Линклар

Шошилинч хабар
13 июл 2024, Тошкент вақти: 08:51

"Ноқонуний диний ташкилот". Ўзбекистонда "Нақшбандия" тариқати тақиқландими?


Президент Шавкат Мирзиёев Бухоро вилоятига сафарларини Баҳоуддин Нақшбанд мақбарасини зиёрат қилишдан бошлайди.
Президент Шавкат Мирзиёев Бухоро вилоятига сафарларини Баҳоуддин Нақшбанд мақбарасини зиёрат қилишдан бошлайди.

Тошкентда “Нақшбандия” тариқати аъзолари экани айтилган 22 киши “ноқонуний диний ташкилот тузиш”да айбланиб маҳкамага тортилди.

Ҳукмга кўра, зиёли (булар орасида профессор ҳам бор) ва тадбиркорлардан иборат гуруҳ “Нақшбандия” ғояларини “ғайриқонуний диний ташкилот тузиш” орқали тарқатган.

Озодликка шу кунларда йўлланган ҳукм 2023 йилнинг 31 июлида Тошкент шаҳар жиноят ишлари бўйича Шайхонтоҳур туман суди томонидан қабул қилинган.

“Нақшбандия”- Ўзбекистонда тақиқланмаган ва эргашувчилари кўп бўлган тариқатдир. Бу тариқатдагилар шу пайтгача ҳукумат тақибига қарийб учрамаган.

Айблов

8 ноябрь куни Озодликка келиб тушган суд ҳукми нусхасида судя Абдулла Абдулхаевнинг электрон имзоси (QR коди) акс этган.

Судянинг ҳукмича, 22 кишидан иборат “жиноий гуруҳ” Ўзбекистонда “жамоат бирлашмаси ва диний ташкилот тузиш, йиғилиш ва диний маросим ўтказиш” тартибини бузган.

"Нақшбандия" вакиллари устидан суд ҳукми нусхаси
"Нақшбандия" вакиллари устидан суд ҳукми нусхаси

1-1003-2304/308-сонли жиноят иши терговида ушбу гуруҳ 2022 йил 6 октябрида ноқонуний тарзда “Мензил ташкилоти” (Туркияда "Манзил жамоати" сифатида билинган нақшбандийлар жамоаси - таҳр.)ни тузгани ва бунинг учун кўрсатмани, гўёки Туркиядаги “Нақшбандия” тариқати етакчиларидан олгани аниқланган.

Жиноят сифатида малакаланган бу ҳаракатлар ҳукмда шундай ифода қилинган:

“Аввал мустақил тарзда, сўнгра Туркиянинг Мензил шаҳрига бориб, Ғавси Соний Султон Саййид Абдулбоқий ва унинг издошларидан Нақшбандия тариқати ғояларини ўрганиб, ушбу ғояларни жамиятнинг илм-фан, таълим-тарбия, дин, маданият, туризм, иқтисодиёт ва бошқа соҳаларига тарғиб ва тадқиқ қилиш учун 2017 йилдан 2023 йил январь ойига қадар ғайриқонуний жамоат бирлашмаси ва диний ташкилот тузиш мақсадида, олдиндан тил бириктириб, бир гуруҳга бирлашиб, гуруҳ аъзолари яшаш хонадонида йиғилишлар ўтказиш”ган.

"Нақшбандия" вакиллари устидан суд ҳукми нусхаси
"Нақшбандия" вакиллари устидан суд ҳукми нусхаси

Ҳукмда қайд этилишича, бу шахслар ўзлари “ғайриқонуний равишда” тузган ташкилотнинг Тошкент шаҳри, Самарқанд шаҳри, Хоразм, Бухоро вилояти, Андижон вилоятларидаги бўлимларини очиб, у ерда ҳам масъулларни тайинлашган.

Ҳукмда қайд этилишича, судланувчиларнинг ҳаракати ойлар давомида кузатилган ва 2023 йилнинг январига келиб, аниқланган.

“Диний ташкилот 2023 йилнинг 15 январь куни Янгиҳаёт тумани, “Чортоқ” МФЙ раиси Е.Пирматовнинг аризасига асосан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари томонидан қонунга хилоф равишда тузилган жамоат бирлашмаси ва диний ташкилот аъзоси И.Намозовнинг Янгиҳаёт тумани, “Чортоқ” МФЙ, “Наврўз” кўчаси, 28-уйда навбатдаги йиғилишни ўтказаётган вақтида аниқланган”, дейилади суд ҳукмида.

Ҳукмда келтирилишича, 22 шахсга нисбатан Ўзбекистон Жиноят Кодексининг 216-моддаси - Жамоат бирлашмалари ёки диний ташкилотларни қонунга хилоф равишда тузиш айби қўйилган.

Уларнинг асосий қисмига 2-3 йилдан озодликни чеклаш ва бир нечасига озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

Муҳими, бу 22 кишилик гуруҳ 2023 йилнинг январида ушланиб, шу йил ёзда судланганидан Ўзбекистонда “Нақшбандия” тариқатини ўрганган ёки унга эргашган аксар зиёлиларнинг хабари йўқ.

