Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 10:24

Нидерландияда Муҳаммад пайғамбар ҳақидаги карикатуралар танлови бекор қилинди


Нидерландия парламентининг ашаддий ўнгчи депутати Герт Вилдерс.
Нидерландия парламентининг ашаддий ўнгчи депутати Герт Вилдерс.

Нидерландия парламентининг ашаддий ўнгчи аъзоси Герт Вилдерс пайғамбар Муҳаммаднинг карикатуралари танловини бекор қилди. Бунга Покистонда авж олиб кетган оммавий норозилик намойишлари сабаб бўлди.

У тузган режаси учун ўлдириш таҳдидларини олгандан сўнг 30 август куни “одамларни ислом зўровонлиги қурбони қилмаслик мақсадида” танловни бекор қилишга қарор берганини айтди.

“Одамларнинг хавфсизлиги муҳимроқ”, деб ёзди 54 яшар Вилдерс Фейсбукда.

Оллоҳ ёки пайғамбарнинг суратини ҳатто ижобий қилиб чизиш ҳам Исломда динни таҳқирлаш деб ҳисобланади ва тақиқланади. Покистонда бундай таҳқирлаш ўлим билан жазоланади.

Вилдерсг кучли мухолифлар “фақат мени эмас, бутун бошли Нидерландияни нишонга олади”, деди. Покистондаги норозилик намойишлари ташкилотчилари расмий Исломободни ушбу тадбирни уюштиргани учун Нидерландия билан дипломатик алоқаларни узишга чақирди.

10 минг покистонлик мамлакат шарқидаги Лаҳор шаҳридан Исломобод сари норозилик юришини давом эттирганидан сўнг Вилдерс танловни бекор қилишга мажбур бўлди. Намойишга Покистон “Таҳрики Лабаик” ислом партияси ҳомийлик қилди.

30 август куни намойишчилар Исломободга етиб келди. Шундан сўнг Покистон ҳукумати дипломатлар яшайдиган мавзени ҳимоя қилиш учун минглаб аскарлардан иборат қўшин жойлаштирди.

Пойтахтдаги элчихоналар жойлашган ва ҳимояси мустаҳкам дипломатлар мавзесини минглаб полициячилар ва ҳарбийлашган бўлинмалар қўриқлаб турган эди. Энди улар сафига 700 ҳарбий хизматчи келиб қўшилди, деди полиция вакили.

Намойишчилар Исломободга етиб келишидан олдин бир оз муддат Жҳелум шаҳрида тўхтатиб турилди. Аммо улар полицияга қаршилик кўрсатиш билан таҳдид қилгандан сўнг қўйиб юборилди ва йўлида давом этди.

− Биз пайғамбаримиз шарафини ҳимоя қилиш учун ўлимга ҳам тайёр эканимизни дунёга кўрсатиб қўйиш учун йўлга чиқдик, − деди Лабаик партияси раҳбари Ҳусайн Ризви йиғилганларга қарата.

“Толибон” Нидерландия қўшинларига ҳужум қилишга даъват этмоқда

Рейтер ахборот агентлиги тарқатган хабарга кўра, Вилдерс карикатура танловини бекор қилишидан бир неча соат олдин “Толибон” ҳаракати афғон аскарларига қарата НАТО қўшинлари сафидаги нидерланд ҳарбий хизматчиларига ҳужум қилиш даъвати билан чиққан.

НАТОнинг Афғонистондаги 16 минг кишилик “Қатъий кўмак” миссиясида 100 га яқин нидерланд аскари хизмат қилади.

Вилдерс ташкил қилмоқчи бўлган ушбу мунозарали танлов 2005 йилги шу хилдаги танловни эсга туширади. Ўшанда Муҳаммад пайғамбар ҳақидаги карикатуралар Даниядаги бир газетада чоп қилинган ва бу кўплаб мусулмон мамлакатларида бузғунчиликларни келтириб чиқарган эди.

30 август куни келиб чиқиши покистонлик бўлган 26 яшар йигит Фейсбук орқали Вилдерсга таҳдид қилди. Ва у гаагалик судья қарори билан ҳибсга олинди. Унга бошқа жиноятлар қатори қотиллик ва террорчилик иғвогарлиги айблари қўйилмоқда.

Нидерландия ҳукумати ушбу танловдан ўзини четга олишга уринмоқда.

Бош вазир Марк Рютте ўтган ҳафта Вилдерснинг танловни ташкил қилмоқчи эканини танқид қилиб, “унинг мақсади ислом ҳақида баҳс уюштириш эмас, балки фитна уюштиришдир”, деб айтди.

Лекин у Нидерландия халқининг сўз эркинлиги ҳуқуқи борлигини, шу сабаб ҳукумат танловни бекор қилишга интилмаслигини қўшимча қилди.

Вилдерснинг режаси Покистон халқининг қаҳру ғазабини қўзғатгандан сўнг Нидерландия ҳукумати ватандошларига у ерга саёҳат қилмасликни тавсия қилди ва Исломободга савдо миссияси юборишни қолдирди.

XS
SM
MD
LG