Линклар

Шошилинч хабар
03 ноябр 2024, Тошкент вақти: 05:48

Санкциялар манзарасида Марказий Осиёдан Россияга экспорт кескин ошди: рақамлар, фактлар, тахминлар


2022 йилда Россия Марказий Осиё мамлакатлари билан савдоси ҳажмини каррасига оширди. Бу нимани билдиради? Озодликнинг қирғиз хизмати масалага ойдинлик киритди: Москва Ғарб санкцияларига чап берган ҳолда ўзига яқин мамлакатлар орқали четдан товарлар олиб кирмоқда.

Минтақадан Россияга асосан техника, электрон жиҳозлар, шунингдек ҳарбий саноат учун бутловчи қисмлар етказиляпти.

Амалда буни реэкспорт дейиш мумкин. Яъни, Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон учинчи мамлакатлардан маҳсулотларни импорт қилиб, сўнгра уларни Россияга экспорт қилмоқда.

Қозоғистон: компьютерлар, музлаткичлар ва сут соғиш ускуналари

Астанадаги Иқтисодий тадқиқотлар институти (ИТИ – ERI) маълумотига кўра, 2022 йилнинг январь – август даврида Россия ва Қозоғистоннинг ўзаро маҳсулот айланмаси ҳажми 15,9 млрд долларни ташкил қилган. Бу ўтган йилнинг шу даврига қиёсан 4,2 фоизга кўп. Шу билан бирга, Қозоғистон экспорти 8,6 фоизга, импорти эса 2,3 фоизга ўсган.

Умумий маълумотларга қарайдиган бўлсак, катта ўзгариш кўрмаймиз. Бироқ алоҳида товарлар тоифаларига диққат қилинса, ғалати статистикани пайқаш мумкин. Юқорида тилга олганимиз ИТИ расмий қайдларни ўрганиб, Қозоғистондан Россияга айрим товарларни етказиб бериш кескин ошганини аниқлаган.

Чунончи, телевизорлар, мониторлар ва проекторлар экспорти 312 бараварга, компьютерлар экспорти – 215, телефонлар экспорти эса 88 бараварга ошган. Шунингдек, Астана жорий йилнинг 8 ойи мобайнида Москвага 2021 йилнинг шу даври билан қиёслаганда 2,5 баравар кўп алюминий оксиди, 2,1 баравар кўп рух хомашёси ва 2 баравар кўп уран сотган.

Россия армияси Украинага бостириб кирганидан сўнг Ғарб мамлакатлари кўплаб техник ва электрон товарларни Россияга сотишни тақиқлаб қўйди. Боз устига, илгари ушбу юкларни ташиган юзлаб ширкатлар Россия ҳудудида ўз фаолиятини тўхтатди. Қолаверса, банклар ҳамда валютага оид чекловлар ҳам технологик асбоб-анжомларни тўғридан-тўғри олиб киришга халал беради.

Қозоғистондан Россияга электроника жиҳозлари ва компьютерлар етказиб бериш бирдан фаоллашганини шу билан изоҳлаш мумкин. Мутахассисларга кўра, қозоғистонлик тадбиркорлар шунчаки бошқа мамлакатлардан кўп мол олиб келиб, шу орқали Россия бозори эҳтиёжларини қоплашмоқда.

Октябрь ойи охирларида Bloomberg агентлиги суриштирув ўтказиб, унда Қозоғистон Европадан жуда кўп миқдорда маиший техника, хусусан кир ювиш машиналари, музлаткичлар ва электр сут соғиш ускуналарини сотиб олаётганини қайд этаркан, мамлакатдан Россияга худди шу турдаги товарларни етказиб бериш сезиларли даражада ўсганини урғулаган эди.

Агентлик Россияда маиший техника жиҳозлари танқислашганини инкор этмаган, бироқ реэкспорт қилинган “электрон компонентлар ҳарбий мақсадларда қўлланиши мумкин”лигини таъкидлаган.

