Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 18:37

Муборак газни қайта ишлаш заводидаги портлаш оқибатида уч одам ўлди


Муборак газни қайта ишлаш заводи Ўзбекистон саноатининг йирик газ корхоналаридан бири ҳисобланади.
Муборак газни қайта ишлаш заводи Ўзбекистон саноатининг йирик газ корхоналаридан бири ҳисобланади.

Қашқадарёдаги Муборак газни қайта ишлаш заводида 20 сентябрь куни рўй берган портлаш оқибатида камида уч одам ўлди, бир одам газдан заҳарланиш билан шифохонага ётқизилди. Гувоҳларнинг Озодликка айтишича, уларнинг барчаси портлаш рўй берган цехда монтаж-таъмирлаш ишларини олиб бораётган ишчилар бўлган. Ҳодиса сабабларини ўрганиш учун ҳукумат комиссияси иш бошлаган.

Воқеа гувоҳларидан бирининг Озодликка айтишича, портлаш заводнинг 18-цехида 20 сентябрь куни маҳаллий вақт билан соат 14.20 да рўй берган ва портлаш сабаби ҳозирча аниқланмаган.

Айни заводнинг исми сир қолишини истаган яна бир ишчиси портлашга хавфсизлик қоидаларига амал қилинмагани сабаб бўлгани тахмин этилаëтганини айтади:

- 18-цехдаги метан газ таркибидан пропан-бутан ажратиб олувчи қурилма портлаган. Шу ерда бўлган қурилма бошлиғи, чилангар ва оператор ҳалок бўлди. Яна бир ишчи газдан заҳарланиб, касалхонага ётқизилди. Портлаш шу ишчиларнинг техника хавфсизлиги қоидаларига риоя этмагани сабаб рўй берган дейилаяпти. Ҳозир бу ўрганилаяпти, - деди завод ишчиси.

Озодлик Муборак газни қайта ишлаш заводи раҳбарияти билан боғланиб¸ вазиятга оид тафсилотларни суриштирди.

Ўзини завод раҳбари Шермат Шамсиевнинг ёрдамчиси деб таништирган мулозим 20 сентябрь кунги портлашни "бахтсиз ҳодиса" деб атади ва ҳукумат комиссияси бу бўйича тафтиш олиб бораётганини билдирди:

- Мен сизга бу ҳақда ҳеч нарса айта олмайман, текширув кетaяпти, - дея гапни қисқа қилди завод мулозими.

Айни пайтда мулозим¸ ўлганлар оиласига моддий ва маънавий кўрсатилишини билдирди.

"Ўзбекнефтгаз" ширкати матбуот хизмати ҳам заводдаги портлаш ҳақида маълумот бермади.

Завод расмий сайтида келтирилган маълумотларга кўра¸ ўтган асрнинг 70-йиллари бошида ишга туширилган Муборак газни қайта ишлаш заводида 4000 дан ортиқ ишчи ишлайди.

Ўзбекистон саноатининг йирик газ корхоналаридан бири ҳисобланадиган ушбу заводда¸ расмий маълумотга кўра¸ йилига 33 миллиард куб метр тозаланган ва қуритилган табиий газ, 417 минг тонна олтингугурт, 186 тонна барқарорлаштирилган газ конденсати ва 258 минг тонна суюқ углеводородли суюлтирилган газ ишлаб чиқарилади.

20 сентябрь кунги портлашга қарамай¸ Озодлик суҳбтадошларига кўра¸ завод фаолиятини давом эттирмоқда.

Ўзбекистондаги заводларда техника жиҳозлари эскиргани ёки ишчиларнинг техника хавфсизлиги қоидаларига риоя этмагани сабаб портлаш ва ёнғин ҳодисалари бот-бот юз бериб туради.

Шу йилнинг феврал ойида Фарғона шаҳридаги "Фарғонаазот" корхонасида юз берган портлаш оқибатида беш киши ҳалок бўлган, бир неча киши касалхонага ётқизилгани ҳақда Озодлик хабар берган эди.

2016 йилнинг январида Термиздаги Асфалт заводида чиққан ёнғинда икки одам ўлган, олти одам куйиш жароҳати олган эди.

Ўзбекистондаги энг йирик саноат корхоналаридан бири бўлган "Навоийазот" акциядорлик жамиятининг аммиак ишлаб чиқариш заводида эса 2013 ва 2015 йилларда портлашлар бўлган.

Шу заводдаги 2013 йилги портлашда ўнга яқин одам ҳалок бўлганди.

XS
SM
MD
LG