Линклар

Шошилинч хабар
22 июн 2021, Тошкент вақти: 13:46

Ўқитувчилар ХТБ мудирини ҳужжатларни сохталаштириб пул олганликда айбламоқда


Андижон вилоят, Хўжаобод туманидаги 11- умумтаълим мактаби.

Андижон вилоят, Хўжаобод туман 11-умумтаълим мактабининг ўқитувчилари , халқ таълими бўлими мудири Шоҳруҳ Ҳамдамовни ўзи содир қилган жиноятни бошқа ўқитувчининг бўйнига қўйиб, ёпиб юборганликда айбламоқда.

Ўқитувчиларнинг иддао қилишича, мудир пандемияга қарши кураш учун ўқитувчиларнинг маошидан ушлаб қолиб, сохта рўйхат тузган ва бу сир фош бўлиб қолганидан сўнг, бу айбни мактаб директори ўринбосари Аҳад Жўраевнинг бўйнига қўйишга муваффақ бўлган.

Аввал бу қонунбузарликни содир қилганлигини “тан олган” Аҳад Жўраев Озодликка шу воқеа сабаб ишсиз қолгани ва бу жиноятни "бости-бости бўлгунча мудир ўз бўйнига олиб туришни илтимос қилгани"ни айтди.

Хўжаобод туман ХТБ мудири Шоҳруҳ Ҳамдамов эса директор ўринбосари Аҳад Жўраевга ҳеч қандай босим ўтказмагани, унинг ўзи ҳужжатларни қалбакилаштириб пул олганини айтмоқда.

Жорий йилнинг август ойида Хўжаобод туманидаги 11-умумтаълим мактабининг 23 нафар ўқитувчисининг маошидан пандемияга қарши кураш ишлари баҳонасида қарийб 200 минг сўмгача пул ушлаб қолинган.

11-мактабнинг ўқитувчилари ойлигидан ушлаб қолингани ҳақидаги сохта ҳужжат.
11-мактабнинг ўқитувчилари ойлигидан ушлаб қолингани ҳақидаги сохта ҳужжат.

Пул олингани ҳақидаги рўйхатни Озодликка тақдим этган, исми сир қолишини сўраган ўқитувчининг айтишича, бундаги имзолар бари сохталаштирилган:

“Бу жиноят содир бўлганини бизга тушиб қолган сохта ҳужжатдан билиб қолдик. Қарасак, битта ручка билан деярли бир киши қўйган, бир хил имзолар. Кейин 16 октябрь куни Фэйсбукда группаларга тарқатвордик. Эртаси, 17 октябрь куни ХТБ бухгалтериясидан битта одам пул кўтариб келиб, маошимиздан олиб қолинган пулни тарқатмоқчи бўлди. Биз олмаймиз, буни қилганлар жазолансин, дедик. Лекин ўзимизнинг завучимиз Аҳадбек Жўраев ўртага чиқиб, ўша рўйхатни мен тузган эдим, менга пул зарил бўлиб қолган эди, мени кечиринглар, пулларингни олинглар, деди. Кейин, ҳа майли, зарил бўлиб қолган бўлса шундай қилгандир, деб кечирдик-да, пулни олдик”.

Исми сир қолишини сўраган бошқа ўқитувчининг айтишича, эртаси куни директор ўринбосари Аҳад Жўраев бу ишга умуман алоқаси йўқлигини айтиб, тилхат ҳам ёзиб берган:

Аҳад Жўраев виждонли инсон экан, барибир ичига ютиб туролмади.

“Аҳад Жўраев виждонли инсон экан, барибир ичига ютиб туролмади. Эртаси куни ўқитувчиларга, “менинг бу пулга умуман алоқам йўқ, халқ таълими бўлими мудири Шоҳруҳ Ҳамдамов уйимга келиб, шуни бўйнингга олиб тургин, деб илтимос қилди мен йўқ деёлмадим” деб айтди".

