Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 17:47

Ўзбекистон қамоқхоналарининг собиқ куратори¸ МХХ полковниги қамоққа олинди


Ўзбекистон миллий хавфсизлик хизмати бошқармасининг собиқ бошлиқ ўринбосари Тоймураз Алимов
Ўзбекистон миллий хавфсизлик хизмати бошқармасининг собиқ бошлиқ ўринбосари Тоймураз Алимов

Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати раисининг собиқ ўринбосари¸шу кунларда умрбод қамоқ жазосини ўтаëтган Шуҳрат Ғуломовнинг хос буйруқларини бажарган 42 яшар полковник Тоймуроз Алимов 26 февраль куни ҳибсга олинди.

Алимовнинг ҳибсга олинишига алоқадор мулозимнинг исми сир қолиш шарти билан Озодликка айтишича¸ МХХнинг Коррупция ва уюшган жиноятчиликка қарши кураш бошқармаси (2018 йил февралида тугатилган - таҳр) бошлиғи ўринбосари бўлиб ишлаган Тоймуроз Алимовга нисбатан Ўзбекистон Жиноят Кодексининг 97-модда, («Қасддан одам ўлдириш»), 301-модда («Ҳокимиятни суистеъмол қилиш») ва 230-моддалари («Айбсиз одамни жавобгарликка тортиш») асосида айблов илгари сурилган.

Терговга алоқадор мулозимнинг айтишича¸ гумондор Тоймуроз Олимжонович Алимов Ўзбекистон Ҳарбий прокуратураси сўровига мувофиқ ҳибсга олинган ва Ички ишлар вазирлиги тергов изоляторига олиб келинган.

Ўзбекистон Мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи раҳбари Суръат Икромов Озодлик билан 28 февраль кунги суҳбатда Тоймуроз Алимовнинг айнан Ўзбекистон Жиноят Кодексининг 97-моддаси ( «Қасддан одам ўлдириш») бўйича ҳибсга олингани ва Алимовнинг маҳбусларни мунтазам қийнаганига оид маълумотларга эга эканини билдирди.

Ҳуқуқ фаоли иддаосига кўра¸ Алимов “МХХ назаридаги исталмаган шахслар¸ сир сақланиш зарур бўлган ҳодиса гувоҳларининг ликвидация қилиниши доирасидаги ишда фигуратдир.

Икромовга кўра¸ Тоймуроз Алимов қийноқ қўллагани учун қамалган илк мулозим эмас.

Тоймуроз Алимов
Тоймуроз Алимов

Гувоҳ ҳикояси

Молиявий жиноятларда айбланиб¸ 2015 йили Алимов гуруҳи томонидан тергов қилинган собиқ маҳкум Озодлик билан 28 февраль кунги суҳбатда Тоймуроз Алимов қилмишларига гувоҳ бўлганини айтади.

"Шахсан Тоймуроз Косон жазони ижро этиш муассасасига бориб¸ 44 яшар маҳкум Б.Н.Қ.(бу шахснинг тўлиқ номи Озодликка маълум. Айбсизлик презумпцияси нуқтаи назаридан уни ошкор қилмаëтир - таҳр.) га маҳбуслар ликвидацияси бўйича топшириқ берганига гувоҳман. Бу одам бир неча марта товламачилик¸ одам ўлдириш жинояти билан қамалган. Асли фарғоналик¸ ҳозир Чилонзорда яшайди. Тоймуроз шу болага шахсан 97-бўйича ( «Қасддан одам ўлдириш») буюрганига гувоҳман"¸ дейди собиқ маҳкум.

Генерал лавозимида ишлаган полковник

Тоймуроз Алимов фаолияти билан яқиндан таниш бўлган расмийнинг айтишича¸ у расмий рутбаси полковник бўлатуриб¸ генерал ўтириш керак бўлган лавозимда ишлаган.

