Линклар

Шошилинч хабар
11 апрел 2021, Тошкент вақти: 05:34

Божхоначининг уйидан $310.000 чиқди - даромадлар декларацияси ҳануз кун тартибида эмас


Божхона Ўзбекистонда энг коррупциялашган соҳалардан бири деб ишонилади

Коррупцияга қарши кураш ва даромадлар декларацияси, ўзбек амалдорларининг машинада юриши, Россиядаги мигрантларнинг аҳволи ва Оқ Уйга Жо Байденнинг келиши ортидан Ўзбек-Америка муносабатларининг истиқболи – ўтган ҳафта Ўзбекистонда матбуот ва блогерлар ёритган асосий мавзулардан эди.

Божхоначининг уйидан 310 минг доллар чиқди

Ўзбекистон бош прокурори коррупцияга бағишланган мажлисда ҳибсга олинган “Aрк Булоқ” божхона пости раҳбарининг уйида тинтув ўтказилганда 310 минг доллар топилгани ҳақида маълум қилган эди. Мансабдор жиноий фаолиятдан олинган даромаддан фойдаланиб “Tashkent City” да иккита уй ва нотурар жой, “Captiva” автомобили сотиб олиб, уй қурган.

Иқтисодчи ва блогер Отабек Бакиров ушбу ҳолатга муносабат билдириб, давлат амалдорлари ҳамда уларнинг қариндош-уруғи даромадлари ҳамда мол-мулкини декларациялаш ўта муҳим эканига эътибор қаратган.

“Атрофингизга бир қаранг, айрим давлат амалдорлари, ҳокимлар, уларнинг фарзандлари, қариндошлари қандай ҳаёт тарзини кечирмоқда. Уларнинг ҳаёт тарзи бир кунлик харажати бир ойлик расмий даромадидан ҳам кўп. Қўша-қўша хонадонлар, қават-қават уй-жойлар, чет элдаги активлар, қиммат ва намойишкорона ҳаёт – булар бир қатор ўзбек амалдорларининг нормага айланган атрибутидек бўлиб қолган”, деб ёзади О.Бакиров.

Телеграмдги Davletov.uz канали эса мазкур жиноят хусусида хабар берар экан, божхона идорасининг банк сирига эгалик қилишга уринишини танқид қилди.

“Банк сирига эгалик қилмоқчи бўлишади, одамларнинг чет элдан қиладиган харидлари лимитини кескин қисқартиришмоқчи бўлишади. Бу ишларини жамоатчилик танқид қилса, гўёки ўзларини фақат Ўзбекистон равнақини ўйлаётгандек кўрсатишади. Аслида-чи?.. Буларни “гуруч курмаксиз бўлмайди, тизимга бир-иккита виждонсиз ходимлар кириб қолган” деган важ билан оқлаб бўлмайди”, дея мулоҳаза юритади блогер.

АҚШда президент ўзгариши Ўзбекистонга қандай таъсир қилади?

АҚШ президентлигига демократик партия вакили Жо Байденнинг сайланиши Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзолик жараёнини янада илдамлатиши мумкин, деб ҳисоблайди Нагоя иқтисодиёт университети профессори, эксперт Алишер Умирдинов (www.sof.uz, 11 ноябрь).

US-Uzbek, Biden
US-Uzbek, Biden

15 йиллик танаффусдан кейин Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзолиги масаласи яна кун тартибига чиқди ва ишчи гуруҳи қайтадан иш бошлади. А.Умирдиновга кўра, жараён эндигина фаоллашаётган паллада президент Дональд Трампнинг сиёсати туфайли ЖСТ бошқаруви, айниқса, унинг низоларни ҳал этиш тизими боши берк кўчага кириб қолди. Хусусан, АҚШ кўпчилик давлатлардан фарқли равишда халқаро тузилма бош директорини тайинлашда кореялик номзодни ёқлаб, тайинлов жараёнини тўхтатиб қўйди. Шунингдек, Вашингтон ташкилотнинг низоларни ҳал этиш тизимидаги апелляция органига аъзоларни сайлашни блоклаш орқали уни фалаж ҳолатига тушириб қўйди. Қайд этилишича, Оқ уй соҳибининг ўзгариши билан ЖСТ фаолияти жонланиши ҳамда Ўзбекистоннинг халқаро тузилмага аъзолиги борасида ижобий янгиликлар бўлишига умид қилиш мумкин.

