Линклар

Шошилинч хабар
27 ноябр 2021, Тошкент вақти: 12:49

Москва мэри: Ишчи муҳожирлар сони 40 фоизга камайди


Москва мэри Сергей Собянин - 8 июнь, 2020

Москва мэри Сергей Собянин коронавирус пандемияси ортидан киритилган чекловлар туфайли 40 фоиз меҳнат муҳожири шаҳарни тарк этганини билдирди. Россия пойтахти ҳокимлиги хорижлик ишчилар ўрнига Россиянинг бошқа минтақаларидан одамлар жалб қилинаётганини айтмоқда. Ўзбек муҳожирлари эса, вирусга қарши чекловлар яна кучайтирилаётган Россия чегаралари очилишини кутмоқда.

2020 йилда Москвада меҳнат муҳожирлари сони тақрибан 40 фоизга қисқарди. Бу баёнот билан чиққан шаҳар мэри Сергей Собянин ишчилар етишмовчилиги қиш мавсуми келишини кутаётган Москванинг, айниқса коммунал хўжалиги соҳасига салбий таъсир этиши мумкинлигини айтди.

"Ягона муаммо -Москвада сезиларли даражада , тахминан 40 фоизга мигрантлар камайгани билан боғлиқ бўлиши мумкин. Бу оғир жисмоний меҳнат - белкурак, супурги, лом... Ҳар қайси москвалик ҳам бундай ишларда ишлашга розимас. Аммо аста-секин биз бу масалани ҳал қиляпмиз, ишни механизациялаштирамиз. Бошқа минтақаларимиздан одамларни жалб қиляпмиз", - деди Собянин “Россия1” телеканалига берган интервьюсида.

Пандемия она ва болани ярим йилга ажратди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:05:34 0:00

Меҳнат муҳожирлари етишмовчилигига, энг аввало мамлакат чегаралари ёпилгани таъсир қилмоқда. Мутахассислар одатан катта ишчи кучига эҳтиёж, айниқса Россиянинг коммунал-хўжалик комплекси, қурилиш соҳаси, қишлоқ хўжалиги ва ишлаб-чиқаришида сезилаётганини айтишади. Шунга қарамасдан, шаҳар ҳокимияти вазият назорат остида экани ва ўз кучи билан муаммони бартараф қилишга ишонишини айтмоқда.

Россия Статистика қўмитаси хабарига кўра, 2020 йилнинг январь-сентябрь ойлари оралиғида мигрантларнинг Россияга бўлган оқими ўтган йилга нисбатан 2,4 баробарга камайган. Бу рақамлар, асосан МДҲ, жумладан ўзбек ишчи-мигрантларига тегишли экани таъкидланмоқда.

Россия Мигрантлар Федерацияси раҳбари Вадим Коженов Собянин бироз ноаниқ рақамларни келтирганини билдирди. У ўз чиқишларидан бирида 40 фоизга меҳнат муҳожирлари эмас, балки берилган патентлар миқдори камайганини айтди. Коженовга кўра, бу Россия ҳукуматининг мамлакатда хориж фуқароларига ишга рухсатномаларни 2020 йилнинг апрелидан узайтирмаслик тўғрисида чиқарган қарори билан боғлиқ.

Migranto.ru портали асосчиси¸ миграция масалалари бўйича мутахассис Светлана Саламова Озодлик билан суҳбатда ишчи кучи дефицити жуда катта эканини тасдиқлади. У вазият фақат чегаралар очилиши ортидан ўзгариши мумкинлигини айтади.

"Мендан айрим иш берувчилар “Сиз Москвага ёки бошқа шаҳарга 1500 ўзбекни олиб кириш йўлларини биласизми?” ёки “Вахтамизга 400 кишилик бригада керак, топиб беринг” , деб сўраяпти. Ишчи кучининг энг катта етишмовчилиги кўча тозалаш ва фаррошлик, машина ювиш ва клинингда сезилмоқда. Мигрантларимиз орасида ҳам жуда ишлашга иштиёқи катта эмаслиги сезилиб қолди: 40 минг рублгача иш таклиф қилсам, мени калтаклашга ҳам тайёр! Ҳатто 40 минг рубллик ишларга одам топиш қийин. Яъни улар ҳам вакансиялар кўплигини сезиб, кўпроқ ҳақ тўланадиган ишларни танлаш имконига эга бўлди", - дейди Светлана Саламова.

Суҳбатдош ишчи кучи етишмаётган бу соҳалар секин-аста маошларни кўтаришга ўтган бўлса-да, қурилишда иш берувчилар муҳожирлар ойликларини кўтаришга шошилмаётганини таъкидлади.

"Лекин қурилишда ҳам патент ва яшаш жойига тўлов каби қўшимча ҳаражат қилишга ва ишчиларини ушлаб қолишга ҳаракат бошланди. Собянин гапида жон бор, лекин 40 фоиз тўғрисида унга маълумот берган ёрдамчиси умумлаштириб, ички мигрантларни ҳам назарда тутган бўлса керак. Чунки Москвада янгидан авж олган коронавирус тарқалиши ва куни кеча эълон қилинган ҳаракатланишга чекловлар пойтахтдан ён-атрофда яшовчи русларни ҳам чўчитиб қўйди. Ҳар ҳолда, вазият чегаралар очилмагунча шундай қолаверади", - деди Саламова.

Москва шаҳар мэрияси октябрь охирларида коронавирус билан касалланганлар сони 7,5 фоизга ошгани ва шу кунларда рекорд кўрсаткичларга етганини хабар қилди.

Пандемия авж олган вазиятда Россия пойтахтида икки ойга - 2020 йилнинг 13 ноябридан 2021 йилнинг 15 январигача қўшимча чекловлар жорий этилди. Тақиқлар клублар, ресторан-кафелар, дискотека ва бошқа жамоат жойлари фаолияти, оммавий тадбирлар ва йиғилишларга тааллуқли экани айтилди.

Расмий рақамларга кўра, Россияда 1 миллион 820 минг киши коронавирус билан касалланган, 1 миллион 350 минг киши тузалиб чиққан, 31 минг 161 киши айни касалликдан вафот этган.

XS
SM
MD
LG