Линклар

Шошилинч хабар
22 октябр 2021, Тошкент вақти: 18:52

Ўзбек футболи: Бошқарув ДХХ раисида қолди, муаммолар эса - Равшан Эрматовда


ДХХ раиси Абдусалом Азизов (чапдан иккинчи) ва таниқли рефери Равшан Эрматов (чапдан учинчи) ЎФА даги сайловда - 25 сентябрь, 2021

Ўзбекистон футбол ассоциациясида (ЎФА) 25 сентябрь куни ўтган сайловда ташкилот раҳбарияти қарийб ўзгармади.

Давлат хавфсизлик хизмати раиси яна бир муддат ЎФА президентлиги, халқаро майдонда танилган рефери Равшан Эрматов эса ЎФА Биринчи вице-президенти лавозимида қолди.

Расмий хабарларга кўра, ассоциацияда бўлган сайловда қатнашганларнинг қарийб ҳаммаси икки раҳбарнинг қайта сайланишини бир овоздан маъқуллаган. Аммо Озодликка келган мурожаатларга кўра, аслида бу раҳбариятдан ЎФАнинг айрим ҳакамлари норози.

Норозилар футболдаги асосий муаммолар ҳануз ҳал қилинмаётир, ташкилот ДХХ раҳбари қўл остида бўлгани боис ҳамма жим, деган фикрда. Яна бир тоифа, Равшан Эрматов ҳануз ўзига шогирд ҳакамларни қўлламоқда ва бу шогирдлар шубҳали ўйинларга алоқадор, дея иддао қилмоқда.

Айни пайтда ЎФА раҳбариятидан розилар ҳам борки, улар айнан Эрматов раҳбариятга келгач, футболда “келишилган ўйинлар” фош қилиниб, ҳакамлар ўйиндан четлатила бошлади, ўзбек футболида ҳам VAR (видеокузатувдаги ёрдамчи ҳакамлар) тизими жорий этилди, демоқда.

Аммо Ўзбекистонда профессионал футболнинг оқсаётгани, футбол соҳаси тўлиқ давлат дотациясига қарам бўлиб қолаётганини расмийлар ҳам, футбол шарҳловчилари ҳам бирдек эътироф этмоқда.

Хусусан, Равшан Эрматовнинг ўзи Озодликка жавобан ўзига қарши илгари сурилган айбларни “фитна ва ёлғон ” дея рад этди. У ўзбек футболининг ривожи учун тинимсиз ишлаётганини таъкидлади. Р. Эрматов 5 марта Осиёнинг энг яхши футбол ҳаками, 2011 йили эса йилнинг “Энг яхши футбол судьяси” унвонига соҳиб бўлган.

ЎФА да сайлов

25 сентябрь куни ЎФАнинг навбатдаги ҳисобот-сайлов конгресси бўлди ва унда ташкилот раҳбарияти сайланди.

Қарийб ҳамма бир овоздан ассоциация президенти ва вице-президенти айнан қолишига овоз берди - ДХХ раиси Абдусалом Азизов президент, халқаро миқёсдаги рефери Равшан Эрматов биринчи вице-президент лавозимида қолди.

ЎФА Вице-президенти лавозимига Азизбек Икрамов, ЎФА Ижроия Қўмита аъзолигига эса Абдужаббор Абдувахитов, Эдита Миробидова, Тўлаган Исоқов ва Жаҳонгир Усмоновлар сайланди.

ЎФА тарқатган расмий хабарга кўра, тадбирда қатнашганларнинг қарийб ҳаммаси ташкилотдаги икки муҳим шахс - президент ва биринчи вице-президент номзодини маъқуллаб овоз берган.