Ўзбекистон Фанлар академияси Тарих институти илмий ходими Равшан Назаров Россиянинг “Новости” ахборот агентлиги берган интервьюсида сайловда Жо Байден узил-кесил ғалаба қозонган тақдирда ҳам Оқ уйнинг Ўзбекистонга нисбатан сиёсати ўзгартирмаслигини тахмин қилган.

Об-ҳаво ва табиий офатлар ҳақидаги маълумотлар кечикмоқда

Ўзбекистонда гидрометеорология хизматига йиллар давомида эътибор берилмагани оқибатида мазкур соҳа замондан орқада қолиб кетди (“Маҳалла” газетаси, 12 ноябрь). 1995 йилдан буён аэрологик кузатув ўтказилмайди. Бу эса об-ҳаво ҳақидаги маълумотларнинг ишончлилигини пасайтиради. Халқаро стандарт бўйича мамлакат ҳудудида 4 мингта станция бўлиши зарур, аммо Ўзбекистонда айни пайтда 335 та станция фаолият юритмоқда.

Гидрометеорология хизмати марказининг моддий-техник базаси ҳам талабга жавоб бермайди, ускуналар аллақачон эскирган. Мавжуд 70 та станциянинг атиги 14 таси автоматлашган. Прогнозлар ўн йил олдинги дастурий маҳсулотлар асосида тайёрланмоқда. Оқибатда об-ҳаво ва табиий офатлар ҳақидаги маълумотлар уч соатгача кечикмоқда. Ваҳоланки, жаҳон тажрибасида бу кўрсаткич 10 дақиқани ташкил этади.

Гидрометеорология хизмати маркази бош директори Шерзод Ҳабибуллаевга кўра, президент Шавкат Мирзиёев 3 ноябрь куни бўлиб ўтган йиғилишда соҳани ривожлантириш бўйича асосий йўналишларни белгилаб берди. Эндиликда эскирган техникалар буткул янгиланади. Ҳавонинг ўзгариши, булутларнинг ҳаракати, шамол, сувларнинг оқими бўйича ягона давлат геоахборот станцияси ишга туширилади. Тизимнинг такомиллаштирилиши табиий офатлардан олдиндан хабардор бўлиш имконини оширади.

Бош вазир ўринбосари: “Каттаконлар машинада юраверса...”

Ўзбекистон бош вазир ўринбосари, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимов шаҳарларда пиёда ва велосипедда юриш жуда ноқулай эканини танқид қилди (www.gazeta.uz, 12 ноябрь). Бу ҳақда у вилоят ҳокимларининг туризм ва спортни ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосарлари учун ташкил этилган ўқув семинари очилишида гапирган.

Ўзбек амалдорлари велосипедда
Ўзбек амалдорлари велосипедда

“Ёшларимиз, бошқа катта ёшли аҳолимиз ҳам жисмоний машғулот билан шуғуллангиси келади. Лекин жой йўқ. Мен ўзимнинг мисолимда айтадиган бўлсам, бир нечта вилоят раҳбарлари билан кўчаларда юриб кўрдик. Узоқ бир қишлоқни айтмаяпман, йирик шаҳарларимиздаги ҳолат ҳам юриб бўлмайдиган даражада. На югурса бўлади, на велосипедда юрса. Белгиланган йўл белгилари йўқ. Велосипедда юраман десангиз, ҳар ўн метрда ё ариқ учрайди, ё йўл бузилган бўлади, ё зина чиқиб қолади” деган А.Абдуҳакимов.

Бош вазир ўринбосари Самарқанд вилояти ҳокими шаҳар ва туман раҳбарлари бир ҳафта кўчаларни пиёда айланиши ҳақида қарор чиқарганини олқишлаган.

