Шу йилнинг 14 октябрь куни Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар Юнусобод туман судида Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 168-моддаси (Фирибгарлик) билан судланган шахсга нисбатан ҳукм ўқилди.
Бу ҳақда Озодликка Тошкент шаҳар Юнусобод тумани Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси (ИИО ФМБ)нинг исми сир қолишини истаган мулозими хабар қилди.
Судланувчи Я. Ҳ. ўзгаларнинг йирик миқдордаги пулини алдов йўли билан ўзлаштирганликда айбдор деб топилиб, 8 йилга озодликдан маҳрум қилинди.
Маҳкамани кузатган ҳуқуқ фаоллари ва Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербаевга кўра, жиноят иши Ўзбекистонда Ҳаж ва Умра зиёратларини ташкил қилиш атрофидаги коррупцион келишувларни ўртага чиқарган.
Юнусобод судида кўрилган иш юзасидан маҳкаманинг барча мажлисларида иштирок этиб, суд қарори ҳақида жамоатчиликка фикрларини улашган Олий Мажлис депутати Расул Кушербаев фирибгарликда айбланган Я. Ҳ. ни "мутлақо айбсиз" деб ҳисоблайди.
Депутат фикрича, Я.Ҳ. адолатсиз тизимнинг қурбонига айланган.
Жиноят ишида Ҳаж ва Умра зиёратларини ташкил қилиш билан боғлиқ жараёнда Ўзбекистон Мусулмонлари идораси ва шахсан муфтий Усмонхон Алимов иштирок этгани иддао қилинган коррупцион схемага оид эпизодлар келтирилган.
Муфтийга аталган "ҳадя" ва жиноят иши билан тугаган бизнес режаси
Судланувчи Я. Ҳ. нинг суд маҳкамасида берган кўрсатмаларида маълум қилишича, унинг отаси Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси маъсул мулозими бўлган. Айбланувчи шунингдек, отаси Ўзбекистон Мусулмонлари идораси раиси, марҳум Усмонхон Алимовга яқин бўлганини таъкидлайди.
Я. Ҳ. нинг Озодликда нусхаси мавжуд суд материалларидаги кўрсатмаларидан англашилишича, 2019 йил сўнгида отасининг Рустам ва Азиз исмли танишлари пайдо бўлиб, унинг олдига серқатнов бўлиб қолишади. Маҳкама терговида тадбиркорлик билан шуғулланган Я.Ҳ. отасининг мавқеи нуқтаи назаридан буни табиий ҳол сифатида қабул қилишгани ва ортиқча шубҳага бормаганликларини айтган.
Бироқ кейинчалик бу икки нафар шахс Саудия Арабистонига Ҳаж ва Умра зиёратлари учун Тошкентда фирма ташкил қилиш масаласини Марказий сайлов комиссияси мулозими орқали собиқ муфтий Усмонхон Алимов билан гаплашгани маълум бўлади.
Ўзаро келишувга мувофиқ, Саудия Арабистонидаги бизнес шериклар Ўзбекистонда зиёрат туризмини ташкил қилиш бўйича ширкат очиши, сўнг бу ердаги бир қанча уламо ва хайрли ишга бош қўшган арбобларга 400 минг АҚШ доллари миқдорида ҳадялар ажратиши лозим эди.
Ўзбекистон Мусулмонлари идорасининг халқаро бўлими орқали Саудия Арабистонидаги фирма билан алоқалар ўрнатилади. Саудиялик ишбилармонларни Усмонхон Алимов қабул қилади. Я. Ҳ.нинг кўрсатма беришича, хорижлик ишбилармонлар Марказий сайлов комиссиясининг масъул мулозими (судланувчи Я. Ҳ.нинг отаси) воситачилигида муфтий Усмонхон Алимовга 120 минг АҚШ доллари миқдорида ҳадя беришган.
Судланувчи Я. Ҳ.нинг тергов ва судда берган кўрсатмаларига қараганда, орада Саудия Арабистонида пандемия бўлиб, ишлар бироз чўзилади. Ишбилармон Рустам ва Азиз "иш ўхшамагани"ни айтиб, пулни қайтаришни талаб қилади. Собиқ муфтий билан гаплашган Марказий сайлов комиссияси мулозими ўғли Я. Ҳ.га "муфтийнинг номи чиқмаслиги учун" уйини сотиб, бериб туришини айтади.
Диний идоранинг шаънини сақлаш учун 8 йиллик қамоқ
Судланувчининг иддао қилишича, ишда жабрланувчи сифатида ўтган ишбилармонлар зиёрат туризми ташкил қилиш учун берилган ҳадянинг бир қисмини судланувчи Я. Ҳ.дан олишган. Чунки судланувчининг отаси — МСК мулозими собиқ муфтий билан ишбилармонлар ўртасида воситачилик қилганди.
Орада муфтий ҳам, МСК мулозими ҳам вафот этади. Ишбилармонлар эса пулларини талаб қилиб, прокуратурага шикоят қилишда давом этадилар. Шундан сўнг прокуратура ёпилган жиноят ишини қайта қўзғатади. Энди судланувчи гўёки бу шахсларга Бектемир туманидаги ерини сотмоқчи эди, деган важ келтирилади.
Суднинг ниҳоий қарори билан Я. Ҳ. 8 йилга озодликдан маҳрум этилди. Озодликка маълум бўлишича, тергов доирасида Ўзбекистон мусулмонлари диний идораси ходимлари ҳам сўроққа чақирилган. Аммо жиноят иши материалларидаги марҳум муфтийга берилган "ҳадя", шунингдек, Ҳаж ва Умра зиёратини ташкил этишдаги коррупция билан боғлиқ эпизодлар юзасидан сўроқ жараёнлари охирига етказилмаган.
Ўтган йилларда Ҳаж зиёратини амалга ошириш ниятида бўлган ўзбекистонликлар йиллар давомида навбат кутишлар, сайёҳлик ширкатлари эса диний идора монополиясидан шикоят қилиб келишган.
Шу йилнинг 29 сентябрь куни Шавкат Мирзиёев Саудия Арабистони подшоҳлиги ҳаж ва умра ишлари вазири Тавфиқ бин Фавзон ар-Рабия бошчилигидаги делегацияни қабул қилган.
Президент матбуот хизмати Ўзбекистон фуқаролари учун йиллик ҳаж квотасини икки баробар — 24 минг нафаргача, умра квотасини эса 100 минг нафаргача оширишга келишилгани ҳақида хабар берган.
Форум