Линклар

Шошилинч хабар
05 декабр 2022, Тошкент вақти: 18:31

Мирзиёев Парижда: Макрон билан музокаралар ва Луврга ташриф (ВИДЕО)


Францияга сафар қилаётган президент Шавкат Мирзиёев 22 ноябрь куни президент Эммануэл Макрон билан музокаралар олиб борди.

Ўзбекистон президентининг матбуот хизматига кўра, давлат раҳбарлари икки томонлама ҳамкорлик ва долзарб халқаро ва минтақавий муаммоларни муҳокама қилган.

Ўзбек томони кейинги йилларда Франция компаниялари иштирокидаги қўшма корхона ва лойиҳалар сони уч баробарга ортгани ва қўшма лойиҳалар 5 миллиард евродан ошганини айтмоқда.

Мирзиёевнинг ташрифи арафасида Парижда ўтган Ўзбекистон-Франция бизнес форумида, Ўзбекистон расмийларига кўра, умумий қиймати 6 миллиард евродан ортиқ бўлган савдо-иқтисодий битим ва шартномалар имзоланган.

Француз томони бу борада аниқ рақамларни эълон қилганича йўқ.

Ўзбекистон президентининг матбуот хизмати Мирзиёев ва Макрон "хавфсизлик соҳасида, юзага келаётган таҳдид ва хатарларга самарали қарши курашиш борасидаги икки томонлама ҳамкорлик мустаҳкамлаш" масаласини ҳам муҳокама қилганини билдирди. Хавфсизлик ёки мудофаа борасида бирон конкрет келишувлар бўлган ёки йўқлиги номаълум.

Макрон ва Мирзиёев рафиқалари билан Луврдаги кўргазмага ташриф буюрди.
Макрон ва Мирзиёев рафиқалари билан Луврдаги кўргазмага ташриф буюрди.

Мирзиёевнинг ташрифи Украинадаги уруш ва Ўзбекистоннинг ўзи ҳамда Европадаги энергетика муаммолари фонида ўтмоқда.

Ташриф арафасида ЕИ расмийлари иттифоқ Ўзбекистон ва Марказий Осиё билан энергетика ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликни ривожлантиришга тайёрлигини айтишган.

Ташрифни яқиндан кузатиш мақсадади Парижга сафар қилган Озодлик мухбирларига кўра, икки давлат раҳбарлари душанба куни Парижнинг машҳур Лувр музейида очилган “Ўзбекистон воҳалари хазиналари. Карвон йўллари чорраҳасида” кўргазмасига ташриф буюрган.

Бу Мирзиёевнинг охирги тўрт йилда Францияга иккинчи ташрифидир.

Мирзиёев илк бор президент Макроннинг таклифи билан 2018 йил 8-9 октябрь кунлари расмий ташриф билан Францияда бўлганди.

Бу сафарги ташриф арафасида Ғарб нашрлари Ўзбекистон Европа Иттифоқидан россиялик олигарх Алишер Усмоновга қўйилган санкцияларни олиб ташлашни сўрагани ҳақида ёзди.

Ўзбек расмийлари ҳозирча бу хабарларни шарҳлагани йўқ.

Осори-атиқалар Парижда. Мирзиёев ташрифи
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:11:34 0:00

21 ноябрь куни Мирзиёев Франция тараққиёт агентлиги Бош ижрочи директори Реми Риу билан музокаралар олиб борган.

Музокаралар якунида умумий қиймати 1 миллиард евродан зиёд бўлган "яшил" иқтисодиёт ва хусусий сектор лойиҳаларини амалга ошириш кўзда тутилган 2025 йилгача стратегик ҳамкорлик дастури қабул қилингани билдирилди.

Шавкат Мирзиёев француз сармоядорлариг, уларни эшитгани келгани ва муаммоларни ҳал қилишни, шунингдек, уларни ўзи бошлаган ислоҳотларга ишонтиришга тайёрлигини айтди.

Президент Мирзиёевнинг Францияга сафари арафасида Парижда ўзбек-француз бизнес форуми бўлиб ўтди.

18 ноябрь кунги форумда Бош вазир ўринбосари, инвестициялар ва ташқи савдо вазири Жамшид Хўжаев француз ишбилармонларига Ўзбекистонга сармоя киритишнинг афзалликлари ҳақида гапирди:

"Ўзбекистон тинч ва сиёсий барқарор давлат. Биз бетарафлик ва яхши қўшничилик тамойилларига амал қиламиз. Ташқи сиёсатимизнинг ана шу асосий тамойиллари, жумладан, барқарор иқтисодий фаровонликни сақлашга ёрдам беради”, деб айтди Хўжаев.