Директор ўринбосари Аҳад Жўраевнинг тушунтириш хати
Директор ўринбосари Аҳад Жўраевнинг тушунтириш хати

Озодликка юборилган, директор ўринбосари Аҳад Жўраевдан Андижон вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғи Азизбек Миркомилов номига ёзилган тилхатда шундай дейилган:

Яна бир бор бу имзолар меники эмаслигини, бу ишларда айбим йўқлигини таъкидлаб ўтаман

“Сиз 11-умумтаълим мактабига Фэйсбук ижтимоий тармоғида тарқалган хабарлар бўйича суҳбат уюштирганингизда сохта имзолар меники эканлигини таъкидлаб ўтдим. Аслини олганда, бу пайтда мен қаттиқ шок ҳолатда эдим. Воқеалар ривожи шундай давом этдики, 2020 йил 17 октябр куни ХТБ мудири Ш.Ҳамдамов ХТБ мониторинг бўлими бошлиғи А.Тожиддинов билан бирга келиб, бу пулларни шахсий эҳтиёжим учун ишлатиб юборганимни, ҳужжатдаги сохта имзолар меники эканлигини тасдиқлаб, жамоадан кечирим сўрашлигимни илтимос қилиб айтди. Бу воқеа кейинги фаолиятимга таъсир кўрсатса ўз ҳимоясига олишлигини айтиб ўтди. Яна бир бор бу имзолар меники эмаслигини, бу ишларда айбим йўқлигини таъкидлаб ўтаман”.

Ўқитувчининг айтишича, ХТБ мудири ўзларининг жиноятини яшириш мақсадида ўқитувчини қурбон қилди:

“Бизга буни прокуратурага чиқарамиз, дейишди. Лекин чиқаришмади. Ўз-ўзидан ёпилиб кетди, бунинг орқасида ким турибди, умуман номаълум. Ҳали биз билмаган ҳолда қанча пулимизни еб юборишган, буни Худо билади”.

Хўжаобод туман халқ таълими бўлими мудири Шоҳруҳ Ҳамдамов Озодлик билан суҳбатда унинг бу сохта ведомостга алоқадорлигини инкор қилди ва ҳамма айб ўқуви ишлари бўйича директор ўринбосари Аҳад Жўраевда, деди:

Жўраев ўзи айбини тан олган. Ўқитувчилардан узр сўраган.

- 11 мактаб директори касал бўлиб ишга чиқолмай қолган эди, Аҳад Жўраев вақтинча директор вазифасини ўтаётган эди. Унинг ўзи бухгалтериянинг кассасидан ўқитувчилар маошини олган ва ўша сохта ведомостни тузиб олиб келиб топширган. Буни вилоят халқ таълими бошқармаси ҳам ўрганди. Жўраев ўзи айбини тан олган. Ўқитувчилардан узр сўраган. Мен бировга сен айтиб тур, сен ол каби сўзлар гапирмаганман. Тўғри унинг уйига одам юборганман, лекин айбингни тўғирлаб қўй, ўқитувчиларингдан кечирим сўра, деб айтиб қўйиш учун юборганман.

Шоҳруҳ Ҳамдамовга кўра, директор ўринбосарига тегишли чора кўрилган:

- Директор ўринбосари лавозимидан озод этилди. Ҳозир бошқа мактабда ўқитувчи бўлиб ишлаяпти.

Собиқ директор ўринбосари Аҳад Жўраев Озодлик билан суҳбатда, ўшандан буён ишсиз қолганини айтар экан, ХТБ мудири Шоҳруҳ Ҳамдамовнинг қистови билан қилмаган айбни бўйнига олишга мажбур бўлганини айтди:

- Ҳақиқатда мен ҳеч қанақа пул олмаганман. ХТБ мудири Шоҳруҳ Ҳамдамов бўйнингга олиб тур дегани учун шундай қилган эдим. Ўшандан буён уйда бекор ўтирибман, иш йўқ, иш тополмаяпман. Менинг айбим бошқалар қилган жиноятни соддалик қилиб, бўйнимга олганим бўляпти.

Ўқитувчиларнинг айтишларича, октябр ойида бу қонунбузарликлар гарчи Фэйсбук ва Телеграм ижтимоий тармоқларида тарқалган бўлса-да, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ҳеч қандай муносабат билдирмаган.

Ўзбекистонда турли жамғармалар ҳамда коммунал тўловлар учун ўқитувчиларнинг маошидан уларнинг розилигисиз ушлаб қолиш ҳолатлари кенг тарқалган. Ўтган йил июлида Озодлик Жиззах вилояти, Дўстлик тумани мактаблари ўқитувчиларининг таътил пулидан газ ва электрга олдиндан тўлов қилиш учун 400 минг сўмгача ушлаб қолингани ҳақида ёзган эди.

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги 2019 йил февралида Қорақалпоғистон Республикасининг Амударё туманидаги 82 та умумтаълим мактабларида ишловчи 3 мингдан ортиқ педагог ходимларнинг ойлик маошидан коммунал тўловлар учун 500 минг сўмдан пул ноқонуний ушлаб қолинганини аниқлаган ва туман халқ таълими мутасаддилари жаримага тортилганини маълум қилган.

XS
SM
MD
LG