Расмий хабарга кўра, янги (эски) президент Абдусалом Азизов ўзбек футболи соҳасида қилинажак ислоҳотлар ҳақида гапираркан, миллий терма жамоанинг ҳануз жаҳон чемпионатига чиқа олмаётгани, футбол атрофида "қинғир ишлар" мавжудлигини эътироф этган:

“Миллий терма жамоамиз Жаҳон Чемпионатига чиқа олмагани, бизнинг жуда катта камчилигимиз борлигини кўрсатяпти. Олдимизда болалар, аёллар футболини ривожлантириш, клублар академияларига эътибор қаратиш, чемпионатни савиясини янада кўтариш, футбол жамоалари атрофида бўлаётган қинғир ишларни батамом илдизи билан суғуриб ташлаш масалалари турибди. Энг катта мақсадимиз - Олимпия терма жамоамизни Парижда бўлиб ўтадиган Олимпиадага ва футбол бўйича миллий терма жамоамизнинг Жаҳон Чемпионатига йўлланма олиши бўлиб турибди”.

Бу конгрессдан сал олдин ижтимоий тармоқда ЎФАда сўнгги пайтларда қилинган ислоҳотлар олқишланган видео ҳам тарқатилди.

Азизов-Эрматов бошқарувидан норозилар

ЎФА даги Озодлик манбасига кўра, аслида айрим ҳакамлар ЎФА раҳбариятидан норози ва уларнинг янги ваъдаларни бажаришига шубҳа билан қарамоқда. Бундайлар орасида бош ҳакамлар ҳам борлиги айтилмоқда.

Шахси сир сақланиши шарти билан гапирган манбага кўра, ДХХ раиси Азизов ҳамда таниқли ҳакам Эрматов бошқаруви аслида ўзбек футболи аҳволини оғирлаштирган.

“Иккала раҳбар ҳам бошқа вазифаси билан банд - Азизов ДХХ билан оввора. Бутун бошли давлатнинг хавфсизлик хизматига раис, бунинг устига ЎФА президенти. Эрматов бўлса, тадбирлардан бўшамайди. Чунки ҳам ЎФА, ҳам Олимпия қўмитасида биринчи вице-президент. Бундан ташқари, “Ватандошлар” жамоат фонди васийлик кенгаши раиси ўринбосари қилиб тайинланди. Хуллас, иккала раҳбар ҳам ваъдаларини бажаролмаяпти. Масалан, футболда коррупцияни тугатиш, миллий терма жамоанинг профессионал таркибини яхшилаш, болалар ва ўсмирлар футболини ривожлантиришга ўхшаган қанча ваъдалар берилди, бажарилгани йўқ. Ҳаммаси эски ҳолида турибди”, деди ЎФА даги Озодлик манбаси.

Унинг иддаосича, ташкилотдаги 11 нафар бош ҳакам ва 20 ёрдамчи ҳакамдан айримлари, ҳатто ассоциациянинг Ҳакамлар ва назоратчилар бўлимига шикоят ҳам қилган:

“Асосий норозилик, Эрматов яна ўзига яқин шогирдларини ЎФА ҳакамлигига қайтариб оляпти, деган гап. Масалан, ўтган йили футболдан четлатилган Аскер Нажафалиев деган шогирди бор. Шу бола четлаш муддати тугамай қайтарилди ва битта низоли ўйинни ўтказишга улгурди ҳам. Суғдиёна-Навбаҳор жамоалари ўртасидаги ўйинда хатога йўл қўйди”.

2020 йилнинг 17 ва 25 ноябрь кунлари ЎФА Этика қўмитаси йиғилишида ФИФА, ОФК ҳаками Жасур Мухторов, ЎФА ҳаками Темур Тўхтасинов, ЎФА ҳаками Аскер Нажафалиевлар дисквалификация қилинган, турли муддатларга ҳакамликдан четлатилиб, жаримага тортилган эди.

Эскича бошқарув

Шунингдек, Ўзбекистон миллий терма жамоасига яна четдан янги бош мураббий таклиф қилингани ҳам норозиликка сабаб бўлаётгани кузатилмоқда.

Ўзбекистон миллий терма жамоасига сербиялик тренер Сречко Катанец бош мураббий қилиб олиб келинди, шартнома 2025 йилгача тузилган.

  • 58 яшар мураббий Сречко Катанец, Словенияни илк бор жаҳон ва Европа чемпионатларига олиб чиққан.
  • Словения, Македония, БАА ва Ироқ терма жамоаларига бош мураббий бўлган.
  • Катанец ўзи билан бирга 5 хорижлик мутахассисдан иборат мураббийлар штабини Ўзбекистонга олиб борган:
  • - Алеш Чех ва Владо Радмановичлар ёрдамчи мураббий,
  • - Мартин Магистер футболчиларнинг жисмоний тайёргарлигига жавобгар,
  • - Ниҳад Пейкович дарвозабонлар мураббийи,
  • - Ян Катанец физиотерапевт.

Бунга қадар, Ўзбекистон миллий терма жамоасини турли йилларда, Владимир Сальков, Ханс-Юрген Геде, Валерий Непомнящий, Эктор Купер каби хорижлик мураббийлар бошқарган.

Катта маош эвазига чақирилган бу мураббийлар бошқарувида ҳам миллий терма жамоа Жаҳон чемпионатига чиқа олмади.

Жамоатчилик эса футбол раҳбариятини, коррупция ҳамда нопрофессионал бошқарув учун танқид қилиб келади.


ЎФА президенти Абдусалом Азизовга кўра, хориждан мураббийнинг ўз экспертлари билан қўшиб ишга олиниши илк бор содир бўлмоқда:

“Жаҳон Чемпионатига чиқиш масаласига бу сафар жиддий ёндашдик. Илк бор терма жамоа мураббийлар штабининг барча аъзолари чет элликлардан иборат бўлди. Сречко Катанец ўз ишига масъулият билан ёндашяпти. Барчамиз биргаликда ҳаракат қилсак, вазифани бажарамиз. Кўп ҳолатларда бирлик етишмайди. Мураббийлар штабини қўлласак, жойларда футболчиларга шароитни яратиб берсак, албатта, натижага эриша оламиз”.

ДХХ раиси эътироф этганидек, бу қарор бирдамлик билан қарши олинмаган.

ЎФА даги манба буни тасдиқлади:

“Сречко Катнецнинг неча пул ойликка олиб келингани ҳам, нега олиб келингани ҳам очиқ айтилгани йўқ. Келиши билан бизнинг миллий терма битта ўйинда ютқазди ҳам. Швеция билан ўртоқлик учрашуви, бунинг устига иккинчи таркиб билан. Хуллас, ҳаммаси яна ўша эскича иш услубида. Шунинг ўрнига, шунча сармояни 16 ёшдан 21 ёшгача, балки ундан ёш болалар футболига сарфланса, натижа тезроқ келади ва жуда сифатли бўлади. Хуллас, муаммо кўп - буларни жиддий ўтириб ҳал қилиш керак”, дейди Озодликнинг ЎФАдаги манбаси.

Расмий жавоб

Озодлик 10 дан ортиқ ҳакамнинг бугунги ЎФА бошқарувидан норози эканига оид шикоятига изоҳ олиш учун ассоциациянинг Ҳакамлар ва назоратчилар бўлими бошлиғи Эркин Бахтиёровга боғланди.

Бахтиёров бу шикоятни на тасдиқлади, на инкор қилди. Ҳозирча банд эканини айтиб, кейинроқ қайта боғланишни сўради. Аммо масъулга қайта боғланишнинг имкони бўлмади.

ЎФА биринчи вице-президенти Равшан Эрматов эса, бу шикоятларни “фитна ва ёлғон гаплар” дея рад қилди:

“Биз футбол ривожи йўлида ҳар куни ҳалол меҳнат қиляпмиз. Ёлғон гапириб фитна чиқарадиганларнинг эса Худо инсофини берсин! Бошқа гапим йўқ”.

Эрматов бугунги ўзбек футболи, ДХХ раҳбари Абдусалом Азизов ва ўзи раҳбарлиги остида юз берган ўзгариш ҳамда муаммолар ҳақида Озодлик берган бошқа саволларга ҳозирча жавоб бермади.