Аввалроқ ғарблик мулозимлар рус танкларида музлаткич ва кир ювиш машиналари деталлари топилганини айтишган эди. Жумладан, сентябрда Еврокомиссия раиси Урсула фон дер Ляйен Россия армияси ҳарбий жиҳозларни таъмирлашда маиший техника микрочиплари ва микросхемаларидан фойдаланаётганини айтган. Ундан олдин, май ойида АҚШ савдо вазири Жина Раймондо ҳам шунақа мазмунда гапирган.

Bloomberg ўз мақоласида Британиянинг Қироллик Бирлашган хизматлар институти (Royal United Services Institute, RUSI) ходими Жеймс Бирнига ҳавола беради. Эксперт агентликка берган интервьюсида “шунчаликка бордики, Россия ҳатто энг мураккаб қурол тизимларида ҳам оддий тижорат товарларининг микроэлектрон қисмларидан фойдаланишга мажбур бўлмоқда”, дейди.

Ўзбекистон: телевизорлар, телефонлар ва микросхемалар

Ўзбекистон давлат статистика қўмитаси ҳисоботига кўра, 2021 йилнинг 8 ойида Россия билан маҳсулот айланмаси 4,4 млрд долларни ташкил этган. Жорий йилнинг шу даврида эса бу кўрсаткич 5,6 млрд долларга етган ёки йил бошидан бери 27,1 фоизга ўсган.

“Нега Ўзбекистон санкциядаги олигарх Усмонов ҳимоясига киришди?”
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:10:37 0:00

Ўзбекистоннинг маҳсулот айланмаси умумий ҳажмида биринчи ўринни Хитой эгаллайди. Россия эса энг кўп товар экспорт қилинган мамлакат ўлароқ қайд этилган. Қиёслаймиз: ўтган йили Тошкент Россияга 1,2 млрд долларлик маҳсулот етказиб берган бўлса, жорий йилнинг 8 ойидаёқ бу кўрсаткич 1,8 млрд долларни ташкил қилган, яъни экспорт 45,4 фоизга ошган.

Қизиғи, айни чоғда Ўзбекистон Хитойдан импорт ҳажмини ҳам оширган: ўтган йилнинг 8 ойида мамлакатга ХХРдан 3,2 млрд долларлик маҳсулот олиб кирилган бўлса, 2022 йилнинг шу даврида 4,2 млрд долларлик мол импорт қилинган. Ушбу миқдорнинг каттагина қисми реэкспорт тарзида Россияга жўнатилиши эҳтимолдан холи эмас.

Ўзбекисто Давстатқўми 8 ой бўйича ҳисоботи хорижга сотилган товарлар ҳажмини қайд этган, аммо Россияга экспорт қилинган маҳсулотлар улушини алоҳида кўрсатмаган. Озодлик журналистлари Россияга кўпроқ қанақа турдаги товарлар жўнатилганини бошқа манбалардан олинган маълумотлар ёрдамида аниқлашга уриниб кўришди.

Ўзбекистон одатда Россияга саноат маҳсулотлари, озиқ-овқат, мева-сабзавот, тўқимачилик маҳсулотлари, кийим-кечак, газ, олтин ва хўжалик моллари етказиб беради.

Мисол учун, январь – август даврида Ўзбекистон чет элга электр вагонлари ва жиҳозлар етказиб беришни 21,3 бараварга, автомобиллар, саноат дастгоҳлари ва авто эҳтиёт қисмлари экспортини эса 4,3 бараварга оширган.

Давстатқўм сентябрда эълон қилган маълумотда 2022 йилнинг дастлабки 9 ойи мобайнида Ўзбекистон чет мамлакатларга 136 мингта телевизор сотгани айтилади – бу бутун ўтган йил кўрсаткичидан 26,1 фоизга кўп. Телевизорларнинг катта қисми – 73 мингтаси айнан Россияга жўнатилган.

