Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 15:22

Оилалар: муҳтожлар тоифасидан мажбуран чиқарилдик


Бекободлик Наргиза Ҳасанова ҳам "Темир дафтар"дан мажбуран чиқариб юборилганини айтади. Наргиза Ҳасанова яшаб утрган уй.
Бекободлик Наргиза Ҳасанова ҳам "Темир дафтар"дан мажбуран чиқариб юборилганини айтади. Наргиза Ҳасанова яшаб утрган уй.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 24 март куни Тошкентда бошланган Тошкент халқаро инвестиция форумида сўзлаган нутқида қисқа давр ичида 500 мингдан ортиқ оила муҳтожлар тоифасидан чиқарилганини айтди.

Президент қисқа давр қанча эканлигига тўхталмаган.

Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги матбуот хизмати хабарига кўра, форумдан кўзланган асосий мақсад Ўзбекистон бозорида ўз фаолиятини кенгайтиришдан манфаатдор бўлган хорижий инвесторлар, молия-иқтисодий ташкилотларини жалб этишдан иборат.

Президент, охирги 5 йилда умумий қиймати 25 миллиард долларлик инвестиция киритилганини айтар экан, мамлакат тарихида биринчи марта камбағалликни бартараф этиш ҳукумат сиёсатининг асосий мақсадларидан бирига айланганини таъкидлаган.

Ҳукумат Ўзбекистонда камбағаллик даражаси юқори эканлиги Мирзиёев ҳокимиятга келганидан кейин тан олина бошланди ва қашшоқликни камайтириш учун қадамлар ташланди.

Президент агар ўтган беш йиллик фаолиятини назарда тутган бўлса, бу давр мобайнида Ўзбекистонда камбағалликни бартараф этиш учун “темир дафтар”, “ёшлар дафтари”, “аёллар дафтари” каби кам таъминланган оилаларга ва ишсиз аҳолига ёрдам берадиган дастурлар ишга туширилди.

Аммо Озодликка келаётган шикоятларда бундай дастурлар қисқа муддат ичида ишлагани, кўплаб оилалар эса биринчи ёрдамни олибоқ бу “дафтар”лардан чиқариб ташлангани айтилади.

Бу дастурлар асосида имтиёзли кредитлар олиб, бошланғич тадбиркорликни йўлга қўйганлар ҳам бор.

Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги расмийсига кўра, Ўзбекистонда 2020 йилнинг августида 1 млн 726 минг кишидан иборат 409 минг оила “Темир дафтар”га киритилган эди.

Президент агар ярим миллиондан ортиқ оила муҳтожлар оиласидан чиқарилганини айтган бўлса, демак Ўзбекистонда муҳтожлар тофиасига кирган оилалар қолмагани англашинилади.

Бу дафтарга киритилган оилалар бир марталик моддий ёрдам, озиқ-овқат ёрдамлари олган эдилар. Бу хўжаликлар тадбиркорлик қилиб, ўзини тиклаб олиши учун банклардан имтиёзли кредитлар ажратилган эди.

Камбағал оилаларга товуқ, жўжа тарқатилди, уй бекаларига нон маҳсулотлари пиширадиган “духовка”лар, тикув машиналари олиб берилди. Баъзи оилаларга кредит ҳисобидан иссиқхоналар қуриб берилди.

Фарғоналик иқтисодчи Шуҳрат Ҳамидовнинг айтишича, Ўзбекистон ҳукуматининг камбағалликни қисқартириш бўйича қилган ҳаракатлари кутилган натижани бермади:

“Мен муҳтож оилаларнинг шу икки йил ичида ўзини тиклаб кетганини кўрмадим. Фалончи зўр бўлиб кетди деёлмайман. Бунинг сабаби, вертикал бошқарувда. Тепадан айтилган ҳар қандай гап ёки таклиф ура-урачилик билан амалга оширилади. Горизонтал бошқарув, таҳлил, экспертиза, хулоса деган нарсалар йўқ. Масалан, ҳаммани бирданига бой қилиб бўлмайди ёки қашшоқликдан чиқариб бўлмайди. Банкларга имтиёзли ва кафолатсиз кредит бер, деган буйруқ берилди. Банклар буни бажаришга мажбур бўлди. Қашшоқ оилаларга кредит берилди. У бу нарса олиб берган бўлишди. Лекин ҳеч нима ўзгармади. Ишлаб чиқариш ривожланмади, кредитлар қолиб кетди, банклар синиш даражасига етди”.