"2007 йилдан 2014 йилгача МХХнинг уюшган жиноятчиликка қарши кураш бўлинмаси бошлиғи бўлиб ишлади. 2014 йилдан 2015 йилгача Коррупция ва уюшган жиноятчиликка қарши кураш бошқармаси раҳбари ўринбосари бўлган. 2015 йилдан 2017 йилнинг май ойигача Наманган вилоят МХХнинг коррупцияга қарши кураш бошқармаси бошлиғи бўлган. 2017 йил май ойидан 2018 йил 5 февралгача МХХнинг коррупцияга қарши бўлинмаси бошлиғи бўлиб ишлади. Охирги лавозими генеральский лавозим деб қадрланади¸ дейди мулозим.

Ғуломов ўз собиқ ходимларига қарши кўрсатма бермоқда

Ўзбекистон ИИВ ходимларидан бирининг Озодликкка айтишича¸ Шуҳрат Ғуломов буйруғига кўра, қамоқхоналарида сақланган баъзи маҳкумларни “ликвидация қилиш” жинояти тўрт ойдан бери МХХ тарафидан текширилмоқда.

ИИВ ходими сўзларига кўра, ноябрь ва декабрь ойларида ўтказилган қайта терговда Шуҳрат Ғуломов ўзига қўйилган барча айбловлар қатори сиёсий ва диний маҳкумларни йўқ қилиш амалиётига бошчилик қилганига ҳам иқрор бўлган. ИИВ ходимига кўра¸ қайта терговни МХХ зобити Анвар Ҳалимбетов олиб бормоқда.

Ўтган ой “Элтуз” нашри афв асосида озодликка чиққан маҳкум билан суҳбатни эълон қилган эди. Бу суҳбатда МХХ ходимлари¸ хусусан¸ Тоймуроз Алимов гуруҳи қасддан ўлдиргани иддао қилинган уч маҳкумнинг исми келтирилади.

Иддаога кўра¸ маҳкумлар¸Таваккал Ҳожиев¸ Ҳамидулло Омонов ва Илҳом Ибрагимовлар қийнаб ўлдирилган.

Парламент собиқ депутати ҳам қийноқ қурбони бўлдими?

Озодлик мухбири Тоймуроз Алимов қийноғидан кейин ўлди¸ деб ишониладиган хоразмлик Рейимбой Йўлдошев яқинлари билан гаплашди. Яқинларининг айтишича¸ 1989 йилги парламентда “Эрк” фракцияси аъзоси бўлган Рейимбой Йўлдошев 2007 йили қамоққа олиниб¸ 2010 йил августида қамоқда уриб ўлдирилган.

"Ўликни олиш учун Қизилтепадаги турмага борганимизда¸ қамоқхона нозирлари бизга "нима қилса МХХ қилди¸ бизнинг айбимиз йўқ" деди. Рейимбой билан бирга ўтирганлар қамоқдан чиқиб¸ бизга уни Алимов группаси ўлдирганини айтди"¸ деди қамоқда ўлган собиқ депутат яқинларидан бири.

Озодлик ихтиëрида бундай иддаоларни тасдиқловчи далил-ҳужжат ҳозирча йўқ.

Озодлик суҳбатлашган ИИВ ходимининг ишонишича¸ Рейимбой Йўлдошев мухолифатчи Муҳаммад Солиҳга хайрихоҳ шахслардан бири бўлгани учун қамалган ва жисмонан йўқ қилинган.

Қатл машинаси?

Тошкентлик ҳуқуқ ҳимоячиси Суръат Икромов Озодлик билан суҳбатда ўз тасарруфидаги маълумотларга асосланиб¸ “ўнларча маҳкум Тоймуроз Алимов бошқарган гуруҳ тарафидан жисмонан йўқ қилинган”ини иддао қилди.

Айни пайтда Озодлик ҳибсга олинганида МХХ тарафидан қийноққа солингани оқибатида ўлганлар ҳақида маълумот йиғмоқда.

Сиз бу жараëнга бевосита алоқадор бўлсангиз¸ ўзингиз ëки яқинларингиз бевосита Алимов ва унинг гуруҳи томонидан тергов қилинган бўлса¸ марҳамат¸ тафсилотларни Озодлик билан ўртоқлашинг.

XS
SM
MD
LG