Ёзда Россиянинг “Ведомости” нашри Хитойнинг смартфонлар ишлаб чиқарувчи Honor ширкати ўз товарларини Москвага Тошкент орқали етказаётганини хабар қилган эди. Хитой ширкати Ғарб санкцияларига йўлиқишдан қўрқиб март ойидаёқ Россияга тўғридан-тўғри экспортни тўхтатган. Россияда Honor бренди энг кўп сотиладиган телефонлар орасида 5-ўринни эгаллайди.

Ушбу воқеадан олдинроқ – май ойи охирларида АҚШ Ўзбекистоннинг Promcomplektlogistic ширкатини Россияга микросхемалар сотгани учун “Қора рўйхат”га тиркаган эди.

Қирғизистон: милтиқ кўзлагичлари, атирлар ва тиш ковлагич

2021 йилнинг январь – август даврида Қирғизистон ва Россия ўртасида маҳсулот айланмаси ҳажми 1,4 млрд долларни ташкил қилган бўлса, 2022 йилнинг айни даврида 2 млрд доллардан ошди. Ўсиш импортда ҳам, экспортда ҳам кузатилди.

Қирғизистон Миллий статистика қўмитасига кўра, ўтган йилнинг 8 ойи давомида Қирғизистон Россияга 238 млн долларлик товар жўнатган, жорий йилда эса мазкур кўрсаткич 445 млн долларга чиққан. Яъни, ўсиш қарийб 87 фоизга тенг бўлган.

Мамлакат асосан кийим-кечак, пойабзал, мис, меева-сабзавот, қуруқ мевалар, автомобиллар ва уларга эҳтиёт қисмлар, маҳсулотларни қадоқлаш ускуналари, сут маҳсулотлари, балиқ, қора металл ва бошқа нарсаларни экспорт қилган.

Умумий ҳажм кичик бўлса-да, айрим товарлар улуши ўтган йиллар билан таққослаганда кескин ошгани кўзга ташланади. Чунончи, ўтган 8 ойда Қирғизистондан Россияга электр жиҳозлар жўнатиш мисли кўрилмаган даражада ошган. Улар сирасида қулоқчинлар, иситкичлар, электр ўчоқлар, соч қиртишлайдиган машинкалар, электр устаралар, видеокамералар ва бошқа турли товарлар бор.

Factcheck.kg нашри Қирғизистон Миллий статқўми маълумотларини таҳлил қилиб, жорий йилда Россияга рекорд қийматдаги – 432 млн сом ёки 5,2 млн долларлик қулоқчин ва микрофонлар сотилганини аниқлади. Ҳолбуки, ўтган йили бу кўрсаткич атиги 2,2 млн сом (26,4 минг доллар)ни ташкил этганди. Яъни, ушбу товарлар экспорти ҳажми 200 бараварга ошган.

Ўтган йили Қирғизистондан Россияга битта ҳам электр ўчоқ жўнатилмаган эди, бу йил 24 мингта экспорт қилинибди. Қолаверса, ўтган йили Россияга юборилган электр иситкичлар кўп эмасди, аммо бу йил Россия Қирғизистондан 1 млн 148 та иситкич сотиб олган.

Factcheck.kg Бишкек йил бошидан бери 67 млн сомга 1575 та милтиқ кўзлагичи (прицел) импорт қилганини аниқлади. Улар асосан Хитой, Япония ва АҚШдан келтирилган. Ва уларнинг 284 таси айнан Россияга жўнатилган.

Кўплаб Ғарб мамлакатлари Россияга қимматбаҳо заргарлик ашёлари, аёллар косметикаси, сумкалари, ичимликлар, тамаки ва бошқа маҳсулотларни сотишни ҳам тақиқлаган. Хусусан, Вашингтон санкциялари рўйхатида шунақа товарларнинг 570 тури қайд этилган.

Россия импортчилари бунақа молларни санкцияларга қўшилмаган йирик мамлакатлар, хусусан, Хитойдан ташимоқда. Айни чоғда уларни Марказий Осиё республикаларидан ҳам сотиб олишяпти.

