидемиологик вазият ёмонлашаётгани манзарасида пойтахтда 28 июндан эътиборан карантин чекловлари кучайтирилган.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG