Линклар

Шошилинч хабар
09 октябр 2024, Тошкент вақти: 17:31

"Сувга қуруқлик". Арипов илк бор Қирғизистон билан чегара битими тафсилотларини очиқлади


Бош вазир Абдулла Арипов қирғизистонлик ҳамкасби Ақилбек Жапаров билан.
Бош вазир Абдулла Арипов қирғизистонлик ҳамкасби Ақилбек Жапаров билан.

14 ноябрь куни Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида Бош вазир Абдулла Арипов Қирғизистон билан чегара битими юзасидан ахборот берди. Ҳукумат раҳбари ижтимоий тармоқда қизғин муҳокамаларга сабаб бўлган масалаларга илк бор расман ойдинлик киритди.

Ариповга кўра, Қирғизистон билан келишилмай қолган 35 участка – жами 302 км чегара бўйича якуний келишувга эришилган. Битим устидаги ишлар 5 йилдан кўпроқ давом этган.

Kun.uz” нашрининг аниқлик киритишича, битимга биноан ерлар алмашинуви таклиф қилинмоқда: Қирғизистон ҳудудидаги Андижон сув омборининг ҳудуди 4957 гектарни ташкил қилади. Ўзбекистон сув омбори ўрнига Андижон вилояти Қўрғонтепа тумани Ошахўр участкасидан 1019 гектар яйлов ер майдони беришни таклиф этмоқда.

Қирғизистон Кампиробод сув омборини Ўзбекистонга "бериб юборди"ми?
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:22:36 0:00

Шунингдек, сув омбор ва тўғонга хизмат кўрсатиш учун яна 19 гектар майдон Қирғизистон ҳудудидан Ўзбекистонга ўтказиляпти. Сув омборидан қирғизистонликлар ҳам айрим мақсадларда фойдаланишига рухсат берилади.

“Андижон сув омбори қурилган СССР даврида Ўзбекистон чап қирғоқдан 200 километрдан узунроқ канал қуриш мажбуриятини олган эди. Лекин у қурилмай қолиб кетган. Шу сабабли Қирғизистон тарафи Бурганди массивида 8 минг гектардан ортиқ ерларни ўзлаштирмай қолган. Ушбу ерларни компенсация қилиш мақсадида олдиндан баҳсли бўлган Наманган вилоятининг Поп ва Чуст туманларидаги Ғовасой участкасидан 12709 гектар яйлов майдонларини Қирғизистонга ўтказиб бериш таклиф қилиняпти”, деган бош вазир.

Қайд этилишича, Наманган вилояти Косонсой ва Чуст туманлари учун асосий суғориш манбаси бўлган Косонсой сув омбори Қирғизистон ҳудудидаги 850 гектар майдонда жойлашган. Сув омбори тўлиқ Ўзбекистон эҳтиёжи учун ишлатилиб келади. Шу сабабли Қирғизистонга Наманган вилояти ҳудудидан 477 гектар ер майдони компенсация сифатида ажратиш таклиф қилинмоқда. Жумладан, Чуст туманидан ажратиши таклиф қилинган 105 гектар ер майдони Қирғизистон фуқаролари истиқомат қилиб келган, баҳсли Қорақўрғон массиви ҳисобланади.

Бундан ташқари, демаркация жараёнида тартибга солиниши талаб этилаётган 10 та участка бўйича Қирғизистон тарафидан Ўзбекистонга 429 гектар ер майдони олинмоқда. Бунинг ўрнига водий вилоятлари ҳудудидан 294 гектар майдонни бериш кўзда тутилмоқда.

Бош вазирга кўра, Сўх масаласида алоҳида келишувга эришилди. Чашма булоғидан фойдаланишни тартибга солувчи ҳукуматлараро келишув эса алоҳида имзоланади.

Арипов келишувлар имзоланиши натижасида чегара масаласида баҳсли низолар тўлиқ ўз ечимини топиши, қонли тўқнашувлар келиб чиқишининг олди олинишини таъкидлаган.

Қонунчилик палатаси мажлисида депутат Дониёр Ғаниев икки томондан ер майдонларини алмашиш масаласида ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарлар юзасидан изоҳ сўради.

Ариповга кўра, 5 минг гектарга яқин сув омбор учун Ўзбекистон тарафи ҳозир 1 минг гектар ер бермоқда. Қолган 4 минг гектардан ортиқ ер майдонлари эса собиқ Иттифоқ даврида (1970-йилларда) Ўзбекистон томонидан компенсация сифатида берилган.
“Майдонлар ўртасидаги тафовут Ўзбекистон ўз зиммасига аввал олган мажбуриятлари ҳисобига юзага келган. Биз бу тафовутни пулга ҳам чақиб кўрдик, лекин моддий нуқтаи назардан қийин рақамлар чиқиб кетяпти. Делимитация ва демаркация жараёнларидан кейин чегаранинг ўз ҳимоя ҳудудлари ташкил қилиниши керак бўлади. Бизнинг дастлабки ҳисоб-китобларимизга кўра, тахминан 130 та хонадонни кўчириш мўлжалланган. Уларга 50 миллиард сўм атрофида компенсация ажратиш режа қилинган. Улар хоҳласа пул олади ёки тайёр уй олади, бирор одам норози бўлмайди. Бу президентнинг шахсий назоратида”, деган Арипов.

Маҳаллий матбуот хабарига кўра, парламент қуйи палатаси “Ўзбекистон Республикаси билан Қирғизистон Республикаси ўртасида ўзбек-қирғиз давлат чегарасининг алоҳида участкалари тўғрисидаги шартномани ратификация қилиш ҳақида”ги ҳамда “Ўзбекистон Республикаси ҳукумати билан Қирғизистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ўртасида Андижон (Кампиробод) сув омборининг сув ресурсларини биргаликда бошқариш тўғрисидаги битимни ратификация қилиш ҳақида”ги қонун лойиҳаларини қабул қилган. Қонунлар эндиликда Сенатга юборилиши кутилмоқда.

Бош вазир битимни икки томонлама ратификация жараёнлари якунлангач, ҳар бир келишилган ҳудуд бўйича алоҳида ишлар олиб борилишини маълум қилган.

Тармоқ фаоллари чегара битимига оид тақдимотни Бош вазир Арипов ўтказганига эътибор қаратди.

“Шок хабар! Янги Ўзбекистон тарихида биринчи марта жонли эфирда бош вазир Абдулла Арипов Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг йиғилишда иштирок этиб, нутқ сўзлаяпти”, деб ёзди блогер Муфаса.

Форум

XS
SM
MD
LG