Аҳолининг газ-свет муаммоси фонидаги ташриф

Ўзбекистонга киритилган хорижий сармояларнинг катта қисмини мамлакатнинг газ ва нефтни қайта ишлаш соҳасига киритилган сармоялар ташкил қилади.

Аммо миллиардлаб доллар сармояларга қарамасдан, экспертларга кўра, мамлакатнинг энергетика соҳаси ҳануз абгор аҳволда. Ўтган ҳафта энергетика расмийлари иссиқлик электр станцияларига керакли миқдордаги газ етказиб берилмаётгани боис мамлакатда "блэкаут" юз бериши эҳтимолидан огоҳлантиришган.

Энергетика вазирлиги "блэкаут"нинг олдини олиш мақсадида Ўзбекистон хорижга газ сотишни тўхтатаётганини маълум қилди. Аммо жамоатчиликка экспорт тўхтаганига оид бирон далил тақдим қилингани йўқ. Айни пайтда жойларда аҳоли электр ва газ тақчиллигидан азият чекишда давом этмоқда.

Париждаги бизнес форумда ўзбек расмийлари аҳолининг газ ва электр муаммоси ҳақида гапирмаганлар, аммо француз энергетика ширкатларини мамлакатга кўпроқ сармоя киритишга чақирганлар.

"Франциялик ҳамкорларимиз билан биргаликда энергетика, инфратузилма, тоғ-кон саноати, фуқаро авиацияси ва бошқа соҳаларда қиймати 5 миллиард долларлик сармоявий лойиҳалар амалга оширилмоқда",- деб айтган Ўзбекистон бош вазирининг ўринбосари жумладан Жамшид Хўжаев.

Француз ширкатлари Ўзбекистонда кўпроқ қуёш ва шамолдан энергия олишга қизиқмоқда.

Фаоллар Париж сафари олдидан Мирзиёевга ваъдаларини эслатди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:08:25 0:00

Ўзбек матбуотига берган интервъюсида “Total Energies” компаниялар гуруҳи президенти Патрик Жан Пуане француз ширкатлари Ўзбекистонда муқобил энергияга сармоя киритиши мумкинлигини айтган:

"Ўйлашимча, Ўзбекистонда замонавий технологиялар асосида қуёш батареялари ишлаб чиқариш инновациялар ривожига, шунингдек, ўзбек ҳамкорларимиз учун кўпроқ лойиҳалар ишлаб чиқариш ва бозорга чиқиш имконини беради. Бу лойиҳани амалга ошириш учун барча имконият бор ва энергия яратиш борасидаги ҳамкорлигимиз янада ривожланади.

Франциялик тадбиркорлар, биринчи навбатда, Ўзбекистонга бориши керак. Жудаям чиройли мамлакатнинг одамлари, шароити билан яқиндан танишиш, ўз тажрибаларини ўзбек ҳамкорларимиз билан ўртоқлашиши лозим. Албатта, улар лойиҳани қўллаб-қувватласа, ҳамкорликка киришилади", деб айтган Патрик Жан Пуане.

Президент Мирзиёевнинг Францияга сафарига арафасида Париждаги Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари ассоциацияси Ўзбекистондаги суд-ҳуқуқ тизимидаги аҳволга жамоатчилик эътиборини қаратди.

20 ноябрь куни Парижнинг Сент-Огюстен майдонида норозилик акцияси ўтгазган ташкилот раҳбари Надежда Отаевага кўра, президент Мирзиёевнинг Каримовдан қолган суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш ҳақидаги ваъдаларини ҳанузгача бажарилмай қолаётир.

"Шавкат Мирзиёев сайланганидан буён 5 йилдан ортиқ вақт ўтди. У ҳокимиятга ҳуқуқий ислоҳотлар ҳақидаги катта баёнотлар билан келганди. Суд тизими ислоҳ қилиниши, сиёсий сабаблар билан қамалган шахсларнинг иши қайта кўрилиши айтилди. Халқаро ҳамжамият ўнлаб фаолларни сиёсий қочқин ва виждон тутқуни сифатида тан олган. Афсуски, саноқли кишиларгина оқланди, сиёсий муҳожирлар ҳануз юртига қайтолмаётир",- дейди Озодлик билан суҳбатда Надежда Отаева.

