Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 10:51

Нурсултон Назарбоев иқтисодий инқироз пайтида миллатдошларини хайрия қилишга чақирди


Қозоғистон яна катта муаммо гирдобига шўнғимоқда.

Коронавирус етмагандай, нефть нархларининг ҳам кескин тушиб кетиши билан боғлиқ иқтисодий инқироз ҳам ёпирилди.

Мамлакатнинг Биринчи президенти Нурсултон Назарбоев бундай вазиятда ўз миллатдошларини саховатпеша бўлиш ва кўпроқ хайрия қилишга чақирди.

20 мартда Қозоғистонда аҳолига қарата четда турмай, президент билан ҳукуматга йиғилиб қолган муаммоларни ҳал этиш учун ёрдам бериш даъвати янгради. Собиқ президент Нурсултон Назарбоевнинг матбуот котиби Ойдўс Укибай элбоши “мамлакатга ёрдам беришни истаётган ва бериши мумкин бўлган” барчага мамлакатни шундай оғир пайтда қўллаб-қувватлаш учун ташқил этилган махсус фондга пул кўчиришни сўраб мурожаат қилганини билдирди.

Ушбу даъват ҳокимият Қозоғистонга икки томонлама зарба: нефть экспортидан олинаётган даромадларнинг кескин тушиб кетиши ва коронавирус пандемияси оқибатларидан қанчалик чўчиëтганини кўрсатади.

27 мартда ошкор қилинган маълумотга кўра, мамлакатда 120 та коронавирус юқтирганлик ва битта ўлим ҳолати қайд этилган.

Укибайга кўра, Назарбоев “хавфли инфекцияга қарши курашнинг олдинги сафларида бўлган шифокорлар, кўнгиллилар, ҳарбий хизматчилар ва полиция ходимларини қўллаб-қувватлаш” муҳим аҳамиятга эгалигини айтган.

Қозоғистонда 2014 йилда бошланган кенг миқёсли иқтисодий таназзул вақтида ҳокимият молиявий қийинчиликларни Миллий фонд ҳисобидан ҳал қилган эди.

Назарбоев 21 йил олдин ҳам ватандошларига шундай мурожаат қилган эди. Ўша ҳолат ҳисобга олинса, ушбу жамоат фондига биринчи навбатда ким пул тикиши керак деган савол туғилади.

1998 йилда бир бочка нефть нархи 12 долларгача тушиб кетган, фақат 1999 йилга келиб, у 16,5 долларга кўтарилган эди. Бу ҳам етмагандай, ўша йили ғалла ҳосили сўнгги 40 йилда энг паст бўлиб, бор-йўғи, 7,3 миллион тонна йиғиб олинган эди. Мамлакатда электр қуввати етишмас, маош тўланмаган ишчилар иш ташлаётган эди.

Ўша йил октябри бошида сўнгги 7 йилда биринчи марта сайлов ўтказилиши эълон қилинган ва 1999 йил 10 январида бўлиб ўтган сайловга асосий мухолиф номзод қўйилмагани жанжалга сабаб бўлган эди.

1999 йил февралида бош вазир Нурилдан Балгимбаев савдо балансида 1,7 миллиард доллар миқдорида дефицит борлигини маълум қилди. Ўша йилнинг дастлабки ойларида ҳукумат дастурларни кескин қисқартирди, апрель – май ойларида бир доллар 88 тенгедан 131 тенгага кўтарилди.

Июнь ойига бориб, ҳукумат қозоғистонликларга қўлидаги олтин ва тақинчоқларни Жанубий Корея тажрибасига асосланиб, давлатга топшириш даъвати билан мурожаат қилди, лекин аҳоли давлатга қанча олтин топширгани ва ваъда қилинган товон пули тўланган-тўланмагани жамоатчиликка айтилмади.

Орадан бир йил ўтиб, 2000 йилда Қозоғистоннинг иқтисодий аҳволи яхшиланди, нефтнинг нархи ўша йили 27 долларга, 2005 йилга келиб эса 50 долларга чиқди. Қозоғистоннинг иқтисодий аҳволи ўнгланиб кетди ва аҳолидан олтин кўринишида хайрия сўрашга ҳожат қолмади

Аммо 2020 йил апрелида қизиқ бир воқеа юз берди. Бош вазир Имангали Тасмагамбетов Швейцария банкида аллақандай “махфий фонд” борлигини парламентга маълум қилди. Айтишича, ҳукумат 1996 йили Тенгиз нефть конидаги улушининг чорак қисмини Mobil компаниясига 1 миллиард долларга сотгани ва Назарбоев ушбу маблағни Швейцариядаги банкка жойлаштирган.

Тасмагамбетовга кўра, ушбу маблағ 1997 йилда пенсиялардан қарзни узиш, 1998 йилда эса Россиядаги молиявий инқирознинг Қозоғистонга таъсирини камайтиришга ишлатилган. Бироқ 1999 йилда шу пул қандай ишлатилгани ҳақида ҳеч нарса демаган.

Икки мухолифатчи депутат Серикбўлсин Абдилдин ва Борис Сорокин 13 мартда “Казахгейт” ҳақида маълумот олиш учун сўров бергандан сўнг ушбу банк ҳисоб рақами ҳақида баёнот берилган эди. Америкалик бизнесмен Жеймс Гиффен Ғарб компаниялари Тенгиз нефть конида қазиш ишлари олиб бериши учун Назарбоев билан Тасмагамбетовга пора берганликда айблангандан сўнг ушбу можаро авж олиб кетди. Депутатлар Назарбоев, дўстлари ва оила аъзорларининг ҳисоб рақамларига жойлаштирилган давлат ресурслари ҳақида маълумот талаб қила бошлади.

2020 йилга қайтиладиган бўлса, ҳозирги инқироз вақтида мамлакатга ундан чиқиб олишида Назарбоев, унинг оила аъзолари ва дўстлари ёрдам бериши мумкин. Сўнгги пайтларда уларнинг бойликлари ҳақида Ғарб матбуотида тез-тез хабарлар чиқиб турибди. Собик биринчи оила аъзолари ихтиëрида нечта “махфий хисоб рақамлари” борлигини фақат тахмин қилиш мумкин.

Жорий ой Буюк Британия Юқори суди Лондонда "манбаси аниқлаштирилмаганлиги" асосида ҳибсга олинган 100 миллионлик кўчмас мулк эгаси Назарбоевнинг тўнғич қизи Дариға ва унинг ўғлига тегишли эканини эълон қилди.

Назарбоевлар оиласи ихтиëридаги бойлик кўламини¸ биргина шу маълумотдан келиб чиқиб чамалаш мумкин.

XS
SM
MD
LG