“Бу иш ҳақиқатан диний экстремизм ёки ақидапарастликка оидми ёки диний эркинликнинг чекланишими, деган савол туғилади. Суриштирувлар ва ҳуқуқшуносларимиз ўрганишларидан кейин бу ҳақда аниқ маълумот берамиз. Лекин, ҳозир қўлимизда мавжуд ҳукмга кўра, 20 нафардан ортиқ шахс “Нақшбандия” тариқатининг фаоллари сифатида жавобгарликка тортилган. Ўзбекистон Олий судининг диний экстремистик ташкилотлар рўйхатида ҳозиргача бу тариқат номига кўзим тушгани йўқ”, дейди ушбу иш тафсилотларини ўрганишга киришган “Эзгулик” инсон ҳуқуқлари жамияти раҳбари Абдураҳмон Ташанов.

Стив Свердлов: “Ўзбекистонда диний эркинликлар доираси торайиб бормоқда”
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:22:42 0:00

Судланувчилар

“Нақшбандия” тариқати вакиллари судланишига оид суд ҳукми 2016 йилдан - Шавкат Мирзиёев президентликка келганидан бери Озодликка маълум илк ҳужжат.

Судланувчилар - шу кунда Ўзбекистондаги турли давлат ташкилотлари, олий ўқув юртларида ишлаётган зиёли ҳамда тадбиркорлардир.

Судланувчиларнинг айримлари муқаддам ЖКнинг айни 216-моддасида айбланиб, жазоланган.

Исмини очиқламасликни сўраган "Нақшбандия" тариқати устида илмий иш қилаётган ёш тадқиқотчилардан бири қўйилган айбловдан таажжубга тушганини айтади:

"Агар бу тариқатни хавфли дейишаётган бўлса, у ҳолда бу тариқатга оид китобларни ҳам тақиқлаши керак эди. Мен диссертациямни ёқлаш жараёнида бу тариқатнинг Туркиядаги етакчиларининг ўзимизда сотилаётган китобларидан фойдаландим, яна таржималар бўляпти. Ҳозир ҳам нашр қилиняпти. Диний адабиётлар Ўзбекистонда Диний қўмита рухсатисиз чоп этилмайди-ку?! "Нақшбандия" тариқати ғояларида жамоатчилик учун ҳеч қандай хавф кўрмайман. Қолаверса, Ўзбекистонда бирорта ҳуқуқий норматив ҳужжатларда тариқатчиларга оид нормаларга кўзим тушмаган".

Судлов

Нақшбандийлик тариқати Ўзбекистон мустақиллигининг илк йиллариданоқ ҳукумат сиёсати томонидан олқишланиб келаётган диний йўналишдир.

1993 йилда Баҳоуддин Нақшбандийнинг 675 йиллиги Ўзбекистонда катта тадбирлар билан нишонланган. Бухорода ушбу тариқат асосчиси Баҳовуддин Нақшбандий зиёратгоҳи тўлиқ қайта қурилган. Унинг очилиш маросимида биринчи президент Ислом Каримов шахсан қатнашган.

Исломнинг ҳар қандай кўриниши ва ҳаддан ташқари диндорликка шубҳа билан қараган, диний эркинликларни мунтазам чеклагани учун танқид қилиб келинган Ислом Каримов бошқаруви даврида ҳам Нақшбандийлик ғоялари тақиқланмаган, расмий матбуот бу ҳақда очиқ ёзган эди.

Каримовнинг шахсан ўзи хориждан, жумладан, АҚШдан ташриф буюрган Нақшбандия тариқати намояндалари билан ҳам учрашган.

Аммо, 2007 йиллардан бошлаб, Ўзбекистон ҳукуматининг диний жамоаларга қарши тўхтовсиз ишлаб турган чиғириғига Нақшбандийлик тариқати аъзолари ҳам туша бошлади.

Ўша кезларда сиёсий буюртма билан ёзилгани айтилган қатор мақолалар ва кўрсатувлар эфирга чиқди.

Ҳукуматдан мустақил диний жамоаларнинг аксари "ваҳҳобийлар", "ҳизбчилар" ва "жиҳодчилар" деган айбловлар билан тақиқланганди.

Доимий равишда жамоатга бирлашиш эҳтиёжини сезадиган мусулмонлар ҳукумат рухсат бериб қўйган “Нақшбандийлик” тариқатдаги етакчилар - халқ орасида пир ва эшон, деб қадрлаган шахсларнинг этагини тутганди.

2016-йилларга келиб, бу тариқатга эргашганлар ҳам қамала бошлади. Шундай судлардан бири Бухорода бўлган ва унда 15 кишилик гуруҳ ЖКнинг айнан 216-моддаси асосида - “ғайриқонуний жамоат бирлашмалари ва диний ташкилотлари фаолиятида қатнашишга ундаш”да айбланиб, 4 йиллик қамоқдан тортиб, бир неча миллион сўмлик жаримага қадар жазоларга ҳукм қилинган эди.

