Линклар

Шошилинч хабар
07 декабр 2021, Тошкент вақти: 23:21

Мутахассис: АҚШ ва Хитой ўртасида “тармоқ урушлари” бошланган


Хитойнинг мунозарали “Бир макон, бир йўл” ташаббуси доирасида амалга оширилаётган инфратузилма лойиҳалари Пекиннинг бутун дунё бўйлаб иқтисодий ва сиёсий таъсирини кенгайтиришга қаратилган саъй-ҳаракатлари ҳақидаги муҳокамаларда асосий ўринни эгаллаб келмоқда.

Вашингтондаги Стратегик ва халқаро тадқиқотлар марказининг Осиё билан қайта боғланиш лойиҳаси таҳлилчиси ва директори Жонатан Ҳиллман Хитойнинг интернет ва умуман рақамли оламдаги интилишлари ҳақида китоб ёзди.

“АҚШ ва Хитой ўртасидаги технологик мусобақанинг фақат биринчи босқичига гувоҳ бўлдик. У асосан ривожланган мамлакатлар билан чекланди”, деди Ҳиллман Озодлик билан суҳбатда.

“Аммо ҳақиқий рақобат ривожланаётган мамлакатларда содир бўлади”, деди “Рақамли ипак йўли: Хитойнинг дунёни тармоққа улаш ва келажакда ютиш уринишлари” (The Digital Silk Road: China’s Quest To Wire The World And Win The Future) китоби муаллифи.

“Бу кўзга кўринмайди, лекин ҳамма ерга тарқалган. Ҳатто анъанавий инфратузилма лойиҳалари ҳам рақамли компонентга эга”, деди у.

Пекин ва Вашингтон 5G ва сунъий интеллектга таянадиган кузатув тизимларидан тортиб, оптик толали кабелларгача бўлган технологиялар бўйича бир-бири билан беллашмоқда. Ҳиллман ўз китобида бу ҳақда “Тармоқ урушлари бошланди”, деб ёзди.

“Ҳозир мураккаб давр ва давом этаётган рақобат бундан ҳам мураккаб”, дея қўшимча қилди у.

“Кўзга кўринмайди, лекин ҳамма ерга тарқалган”

Август ойида “Huawei” Хитой ширкати ҳамда АҚШда жойлашган “Business Efficiency Solutions” кичик ширкати ўртасидаги кўп йиллик қонуний кураш Америка федерал судига оширилди. Пудратчи ширкат Хитой ширкатини ўз технологиясини ўғирлаганликда ҳамда Покистонда амалга оширилган ҳуқуқни муҳофаза қилиш лойиҳаси ҳақида маълумот ўғирлаш учун “орқа эшикларни” яратишга мажбурлашда айбламоқда.

АҚШ расмийлари бир неча йилдан бери Хитой ҳукумати “Huawei” ширкати қурилмалари ёрдамида жосуслик қилиши мумкинлиги ҳақида хавотир изҳор қилиб келади. Ширкат эса бу айбловларни рад этмоқда.

Аммо “Business Efficiency Solutions” даъвосида “Huawei” кичик ширкатни Лаҳорда Хитой қўллови билан амалга оширилган “Хавфсиз шаҳар” кузатув лойиҳаси орқали покистонликлар ва ҳукумат амалдорлари ҳақида маълумот тўплаш имкониятини берадиган тизимни ўрнатишга мажбурлагани айтилади.

Суд жараёни ҳалигача давом этмоқда.

“Тармоқ урушлари”

Хитойнинг “рақамли ипак йўли” бутун дунё бўйлаб кенгаймоқда. Хитой президенти Си Цзиньпин ўз мамлакати 2025 йилга бориб илғор ишлаб чиқарувчига айланиши, 2035 йилгача янги технологиялар стандартларини белгилай бошлаши, 2050 йилга бориб эса қудратли кучга айланишини истайди.

Бу мақсадларга эришиш учун Си Хитой ширкатларини мамлакат ичидаги рақамли инфратузилмага катта сармоя ётқизишга ҳамда “Бир макон, бир йўл” ташаббуси доирасида ўз маҳсулотларини хорижий мамлакатларга тарқатишга ундаб келади.

Бу ҳолатни келажак бозорлари учун кураш, дея ифодалаш мумкин.

Хитой кўзлаган мақсадларига эришса, мамлакат тижорий ва стратегик устунликка эришади. Бу эса Пекинга глобал миқёсда молия, алоқа ва маълумот оқимини жиловлаш имконини беради.