“Нимага вилоят ҳокими шунақа қарор қилди? Негаки, каттакон раҳбарлар машинада юраверса, оддий одамларимиз, фуқаролар пиёда юраётган йўлаклар ёки велойўлаклар қанақа ҳолатда эканини билмайди-да. Улар кўчалардан машинани ванғиллатиб ҳамма ёқни чанг бостириб ўтиб кетади. Нима дегани бу?” деган бош вазир ўринбосари.

Россиядаги ўзбек мигрантларини нохуш янгилик кутмоқда

2021 йилдан Россияда меҳнат қилаётган ўзбекистонлик мигрантларга янада қийин бўлади деб ёзади Телеграмдаги Platforma.uz канали. Аввалроқ Москва шаҳри мэри Сергей Собянин Россия пойтахтида меҳнат мигрантлари сони 40 фоизга камаяди деган эди. Бош вазир Михаил Мишустин имзолаган янги ҳужжатга кўра эса, 2021 йилда чет элликлар ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга Россияда вақтинча яшаш учун бор-йўғи 39325 та рухсатнома бериш квотаси белгиланди. Бу эса ўтган йилларга қараганда бир неча баробар кам кўрсаткич.

“Демак, рухсатномалар сони келгуси йили шу йилдагига нисбатан қарийб ярмига, 2018 йилга солиштирганда эса деярли 3 баробар қисқарар экан. Албатта, бу қарорга келинишига рус диёрида меҳнат мигрантлари учун жой торлик қилаётгани сабаб бўлгани йўқ. Ҳамма гап ишчи кучига талаб ва даромаднинг пасайишида. Яъни мамлакат иқтисоди шундан юқорисини кўтармайди. Лекин масала рухсатномалар сонидагина эмас. Агар келгуси йилда ноқонуний йўл билан Россияга борсангиз ҳам, бу ерда осонгина иш топишингиз ва қилган меҳнатингизга аввалгидай маош тўлашлари даргумон”,деб ёзади Platforma.uz канали.

Қайд этилишича, эндиликда Ўзбекистон ҳукумати қўшимча иш ўринлари яратиш бўйича тезкор чораларни кўриши мақсадга мувофиқдир.

Covid-19: Шифокор вирусни мактабга чиққан неварасидан юқтирди

Ўзбекистон вирусология илмий текшириш институти бош шифокори, тиббиёт фанлари доктори Муҳайё Асилова ярим йил COVID-19 беморлари орасида яшаб касал бўлмасдан, мактабга чиқа бошлаган неварасидан коронавирус юқтириб олди. (www.kun.uz, 8 ноябрь).

“Уйдан чиқиб кетаётганимда неварам 7 ойлик эди. Қайтсам, у бир ёшдан ошган, анча катта бўлиб қолган. Тошкентда бўлсангиз ҳам уйга боролмайсиз, уларни бағрингизга босолмайсиз. Шу пайтгача ҳеч қачон бунақа ҳолатга тушмаганмиз. Лекин биз жамоа билан астойдил чин юракдан ишладик… Бу айниқса ёз пайтида қийин бўлди. Чилла вақтида комбинезон, ниқоб, респираторда, қўлимизда 2 тадан қўлқоп билан қийин бўлди. Лекин шуни айтишим мумкинки, мен карантинда ишлаган шу 6 ой давомида бўлганимда менга вирус юқмади. Сентябрь ойига келиб, неварам мактабга бора бошлаганда ўша ердан юқтириб олди, келиб менга ҳам юқтирди” дейди М.Асилова.

Шифокор ковидга чалинган оғир касалларни, вафот этганларни кўриб, руҳан жуда эзилган, у ердан чиққандан кейин руҳан тикланиши осон кечмаган.

М.Асиловага кўра, Тошкентда беморлар сони анча камая бошлагани сабаб 1 ноябрдан Вирусология илмий текшириш институти ўз фаолиятига қайтган.

Ўзбекистонда коронавирусга чалиниш билан боғлиқ илк ҳолат 15 март куни қайд этилган.

XS
SM
MD
LG