2016 йилда Ислом Каримов вафот этиб, Шавкат Мирзиёев ҳокимиятга келгач, диндорларга нисбатан сиёсат юмшади, минглаб одам “қора рўйхат”лардан чиқарилди.

Айни пайтда аввалига диний сиёсатнинг юмшаши, Мирзиёевнинг диндорларга хитоб қилган баёнотлари ва Умра, Ҳаж ибодатларини намойишкорона адо этгани фонида таҳлилчилар, мамлакатда исломийлашув ҳам кучайтирганини айтишади.

Аммо, сўнгги пайтларда яна диндорлар ва диний рамзларни тақиб қилиш кучайгани кўзга ташланмоқда.

"Ҳозир куч ишлатар тузилмаларнинг асосий нишони яна диндорлар устидан назорат бўлиб қолди. Хусусан, ИИВда бораётган асосий иш шу - радикал гуруҳларни топиш, ушлаш. Чунки вазият жуда ваҳимали, диндорлашув жудаям кучайиб кетган, ҳозир нима қилиб бўлса ҳам, шу кучни пасайтиришга ҳаракат қилиняпти", деди ИИВнинг шахсини ошкор қилмасликни сўраган ходими Озодлик мухбири билан суҳбатда.

“Нақшбандия” тариқати

Бу тариқат 14-асрда Бухоро вилоятининг ҳозир “Қасри Орифон», қадимда эса “Ҳиндуён” деб номланган қишлоғида яшаган Хожа Муҳаммад Баҳоуддин Нақшбанд (1318–1389) номи билан боғлиқдир.

Нақшбандийлик таълимотининг асоси ҳам, сўфийликнинг бошқа йўлларида бўлгани каби таваккул, ибодат, зикр, фақирлик, поклик ва илоҳий ишқ ғояси устига қурилган.

Тарихий манбаларда Баҳоуддин Нақшбанднинг ўзи умри давомида деҳқончилик билан кун кечиргани, буғдой ва мош экиб, кун кўргани айтилади. Нақшбандийлик тариқати асосида эса ўша маълум ва машҳур “Дил ба ёру, даст ба кор” – “ Қалб Оллоҳда, қўл меҳнатда!” ғояси ётади.

"Бошқа тариқатлардан кўра, бунинг Осиё, Африка ва Туркистонда ёйилишининг сабаби "Дил ба ёру, даст ба кор" (Қўлинг ишда, қалбинг оллоҳда) деган мақсади учун бўлган. Яъни, бу тариқатдагиларнинг ҳокимият учун хавфи йўқ. Бу тариқатдагилар асосан сиёсий амбициялари бўлмаган, тарки дунё қилган кишилардир, уларнинг зикр, ибодатлари ҳам хуфя бўлади", дейди ушбу тариқатни ўрганаётган ўзбекистонлик тадқиқотчи.

Тарихан Марказий Осиёдан бошланиб, салжуқийларнинг Яқин Шарқ ва Анатолияни забт этиши асносида кенгроқ жўғрофияга ёйилган “Нақшбандия” тариқати пешволари туркий ҳукмдорлар саройига яқин бўлишган ва давлат бошқаруви учун хавф сифатида кўрилмаган.

14-асрда пайдо бўлган Нақшбандийлик тариқати кейинчалик Марказий Осиёнинг бошқа қисми ва аста-секин Афғонистон, Ҳиндистон ҳамда бошқа мусулмон давлатларига тарқалган.

15 асрга келиб бу тариқатга эргашганлар орасида зиёлилар, олимлар ва давлат арбоблари ҳам кўпайган. Булар орасида энг йирик тарихий шахслар сифатида Алишер Навоий (1441-1501) ва Заҳириддин Муҳаммад Бобурлар (1483-1530) номи тилга олинади.

Ҳозирга келиб бу тариқатга эргашган жамоалар Марказий Осиё республикалари, Россия, Буюк Британия, Германия, Франция, АҚШ, Яқин Шарқ ва Африка давлатлари, Ҳиндистон, Хитой, Япония, Австралия, Янги Зеландияда мавжуд.

Покистон, Индонезия, Малайзия, Шри-Ланка каби давлатларда эса ҳукмрон элита вакилларининг кўпчилиги айнан шу тариқатга эргашган.

Шу йилнинг 27 март куни Тошкентдаги АҚШ элчихонасида БМТнинг диний эркинликлар бўйича собиқ махсус маърузачиси Аҳмад Шахид Ўзбекистондаги сўнгги 5 йилликка оид ҳисоботини тақдим қилган эди.

Айрим масалаларда “ижобий силжишлар” борлигини эътироф этган БМТ вакили “аксарият муаммоларнинг ўзгармай қолаётгани хавотир” билдирган. Аҳмад Шаҳидга кўра, Ўзбекистон Республикасининг янги таҳрирдаги “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонунида диний ташкилотларни рўйхатга олиш, диний таълим бериш, диний адабиётлар чоп этилиши жараёнини эркинлаштиришга оид нормаларда "қолоқлик" сақланиб қолмоқда.

Форум

XS
SM
MD
LG