Унинг сўзларига кўра, Мирзиёевнинг ташрифи арафасида Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари ассоциациясига ўзбекистонликлардан 50 та мурожаат келиб тушган, бу мурожаатларнинг асосий қисми уй бузишлар, суд тизимидаги ноҳақлик ва қийноқлар ҳақида.

Луврдаги кўргазма

Душанба куни Парижнинг машҳур Лувр музейида “Ўзбекистон воҳалари хазиналари. Карвон йўллари чорраҳасида” ҳамда Париждаги Араб дунёси институтида "Самарқандга йўл, ипак ва олтин мўъжизалари" номли кўргазмалар очилди.

Луврдаги кўргазма куратори, франциялик таниқли археолог Рокко Рантенинг айтишича, Францияда ва умуман, Европада илк бор Ўзбекистондан нодир экспонатлар намойиш этилмоқда.


"Экспонатларнинг сони 130 дан ортиқ, баъзилари эса яқиндагина топилган. Ушбу кўргазма катта саъй-ҳаракатлар ва реставрация ишлари, илмий изланишлар самарасидир. Ўйлайманки, бундай кўргазма яқин 30 йилда такрорланмайди", деб айтган кўргазманинг очилиш маросимида гапирган франциялик археолог.

Рокко Ранте Ўзбекистонда 2009 йилдан буён археологик қазилма ишларини олиб борган.

Луврдаги кўргазма очилишида қатнашган Озодлик мухбирига кўра, кўргазмада Катта Лангар Қуръонининг реставрация килинган икки саҳифаси ҳам намойиш этилмоқда.

8-асрга оид қўлёзма дунёдаги энг қадимий Қуръон нусҳаларидан саналади. Кўргазмага қўйилган саҳифаларни француз реставраторлари ўзбекистонлик ҳамкасблари билан ҳамкорликда реставрация қилишган.

Мухбиримизга кўра, 1937 йилда Сурхондарё вилоятида топилган буддавийлар ибодатхонасидаги Кушон шаҳзодасининг ҳайкали ҳам кўргазманинг ноёб экспонатларидан.

Бундан ташқари, Бухоро вилояти ҳудудидаги кадимий Варахша шаҳарчасида топилган ноёб панно хам кўргазманинг дурдоналаридан саналади. Ушбу панно ўзбек- француз археологик экспедициясининг маҳсулидир. Кўргазманинг илмий куратори Рокко Ранте бу экспонатнинг реставрация килинишида шахсан иштирок этган.

Луврдаги кўргазмаилмий куратори, француз археологи Рокко Ранте.
Луврдаги кўргазмаилмий куратори, француз археологи Рокко Ранте.

Мирзиёевнинг Францияга бу галги ташрифи Украина уруши фонида Ўзбекистон ва минтақанинг бошқа давлатлари Россия сармоясига муқобил сармоялар ва Россияни четлаб ўтувчи экспорт йўлларини излаётган паллага тўғри келмоқда.

Ташриф арафасида Европа Иттифоқининг Ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили, Европа комиссияси вице-президенти Жозеп Боррел Самарқандда минтақа давлатлари ташқи ишлар вазирлари билан учрашди ва Тошкентда президент Мирзиёев билан музокаралар олиб борди.

Европа Иттифоқининг расмий вебсайтида минтақага сафари ҳақида ёзган Боррел Украинадаги уруш фонида Марказий Осиёнинг геосиёсий аҳамияти ошиб бораётганини таъкидлади.

ЕИ мулозимига кўра, Иттифоқнинг Марказий Осиё давлатлари билан муносабатлари яхшиланиб бормоқда.

"Европа Иттифоқи сифатида биз минтақа билан алоқаларимизни ривожлантиришимиз, энергетика таъминоти, муҳим хомашёлар ва Россияга боғлиқ бўлмаган янги транспорт йўлаклари бўйича ҳамкорлик салоҳиятидан фойдаланишимиз керак", деб ёзди Европа комиссияси вице-президенти Жозеп Боррел.

Луврдаги кўргазма ва президент Шавкат Мирзиёевнинг Францияга ташрифи тафсилотлари учун Озодликнинг YouTube канали ва ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларини кузатиб боринг.

Форум

XS
SM
MD
LG