Китобда Вашингтон Хитойнинг технология соҳасида қудрати ривожланишига ўзи хоҳламаган ҳолда ёрдам бергани кўриб чиқилган. Вашингтон янги технологиялар ахборот оқимини очиқ сақлашига ва Хитой демократик тизимга ўтишига туртки бўлишига ишонган.

“Технология билан боғлиқ ошиқча оптимизм бўлган, уланиш ва технология эркинлик тарқалишига ёрдам беради, деб ўйлашган”, деди Ҳиллман.

“Аммо технология – восита ва кўриб турганимиздек, уни репрессия ҳамда авторитар ҳукмдорларга ёрдам бериш йўлида ҳам ишлатиш мумкин”.

Стратегик ва халқаро тадқиқотлар маркази 2019 йилда эълон қилган ҳисоботига кўра, “Huawei” ширкати имзолаган “Хавфсиз шаҳар” шартномаларининг 71 фоизи инсон ҳуқуқлари оёғости қилинадиган давлатлар билан тузилган.

Ўзгариб бораётган жанг майдони

Сўнгги йилларда Хитой ширкатлари ўз маҳсулотларини ва хизматларини арзонроқ нархларда таклиф қилиш ва ғарблик рақобатчиларига қараганда назоратга озроқ эътибор қаратиш орқали бозор улушининг катта қисмини қўлга киритди.

Марказий Осиёда Хитой технология ширкатлари аллақачон катта роль ўйнай бошлаган.

2019 йилда “Huawei” Ўзбекистон ҳамда “Hikvision” ширкати билан автотранспорт ҳаракатини кузатиш бўйича кенг кўламли тизимини йўлга қўйиш бўйича 1 миллиард доллар қийматга эга шартномани имзолади. Hikvision уйғур миллатига мансуб шахслар чеҳрасини аниқлаш дастурини ишлаб чиққан.

Қирғизистон пойтахти Бишкекда 2019 йилда очилган полиция қўмондонлик маркази ҳам юзни аниқлаш камераларини Хитой ширкатларидан олган.

Россия янги авлод 5G телекоммуникация тармоқларини ўрнатишда эҳтиёткорлик билан “Huawei” ширкатига таянмоқда. Кремль мамлакат мустақил равишда юқори сифатли 5G технологиясини ишлаб чиқаришга қодир эмаслигини тан олади. Бу ҳолат Хитой ширкатининг Россия бозоридаги ўрнини мустаҳкамлабгина қолмай, бошқа ривожланаётган бозорлар учун курашда ширкат мавқеини яхшилайди.

Ҳиллман ўз китобида таъкидлаганидек, ушбу технологик рақобат ҳозирча бошланғич босқичда ва келгуси йилларда сиёсий ҳодисалар ва янги технологиялар ривожланиб бориши билан кескин ўзгариши мумкин.

Бир вақтлар Ғарб сиёсий доираларида йирик ширкат сифатида кўрилган “Huawei” АҚШ бошчилигидаги дипломатик босим ва санкциялар ортидан қийинчиликларга дучор бўлди. Натижада ширкат янги бизнес йўналишларига кирди, чет элда бозор улушидан айрилди ҳамда АҚШдан мустақил таъминот занжирини қуришга мажбур бўлди.

Жорий йилнинг август ойида “Huawei” 2021 йилнинг биринчи ярмида даромади 29 фоизга қисқарганини эълон қилди. Ширкат раиси компаниянинг асосий мақсади “омон қолиш” эканини таъкидлади.

АҚШ, Европа Иттифоқи, Ҳиндистон ва Япония ҳам “Бир макон, бир йўл” лойиҳасига муқобил яратишга киришди ва рақамли инфратузилмага катта эътибор қарата бошлади.

Ҳиллман рақамли технология жанг майдонидаги рақобат АҚШ учун энг қийин вазифалардан бири, деб ҳисоблайди.

Муаллиф бугунга қадар АҚШ асосан санкциялар ва экспорт назорати каби “мудофаа” чораларини кўриб келаётганини айтди. Унинг сўзларига кўра, бундан нари Вашингтон янги технологияларни ишлаб чиқиш каби “ҳужум” чораларини кўра бошлаши керак бўлади.

“Ишончли муқобилларни таклиф қилмасдан, Хитой фаолиятини танқид қилиш билан чекланиб қолиш хавфи бор”, деди Ҳиллман.

“Шунчаки танқид қилавермай, рақобат қилиш ҳақида ҳам ўйлашимиз керак”, дея сўзини якунлади у.

XS
SM
MD
LG