Масалан, ўтган йилнинг 8 ойи давомида Бишкек Москвага атиги бир тонна парфюмерия маҳсулотлари жўнатган бўлса, 2022 йилнинг шу даврида бу кўрсаткич 50 тоннага етган. Бундан ташқари, қирғизлар косметика экспортини 8 тоннадан 260 тоннага оширганлар. Шунингдек, мамлакатдан Россияга 44 тонна тишкавлагич, 22 тонна шампунб ва 13 тонна совун жўнатилган. Ўтган йили бунақа товарлар деярли экспорт қилинмаган эди.

Айни чоғда Қирғизистон бунақа молларни импорт қилишни ҳам кўпайтирган. Масалан, ўтган йилнинг 8 ойида Хитойдан Қирғизистонга 800 млн долларлик товар олиб кирилган бўлса, 2022 йилнинг шу даврида бу кўрсаткич 2,5 млрд долларга етган.

Тожикистон: сабзи, карам ва транспорт эҳтиёт қисмлари

Тожикистон президенти ҳузуридаги Статистика агентлиги мамлакат ташқи савдосига доир маълумотларни вақтида очиқламайди. Идора сайтида одатда ўтган йилги кўрсаткичларнигина кўриш мумкин.

Бироқ бу йил икки мамлакат ўртасида маҳсулот айланмаси ошгани ҳақида Тожикистон ОАВлари ҳам, Россия интернет сайтлари ҳам хабар қилди. Россия президенти Владимир Путиннинг Тожикистон раҳбари Эмомали Раҳмон билан май ойида Москвада ўтказилган учрашуви чоғида сўнгги 3 ойда ўзаро маҳсулот айланмаси 70 фоизга ошгани таъкидланган эди.

Шундан сўнг рақамлар сезиларли даражада ўзгарди шекилли, фоиз кўрсаткичлари ҳам камайди. Раҳмоннинг Путин билан Душанбеда кечган учрашувида 2022 йилнинг 5 ойида маҳсулот айланмаси 50 фоизга ўсгани эълон қилинди. Сентябрда эса Тожикистон ташқи ишлар вазири Сирожиддин Муҳриддин Москвага ташрифи чоғида ўтган 8 ойда савдо ҳажми 40 фоизга ошганини айтди.

Россия Иқтисодий ривожланиш вазирлиги ноябрь ойи бошларида очиқлаган маълумотга кўра, 2022 йилнинг 8 ойида Россия ва Тожикистоннинг маҳсулот айланмаси 922,6 млн долларни ташкил қилган ва бу ўтган йилнинг шу даврига доир кўрсаткичдан 22 фоизга кўп.

Душанбедаги Asiaplustj.info нашри яқинда Тожикистон Божхона хизмати маълумотларини эълон қилди. Унда жорий йилнинг 9 ойида Россия билан маҳсулот айланмаси 1,22 млрд долларни ташкил этгани қайд қилинган. Бироқ бу сумманинг катта қисми (1,15 млрд доллар) Тожикистон импортига тегишли, экспорт улуши эса бор-йўғи 66 млн доллар бўлган.

Тожикистон Россиядан асосан нефть ва ёқилғи-мойлаш маҳсулотлари, кўмир, озиқ-овқат, автомобиллар, металл ва бошқа кўп нарсаларни импорт қилади. Ўз навбатида мамлакатдан Россия бозорига мева-сабзавот, қуруқ мева, озиқ-овқат маҳсулотларининг айрим турлари ва пахта етказиб берилади. Бундан ташқари, Душанбе Москвага автомобилларнинг айрим турларини ва уларнинг бутловчи қисмларини ҳам экспорт қилади, лекин бу аслида реэкспорт эканини эслатишга ҳожат бўлмаса керак.

Тожикистон экспорти ҳажмининг асосини олтин, кумуш, алюминий, мис ва бошқа қимматбаҳо ва қора металлар ташкил этади. Бу йил ушбу товарларни хорижга жўнатиш ҳам кўпайса ажаб эмас. Бироқ, тожик мулозимларининг баёнотларига қараганда, асосан қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорти фаоллашган.

