Линклар

Шошилинч хабар
18 январ 2021, Тошкент вақти: 03:26

Акаси молхонага қамаб қўйгани айтилган наманганлик аёл руҳий шифохонага ётқизилди


Юлдузхон Зиятовани яқинлари руҳий касалликлар шифохонасига олиб кетмоқда - Наманган шаҳри, 23 ноябрь. 2020

Ижтимоий тармоқларда резонанс уйғотган видео қаҳрамони – молхонага қамаб қўйилган наманганлик аёл 23 ноябрь куни вилоят руҳий касалликлар шифохонасига ётқизилди.

Бу ҳақда Озодликка Наманган шаҳар Халқ қабулхонаси мулозими маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, 1973 йилда туғилган аёлни яқинлари молхонага атайлаб қамаб қўймаган - уларнинг ҳаракатларида жиноят аломатлари аниқланмаган.

Воқеа юзасидан Наманган шаҳар, Давлатобод туман ҳокимлиги ахборот хизмати видеосюжет тайёрлади. Озодликка тақдим этилган видеолавҳада дастлабки видеодаги бир муҳим деталга эътибор берилмаган.

Ижтимоий тармоқларда жорий ҳафта бошида тарқалиб, кенг муҳокамаларга сабаб бўлган бир дақиқали видеода омборга ёки молхонага ўхшаган қурилма ичидан бир аёлнинг чиқишга уринаётгани акс этган.

"Молхонага қамаб қўйилган аёл"

Видеодаги аёлнинг ташқарига чиқишга уринаётгани унинг ҳаракатлари ва йиғламсираб чиқараётган овозидан англашилади. Баъзи каналларда “қамаб қўйилган аёл қўлида коса билан овқат сўраётгани” айтилди.

Аёл ташқари чиқишга уринар ёки овқат сўрар экан, қўрқувли овоз чиқариш билан чекланаётганидан, муайян сўзни талаффуз қилмаётганидан унинг соғлом эмаслиги тўғрисида хулоса қилиш мумкин.

Видеога илова қилинган кичик матнда бу воқеа Наманган шаҳар Юқори Ровистон МФЙ ҳудудида бўлгани, “ақли норасо қиз ўз акаси томонидан молхонада сақланаётгани” айтилди.

Тутқун аёлнинг шахси аниқланди

Аёлнинг 1973 йилда туғилган Юлдузхон Зиятова экани 26 ноябрь куни маълум бўлди. Бу маълумотни Озодлик Наманган шаҳар халқ қабулхонаси етакчи мутахассиси Ғофиржон Умурзоқовдан олди.

Халқ қабулхонаси мулозими видеода акс этган воқеа шаҳар ҳокими секторидаги маҳаллада юз бергани, видео чиқиши биланоқ шаҳар Хотин-қизлар қўмитаси маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими билан биргаликда воқеа жойига бориб, ўрганганини билдирди.

Халқ қабулхонаси мутахассиси Ғофиржон Умурзоқовнинг Озодликка айтишича, II гуруҳ ногирони Юлдузхон Зиятова акаси Эркинбой Зиятовнинг уйида, унинг қарамоғида яшайди. Юлдузхоннинг ўзини бошқариш имконияти чекланган, ота-онаси вафот этган, турмуш қурмаган. У акасининг оиласи билан бирга унга ажратилган бир хона уйда яшаб келган.

“Ўрганиш жараёнида фуқаро Юлдузхон Зиятова уйда ҳеч ким бўлмаган вақтда, омборхонага кириб, у ердан чиқолмай қолгани, оила аъзолари атайин шу жойга киритмагани аниқланди”, - деди Ғофиржон Умурзоқов.

Халқ қабулхонаси мутахассисининг Озодликка билдиришича, видеони қўшни қиз суратга олиб тарқатгани айтилмоқда.

“Юлдузхон Зиятова 23 ноябрь куни Наманган вилоят рухий касалликлар шифохонасига жойлаштирилди”, - деди мулозим.

Ҳокимлик: Акада айб йўқ!

Озодлик воқеани ўрганаётган бир пайтда Наманган шаҳар, Давлатобод туман ҳокимлиги ахборот хизмати айнан шу воқеа юзасидан 5 дақиқали видеосюжет тайёрлагани маълум бўлди.