Ўзбекистон Олимпия қўмитасидаги Озодлик манбасига кўра, ЎФА ва умуман ўзбек футболида ички келишмовчилик ва низолар кучайган, Азизов сайлов кунги нутқида бежиз "бирлик йўқ" деб қайд этмаган:

"ДХХ раиси ташкилотни анчагина тозалади. Ботқоққа ботиб кетганди ЎФА. Ҳакамлар жуда ҳаддидан ошиб кетганди аввал. Ҳакамлар таркибини ҳам тозалади, келишилган ўйинлар учун жазолади. Шунинг учун, ҳакамлар орасида норозилик бор. Ҳозир анча тозаланди ташкилот, бу яхши ўзгариш. Лекин, табиий, раҳбар ДХХ раиси бўлганидан кейин, ҳамма эҳтиёткор, ортиқча гапириш йўқ, жимлик".

Дотацияга қарам футбол

ЎФАдаги вазиятдан хабардор ўзбекистонлик футбол шарҳловчиларига кўра, кейинги йилларда футболда анча жиддий илгари силжишлар кузатилган.

Жумладан, келишилган ўйинларнинг фош қилиниши ва ҳакамларнинг жазоланиши, бу йўлда Video assistant referee (VAR) тизимининг жорий этилиши яхши натижалар бера бошлаган.

  • Video Assistant Referee - ҳакамга видеоёрдам тизими.
  • Бунда футбол ўйинини стадиондаги махсус хонада майдондаги ҳакамга қўшимча тарзда, видеокамералар орқали кузатувчи гуруҳ ҳам бўлади.
  • Ўйинда баҳсли ҳолатлар пайдо бўлганда, видеокузатув гуруҳи вазиятга аралашади ва ҳакамга такрорий видеолавҳани кўришни маслаҳат беради ва ўз хулосаларини айтади.
  • Қатъий белгиланган регламент асосида, бош ҳакам бу хулосаларни инобатга олиши ёки инкор қилиши мумкин.
  • Бу тизим одатда, ўйин ҳакамлари йўл қўйган камчиликларни аниқлашда ва баҳсли вазиятларда тўғри қарор чиқаришда қўл келади.

Аксар шарҳловчилар ва футбол ишқибозлари бу тизимнинг жорий этилишида айнан Равшан Эрматовнинг ҳиссаси катта, деган хулосада.

Футбол шарҳловчиларидан бирининг Озодликка билдиришича, аслида футбол соҳасига ДХХ раисининг раҳбар этиб тайинланиши бош сабаби - футболнинг ҳануз давлат дотациясига қарамлигидир.

“ЎФАда аслида бу раҳбариятдан аксар ҳакамлар хурсанд, дейишяпти. Ҳеч ким хафамас ЎФАда. Ташқаридагилардаям шу ҳис. Чунки раҳбарликка бошқа маъқул вариантнинг ўзи йўқ. Давлат дотациясидаги футболга давлат ўз одамларини қўйишига ҳамма кўниккан. Футболнинг ичидагиларга дотация тизими албатта қулай. Лекин футбол бизда фойда келтирмайдиган соҳага айланиб қолгани учун шу пайтгача очилган ҳамма хусусий клублар банкрот бўлиб ёпилиб кетди. Навбатдагиси Турон бўлиши мумкин. Бу соҳада катта корпорациялар йўқ. Шунинг учун ҳам футболни хусусийлаштира олишмаяпти”.

Озодликнинг ЎФАдаги манбаси ҳам футболни хусусийлаштириш - Ўзбекистонда энг оғир кечаётган жараёнлардан биридир, деб фикр билдирди.

Унинг фикрича, соҳадаги коррупция ва нотўғри бошқарув йиллар давомида ўзбек футболи обрўсини аянчли даражада тушириб юборган, мухлисларда футболга ишонч жуда ҳам пасайган.

“Ҳамма футболни ёмон кўриб қолган, хавфсаласи пир бўлган. Бюджетдан таъминлаш тўхтатилса, футбол ўлади. Одамларни футболга қайтариш ва яна стадионлар томошабинларга тўладиган ўйинлар учун профессионал футболни ривожлантириш керак. Мўлжални коррупциялашган Осиё чемпионатларига эмас, коррупцияни камайтирган Европа футболига қараб олиш керак, Қозоғистонга ўхшаб. Масалан, Элдор Шомуродовга ўхшаган яна 10 та ёш футболчи чиқарсак, бемалол чемпионатга чиқсак бўлади. Бизда бунақа талантлар жуда кўп!”