Тожикистон ҳукумати ҳузуридаги Экспорт агентлиги раҳбари Баҳодир Раҳимзода май ойида “Жумҳурият” нашрига берган интервьюсида жорий йилда республика тухум, қуруқ мева, сабзи, карам, узум, ерёнғоқ, лимон ва ёнғоқ каби маҳсулотлардан кўп миқдорда сотаётганини айтган эди. Унга кўра, ушбу маҳсулотлар энг кўп экспорт қилинаётган мамлакат бу Россиядир.

“Аввал халқнинг тузини оқланг!” – тармоқлар Путинга қуллуқ қилган Норбаева ҳақида
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:14:27 0:00

Туркманистон: мева-чева, жун

АҚШ ва Европа Иттифоқи санкцияларга чап беришда Россияга кўмаклашаётган мамлакатларни вақти-вақти билан огоҳлантириб туради. Июль ойида АҚШ Молия вазирлиги Ўзбекистон, Қирғизистон, Қозоғистон,Тожикистон ва бошқа давлатларни Россия ва Беларусга тақиқланган товарларни етказиб бериши мумкин бўлган мамлакатлар рўйхатига тиркаган эди.

Туркманистон рўйхатда йўқ, шундай бўлса-да, Россия ушбу мамлакатнинг энг йирик савдо ҳамкори бўлгани сабабли Озодлик унинг экспорт потенциали билан ҳам қизиқди.

Туркманистон давлат идоралари одатда савдо-иқтисодий алоқаларига доир маълумотларни очиқламайди. Туркманистон Давстатқўми сайтида бирон соҳага доир маълумот йўқ, шу боис Россия томонининг хабарномаларига таянишга тўғри келди.

Туркманистон ва Россия президентларининг июнь ойида Москвада бўлган учрашуви чоғида Кремль ўзаро маҳсулот айланмаси ҳажми 2022 йилнинг биринчи чорагида 171,1 млн долларни ташкил этганини маълум қилган. Бу ўтган йилнинг январь–март даврига нисбатан 45 фоизга кўп.

Россиянинг Ашхободдаги элчиси Александр Блохин сентябрда ТАСС агентлигига интервью бераркан, жорий йилнинг дастлабки 5 ойига доир савдо кўрсаткичларини келтирган. Унга кўра, январь–май ойларида маҳсулот айланмаси 2021 йилнинг айни даври билан таққослаганда 18 фоизга ўсиб, жами 278 млн долларни ташкил этган.

Бунда 197 млн доллар Россия экспортидир, Туркманистон экспорти эса 81 млн доллар бўлган. Рақамлар орасида катта тафовут бўлса-да, аслида Москванинг Туркманистонга маҳсулот етказиб бериши атиги 10 фоизга, Ашхободнинг Россияга экспорти эса 27 фоизга ошгани диққатга сазовор.

Россия Туркманистонга асосан автомобиллар, транспорт воситалари ва асбоб-анжомлар, озиқ-овқат, шунингдек қишлоқ хўжалиги хомашёси, кимёвий маҳсулотлар, металл ва ундан ясалган буюмлар етказиб беради. Ўз навбатида Ашхобод Москвага тўқимачилик моллари, кийим-кечак ва пойафзал, озиқ-овқат, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, кимё саноати моллари ва каучук етказиб беради.

Қатор нашрлар Россельхознадзор идорасига таяниб маълум қилишича, бу йил Туркманистондан мева-сабзавот импорти 30 фоизга, қўй жуни харид қилиш эса 50 фоизга ошган.

Кўриб турганингиздек, экспорт ўсиши Марказий Осиёнинг миллий иқтисодиётлари фойдасига бўляпти. Бироқ халқаро санкцияларга йўлиқиш хавфи ҳам мавжуд. Юқорида айтилганидек, Ғарб Россияга ёрдам бераётган мамлакатларга нисбатан иккиламчи санкциялар қўлланиши ҳақида огоҳлантирган.

Форум

XS
SM
MD
LG