Озодликка тақдим этилган видеосюжетда ахборот хизмати ходимлари Юлдузхон Зиятова яшаётган хонадонга бориб, хонадон эгалари, маҳалла фаоллари билан гаплашгани акс этган. Видеода Юлдузхон Зиятованинг ўзи ҳам кўринади. Акасининг айтишича, Юлдузхон унинг оиласи билан 2017 йилдан буён яшайди. 47 га кирган синглиси 2017 йилгача қаерда ва ким билан яшаганини ака айтмаган.

Эркинбой Зиятов синглиси Юлдузхон қамалиб қолган ўтинхонани кўрсатади, унинг ўтинхонадан эшикни очишга ақли етмагани учун чиқа олмай қолганини тушунтиради.

Видеода Юқори Ровистон МФЙ раисининг Зиятовлар хонадони тўғрисидаги ижобий фикрларига ҳам ўрин берилган.

Давлатобод туман ҳокимлиги ахборот хизмати тайёрлаган сюжетда вилоят асаб ва руҳий касалликлар шифохонаси врачи (исми айтилмаган) фикри ҳам берилган. Врачнинг сўзларига қараганда, Юлдузхон Зиятова шу пайтгача руҳий хаста сифатида қайдда турмаган. Врач 23 ноябрь, соат 19 ларда касалхонага келтирилган Зиятованинг тиббий кўрикдан ўтказилгани, унинг туғма олигофрения касаллигининг оғир шакли билан оғриши аниқланганини айтади. Врачнинг сўзларига кўа, бундай беморлар давлатнинг ижтимоий ҳимоясидаги беморлар бўлиб, уларни руҳий касалликлар шифохонаси ёки Мурувват уйларига жойлаштириш мақсадга мувофиқдир.

Давлатобод туман ҳокимлиги ахборот хизмати тайёрлаган сюжетдан бир неча савол пайдо бўлди:

Маҳалла фаолларининг айтишича, Юлдузхон Зиятова яшаб келган акасининг хонадони ўзига тўқ, яхши оила. Бас, шундай экан, Юлдузхонни яна стрессга тушириб, касалхонага жойлашга қандай зарурат бор эди?

Бу саволни бериш учун врач билан боғланишнинг иложи бўлмади. Давлатобод туман Хотин-қизлар қўмитаси раиси Телеграм орқали жўнатилган саволларга ҳозирча жавоб бермади.

Видеосюжетдан тушиб қолган муҳим жиҳат

Юлдузхон Зиятова қамалиб қолгани акс этган видеони диққат билан кўрган киши унинг ортида оч жигарранг гулли мато ёпилган нарсани кўради. Нарса – кўринишидан қўлбола каравотга ўхшайди ва аёл шу жойда, яъни ўтинхонада яшайди, деб тахмин қилиш мумкин.

Ҳар ҳолда ижтимоий тармоқларда воқеага ўз муносабатини билдирганлар айнан шу деталга эътибор қаратди. Бироқ Давлатобод туман ҳокимлиги ахборот хизмати бу детални кўрмаган ёки кўрмаганга олгандек тассурот пайдо бўлади. Ҳар ҳолда, кейинги видеосюжетда Юлдузхоннинг акаси видеоператорни олиб кирган ўтинхонада дастлабки видеодаги каравотга ўхшаган нарса кўринмайди. Нега йўқолиб қолди ўша нарса ўтинхонадан? Озодлик кун давомида бу саволга жавоб топа олмади.

Руҳий хасталар жамиятнинг энг ҳимоясиз қатлами вакилларидир. Уларнинг оғир тақдири тўғрисида Озодлик бир неча марта хабар қилган. 2019 йилнинг 30 апрелида Озодлик руҳий хаста беморни санитар врач ерга босиб бўғаётгани акс этган видеони эълон қилган эди. Бу материал ортидан Соғлиқни сақлаш вазирлиги хизмат текшируви ўтказган.

Руҳий хасталар аҳволига мамлакат президенти бундан уч йил муқаддам эътибор қаратган, 2017 йилнинг 26 июнида Тошкент шаҳар руҳий касалликлар клиник шифохонасини бориб кўрган президент шифохонанинг эски биноларини янгилаш ишлари, беморларга яратилган шароитлар билан танишган эди.

XS
SM
MD
LG