Умидбахш таскин

29 сентябрга ўтар кечаси Молдованинг "Шериф Тирасполь" ва Испаниянинг “Реал-Мадрид” жамоалари ўйинини кузатган ўзбекистонлик ишқибозлар унутилмас голга гувоҳ бўлди.

“Шериф Тирасполь” сафида тўп сураётган ўзбекистонлик Жасурбек Яхшибоев ўйиннинг биринчи тайми 25-дақиқасида “Реал-Мадрид” дарвозасига илк голни урди.

Ундан кейин, “Реал-Мадрид” ўйинчиси Карим Бензема пенальтидан гол уриб, ҳисобни тенглаштирди. “Реал-Мадрид” дарвозасига иккинчи голни эса Себастьен Тилль урди.

Шу тариқа сафида ёш ўзбек футболчиси ҳам бўлган “Шериф Тирасполь” жамоаси Чемпионлар лигаси тарихидаги энг ажабтовур ғалабани қўлга киритди.

Жасур Яхшибоев Чемпионлар лигасида Максим Шацкихдан кейин гол урган иккинчи ўзбекистонликдир. Киевнинг “Динамо” клубида тўп сурган ўзбекистонлик Максим Шацких 2006 йилда “Реал”га гол уриб, ўйин ҳисобини 2:2 натижага етказган эди.

Шацких урган голдан буён 15 йил ўтди. Ўша кезда энди майдонга тушган 6 - 7 яшар футболчи болалар бугун роса кучга тўлиб, 23-24 яшар футболчи бўлди.
Аммо, ўзбекистонлик футбол ишқибозлари, ҳалигача ўз миллий терма жамоасининг Жаҳон чемпионатига чиққанини кўролмади.

10 йиллар давомида қайта ва қайта мағлубият келтирган жамоалардан хавфсаласи пир бўлган ишқибозлар учун Жасурбек Яхшибоев урган гол – умидбахш бир таскин бўлгандек.

Ўзбекистонннинг ўзида эса, миллий футбол мустақиллик йилларида қарор топган анъанага мувофиқ, куч тизимлари раҳбарларининг кураторлиги ва давлат дотациясида қолмоқда.

Қудратли раҳбарлар

Давлат хавфсизлик хизмати раиси Абдусалом Азизов Ўзбекистон футбол ассоциациясига 2019 йилнинг июль ойидан бери раҳбарлик қилади.

Бунга қадар ЎФАни бош вазирнинг биринчи ўринбосари Очилбой Раматов бошқариб келган эди.

Ўзбекистон футбол ассоциациясида 2019 йил июлидаги ҳисобот-сайлов конференциясида Равшан Эрматов ЎФАнинг биринчи вице-президенти лавозимига сайланган.

Кейинчалик Эрматов жисмоний тарбия ва спорт вазирига биринчи ўринбосар бўлди. Вазирлик матбуот хизмати берган хабарга кўра, Р. Эрматов мазкур лавозимга Ўзбекистон президентининг 2020 йил февраль ойида имзолаган махсус қарори билан тайинланган.

Ўзбекистонда куч тизимлари раҳбарларининг спортнинг кўзга кўринган соҳаларига раҳбарлик ва кураторлик қилиши мустақиллик йилларида шаклланган анъана.

ДХХ раиси Абдусалом Азизовнинг ўтмишдоши - собиқ МХХ раҳбари Рустам Иноятов 21 йил мобайнида Ўзбекистон теннис федерациясига раҳбарлик қилган.

Жорий йил мартида Рустам Иноятовнинг ўрнини Ўзбекистон Ташқи иқтисодий фаолият Миллий банки бошқарув раиси Алишер Мирсоатов эгаллаганди.

Айни пайтда 75 ёшли генерал Иноятов теннис федерациясининг фахрий раиси сифатида қолган.

XS
SM
MD
LG