Линклар

Шошилинч хабар
29 сентябр 2022, Тошкент вақти: 05:57

NASA «Жеймс Уэбб» космик телескопи олган илк тасвирларни эълон қилди


11 июль куни NASA янги «Жеймс Уэбб» космик телескопи ёрдамида олинган илк суратни тақдим этди. Суратда кўп сонли галактика тасвирланган бўлиб, мазкур сурат космосга энг чуқур назардир.

10 миллиард долларга тушган «Жеймс Уэбб» телескопи олган биринчи тасвирда инсоният тарихидаги энг олис ва энг қадимий манзара акс этган. Суратда вақт бошланган даврга яқин пайт ҳамда коинотнинг чеккасига яқин қисми тасвирланган.

Тасвир Оқ уйда бўлиб ўтган қисқа тадбир давомида эълон қилинди. «Чуқур майдон» номи берилган тасвирда ғиж-ғиж юлдуз бўлиб, олдинги планда улкан галактикалар, орқа планда эса хира ва жуда олис галактикаларни кўриш мумкин. Тасвирнинг бир қисмида бундан 13,8 миллиард йил аввал содир бўлган Катта портлашдан кўп вақт ўтмай қолган ёруғлик бор.

«Унда коинот тарихидаги энг қадимги давр – бундан 13 миллиард йил олдинги, яна такрорлайман, 13 миллиард йил олдинги ёруғлик ҳужжатлаштирилган», дея Президент Жо Байденнинг сўзларидан иқтибос келтирмоқда "Ассошиэйтед пресс" агентлиги.

NASA маъмури Билл Нельсоннинг айтишича, юзлаб нуқталар, чизиқлар, спираллар ва оқ, сариқ, тўқ сариқ ва қизил айланаларга тўла тасвирда «коинотнинг бир зарраси» тасвирланган холос.

Гарвард университети астрономи Димитар Сасселов сурат тақдим этилганидан кейин The Associated Press агентлигига телефон орқали берган интервьюсида:

«Бугун биз кўриб турган нарса – бу илк коинот», - деди.

Сасселовнинг сўзларига кўра, у ҳамкасби Чарльз Алкок билан аввалига лол қолмаган, аммо кейин расмга диққат билан қараб, узоқ йилларга чўзилган телескоп лойиҳаси ва ниҳоят натижа бера бошлаганини англаб етишган.

Дунёдаги энг катта ва энг кучли «Жеймс Уэбб» космик телескопи ўтган йилнинг декабрь ойида Жанубий Америкадаги Франция Гвианасидан учирилганди. Телескоп январь ойида Ердан 1,6 миллион километр узоқликдаги кузатув нуқтасига етиб борди. Бунинг ортидан телескоп кўзгуларини мувофиқлаштириш, инфрақизил детекторларни етарли даражада совитиш ва илмий асбобларни калибрлаш жараёни бошланди. Бу жараён давомида телескопни теннис корти ўлчамидаги қуёш соябони ҳимоялаб турди.

Режага кўра, телескоп ёрдамида олимлар коинот бундан тахминан 13,7 миллиард йил аввал пайдо бўлган дастлабки кунларга назар солишади. Шунингдек, телескоп ёрдамида Ерга яқинроқ жойлашган космик объектлар, жумладан, қуёш тизимини яқинроқ ўрганиш мумкин бўлади.

NASA тасвирда неча миллиард йил олдинги ёруғлик акс этганини изоҳлагани йўқ. Мустақил олимлар буни аниқлаш вақт талаб этишини айтишди. Уларнинг тахминларига кўра, тасвирда Катта портлашдан 500 миллион ёки 600 миллион йил ўтгач юзага келган галактика ҳам бўлиши мумкин.

Калифорния университети астрофизиги Гарт Иллингворт:

«Бу галактикаларни аниқлаш учун бироз вақт керак бўлади», - деди.

«Жеймс Уэбб» телескопи ўта муваффақиятли, аммо эскириб бораётган «Хаббл» космик телескопининг вориси ҳисобланади. «Хаббл» телескопи ўз фаолияти давомида 13,4 миллиард йил олдинги оламга назар солган.

«Жеймс Уэбб» телескопининг 6,4 метр ўлчамдаги, олтин билан қопланган ва гул шаклидаги кўзгуси космосга юборилган энг катта ва энг сезгир ойнадир. Кўзгу 18 та сегментдан иборат бўлиб, улардан бирига май ойида кутилгандан каттароқ микрометеороид бориб урилди. Аввалроқ кўзгу тўртта микрометеороид билан тўқнашганди. NASA маълумотларига кўра, бу тўқнашувларга қарамай, телескоп миссия талабларини ошиғи билан бажармоқда ва бугунга қадар деярли ҳеч қандай маълумот йўқотилмаган.

NASA «Жеймс Уэбб» телескопи лойиҳасини юритишда Европа ва Канада космик агентликлари билан ҳамкорлик қилмоқда. Сешанба куни агентлик телескоп ёрдамида олинган қўшимча тасвирларни ёйинлади.

XS
SM
MD
LG