Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 03:56

Молдова Конституциявий суди рус тилининг махсус мақомини ноқонуний деб топди


Кишинёв мактабларида рус тилининг мажбурий ўқитилишига қарши норозилик - Кишинёв, 2002
Кишинёв мактабларида рус тилининг мажбурий ўқитилишига қарши норозилик - Кишинёв, 2002

Молдова Конституциявий суди рус тилининг миллатлараро мулоқот тили сифатида алоҳида мақоми тўғрисидаги қонунни конституцияга зид, деб эълон қилди. Уч нафар мухолиф депутат ушбу ҳужжат аксар фуқароларнинг ҳуқуқларини бузган ва давлат тили ролини камситган, деган даъво билан судга ариза киритган эди.

"Қарор якуний ҳисобланади, унга қарши чиқиш мумкин эмас. Қарор эълон қилинган вақтдан бошлаб кучга киради",- деди Конституциявий суд раиси Домника Маноле 21 январ куни.

Унинг сўзларига кўра, 2020 йил 16 декабрда парламент томонидан қабул қилинган Молдовада тилларнинг ишлаши тўғрисидаги қонун моддаси рус тилига Молдова конституциясида кўзда тутилмаган миллий озчиликнинг бошқа тилларига нисбатан имтиёзли мақом беради.

2014 йилги аҳолини рўйхатга олиш натижаларига кўра, Молдовада аҳолининг уч фоизидан камроғи рус тилида сўзлашади. "Натижада, рус тили миллатлараро мулоқот тили даражасига кўтарилиб, мамлакатда молдован тили билан тенг даражадаги квази-расмий мақомга эга бўлиб қолган",- деб айтди Маноле журналистларга.

Молдова парламенти 2020 йил 16 декабрда рус тилига миллатлараро мулоқот тили мақомини қайтарди. Мухолифат депутатлари мажлисни бойкот қилган. Қонун давлат органларига фуқароларни рус тилидаги маълумот билан таъминлаш мажбуриятини юклайди. Ушбу қонун рус тилидаги сўровларга жавоб беришдан бош тортган мансабдор шахсларни жазолашни ҳам назарда тутади.

Охирги сайловда малуб бўлган Молдованинг россияпараст собиқ президенти Игорь Додон лавозимни топширишдан бир неча кун олдин, 18 декабр куни ушбу қонунни имзолади. Шундан кейин мухолифат қонунга қарши чиқишини эълон қилди.

XS
SM
MD
LG