Линклар

Шошилинч хабар
14 апрел 2024, Тошкент вақти: 09:51

Назарбоев оила аъзолари дахлсизлик ҳуқуқидан маҳрум қилинди


Нурсултон Назарбоев, Астана, 20 ноябрь, 2022
Нурсултон Назарбоев, Астана, 20 ноябрь, 2022

Қозоғистонда депутатлар Нурсултон Назарбоевнинг яқин оила аъзоларини дахлсизлик ҳуқуқидан маҳрум қилувчи қарорни маъқуллади.

13 январь куни Қозоғистон Конституциявий суди “депутатлар талаби ва 2022 йилнинг июнь ойида ўтказилган умумхалқ референдумига биноан ушбу қарорни қабул қилди. Икки кун олдин Назарбоев номини конституциядан олиб ташлаш ва элбоши мақомини бекор қилиш тўғрисидаги қарор ҳам маъқулланган эди.

2000 йилда Назарбоев ва унинг оила аъзоларига бошқа имтиёзлар билан бир қаторда ҳар қандай жиноий жавобгарликдан умрбод дахлсизлик ҳуқуқи (давлатга хиёнат қилиш жинояти бундан мустасно) бериш тўғрисидаги қарор қабул қилинган.

Мазкур қонун бекор қилинган бўлса-да, Назарбоевнинг ўзи президентлик тўғрисидаги қонунга мувофиқ жиноий жавобгарликка тортишдан дахлсизлик ҳуқуқига эга.

Қозоғистон парламенти жорий ҳафта Назарбоевни Сенатнинг умрбод фахрий аъзоси мақомидан ҳам маҳрум қилди.

Қасим-Жомарт Тоқаев 2022 йил январидан бери Қозоғистоннинг собиқ президенти Назарбоевнинг бир қатор ваколатларини бекор қилиб келмоқда.

Назарбоев дастлаб президентликдан кетганидан кейин Хавфсизлик Кенгаши раҳбари сифатида катта ваколатларни сақлаб қолди. Шунингдек, у "элбоши" унвонига ҳам эга эди.

Назарбоев бошқаруви даврида авж олган коррупция ва унинг оиласи ва яқин дўстларига берилган имтиёзлар ўтган йил январь ойидаги тартибсизликларнинг сабабларидан бири бўлди.

Шундан сўнг, Тоқаев Назарбоевни Хавфсизлик Кенгашидаги лавозимидан маҳрум қилди. Назарбоев оиласига яқин бир қанча шахслар ўз лавозимларидан четлатилди. Айримлари коррупцияда айбланиб ҳибсга олинган. Назарбоевнинг жиянларидан бири коррупция айблови билан олти йилга қамалди.

Қозоғистонлик танқидчилар Тоқаевнинг ташаббуслари юзаки эканлигини ҳамда мамлакатда йиллар давомида авж олган коррупция ва қариндош-уруғчиликка асосланган бошқарувни ўзгартирмаганини таъкидламоқда.

Форум

XS
SM
MD
LG