“Темир дафтар” жорий қилинганидан сўнг орадан бир йил ўтмай бу дафтарга киритилган оилалар яна аста-секин рўйхатдан чиқарила бошлади.

Иқтисодчиларнинг айтишларича, бунга бюджетдан ажратилган маблағларнинг мақсадли йўналтирилмагани, банкларнинг аҳолига кафолатсиз берган кредитларини қайтара олмагани сабаб бўлган.

Косон туманидаги исми сир қолишини сўраган ўқитувчилардан бирининг айтишича, “Темир дафтар”га киритилган муҳтож оилалар мажбурий чиқарилган:

“Менинг синглим ҳам эри ҳам ногирон эди, шунинг учун темир дафтарга киритилган эди. Бир марта бепул даволанишга бориб келди. Кейин чиқариб юборишди. Ҳокимиятга шикоят қилиб борган экан, темир дафтар бир марталик ёрдам, бошқа йўқ, депти. Маҳалламиздаги темир дафтарга кириб, кейин чиқарилган камбағаллар ўша туриш, ўша юриш, ҳеч қандай ўзгариш бўлгани йўқ. Булар темир дафтарга кирганлар ўзларини ўнглаб олди деб, фақат қоғозда қиляпти, амалда ҳеч нарса ўзгаргани йўқ. Кўзбўямачиликнинг ўзи. Ҳокимиятдагилар президентга ҳаммаси зўр бўлди деб, уни кўзини ҳам бўяшяпти”.

Сирдарё вилоят, Сирдарё туман, 5-Ширин маҳалласидаги темирйўлчилар ётоқхонасида яшайдиган Гулчинор Умрзоқова ҳам “Темир дафтар”га киритилган кам таъминланган оиланинг бекаси бўлган.

“Фақат болаларимнинг нафақа пулини тўғирлаб беришди, икки марта бир сўмкадан озиқ-овқат ёрдами беришди, тамом. Эримнинг тутқаноқ касали бор эди. Мардикорлик қилиб уч-тўрт сўм топарди. Яхшиям хўжайиним ўзи “Кўмир-Инвест” ташкилотига ишга жойлашди. Раҳбарлари яхши одамлар экан. Хўжайинимни ўзлари даволатиб, иш беришди. Мана энди, секин-секин оёққа туряпмиз. Давлатдан эса бошқа ёрдам олмадик”.

Навоий вилояти, Хатирчи туманидан Озодликнинг “Сиздан Телеграм” каналига ёзган Зуҳра Муқимованинг сўзларига кўра, унинг оиласи “Темир дафтар”дан чиқарилиб, ўзини бемалол таъминлайдиган оилалар қаторига қўштирилган:

“Икки фарзандим бор. Ёлғиз онаман. Оилавий аҳволим оғир. Саломатлигим ҳам яхши эмас. Уйим таъмирталаб аҳволда. 8 ойдан бери газ йўқ, ўтин эса қолмади. Маҳалла “темир дафтар”га киритди, лекин негадир кўп ўтмай чиқариб ташлади. Маҳалла, ҳокимликка кўп марта мурожаат қилдим, аммо фақат ваъда беришади. Ҳурматли Президентимиз ногиронлар, ёлғиз оналарга кўмак ажратяпти, аммо бизнинг маҳалла ва туман ҳокимлиги ҳақдорларга етказиб бермаяпти. Оғир вазиятда қолдим. Амалий кўмак сўрайман!”

Андижон вилоят, Андижон туманининг Жаннатмакон МФЙда яшовчи Муножотхон Қирғизбоева ҳам оғир шароитли оилалар рўйхатидан ўчириб ташланганини ёзади:

“2018 йилда ОИВ хасталигига чалиндим. Уйда, шифохонада даволаниб тураман. Отам 2015 йилда оламдан ўтган. Боқувчимиз йўқ. Ишга ҳам яроқсиз бўлиб қолдим. Темир дафтарда турардик, аммо бизни ундан чиқариб юборишди. Президентимиз биз каби эҳтиёжманд оилаларга ажратаётган моддий ёрдамларни ололмаяпмиз. Маҳалла раисимизга учрасам, сектор раҳбарига жўнатади, сектор раҳбари туман ҳокимиятига йўллайди. Касал ҳолимда сарсон бўляпман. Оиламизнинг моддий аҳволини инобатга олиб бизни темирга дафтар киритишлари ва кўмак беришларини илтимос қилиб сўрайман”.

Тошкент вилоятининг Бўка тумани,Маданият маҳалласида яшайдиган Азиза Носиржонова ҳам “Темир дафтар”дан чиқарилганидан бехабар қолгани ҳақида ёзади:

“Бева аёлман, уч нафар вояга етмаган фарзандим бор. МФЙ менга айтмасдан темир дафтар рўйхатидан чиқарворибди. Икки ярим йилдан буён фарзандларимни ўзим катта қиляпман. Уйим таъмирталаб аҳволда, ювиниш хонаси, ҳаммом йўқ, ҳожатхона талабга жавоб бермайди. Ўзим ишсизман. Мутахассислигим эколог-лаборант. Туман ҳокимимиз ва аёллар кенгаши раҳбарига кўп марта мурожаат қилганман, лекин фойдаси бўлмади. Президентимиз бола бошига мактаб формаси учун 500 минг сўмдан ёрдам пули берилади деган эдилар. Аммо мени темир дафтардан чиқариб, беришмади. Амалий ёрдам кутиб қоламан”.

Озодликка бу мазмунда юзлаб мактублар келган. Уларнинг ёзишича, “Темир дафтар”га киритилиб ҳам, ундан чиқарилиб ҳам оилавий шароитлари ўзгармаган.

Ўзбекистонда оилалар “Темир дафтар”га 5 та критерий бўйича киритилган:

  • меҳнатга лаёқатсиз ёки сурункали касалликлари оиласи аъзоси мавжуд бўлган оилалар;
  • якка-ёлғиз бевалар ва ўзгалар парваришига, қарамоғига муҳтож бўлган оилалар;
  • 5 нафар ва ундан ортиқ фарзанди мавжуд ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган оилалар;
  • коронавирус пандемияси натижасида ўзининг доимий даромад манбайидан маҳрум бўлган оилалар;
  • ҳақиқатан ҳам эҳтиёжманд, ночор ва моддий кўмакка муҳтож оилалар.

Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазири бошқарма бошлиғи Аҳрор Ғуломов 2020 йилнинг августида АОКАда ўтказилган матбуот анжуманида “Темир дафтар”дан чиқариш тартиби ҳақида гапираркан, жумладан бундай деган эди:

“Темир дафтар”ни юритиш бўйича вақтинча белгиланган тартибга кўра, фуқаронинг бу рўйхатда бўлиш муддатига оид аниқ чегара мавжуд эмас. Ёрдамга муҳтож бўлган фуқаролар аниқланиб, “Темир дафтар”га киритилгач, улар билан индивидуал ишлаш йўлга қўйилади. Меҳнатга лаёқатли бўлган фуқаролар ишга жойлаштирилиб бандлиги таъминланади ёки ўзини ўзи банд қилиш орқали уларнинг даромадини оширишга эришилади. Шундан сўнг фуқаронинг аризаси ва ишчи гуруҳнинг тавсияси асосида бу фуқарони рўйхатдан чиқариш халқ депутатлари туман/шаҳар кенгаши қарори асосида ҳал қилинади”.

Аммо президент тилган олган ярим миллиондан кўп муҳтож оиланинг муҳтожликдан қайси йўллар билан чиқиб кетгани ҳақида аниқ маълумотлар, ҳозирча йўқ.


XS
SM
MD
LG